Norma.uz

Тинчлик, фаровонлик ва шод-хуррамлик муҳитида

 

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – 2015» мавзусида ижтимоий тадқиқот ўтказди.

 

Ушбу сўровда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари – давлат хизматчилари, тадбиркор ва фермерлар, талаба-ёшлар, ишчилар, пенсионерлар, барча миллат ва диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.

Тадқиқот давомида маълум бўлишича, Президентимиз томонидан Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинган 2015 йил мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация ва ислоҳ қилиш борасида самарали йил бўлди.

Сўров натижаларига кўра, 2015 йил юртдошларимизнинг 90,8 фоизи учун барқарор ва самарали йил бўлди. Жамиятимизда социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳолатдан қониқиш бўйича ижобий муҳит ва яхши кайфият ҳукм сурди. Сўровда иштирок этганлар буни энг аввало аҳоли фаровонлиги ошгани ва турмуш шароитлари яхшилангани, шунингдек, эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкамлиги билан изоҳлайди.

Иштирокчиларнинг фикрича, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришилди. Чунончи, 2015 йилда оилаларнинг моддий таъминоти мустаҳкамланиб, турар жой шароитлари ва турмуш сифати янада яхшиланди. Аксарият юртдошларимиз ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар Президентимиз томонидан Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган 2016 йилда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилишига ишонади.

Сўров жараёнида аҳолининг пул жамғармалари ҳажми ошаётгани маълум бўлгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Улар жамғармалар ҳисобидан узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар, қимматбаҳо кўчмас мулк харид қилмоқда, фарзандлари таълим-тарбиясига маблағ сарфламоқда. Бугунги кунда фуқароларнинг қарийб 60 фоизи оиласида автомобиль, 80 фоиздан ортиғи эса замонавий маиший-техника ва узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган буюмлар мавжудлигини қайд этди.

Ижтимоий сўров фуқароларимиз ва уларнинг оилалари учун долзарб бўлган масалаларни аниқлаш имконини берди. Сўров натижалари шундан далолат берадики, 2013–2014 йилларда ўтказилган тадқиқотлар билан таққослаганда, 2015 йилда аксарият кўрсаткичлар бўйича вазият яхшиланган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида оилаларнинг мутлақ кўпчилиги (90 фоиздан ортиғи) шахсий уй-жойи ёхуд квартирасига эга. Тадқиқот натижаларига кўра, 2015 йилда коммунал хизматлар бўйича фуқароларнинг қарздорлиги камайган, замонавий таълим, иш ҳақини ўз вақтида олиш, уй-жой, квартира ҳолатини сифатли таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилган. Сўров натижалари мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган сиёсат самарадорлигидан далолат беради.

Ижтимоий сўров натижалари «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирларга аҳоли томонидан юксак баҳо берилганини кўрсатди. Чунончи, фуқароларнинг 96,5 фоизи кекса авлод вакилларига бўлган эътибор ва эҳтиромни янада кучайтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни ижобий қабул қилади. Иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар миқдорининг оширилиши, мақсадли субсидиялар ажратилиши, хусусан, манзилли моддий ва ижтимоий ёрдамлар ҳисобига кекса ёшдаги инсонлар турмуш даражаси сезиларли оширилгани, 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ижтимоий-маиший шароитлари яхшилангани сўров иштирокчилари томонидан қайд этилди. Айни пайтда респондентлар фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш сифати ошиб бораётганига юқори баҳо берди.

 

Фуқароларнинг аксарият кўпчилиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, маданият, спорт, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни юксак баҳолайди. Юртдошларимиз мустақиллик йилларида мамлакатимиз тинчлик ва осойишталик, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни асраш борасида эришган ютуқларини юксак қадрлайди. Бу кўрсаткич ўтган йиллардаги каби 2015 йилда ҳам 90 фоиздан ортиқни ташкил қилди. Аҳоли Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсат туфайли ушбу ютуқларга эришилаётганини яхши англайди.

Сўров шуни кўрсатдики, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2016 йилни «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади», деган эзгу ғоя чуқур сингдирилган Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши фуқаролар томонидан кириб келаётган йил мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётида юксак марралар қўлга киритиладиган, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва мўл-кўлчилик, самарали ва сермазмун йилга айланишининг кафолати сифатида қабул қилинди. Мамлакатимизни модернизация қилиш, жамиятимизни янада ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёнини янги даражага кўтариш 2016 йилдаги энг устувор вазифа бўлади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1950 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика