Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Бевосита мулоқот

Автомашина мусодараси қонунийми?

2011 йилда жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига кўра, эрим Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, шу жумладан 276-моддасининг биринчи қисми бўйича айбдор деб топилган ва шунга тегишли жазолар тайинланган. Мазкур ҳукм асосида жиноят қуроли сифатида ашёвий далил деб эътироф этилган эрим билан никоҳ даврида, яъни 2010 йилда менинг номимга сотиб олинган енгил автомашина мусодара қилинган. Чунки эримнинг бошқарувида бўлган автомашинанинг бардачогидаги сигарета қутиси ичидан оз миқдорда муомалада бўлиши чекланган ашё топилган экан.

Шу билан бирга ҳукмда менга автомашина юзасидан ўзимнинг улушимни талаб қилиб фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалигим тушунтирилган. Шу ҳуқуқдан фойдаланиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво бердим. 2012 йилда суд даъвоимни қаноатлантириб, ўз ҳал қилув қарорида:

эрим билан менга тегишли 29 400 492 сўмга баҳоланган автомашинага нисбатан умумий мулкдаги ҳар биримизнинг улушимизнинг миқдорини Ѕ қисм деб топганлиги;

мендан жавобгар эримнинг автомашинадаги улуши пул кўринишида ундирилишини ва мен томонимдан эримнинг автомашинадаги Ѕ улушининг 14 700 246 сўмлик қиймати тўлиқ тўланганидан кейин автомашинага нисбатан эримниг мулкий ҳуқуқи тугатилиб, тўлиқ мулк ҳуқуқи менга ўтиши белгиланганлиги;

автомашина хатлаш рўйхатидан чиқарилганлиги кўрсатилган.

Шундан кейин мен автомашинадаги эримга тегишли Ѕ қисмли улушнинг 14 700 246 сўмлик қийматини давлат фойдасига тўлаб қўйдим.

Бироқ, прокуратуранинг протестига биноан ўша 2012 йилнинг ўзида юқори турувчи суд инстанцияси юқорида кўрсатилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун биринчи инстанция судига юборган. 2013 йилда ишни кўриб чиққан янги суд ва кейиги апелляция суди мутлақо бошқача қарор ва ажрим қабул қилиб, даъвоимни рад қилишди. Яъни уларнинг қарори бўйича автомашина тўлиқ ҳолда мусодара этилиши керак эмиш.

Мен ҳеч қандай жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир қилмаганман ва уларни содир қилишда ҳеч кимга бирор-бир ёрдам кўрсатмаганман. Жиноятни эрим содир қилган бўлса, менинг айбим нима?

Мен умумий мулк ҳуқуқидаги ўзимга тегишли улушни ҳимоя қилишга ва уни сақлаб қолишга ҳақлиманми?

Ҳурмат билан З.Газиева. 

 

– Автомобилингизнинг суд ҳукми билан мусодара қилиниши, бизнингча, Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасининг 1-бандига асосан амалга оширилган. Унга кўра, жиноят қуроллари, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак ва улар тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади.

Хатингиздан маълум бўлишича, эрингиз муомалада бўлиши чекланган оз миқдордаги ашёни сизларнинг никоҳингиз давомида орттирган автомобилда атайин ташиган эмас, балки ундан (автомобилдан) фақат улов, яъни ҳаракатланиш воситаси сифатида фойдаланган. Шу боис мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 13.12.2012 йилдаги «Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 17-сон қарорида (кейинги ўринларда – Қарор) келтирилган тушунтиришни эътиборга олиш керак. Қарорнинг 10-бандида судларнинг эътибори шунга қаратилганки, баъзи ҳолларда айрим қилмишлар, масалан, контрабанда, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ташиш, одам ўғирлаш ва ҳ.к. учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар жиноят содир этишда фойдаланган автомашиналар, мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари жиноят қуроли деб эътироф этилиши мумкин. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, ушбу транспорт воситаларини жиноят қуроли деб эътироф этиш учун транспорт воситасидан, фақат улов сифатида эмас (масалан, айбдор томонидан қонунга хилоф равишда балиқчилик жинояти қармоқлар ва тўрлардан фойдаланилган ҳолда содир этилган бўлиб, автомобилдан фақат улов сифатида фойдаланилган бўлса), балки, қасддан жиноят содир этишда айнан қурол сифатида фойдаланилганлиги сўзсиз аниқланган бўлиши зарур (масалан, талон-торож жиноятини содир этишда ўғирланган катта ҳажмдаги товарлар автомобилда олиб чиқиб кетилган бўлса).

Гарчи эрингизнинг бошқарувида бўлган автомобилнинг ичида муомалада бўлиши чекланган ашё топилган бўлса-да, лекин, хатингизга қараганда ҳамда Олий суд Пленумининг тушунтиришларига таянилганда, ушбу транспорт воситасидан ўша моддани атайин ташиш учун фойдаланилмаганлиги кўринмоқда.

Шундай қилиб, хатингизнинг мазмунидан ва Олий суд Пленумининг тушунтиришларидан келиб чиққан ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, автомобилингизни жиноят қуроли сифати ашёвий далил деб эътироф этиш учун асос мавжуд эмас.

Мусодара қилинган автомобилингизни қайтариш мақсадида жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан қабул қилинган барча ҳужжатларнинг автомобилингизни мусодара қилишга тегишли қисмини бекор қилиш учун ЖПКда ва Фуқаролик процессуал кодексида ўрнатилган тартибда мазкур суд ҳужжатларнинг устидан ишнинг турига (жиноят иши ёки фуқаролик ишига тааллуқлилигига) ва иш олдин қайси инстанцияларда кўриб чиқилганлигига қараб тегишли мурожаатлар (ариза, шикоят ёки илтимоснома) қилиниши керак.

 

Жавобни «Norma Profi» эксперти
Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 3224 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2015-05-25 18:51:50, Гость_:
Афсуски, терговчи ва судьялар юрист бўла туриб масалага синчковлик билан қарашмайди, натижада эса хусуский мулкдор (ҳаммулкдор) мол-мулкидан маҳрум бўлиб қолади.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика