Акциядорлик жамияти бошқаруви таркибига транспорт бўйича раис ўринбосари лавозими киради. Бошқарув аъзолари билан 1 йилга муддатли меҳнат шартномалари тузилади. Бироқ транспорт бўйича бошқарув раиси ўринбосари номзоди тегишли тузилмалар билан келишилиши керак, бу эса узоқ вақтни талаб қилади. Ҳозирги вақтда мазкур мутахассис, АЖ бўйича чиқарилган буйруққа кўра, тегишли тузилмалар билан келишилгунга қадар бошқарув раисининг ўринбосари вазифаларини бажаряпти. Бироқ кузатув кенгаши баённомасида уни бошқарув таркибига киритиш ва у билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш назарда тутилган. Кузатув кенгашининг қарорига асосан бошқарув аъзоси билан, агар у лавозим бўйича вазифаларни бажарувчи мақомига эга бўлса, муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкинми?
А.Саъдиева.
– Номенклатура ҳажми, яъни юқори турувчи органлар ёки тегишли тузилмалар (бундан кейин – органлар) билан келишув бўйича лавозимга тайинланадиган шахслар доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Табиийки, бундай шахслар бу ҳақда ўша органларни хабардор қилиб ва уларнинг розилиги билан лавозимдан озод этиладилар (Меҳнат кодексининг 82-моддаси иккинчи қисми). Шу сабабли кузатув кенгаши бошқарув аъзосини ишга тайинлаш қонунда назарда тутилган тартибда ҳал этилгунга қадар у билан муддатли меҳнат шартномаси тузмаслиги керак (7.05.1993 йилдаги «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги 848-XII-сон Қонуннинг 5, 10-моддалари).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.