Norma.uz

Видеокамера ўрнатилиши маъқулми сизга?

 

«Видекамерали бўлади пойтахтдаги мавзелар» мақоласида Норма маслаҳатчи»нинг 29.12.2015 йилдаги 52 (545)-сони) хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан (11.12.2015 йилдаги 233-Ф-сон) 2016 йилда мамлакатимиз пойтахтининг турар жой мавзелари ва маҳаллалари видеокузатув тизимлари билан жиҳозланади. Ана шу мавзуга бағишланган биринчи брифинг оммавий ахборот воситаларида ҳам, аҳоли ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу борадаги саволга янада муфассалроқ жавоб бериш мақсадида шаҳар ҳокимлиги иккинчи учрашувни ташкил этди.

 

КИМ, ҚАЧОН ВА НИМА УЧУН

Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси журналистлар эътиборини турар жой мавзелари ва маҳаллаларни видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш энг аввало фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш тақозоси эканлигига қаратди. Лойиҳа шу, 2016 йилда амалга оширилади деб мўлжалланмоқда. Ўтган йилнинг охирларида Миробод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги бир қанча маҳаллаларда видеокузатув тизими ва жалб этилган барча тузилмалар ҳамкорлиги механизмлари иш қобилиятини синаб кўришга киришилди. Танлов асосидаги тест синовлари 2 ҳафта давом этди, ана шу муддат мобайнида ускуналарни танлаб олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган эди.

Ҳокимлик вакиллари лойиҳа учун талаб этиладиган видеокузатув тизими Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаслигини, бинобарин четдан олиб келинишини қайд этиб ўтдилар. Келгусида шундай маҳсулотларни бизга импорт қилувчилар орасида Россия, Хитой ва Корея Республикаси компанияларини кўриш мумкин.

Шаҳар ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директори Илҳом Маҳкамов айтганидек, ихтисослаштирилган корхоналар талаб этиладиган видеокузатув тизимларининг техник кўрсаткичларини, қанақа турларидан қанча миқдорда кераклигини аниқлаб олиш учун техник топшириқлар устида иш олиб бормоқдалар. Унинг таъкидлашича, сифатсиз ёки сифати паст маҳсулот сотиб олиб чув тушиб қолишдан ҳоли бўлиш мақсадида маҳсулот етказиб берувчилар олдига олиб кириладиган ускуналарга доир аниқ талаблар (ишлаб чиқарувчи, маҳсулот маркаси, техник кўрсаткичлари) қўйилади.

Танлов асосидаги тест синовлари якунлангач, лойиҳа бутун шаҳар бўйлаб амалга оширила бошланади. Бундай тизимларни ўрнатишдан олдин ўша ердаги аҳоли билан келишиб олиниши шарт, шундан кейингина улар билан шу хусусда шартномалар тузилади.

Ускуналарни сотиб олиш ва ўрнатиш ё ихтисослаштирилган фирмалар, ёки бошқарувчи компаниялар, ёхуд ХУМШларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади. Мақбул вариантни мавзе ёки маҳалла аҳли танлайди. Ускунани харид этиш учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкалари даражасидаги йиллик фоиз ставкаси билан 3–5 йил муддатга имтиёзли банк кредитлари берилади.

Ҳокимлик намояндалари лойиҳани амалга оширишнинг аҳамиятига алоҳида урғу берар эканлар, маҳалла фуқаролари йиғини ёки турар жой мулкдорлари йиғилиши ўз уйлари атрофига видеокузатув ўрнатилиши таклифини кўпчилик овоз билан рад этган тақдирда лойиҳада иштирок этмаса ҳам бўлади деб таъкидладилар.

Бундан ташқари брифинг ташкилотчилари лойиҳани амалга ошириш асносида кузатилаётган ҳудудда кўриниш доираси яхшиланиши учун ҳовлилардаги дов-дарахтлар ва буталар олиб ташланмайди деб ишонтирдилар.

 

ХАВФСИЗЛИК ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШНИ КЎЗЛАБ

Видеокузатув тизимлари уланганидан кейин турар жой мавзелари ҳудудларида жойлаштирилган камералардан сигналлар тўғри милиция таянч пунктларига келиб тушади. Ходимлар уларни реал вақт режимида кўришлари мумкин бўлганидек, улардан архив ёзувлари йўсинида ҳам фойдалана оладилар. Зарурати бўлганда архив ёзувлари тергов органларига тақдим этилади. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Носир Аҳмедовнинг айтишича, шахсни таниб олиш имконини берадиган дастурий таъминотга доир техник топшириқ ­тайёрланди ва ишлаб маромига етказиш учун топширилди. Бу жиноятчилар, шу жумладан қидирувдаги жиноятчилар турган жойни аниқлашга ёрдам беради.

 

ХОТИРЖАМЛИК ҲАМ... ПУЛ ТУРАДИ

Лойиҳа ускуналар ўрнатиладиган турар жой мавзеларидаги ва маҳаллалардаги фуқароларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳокимлик ходимлари:

ускуна қиймати 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатда ҳар ойда тенг улушлар билан бўлиб-бўлиб тўлаш орқали қопланиши мумкин эканлигини;

ускунанинг қопланиши жоиз бўлган суммаси барча турар жой мулкдорлари (маҳаллалардаги кўчалар аҳли ёки уйлардаги квартира эгалари) ўртасида тақсимланишини;

қопланиши жоиз бўлган сумма турар жой саҳнига мутаносиб тарзда ҳисоблаб чиқилишини, яъни бир хонали квартирада ёлғиз яшаётган кампир 3 хонали квартирада яшаётган оилага нисбатан камроқ тарзда тўлайдиган қилиб ҳисобланишини;

кам таъминланган ва ёлғиз яшовчилар учун ҳозирги кунда имтиёзлар белгилаш хусусида ўйлаб кўрилаётганлигини;

ўрнатилган ускунанинг асосий қиймати батамом қопланганидан кейин ХУМШ хизматларига ойлик тўлов фақатгина ускунадан фойдаланиш ҳақи билан кифояланишини маълум қилдилар.

Брифинг ташкилотчилари қўшимча сарф-харажатлар борасида ташвишланиш, хавотирга тушишга асос йўқлигини айтишди. Ускунанинг қиймати бўлиб-бўлиб тўланиши, қолаверса, барча жой мулкдорлари унда тенг улуш билан иштирок этиши инобатга олинса, молиявий «юк» унча оғир бўлмайди. Боз устига қурилма ўрнатилаётган жой аҳли моҳият эътибори билан ўз хавфсизлиги таъминоти учун ҳақ тўлаётганини билади-ку!

Талабалар ётоқхоналари жойлашган ҳудудларни видеокузатув камералари билан таъминлаш масаласини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ана шундай объектлар учун хавфсизлик чора-тадбирларини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Бундай ҳолларда молиялаштириш у ёки бу ётоқхона қайси ўқув юртининг балансида бўлса, шу ўқув юрти ҳисобидан амалга оширилади.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 2382 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика