Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 49 / ҚҚС ҳақида

ҚҚС ҳисоботи: тафовутлар бўлмаслиги учун

 

Сўнгги йилда Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони жадал ўсди. Улар томонидан ҚҚС ҳисоботлари тақдим этилаётган бўлса-да, аммо баъзи ҳолатларда мазкур ҳисоботларда номутаносибликлар кузатилмоқда.

Солиқ органлари бундай камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Камерал назорат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВга мурожаат қилдик.

 

Азиз Озодович, тадбиркорлар ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ қандай хатоликларга кўпроқ йўл қўймоқда?

– Солиқ органлари кўпгина ҳолатларда ҚҚС «занжирининг узилиши» бўйича қўшимча солиқларни ҳисоблашига тўғри келмоқда.

– ҚҚС «занжирининг узилиши»да қўшимча солиқ ҳисобланишини тушунтириб ўтсангиз.

– «Занжирнинг узилиши» – иккита солиқ тўловчи бўлган бизнес-ҳамкор контрагентларнинг ҚҚС ҳисоботида битта операция бўйича киритган маълумотларининг бир-бирига мос келмаслигидир. Бу эса томонлардан бирининг ҚҚСни кам тўлашига олиб келади.

Бундай ҳолатда солиқ органлари огоҳлантирувчи тегишли тадбирларни амалга оширганидан сўнг, тўланмаган ҚҚС суммаларини мустақил равишда ҳисоблайдилар. Яъни қўшимча ҚҚС ҳисобланиб, бюджетга тўланадиган солиқ суммаси ундирилади.

– «Занжир узилиши» билан боғлиқ жараён ҳақида батафсил маълумот берсангиз?

– Маълумки, ҳисобварақ-фактурада 2 томон – сотувчи ва харидор иштирок этади. Шунинг учун товарларни ҚҚС билан сотган томон уни бюджетга тўлайди, харидор эса уни ҳисобга олади.

Кўпинча «занжир узилиши»нинг уч турдаги ҳолати мавжуд:

Биринчи ҳолат – харидор томонидан ҚҚС суммасини асоссиз ҳисобга олиш билан боғлиқ. Яъни бу сотувчидан ҚҚС билан олинадиган ҳисобварақ-фактураси мавжуд эмаслиги ёки товарлар (хизматлар) етказиб берувчиси ҚҚС тўловчиси эмаслигида намоён бўлади.

Иккинчи ҳолат – сотувчи ўзининг ҚҚС ҳисоботида реализация қилишдан тушумини акс эттирмай ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Харидор корхона эса солиқ ҳисоботида етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактураларни кўрсатади ва ушбу ҳисобварақ-фактураларда акс этган ҚҚС миқдорини ҳисобга олади.

Учинчи ҳолат – сотувчи сифатида «бир кунлик фирмалар» деб аталадиган фирибгар корхоналарга тааллуқли. Бундай фирмалар товарсиз операцияларни амалга ошириб, аслида ҳеч қандай иш ёки хизматларни бажармаган ҳолда, сохта ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиради. Бошқа томон (харидор) эса сохта ҳисобварақ-фактураларда акс этган ҚҚС суммасини ҳисобга олади ва тўланиши керак бўлган солиқ миқдорини камайтиради.

Ҳозирги кунда солиқ органлари ҚҚСни ҳисоблашда бундай қонунбузарликларни аниқламоқда ва уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. ҚҚС маъмуриятчилиги камерал назорат вақтида «занжирдаги узилишлар»ни зудлик билан аниқлаш имконини бермоқда.

– Солиқ органлари бундай тафовутларни қандай аниқламоқда?

– Бундай ҳолатларни аниқлаш учун солиқ хизмати органлари томонидан сотувчи ва харидорнинг ҳисобварақ-фактураларини автоматик равишда солиштирадиган махсус «Таҳлика-таҳлил» дастури ишлаб чиқилган.

– Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, баъзида солиқ тўловчилар ҚҚС бўйича ҳисоботда хатога йўл қўйганликларини билишмайди. Улар бу ҳақда билиб, қўшимча тўловлардан қандай қилиб холи бўлишлари мумкин?

– Солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг my.soliq.uz порталидаги шахсий кабинетлари орқали олдиндан хабарномаларни юборадилар. Бунда тадбиркорлар ихтиёрий равишда ҚҚСни қайта ҳисоб-китоб қилишлари, янгиланган солиқ ҳисоботларини тақдим этишлари ёки аниқланган тафовут (номутаносиблик)ни асослаб беришлари керак.

Акс ҳолда солиқ органлари солиқ тўловчининг шахсий карточкаларида бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоблаш чораларини кўради. Аммо бу энг охирги чора эканлигини таъкидлаш керак.

Шунга эътиборли бўлиш керакки, қайта кўриб чиқилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан ҚҚС бўйича хатолик аниқланган ой учун тақдим этилиши шарт. Ушбу даврдан бошлаб пеня ҳар кечиктирилган кун учун 0,045 фоиз ставкада ҳисобланади.

– ҚҚС бўйича қўшимча тўлов ҳисобланмаслиги учун тадбиркорлар қандай эҳтиёт чораларини кўришлари керак?

Биринчидан, ҳар бир тадбиркор барча ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиши, уни сақлаши ва солиқ идораларига улар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.

Иккинчидан, лозим даражада эҳтиёткор бўлиш ва инсофли бизнес-ҳамкорларни танлаш керак.

Битим тузишдан аввал ўз контрагентингиз ҚҚС тўловчиси эканлигини ДСҚнинг расмий веб-сайти www.soliq.uz орқали «ҚҚС тўловчиларини аниқлаш» бўлимидан текшириб олиш лозим. Хусусан, контрагентингизда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжудлиги ёки у бекор қилинганлигини аниқлаб олиш мумкин.

Учинчидан, ҚҚС бўйича ҳисоботни топширгандан кейин эътиборли бўлиш талаб этилади. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органларининг хабарномалари (талабномалари)нинг бор-йўқлигини текшириш керак. Шунга мувофиқ, солиқ органларининг сўровига биноан ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини берувчи ёки товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

– Бугунги кунда ҚҚС тўловчиларининг сони 71 мингдан ошганлигини ҳисобга олсак, ҚҚС бўйича қўшимча ҳисоблаган солиқ тўловчилар сони қанчани ташкил этмоқда?

– Бундай чоралар фақат турли сабабларга кўра солиқ ҳисоботларда номутаносиблик келиб чиққан ва солиқ органларининг сўровига биноан аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоботларини қайта тақдим этмаган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади. Қўшимча солиқлар ҳисобланган субъектлар сони 1 417 тани ташкил қилиб, бу умумий тўловчилар сонининг 2 фоизидан ошмайди.

Агар бунда тадбиркорлар солиқ органига ҳисоботдаги тафовутларсиз ҚҚС суммаларини акс эттирувчи асословчи ҳужжатларни тақдим этсалар, солиқ органлари дарҳол ундирилган суммаларни тўлиқ ҳажмда қайтариб берадилар.

 

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси

бош инспектори Акмал Назаров суҳбатлашди.

Прочитано: 870 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика