Компания ходимлари қатъий ҳисобот бланкаларини йўқотиб қўйишлари ёки уларга ёзишда хатоликка йўл қўйишлари ҳолатлари тез-тез учраб туради. Улардан бланкаларнинг таннархидан ошадиган суммани ундириш мумкинми? Меҳнат шартномасида қатъий ҳисобот бланкасини йўқотганлик ва (ёки) яроқсиз ҳолатга келтирганлик учун жарима ундириш ҳақидаги шартни назарда тутиш ҳамда унга асосан ходимдан жарима, масалан, бундай бланканинг йўқотилганлиги ва (ёки) яроқсиз ҳолатга келтирилганлиги учун 15 000 сўм ундирилиши мумкинми?
«Sugurta» АЖ.
– Ходим иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши шарт (Меҳнат кодексининг 176-моддаси). Агар у зарар етказса, унинг зиммасига моддий жавобгарлик юкланади ва у иш берувчига зарар суммасини қоплаб бериши шарт. Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади (МКнинг 198-моддаси). Бунинг оқибатида олинмай қолинган даромадлар (фойда) ходимдан ундирилмайди.
Агар зарар, уни бартараф этиш мумкин бўлмаган кучлар, нормал хўжалик таваккалчилиги оқибатида, охирги зарурат ёки зарурий мудофаа натижасида келиб чиққан бўлса, ходимнинг моддий жавобгарлиги истисно этилади (МКнинг 199-моддаси).
Агар Меҳнат кодексида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ходим етказилган зарар учун ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида моддий жавобгар бўлади (МКнинг 201-моддаси). МКнинг 202-моддасига мувофиқ етказилган зарар учун қуйидаги ҳолларда ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади:
1) махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун (МКнинг 203-моддаси);
2) бир галлик ҳужжат асосида олинган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;
3) қасддан зарар етказилганда;
4) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;
5) ходимнинг суд ҳукми билан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;
6) тижорат сирлари ошкор этилганда;
7) қонунларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.
Мазкур тўлиқ моддий жавобгарлик ҳолатлари рўйхати тугалланган ҳисобланади. Рўйхат бирор-бир меъёрий ҳуқуқий ҳужжат, шунингдек меҳнат шартномаси томонларининг келишувига биноан кенгайтирилиши мумкин эмас.
18 ёшга тўлмаган ходимлар учун алоҳида кафолатлар назарда тутилган. Уларни фақат қасддан етказилган зарар учун, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ёки жиноят содир этиш натижасида етказилган зарар учун тўлиқ моддий жавобгарликка тортиш мумкин.
Иш берувчи зарарни муайян ходимлардан ундириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказиши шарт. Бундай текшириш ўтказилиши учун иш берувчи тегишли мутахассислар иштирокида комиссия тузишга ҳақли. Шунингдек зарарнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун ходимдан тушунтириш хати талаб қилиниши шарт. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бўйин товлаши иш берувчи уни етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортишига моне бўла олмайди. Ходим барча текшириш материаллари билан танишиш ҳуқуқига эга (МКнинг 204-моддаси).
Иш берувчига етказилган зарар миқдори ҳақиқий йўқотишлар бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида белгиланади (МКнинг 205-моддаси). Айбдор бўлган ходим уни ихтиёрий равишда қисман ёки тўлиқ тўлашга ҳақли (МКнинг 206-моддаси). МКнинг 207-моддасига мувофиқ ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 ой ичида чиқарилиши керак.
Агар етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади.
Шу тариқа, ходимга, агар унга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа асосларга кўра етказилган зарарнинг тўлиқ миқдорида жавобгарлик юкланган бўлмаса, етказилган зарар учун ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида моддий жавобгарликни юклаш мумкин.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.