Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Солиқ солиш

Хилма-хил ҚҚС

Газетхонларнинг саволларига Молия вазирлиги солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг бўлим бошлиғи Валерий ЛИ жавоб беради.

 

Корхона қоғоз ифодаловчисида лицензия (дастурий маҳсулот) олди. У божхонада расмийлаштирилаётганда декларацияда товар сифатида кўрсатилди. Унинг божхона қийматига йиғимлар, бож ва қўшилган қиймат солиғи тарзида божхона тўловлари ҳисобланди, улар импорт қилиш пайтида ўз вақтида ва тўлиқ тўланди.

Агар лицензия қийматидан божхона тўловлари, шу жумладан ҚҚС тўланган бўлса, у Солиқ кодексининг 202-моддаси 4-бандига кўра импорт қилинган хизматларга ҚҚС ва Солиқ кодексининг 155-моддаси 5-бандига кўра норезидентга солинадиган даромад солиғи солиш объекти деб ҳам ҳисобланадими?

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 1031-моддасига мувофиқ электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базалари интеллектуал мулк объектлари жумласига киради, улар, Божхона кодексининг 7-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб ўтиш пайтида товарлар сифатида қаралади.

Сизнинг корхонангиз лицензияни қоғоз ифодаловчиси тарзида олган ва божхона чегарасидан ўтишда уни товар сифатида тақдим этган. Товар эркин муомалага чиқариш режимида расмийлаштирилаётганда божхона божи, акциз солиғи (агар товар акцизланса), қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари тўланади. Бунда божхона тўловлари ставкалари ифодаловчига берилган, ундаги лицензия божхона чегарасидан олиб ўтиладиган ТИФ ТН кодидан келиб чиқиб белгиланади.

Агар лицензия товар сифатида импорт қилинганда божхона тўловлари таркибида ҚҚС тўланган бўлса, ушбу ҳолда лицензиянинг қиймати, Солиқ кодексининг 207-моддасига кўра, Ўзбекистон норезидентидан олинган ишлар, хизматлар бўйича бўлганидек, ҚҚС солиш объекти деб ҳисоблана олмайди.

Солиқ кодексининг 155-моддасига мувофиқ норезидентнинг, фақат шу норезидент номидан амалга ошириладиган ва фақат товарлар харид қилиш (олиш), шунингдек товарларни республика ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ташқи савдо операциялари (шу жумладан товар айирбошлаш операциялари) бўйича олинган даромадлари норезидентнинг Ўзбекистондаги манбалардан олган даромадларига кирмайди.

Мазкур меъёрдан келиб чиқилганда, сизнинг корхонангиз харид қилган лицензия – товарнинг қиймати ҳам тўлов манбаида норезидентнинг даромадига солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Сизнинг ҳолатда Ўзбекистон норезидентларининг манбада солиқ солинадиган даромадлари роялти тўлаш чоғида вужудга келиши мумкин. Фан, адабиёт ва санъат асарларидан, шу жумладан электрон-ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, аудиовизуал асарлардан ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларидан, жумладан ижролар ва фонограммалардан фойдаланганлик ёхуд улардан фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун, саноат мулки объектига, товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), савдо маркасига, дизайн ёки моделга, режага, махфий формула ёки жараёнга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи патентдан (гувоҳномадан) ёхуд саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборотдан (ноу-хаудан) фойдаланганлик учун тўловлар ана шундай даромадлар деб эътироф этилади.

 

* * *

ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган операцияларда фойдаланиладиган материалларни сотиб олдик. Харид битта ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилган.

Уни рўйхатга олиш журналида ҚҚСнинг бутун суммасига рўйхатдан ўтказиш керакми?

 

– Аввало Келиб тушган ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш журналида эмас, балки Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида сўз бораётганлигини аниқлаштириб олиш лозим.

Чунончи, Олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрини юритиш тартибининг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова, бундан кейин – Реестрларни юритиш тартиби) 1-бандига кўра етказиб берувчилардан келиб тушган ҳисобварақ-фактуралар (ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар) олувчининг Келиб тушган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида уларнинг келиб тушишига қараб сақланади ва Олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида (бундан кейин – Сотиб олиш реестри) рўйхатдан ўтказилади. Бунда, Солиқ кодексининг 222-моддасига кўра:

ҚҚС тўловчиларигина Ҳисобварақ-фактуралар реестрини юритишлари шарт;

Сотиб олиш реестрига фақат ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар киритилади.

Сиз ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган операцияларни амалга ошираётганда олинган материаллар бўйича ҳисобварақ-фактурани Сотиб олиш реестрида (Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига 7-илова) рўйхатдан ўтказиб, бутун ҚҚС суммасини 7-устунда, ҳисобга киритилмайдиган ҚҚС суммасини эса тегишли 9, 11, 13, 15-устунларда акс эттиришингиз лозим.

 

* * *

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона бинони олди-сотди шартномаси бўйича реализация қилди. Бинони бериш қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилди. Тегишли ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш учун «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига топширилди.

ҚҚС тўлаш бўйича солиқ мажбуриятлари қачон вужудга келади: объект далолатнома бўйича топширилган санадами ёки унга доир ҳуқуқлар кадастрда рўйхатдан ўтказилгандан кейинми?

Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра кўчмас мулкка мулк ҳуқуқининг ўтиш пайти бўлиб давлат рўйхатидан ўтказиш санаси ҳисобланади, айни шу сабабли олди-сотди шартномаси бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти мулк ҳуқуқининг ўтиши рўйхатдан ўтказилган солиқ даврида вужудга келадими? Бундан ташқари, Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлари ушбу ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради.

 

– Солиқ кодексининг 203-моддасига кўра, агар товарларни жўнатиш амалга оширилмаса, товарга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига ўтказилган кун реализация қилиш обороти амалга оширилган сана ҳисобланади.

Сизнинг ҳолатда олди-сотди шартномаси объекти – бино юклаб жўнатилмайди ва ташилмайди. Бироқ унга бўлган мулк ҳуқуқини берасиз. Шу сабабли товарни бундай бериш уни реализация қилишга тенглаштирилади.

ФКнинг 84-моддасига мувофиқ кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, уларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Рўйхатдан ўтказиш Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан амалга оширилади. У юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кўчмас мулк объектлари ҳисобини юритиш ва белгиланган тартибда улар билан битимлар тузиш учун амалга оширилади.

Асосий воситалар сотилишида ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятлари кўчмас мулкни реализация қилиш бўйича оборотни амалга ошириш санасида, яъни ҳисобварақ-фактурани ёзиш ва объектни қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзолаш санасида белгиланади. ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятини белгилаш учун кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг қачон расмийлаштирилганлиги аҳамиятга эга эмас.

Солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).

 

* * *

Реклама агентлиги ҳар ойда юридик ва жисмоний шахсларга кўп миқдорда ҳисобварақ-фактураларни ёзади. Жисмоний шахслар доим ҳам ўзларига тегишли нусхаларни олиб кетавермайдилар.

Биз корхонада қоладиган нусхаларни қоғозга чиқармай, балки ҳисобга олиш журналига уларнинг электрон вариантини илова қилиш ҳуқуқига эгамизми?

– Бугунги кунда республикамизда ҳисобварақ-фактураларни фақат қоғоз шаклида юритиш назарда тутилган. Шунингдек, Реестрларни юритиш тартибининг 1 ва 2-бандларига кўра ҳисобварақ-фактуралар (ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар) Келиб тушган (қўйилган) ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида уларнинг келиб тушишига (қўйилишига) қараб сақланади. Шу сабабли барча ҳисобварақ-фактуралар, шу жумладан корхонангизга тегишли нусхалар қоғозга чиқарилиши, тўлдирилиши ва тегишли ҳисобга олиш журналларида сақланиши керак.

 

* * *

Шартнома шартлари бузилганлиги муносабати билан товарлар етказиб берувчисидан олинган жаримани ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага киритиш керакми?

– Солиқ кодексининг 198 ва 199-моддаларига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш обороти қўшилган қиймат солиғи солиш объекти бўлиб ҳисобланади. Жариманинг олиниши товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш оборотининг натижаси ҳисобланмайди. Шу сабабли жарима суммаси ҚҚС солиш объекти эмас.

Прочитано: 2374 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика