Norma.uz

Улушни шунчаки сотиб бўлмайди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2015 йил январда МЧЖ иштирокчиларидан бири устав фондидаги ўз улушини сотишга қарор қилди. У иккинчи иштирокчига устун ҳуқуқ тартибида улушни сотиб олишни таклиф қилди. У буни рад этгани боис улуш учинчи шахсга таклиф этилди. Унинг нархи хусусида келишувга эришиб, тарафлар оддий ёзма шаклда МЧЖнинг устав фондидаги улуш олди-сотди шартномасини туздилар.

Иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомаси, таъсис шартномаси ва уставга киритиладиган ўзгартиришлар матни, иштирокчининг ҳиссасини шакллантириш тўғрисидаги гувоҳномани тайёрлаб, МЧЖ март ойида ҳокимлик ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига (бундан кейин – Инспекция) таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Бироқ у давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортиб, буни МЧЖ уставида назарда тутилган улуш олди-сотди шартномаси шаклига риоя этилмаганлиги билан изоҳлади.

Бунга қўшилмаган МЧЖ 2015 йил апрелда хўжалик судига давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги хусусида шикоят даъвоси билан мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– 2015 йил февралда МЧЖнинг собиқ иштирокчиси устав фондидаги ўз улушини Ўзбекистон фуқароси бўлган учинчи шахсга сотди. Сотиш «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейинМЧЖ тўғрисидаги Қонун) мувофиқ амалга оширилди. Биз оддий ёзма шаклда олди-сотди шартномасини тузиш давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблаймиз, зеро унинг нотариал тасдиқланмаганлиги ҳали улуш ўтказилмаганлигини билдирмайди.

 

 

ИНСПЕКЦИЯНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– 2015 йил мартда МЧЖ Инспекцияга унинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Уларни текшириш чоғида МЧЖ уставида улушни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлаш кераклиги назарда тутилганлиги аниқланди. Шу муносабат билан, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейинНизом) 34-бандига асосланиб, биз МЧЖнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказишни рад этдик.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг асос-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, судга мурожаат қилишга сабабчи бўлган далилларнинг қонунийлигини тасдиқлашга асосларни топмади. МЧЖ тўғрисидаги Қонун 20-моддасининг тўққизинчи қисмига асосланиб, у:

МЧЖнинг даъво талабларини қондиришни тўлиқ рад этиш;

суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашга қарор қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси тўққизинчи қисмига мувофиқ жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш тўғрисидаги талаб жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлмаса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак. МЧЖ уставида улушни учинчи шахсга ўтказиш, шу жумладан унинг олди-сотдисининг нотариал шакли назарда тутилган.

Улуш ўтказилганда таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлардан бири унинг бошқага ўтганини тасдиқлайдиган ҳужжат (шартнома, хат ва бошқалар) ҳисобланади (Низомнинг 33-банди). МЧЖ уставига зид ҳолда устав фондидаги улушнинг олди-сотди шартномаси оддий ёзма шаклда тузилганлиги боис Инспекция Низомнинг 34-моддасига асосан, тақдим этилган ҳужжатларнинг Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мос келмаслиги боис жамиятга таъсис ҳужжатларига ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни ҳақли равишда рад этган.

Мазкур ҳолда МЧЖ таъсис ҳужжатларига улушни бошқа шахсга ўтказиш оддий ёзма шаклда расмийлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиши ёки олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириши керак эди.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 2940 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика