СОЛИҚ КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР: ЖАРИМАЛАР МИҚДОРИ ҚЎШИЛМАЙДИ
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон) билан Солиқ кодексига (Кодексга) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Кодекснинг 18-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимларни ёллашга ҳақли.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан имзоланиши, унинг муҳри билан тасдиқланиши шарти кичик тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахсларгагина тааллуқли бўлади.
Кодекснинг 89-моддаси бешинчи қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг ижроси суд томонидан тўхтатилган тақдирда, солиқ текширувини ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.
Солиқ кодексининг 91-моддасида солиқ текшируви фақат охирги режали текширишдан кейинги, лекин янги текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги беш календарь йилдан кўп бўлмаган даврни қамраб олиши назарда тутилган.
Шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш умумий шартларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Кодекс 108-моддасининг олдинги таҳририда солиқ тўловчи томонидан бир нечта солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганда ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланган эди. Мазкур модданинг янги таҳририга биноан солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошиши мумкин эмас.
Шу билан бирга белгиланишича, солиқ тўловчи биринчи иш бўйича қарор чиқарилгунига қадар солиққа оид яна бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги иш бўйича қарор чиқарилганидан сўнг аниқланса, юқорида келтирилган қоидалар бўйича жарима қўлланилади. Бу ҳолда, суд томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича тайинланган жарима миқдорида биринчи қарор бўйича тўланган жариманинг суммаси ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, молиявий санкцияларни қўллаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Кодекснинг 112-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди, унда белгиланишича, қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25%идан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли.
Кодекснинг 114-моддаси биринчи қисмига мувофиқ кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, кирим қилинмаган товар қиймати миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Киритилган қўшимчалар билан белгиланишича, кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида давлат даромадига ўтказилган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган санкция қўлланилмайди.
МАНСАБДОР ШАХСЛАР ВА ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ БЕЛГИЛАНДИ
20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) ўзгартиришлар киритилди.
Кодексга нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш учун жавобгарлик назарда тутилган норма киритилди (МЖТКнинг 61-1-моддаси). Унга мувофиқ нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ЭКИҲнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ЭКИҲнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
МЖТКга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш фуқароларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган (МЖТКнинг 164-моддаси учинчи қисми).
Белгиланишича, анча миқдор деганда ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, ЭКИҲнинг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади (МЖТКнинг 164-моддаси олтинчи қисми).
Кодексдан бюджет интизомини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган меъёр чиқариб ташланди.
Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини юритганлик учун маъмурий жавобгарлик бўйича тузатишлар киритилди. Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарликни анча миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилинади.
Кодекс шунингдек давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олганлик ҳамда мазкур органлар ва ташкилотларнинг хизматчилари моддий қимматликлар ёки мулкий наф олганликлари учун жавобгарлик назарда тутиладиган моддалар билан тўлдирилди.
Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бобнинг киритилиши Кодексга киритилган энг муҳим ўзгартириш бўлди.
МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИ ЎҚИТУВЧИЛАРИГА ТЎЛАНАДИГАН ҲАҚ ОШИРИЛДИ
Вазирлар Маҳкамаси томонидан олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларининг касбий даражасини узлуксиз такомиллаштириш учун шарт-шароитларни таъминлашга йўналтирилган ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, ВМнинг 20.08.2015 йилдаги 242-сон Қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:
Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тўғрисидаги низом;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, аттестациядан ўтказиш жараёнларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби;
Базавий олий таълим муассасаларининг ўқув-методик ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни ўқитишнинг замонавий ахборот-коммуникация техникалари ва техник воситалари билан таъминлаш бўйича тадбирлар комплекси.
Қабул қилинган Қарорга мувофиқ олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақи миқдори 2015 йил 1 сентябрдан бошлаб 25%га кўпайтирилади. Шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирига курсларга машғулотлар ўтказиш жалб этиладиган айрим юқори малакали илмий-педагогик кадрларга ва тажрибали амалиётчи мутахассисларга ўқув машғулотлари ўтказганлиги учун соатбай иш ҳақи миқдорини белгиланган миқдорларидан 50% юқори этиб белгилаш ҳуқуқи берилди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» эксперти
Елена ЕРМОХИНА ва юрист
Собир НУРБЕРДИЕВ тайёрладилар.