Ўтган йилнинг охирларида мамлакатимиз пойтахтида «Жамият ва мен» ҳамда «Инсон ҳуқуқлари – журналистлар нигоҳида» республика танловлари ғолибларини мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланган муаллифлар қаторида «Norma» компаниялари гуруҳи эксперти ҳам бор.
Танловлар Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари жамоат фонди ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа нотижорат институтлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорликда эълон қилинган эди. Танловларга 2015 йилда республика босма оммавий ахборот воситалари ва Интернет нашрларда эълон қилинган 2 500 га яқин ахборот-таҳлил йўналишидаги, публицистик ва фотоматериаллар келиб тушди. «Жамият ва мен» танлови 8 та асосий ва 2 та махсус номинациялар бўйича ўтказилиб, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг деярли барча соҳалари қамраб олинди.
«Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида» танлови бирмунча ихтисослашганроқ қамрови билан ажралиб турди. Ўзбек ва рус тилларида эълон қилинадиган «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Норма маслаҳатчи», «Налоговые и таможенные вести» ва «Норма» газеталаримизнинг доимий муаллифи сифатида кўпчиликка танилган эксперт-юрист А.Рисқуллаев ана шу танлов ғолибларидан бири бўлди.
Абдусалом Абдувалиевич Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда иштирок этган бўлиб, меҳнат ҳуқуқи бўйича «Norma» нашриётида чоп этилган бир қанча маълумотномалар, амалий қўлланмалар унинг қаламига мансубдир. Бундан ташқари, у «Norma» профессионал ривожланиш марказининг семинар ва курсларида дарс беради, газеталаримизнинг «Жавоб берамиз» деб номланган маълумотнома хизматидан фойдаланувчилар саволларига ундан малакали жавоб олишга одатланиб қолишган.
Журналистлар танловлари натижаларини якунлашга бағишланган учрашувда «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 1 400 дан ортиқ турли оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Уларнинг 63 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир. 111 компания ноширлик фаолиятини олиб бормоқда. Ахборот веб-сайтлари сони ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг 1 декабрига бўлган ҳолатга кўра уларнинг сони 320 дан ортиқдир.
Ўзбекистоннинг марказий ва минтақавий нашрлари фаолиятини таҳлил қилиш аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган таҳлилий ва танқидий материаллар сони йил сайин ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўйича ихтисослаштирилган лойиҳалар, минтақавий ва республика танловлари мамлакатимиз ОАВларини ривожлантиришда катта мадад бўлмоқда. Буларга ажратилган грантлар таҳририятлар ва нашриётларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, истеъдодли журналистларни рағбатлантирмоқда.
Солиқ бобидаги имтиёзларни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Тўрт йилдирки, оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.
Саида ЖОНИЗОҚОВА, мухбиримиз.