Norma.uz

Норози бўлсангиз – исботланг!

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Буюртмачи АЖ билан пудратчи МЧЖ 2014 йил март ойида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга 60 млн сўмлик пудрат шартномасини туздилар.

Унинг шартларига кўра буюртмачи 3 банк куни мобайнида шартноманинг бутун суммасини олдиндан тўлаши керак эди, буни у ўз вақтида бажарди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш мажбуриятини олган пудратчи ўзининг шартномавий мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида – олдиндан ҳақ тўлангандан кейин 90 календарь кун мобайнида бажарди. Бироқ АЖ ҳужжатлар сифатсиз ишлаб чиқилганлиги, унинг бошланғич маълумотларга тўғри келмаслигини рўкач қилиб, маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани имзолашдан бош тортди. У МЧЖга ҳужжатларни тузатиш ёки тўланган сумманинг бир қисмини қайтариш талабини юборди. Пудратчи эътирозни тан олишдан бош тортиб, иш лозим даражадаги сифат билан бажарилганлигини айтди. Бунга қўшилмаган буюртмачи 2014 йил сентябрда 20 млн сўм асосий қарз, 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини қайтариш даъвоси билан судга мурожаат қилди.

Биринчи инстанция хўжалик суди АЖнинг даъво талабларини қондиришни рад этди. Апелляция ва кассация инстанциялари бундай қарорга қўшилиб, даъвогарнинг апелляция ва кассация шикоятларини қондирмадилар.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Пудратчи ўзининг шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажариб, буюртмачи тақдим этган бошланғич маълумотлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқди. АЖ сўз юритаётган номувофиқликлар субъектив ва асосланмаган тусга эга. Улар қонун ҳужжатларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги талабларини ҳеч ҳам бузмайди. Шу сабабли пудратчи ўзининг шартномавий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарди деб ҳисоблаймиз. Даъвони асоссиз деб ҳисоблаймиз ва уни рад этишни сўраймиз.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Буюртмачи қурилиш пудрати шартномаси бўйича шартномада назарда тутилганидек 60 млн сўмни ўз вақтида олдиндан тўлади. Бироқ пудратчи сифатсиз, унга берилган бошланғич маълумотларга мувофиқ келмайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаган. Жавобгар ушбу камчиликларни бартараф этишдан бош тортганлиги боис АЖ унга тўланган сумманинг бир қисмини: 20 млн сўм асосий қарзни қайтаришни, 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини жавоблардан ундиришни талаб қилади.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган далилларни белгилади.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 686, 687 ва 691-моддаларига, шунингдек ишдаги материалларга асосланиб, у суд харажатларини АЖнинг зиммасига юклаган ҳолда унинг даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (лойиҳаловчи, қидирувчи) буюртмачининг топшириғи бўйича белгиланган муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва (ёки) қидирув ишларини бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса уни қабул қилиб олиш ва ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 686-моддаси). Пудратчи ўз мажбуриятларини бажариши учун буюртмачи унга лойиҳалаш ҳақида топшириқ, шунингдек лойиҳа-смета ҳужжатларини тузиш учун зарур бўлган бошқа бошланғич маълумотларни бериши шарт. Пудратчи уни ишлаб чиқиш чоғида топшириқдаги ва бошқа бошланғич маълумотлардаги талабларга риоя қилиши шарт ва буюртмачининг розилиги билангина улардан четга чиқишга ҳақли (ФКнинг 687-моддаси).

Пудратчи лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича ишларни лойиҳалаш ҳақидаги топшириқ ва бошқа бошланғич маълумотларга мувофиқ бажариши шарт (ФКнинг 689-моддаси иккинчи хатбошиси). Буюртмачи эса барча ишлар бажариб бўлинганидан кейин белгиланган нархни унга тўлаши ёки ишларнинг айрим босқичлари тугалланганидан кейин нархнинг тегишли қисмини тўлаши шарт (ФКнинг 688-моддаси).

Мавжуд иш материалларидан келиб чиқилса, буюртмачи бошланғич материалларни пудратчига берган, буюртмачи улар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини тузган. Даъвогар суд муҳокамаси давомида унинг сифатсиз бажарилганлиги далилларини тақдим эта олмади. Шу сабабли суд унинг даъвосини асоссиз деб топиб, уни қондиришни рад этди.

Мазкур низони судгача тартибда, хусусан, мустақил лойиҳа ташкилотини жалб этиш йўли билан ҳал этиш мумкин эди. Унинг бажарилган ишга берган баҳосини олиб, тарафлар бундан кейинги ҳаракатларни асосли равишда режалаштиришлари, ҳужжатлардаги камчиликларни (агар улар аниқланган бўлса) тузатишлари, судга мурожаат қилишлари мумкин эди.

Тарафларнинг судгача келиша олмаганликлари эса АЖнинг суд харажатларини тўлаш тарзидаги қўшимча харажат қилишига олиб келди. 

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 1680 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика