Жияним Германия фуқароси бўлса-да, кўп йиллардан бери Қозоғистонда яшайди, ўзи туғилган ана шу мамлакатда яшаш гувоҳномасига эга. У визани расмийлаштирмасдан менинг уйимга меҳмон бўлиб келиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, у Қозоғистонда яшаш гувоҳномаси ёки Германия фуқаросининг паспортини тақдим этиши керакми? Агар бундай қилиб бўлмаса, Ўзбекистонга келиш учун визани қандай қилиб ва қаердан олади?
И.Винер.
Тошкент шаҳри.
– Жиянингиз олдингизга сизнинг таклифингиз бўйича чет эл фуқароси мақомида келиши мумкин. Бунинг учун Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартибига (ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон Қарорига 1-илова) асосан чет элдан хорижий фуқароларни таклиф қилмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойидаги чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш (ЧКФР) бўлимига 2 нусхада тўлдирилган белгиланган шаклдаги анкета-ариза билан мурожаат қиладилар.
Фуқароларнинг таклифномаси бўйича хорижий фуқарога Ўзбекистонга келишга виза бериш учун рухсатномани расмийлаштириш муддати 15 суткадан ошмаслиги керак. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ЧКФР бўлими бўлиш вақтини кўрсатган ҳолда келишга рухсат берилган хабарнома беради. У Ўзбекистон ТИВнинг консуллик бошқармасига тақдим этилади, бошқарма эса уни ЎзРнинг хориждаги консуллик муассасасига юборади. Чет эл фуқаролари келишга виза олиш учун Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасасига миллий паспортни тақдим этган ҳолда белгиланган шаклдаги тўлдирилган виза анкетасини тақдим этиб мурожаат қиладилар.
Келишга рухсат олгач, жиянингиз Германия фуқароси паспорти билан Ўзбекистонга келади ва сиз прописка қилинган жойдаги чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида келиш визасининг амал қилиш муддатига рўйхатдан ўтказилиши керак бўлади.
Қўшимча равишда шуни таъкидлаш лозимки, у Ўзбекистонга турист сифатида ҳам келиши мумкин. Бунда ЧКФР бўлимида таклифни расмийлаштиришга зарурат бўлмайди. Бунинг учун у Ўзбекистон Республикасининг Алмати шаҳридаги Элчихонасига мурожаат қилиши ва Ўзбекистонга келиш учун туристик визани расмийлаштириш тўғрисида илтимоснома топшириши керак. Ўзбекистонга келгач, у рўйхатдан ўтказилиши ва хорижий турист сифатида меҳмонхонада яшаши керак.
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ,
эксперт-юристимиз.