Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 35 / Шартномавий муносабатлар

Ишлаш керакми ёки хизмат кўрсатиш?

Ўзбекистон резиденти бўлган компания (ёрдамчи пудратчи) биржа орқали Ўзбекистон резидентибош буюртмачи учун Ўзбекистон ҳудудида ёрдамчи пудрат ишларини бажаришга хорижий компания (бош пудратчи) билан шартнома тузиш ниятида. Шартнома миллий валюта – сўмда (АҚШ долларига эквивалент тарзда) тузилади. Ишларга ҳақни бош пудратчи биржа орқали сўмда тўлайди. Бироқ ВМнинг 23.02.2015 йилдаги 31-сон Қарори ­2-бандида белгиланишича, 1.06.2015 йилдан бошлаб хизматларни экспортга товар-хом ашё биржалари орқали реализация қилиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан фақат эркин конвертацияланадиган валютада амалга оширилади.

Биржа орқали пудрат ишларини бажаришга шартнома тузиш мумкинми?

Ушбу Қарорнинг 2-банди фақат хизматларга тааллуқлими ёки ишларга ҳам тегишлими?

Н.Эргашева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– ВМнинг 23.02.2015 йилдаги 31-сон Қарори (бундан кейин – 31-сон ВМҚ) ҳақиқатан ҳам белгилаб қўйилганидек, 2015 йил 1 июндан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан хизматларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада (ЭАВда) амалга оширилади. Бироқ ишларни ҳам экспорт қилиш мумкин. Иш хизматдан нимаси билан фарқ қилинишини тушунтиришга уриниб кўрамиз.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 81-моддасида назарда тутилишича, фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига бошқа ашёлар билан бир қаторда ишлар ва хизматлар ҳам киради. Бироқ ФКда ишлар ва хизматлар тушунчаларига таъриф берилмаган. Бизнингча, Маҳсулот тақсимотига оид битимлар ва геология-қидирув ишлари олиб бориш тўғрисидаги битимлар доирасида товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилишда танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – Низом) бирдан-бир белгиловчи қонун ҳужжати ҳисобланади. Унга мувофиқ:

иш – натижалари ашёвий шаклга эга бўлган ҳамда ташкилотлар ва (ёки) жисмоний шахсларнинг эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлган фаолият (Низом 2-бандининг йигирма бешинчи хатбошиси);

хизматлар – натижалари ашёвий шаклга эга бўлмаган фаолият, ушбу фаолиятни амалга ошириш жараёнида амалга оширилади ва истеъмол қилинади (Низом 2-бандининг ўттиз биринчи хатбошиси).

Кўрамизки, ишлар ва хизматлар икки мезон бўйича бир-биридан фарқланади:

биринчидан, иш натижаси хизмат натижаларидан фарқли равишда, моддий ифодага эга, ашёлаштирилган тусга эга;

иккинчидан, ишнинг ашёвий натижаси фақат тугалланган кўринишда реализация қилиниши мумкин; хизмат натижаси уни кўрсатиш жараёнида реализация этилади ва истеъмол қилинади.

Бошқача айтганда, хизматни кўрсатиш жараёнининг ўзи ушбу хизматнинг асосий мақсади бўлиб хизмат қилади. Иш йўналтирилган асосий мақсадга келсак, натижа шундай мақсад бўлиб ҳисобланади, чунки истеъмолчини доим ҳам ишни бажариш босқичлари қизиқтиравермайди, унга якун, масалан, қуриб битказилган бино муҳим.

ФКнинг айрим нормалари ҳам ишнинг ашёлаштирилган шакли ва хизмат кўрсатишнинг ашёлаштирилмаган шаклини кўрсатади. Унга кўра:

пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФК 631-моддасининг биринчи қисми);

пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади (ФК 632-моддасининг биринчи қисми);

буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт (ФК 646-моддасининг биринчи қисми);

ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФК 703-моддасининг биринчи қисми).

Бу ерда ҳам «иш» ва «хизмат» тушунчаларининг ўртасидаги асосий фарқ уларнинг қандай ифодаланишида эканлигини кўрамиз. Иш – доимо моддий, хизмат эса – аксинча, номоддий.

Улар ўртасидаги яна бир фарқ уларнинг қандай йўналганлигидадир: ишни ўзи учун ҳам, бошқа шахс учун ҳам бажариш мумкин, хизмат эса фақат учинчи шахс фойдасига кўрсатилади.

Юқорида баён этилганлардан хулоса чиқариб, иш ва хизмат – турли тушунчалар, фуқаролик ҳуқуқларининг турли объектлари дея тасдиқлашимиз мумкин. Шу сабабли 31-сон ВМҚ 2-бандининг юридик ва жисмоний шахслар хизматларни биржа орқали фақат ЭАВга реализация қилишини белгилайдиган нормаси умуман ишларни ва хусусан қурилиш-пудрат ишларини худди шундай реализация қилишга татбиқ этилмайди.

Бинобарин, биржа орқали миллий валютада пудрат ишларини бажариш шартномасини тузиш мумкин. Ушбу муносабатларни Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган контрактлар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш, сотиб олиш ва уларни олиб чиқиб кетиш тартиби2 (бундан кейин – Тартиб) белгилайди. Хусусан, унинг 7-бандига мувофиқ, биржадаги шартномаларга асосан харид қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар3 учун ҳисоб-китоб Ўзбекистон Республикаси валютаси – сўмда амалга оширилади, 174-сон ВМҚ ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ишларга нисбатан бундай истисноли ҳоллар мавжуд эмас.

Тартибнинг 9-бандидан келиб чиқишича, биржада контрактларни тузиш пайтида харидор – Ўзбекистон норезиденти сўмнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлайдиган (маблағлар манбаига боғлиқ ҳолда) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) ваколатли банкнинг хорижий валюта ички бозорда сотилганлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

б) товар ички бозорда сотиш учун олиб келиниши тўғрисидаги контракт ва олиб келинган товарга божхона юк декларациясини;

в) солиқ органининг товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишдан олинган даромадлар бўйича бюджетдан қарзи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

г) сўмнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни.

Норезидентлар тузадиган, сўмда тўланадиган экспорт контрактлари қиймати сўмнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларда кўрсатилган суммадан ошмаслиги керак (Тартибнинг 14-банди). Бундай контрактларга норезидентлар томонидан ҳақ тўланиши фақат республиканинг ваколатли банкларида очилган хорижий банкларнинг «Лоро» корреспондентлик ҳисобрақамлари орқали ёки биржаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги импортчиларнинг ҳисобрақамларидан амалга оширилиши мумкин (Тартибнинг 17-банди).

Шуни таъкидлаш лозимки, ишлар биржа орқали ва ЭАВда ҳам экспортга реализация қилиниши мумкин. Агар аҳдлашувчи тарафлар шундай битимга келсалар, албатта.

 

1ВМнинг 25.06.2009 йилдаги 178-сон Қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 15.04.1999 йилдаги 174-сон Қарорига 2-илова (бундан кейин – 174-сон ВМҚ).

3Тартибнинг 1-бандида кўрсатилгандек, товарлар, ишлар ва хизматлар бундан кейин матнда «товар» сўзи билан берилган.


Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 1896 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика