Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Онлайн-НКМ ва виртуал касса: қандай ўрнатилади ва рўйхатдан ўтказилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2019 йилдаги 943-сон қарори билан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинди.

 

Нақд тушумга эга тадбиркорларни онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги тасдиқланди. Унда белгиланган муддатлар келгунига қадар ихтиёрий тартибда, муддат келгач эса мажбурий тартибда ўтиш амалга оширилади. Биринчилардан бўлиб алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ўтадилар. Улар учун 2020 йил 1 январдан онлайн-НКМдан фойдаланиш мажбурий бўлади. Олис, бориш қийин бўлган аҳоли пунктларидаги тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно, улар учун алоҳида график тасдиқланади.

Қабул қилинган ҳужжат билан 4 та ҳужжат тасдиқланди, уларда қуйидагилар тартибга солинган:

аҳоли билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда қўлланилиши рухсат этилган онлайн-НКМ ёки виртуал касса тизимидан фойдаланиш тартиби. «Онлайн-НКМ», «виртуал касса», «фискал модуль» тушунчаларига аниқ таъриф берилган;

онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар;

виртуал касса, онлайн-НКМ ва фискал модулларга техник хизмат кўрсатиш марказлари давлат реестрини юритиш тартиби, шунингдек уларга қўйиладиган алоҳида талаблар;

онлайн-НКМ ва виртуал кассалар давлат реестрини юритиш механизми.

Республика ҳудудида фақат Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланилиши мумкин.

ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган виртуал касса дастурий маҳсулотининг асосий қисми (базаси) фойдаланувчига текинга берилади. Ушбу база ёрдамида қуйидагилар амалга оширилади:

товарларни кирим қилиш;

касса чекини шакллантириш;

фискал модул билан интеграция қилиш;

чекларни онлайн режимда операторга юбориш (ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази» ДУК);

товарлар номенклатурасини юритиш;

умумий ва Z-ҳисоботини шакллантириш (фискал модулнинг оператив хотирасидан чиқариладиган асосий фискал маълумотлар қайд этилган чеклар бўйича кунлик ҳисобот) ва бошқалар.

Онлайн-тизимга ўтган тадбиркорлар томонидан харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга виртуал касса ёки онлайн-НКМ чеки ҳам берилиши шарт (пластик карточкалар орқали тўловларни ҳам қабул қилиш имкониятига эга бўлганлари бундан мустасно). Ушбу чеклар кенглиги 55 мм дан кам бўлмаган махсус оқ қоғозларда, ундаги ёзувлар қора рангда бўлиши ва ҳарфлар баландлиги 2 мм дан кам бўлмаслиги лозим.

Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

чекнинг тартиб рақами;

онлайн-НКМнинг завод рақами ёки виртуал кассанинг серия рақами;

тадбиркорлик субъектининг номи, СТИР;

пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган манзил;

товар/хизмат номи;

маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка коди;

товар/хизмат миқдори;

товар/хизмат нархи (қиймати);

ҚҚС ставкаси ва суммаси;

тўлов шакли: нақд, пластик карта ёки аралаш;

тўловнинг жами суммаси;

тўлов санаси ва вақти;

фискал модулнинг такрорланмайдиган рақами;

фискал белги;

берилган касса чекининг ҳақиқийлигини текшириш учун камида 30 х 30 мм ўлчамдаги QR-код.

Тадбиркорлик субъектлари Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассаларни мустақил сотиб олишга ҳақли. Бунинг учун улар ўзлари танлаган исталган реестрга киритилган техник хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Фискал модуль ўрнатилган ва ишчи ҳолатга келтирилган қурилма мурожаат тушган кундан бошлаб 1 иш куни ичида тақдим этилади. Кафолатли хизмат кўрсатиш шартнома асосида амалга оширилади.

Тадбиркор НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишдан олдин уни солиқ органида рўйхатдан ўтказиши шарт. Бунинг учун техник хизмат кўрсатиш марказлари ёки уларнинг филиаллари орқали ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилинади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

турғун шохобча мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (бино ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжати);

онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга тузилган шартноманинг нусхаси;

савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси манзилининг координаталари.

Тақдим этилган маълумотлар ўрганиб чиқилади ва қабул қилинган вақтдан бошлаб 4 соат ичида махсус тизимда қайд этилади. Қурилма рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумот тадбиркорнинг шахсий кабинетига юборилади. Рўйхатдан ўтиш бепул.

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса ўрнатилгунига қадар фойдаланувчи харидор билан ҳисоб-китобларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган махсус квитанция дафтарчаси (шакли ҳужжатга иловада тасдиқланган) асосида амалга оширади (шакл Низом билан тасдиқланган, ВМҚга 1-илова).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 204 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика