Norma.uz

Машина... эвакуация қилинганда

 

ДЙҲХХ ходими машинангизни махсус тўхташ жойига жўнатди. Сизнинг бунинг учун алоҳида сабаблар йўқлигини тушунтириш бобидаги барча уринишларингиз беҳуда кетди. Энди темир отингизни ташиш ва сақлаш харажатларини тўлашингизга тўғри келади.

Бундай вазиятда инспектор билан тенг мулоқотда бўлиш учун у қандай ҳолатларда транспорт воситангизни эвакуация қилишга ҳақли бўлишини билишингиз керак.

 

ТЎХТАШ ЖОЙИ, ҲУЖЖАТЛАР, САРХУШ ҲАЙДОВЧИ ВА БОШҚАЛАР ҲАҚИДА

Бизга ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида тушунтиришларича, автомобилни эвакуация қилиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси асосида, ҳайдовчи МЖТКда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган ҳолда амалга оширилади. Бундай ҳуқуқбузарликларга қуйидагилар киради:

1) автомобилни носоз ёки тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган тормоз тизими, руль бошқаруви ёки улагич мослама билан бошқариш;

2) машинага тегишли бўлган давлат рақам белгиларини ўзбошимчалик билан олиш, қалбакилаштириш ёки ўзгартириш;

3) транспортни унга тегишли бўлмаган давлат рақам белгилари билан бошқариш;

4) юкларни ташиш, шатакка олиш қоидаларини бузиш;

5) давлат стандартига мувофиқ келмайдиган кўзгули ёки қорайтирилган ойналар. Бунга ҳайдовчининг кўришига халақит берадиган нооддий тюнингни қўшинг;

6) овозли сигнални бемақсад чалиш, машинада ишлаб чиқарувчи корхона назарда тутмаган овоз ва нур қурилмаларининг бўлиши;

7) рухсат берилмаган жойда тўхтаб туриш;

8) сархуш, наркотик ва бошқа хил маст бўлиш ҳолатида бошқариш;

9) ҳайдовчининг унда машина ҳайдаш учун ҳужжатларининг борлигини тасдиқлай олмаслиги;

10) қонун ҳужжатларининг транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисидаги талабларини бузиш, автомобиль транспортида йўловчиларни ташишга лицензиянинг йўқлиги;

11) сархушлик аломатлари бўлган ҳолатда ҳайдовчининг кўрикдан ўтишдан бўйин товлаши;

12) ЙТҲ иштирокчиларининг воқеа юз берган жойни қолдириши;

13) милиция ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик.

Кўрамизки, машинани ўз қадрдон гаражидан узоққа жўнатиш учун важ-далиллар етарли. Бунга йўл қўймаслик учун йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш лозим. Дарвоқе, автомобилни эвакуация қилиш ҳам Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 25.05.2011 йилдаги 149-сон Қарорига 1-илова) назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилиши керак.

 

ҚОИДАЛАР БЎЙИЧА ЭВАКУАЦИЯ ҚИЛИШ

Эвакуация қоидаларини билиш ҳайдовчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Низомга кўра ДЙҲХХ инспектори машинани тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармасининг Марказий диспетчерлик хизматига хабар қилиши керак. Сўнгра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки транспорт воситаси ушланганлиги тўғрисидаги қарор расмийлаштирилади. Уларда қуйидагилар кўрсатилади: ҳужжатни тузиш вақти, санаси ва жойи, МЖТКнинг меъёри қайд этилган ҳолда эвакуация қилиш учун асос, ДЙҲХХ ходимининг фамилияси ва лавозими, транспорт воситаси, унинг эгаси тўғрисида маълумотлар, машинани ушлашни амалга оширган орган маълумотлари.

Бундан ташқари, автомобилдаги мол-мулк (қимматли ашёлар) рўйхатини ўз ичига оладиган далолатнома тузилади. Унинг нусхаси машина эгаси ва эвакуация хизмати вакилига топширилади. Мазкур вакил воқеа жойига бораркан, ёнида хизмат гувоҳномаси ҳамда транспорт воситасини махсус тўхташ жойига ташиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлиши керак. Машинани эвакуаторга юклашдан аввал қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилган ва кириш назарда тутилган жойлар (эшиклар, багажник, капот, бензин баки қопқоғи ва ҳоказолар) сурғучланган бўлишини текширинг.

Баённома тузилган пайтдан ушлаш муддатини (соатларда) ҳисоблаш бошланади. У эса арзон турмайди. Шу боис «ҳибсга олиш» сабабини имкони борича тезроқ бартараф этиш ва машинасини олиб кетиш ҳуқуқбузарнинг манфаатига хизмат қилади. Бунда мансабдор шахснинг ёзма рухсатномаси ва автомобилни олиб келиш ва сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўламасдан иш битмайди.

Транспорт воситаси тўхташ жойига жойлаштирилгандан кейин унинг сақланиши учун унинг ходимлари жавоб берадилар.

Агар автомобилингиз бунга етарли асосларсиз эвакуация қилинганига ишончингиз комил бўлса ва инспекторнинг ҳаракатларидан норози бўлсангиз, судга мурожаат қилишингиз мумкин. Ушбу ҳолда вазиятни исботлаш учун сизга анчагина далиллар базасини тўплашга тўғри келади.

 

Эвакуатор хизматлари учун минимал қиймат – 10 км га 60 000 сўм.

Алла РОМАШКО,

мухбиримиз.

 

 

Прочитано: 2721 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика