Солиқ органлари қандай текширувларни ўтказадилар?
– Солиқ кодексининг 85-моддаси иккинчи қисмига кўра солиқ текшируви молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади. Молия-хўжалик фаолияти текшируви доирасида солиқ органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганадилар ва таққослайдилар (Солиқ кодексининг 85-моддаси учинчи қисми).
Ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин (Солиқ кодексининг 91-моддаси учинчи қисми; 24.12.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги 717-I-сон Қонуннинг 4-моддаси, бундан кейин – 717-I-сон Қонун).
Солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган, унинг айрим операцияларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги қисқа муддатли текшируви (Солиқ кодексининг 85-моддаси тўртинчи қисми) боришида солиқ инспекторлари одатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан касса операциялари юритилиши, НКМ қўлланиши, чеклар берилиши, нақд пул тушуми кирим қилиниши ва бошқаларни текширадилар.
Режали текширувларни солиқ органлари Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган текширувларнинг режа-жадвалига мувофиқ ўтказадилар.
Режадан ташқари текширувлар режа-жадвалга киритилмайди ва юридик шахс тугатилаётганда, Президентнинг ёки Ҳукуматнинг қарорларидан келиб чиқувчи текширувларни ўтказиш зарур бўлганда, солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳоллари ҳақида солиқ органига маълумотлар тушганда ўтказилади (Солиқ кодексининг 86-моддаси учинчи қисми).
Муқобил текширув солиқ органлари операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғланган ва турли хўжалик юритувчи субъектларда (солиқ тўловчиларда, солиқ агентларида) ёки битта хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлимларида бўлган ҳужжатларни (шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) таққослашдан иборат текширувдир. У фақат биргина операцияни расмийлаштирадиган ҳужжатларга нисбатан ўтказилиши мумкин.
Текширувнинг яна бир тури – назорат тартибида текширув мавжуд. Унинг доирасида солиқ органлари хўжалик юритувчи субъект илгари ўтказилган режали ёки режадан ташқари текширувда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этганлигини текширадилар.
Солиқ органлари текширувларни қанча оралиқда ўтказишлари мумкин?
– Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширувларнинг энг кам даврийлиги Солиқ кодексининг 90-моддаси иккинчи қисми ва 717-I-сон Қонуннинг 10-1-моддаси биринчи қисми билан белгиланган. Улар:
1) хусусий банк ва молия институтларида – 5 йилда кўпи билан бир марта;
2) фаолият соҳасидан қатъи назар кичик тадбиркорлик субъектларида – 4 йилда кўпи билан бир марта;
3) ходимларнинг ўртача йиллик сонидан қатъи назар фермер хўжаликларида – 4 йилда кўпи билан бир марта;
4) бошқа барча тадбиркорлик субъектларида – 3 йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) мувофиқ солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга тақиқ 2017 йилнинг 1 январигача жорий этилди (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).
Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган дастлабки 3 йил давомида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди (акцизли товарларни ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ёки бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш билан боғлиқ текширувлар бундан мустасно) (Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг1 10-банди бешинчи хатбошиси, бундан кейин – 1573-сон Низом).
Акцизли товарларни ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти ёки бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб дастлабки 2 йил давомида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди (1573-сон Низомнинг 10-банди олтинчи хатбошиси).
Режадан ташқари текширувларнинг даврийлиги қонун билан белгиланмаган. Улар бунинг учун важ ва асослар вужудга келган ҳар бир ҳолда ўтказилиши мумкин. Бундай текширув бир йилда икки, уч марта ва ундан кўп бўлиши мумкин.
Муқобил текширувлар ва назорат тартибидаги текширувларни ўтказиш даврийлиги ҳам белгиланмаган. Ташкилотнинг ҳамкорлари (контрагентлари), филиаллари (бошқа бўлинмалари), молия-хўжалик операциялари сабабли субъект билан боғлиқ бошқа шахслар текширилганда муқобил текширувлар ўтказилиши мумкин. Уларда текширувлар қанча кўп бўлса, қонун билан белгиланган важ ва асослар мавжуд бўлганда субъектда ҳам шунча муқобил текширувлар ўтказилиши мумкин.
Назорат тартибидаги текширув фақат бундан аввалги режали ёки режадан ташқари текширув ўтказилганидан кейин амалга оширилади.
Текширувлар қандай муддатларда ўтказилади?
– Умумий қоидага кўра ҳар қандай солиқ текширувини (қисқа муддатлилари бундан мустасно) ўтказиш муддати 30 календарь кундан ошмаслиги керак (Солиқ кодексининг 89-моддаси биринчи қисми; 717-I-сон Қонуннинг 11-моддаси). Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори билан узайтирилиши мумкин. Бироқ ушбу қоида микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари – кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бунинг маъноси шуки, солиқ органлари бир, икки ва ундан кўп ҳафта давомида текширув ўтказишга ҳақлилар. Асосий талаб – у 30 кун доирасидан чиқмаслиги керак. Ҳар бир аниқ ҳолда режали ва режадан ташқари текширувларни ўтказиш муддатларини солиқ органлари уларни тайинлаш олдидан белгилайдилар.
Қисқа муддатли текширув ва назорат тартибидаги текширувлар солиқ инспекторлари томонидан 1 иш куни ичида ўтказилади (Солиқ кодексининг 89-моддаси учинчи қисми; 717-I-сон Қонуннинг 15-моддаси).
Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида низомнинг2 10-бандига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишлар солиқ органлари томонидан 1 кун давомида режадан ташқари қисқа муддатли, муқобил ёки назорат тартибидаги текширишлар шаклида амалга оширилади. Истисно тариқасида молиявий ва товар ҳужжатларини текшириш зарурати бўлганда, НҚОФМРК қарори билан бундан кўпроқ, лекин 5 иш кунидан ошмаган муддатда текшириш ўтказиш назарда тутилиши мумкин.
Солиқ органлари тадбиркорлик субъекти фаолиятининг қандай даврини текширишлари мумкин?
– Солиқ текшируви доирасида солиқ тўловчининг текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги кўпи билан 5 календарь йилдаги фаолияти қамраб олиниши мумкин (Солиқ кодексининг 91-моддаси ўн биринчи қисми). Бунда текширув амалга оширилаётган йилдаги фаолиятни текширишга рухсат берилади.
Материалларни «Текширувлар: А дан Я гача» электрон маълумотнома тизими
ишлаб чиқувчилари тақдим этдилар.
1НҚОФМРКнинг АВ томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2НҚОФМРКнинг АВ томонидан 3.09.2007 йилда 1712-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Солиқ текшируви давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширишдир.
Солиқ текшируви солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади.
Солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.
Қисқа муддатли текширув солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган, унинг айрим операцияларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширувидир.
Солиқ кодекси, 85-модда.