Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Солиқ тўловчига ёрдам

Солиқ текширувлари: эътироз билдиришни ўрганамиз

Маълумки, молия-хўжалик фаолиятининг тафтиши текширувчиларнинг солиқ текшируви далолатномасини тузиши билан якунланади, унда текширув давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир барча далиллар кўрсатилади. Унга асосланиб солиқ органи ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади. Агар ташкилот текширувчиларнинг даъво-эътирозларига қўшилмаса, у солиқ текшируви далолатномасига эътироз тақдим этиб, вазият юзасидан ўз позициясини ёзма равишда баён этиши мумкин.

Бизнинг бугунги қўлланмамиз солиқ текшируви далолатномасига эътирозни тўғри тузишда ёрдам беради.

 

АЛБАТТА ЭЪТИБОР БИЛАН ЎҚИБ ЧИҚИНГ

Солиқ кодексининг 85-моддасига кўра солиқ текшируви давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширишдир. У солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади.

Улар тугаганидан кейин текширувчилар – солиқ органларининг ходимлари солиқ текшируви далолатномасини тузадилар, унда ўзлари аниқлаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларини кўрсатадилар. Солиқ кодексининг 101-моддасига мувофиқ унинг бир нусхаси текширилган солиқ тўловчига топширилиши керак. Солиқ тўловчига қандай талаблар қўйилганлиги, қандай хатолар аниқланганлиги, қандай санкциялар қўлланиши мумкинлигини тушуниш учун далолатномани диққат билан ўрганишни тавсия қиламиз. Далолатномада келтирилган рақамлар, ҳужжатларга ҳаволалар ва саналарга алоҳида эътибор билан қаранг. Кўрсатилган реквизитларнинг аниқлигини текширинг. Унда ноаниқликлар ва хатолар бор-йўқлигини билиш учун матнни ўрганиб чиқинг. Далолатнома уни тузишга доир барча талабларга риоя этилган ҳолда расмийлаштирилиши кераклигини ҳам назарда тутинг.

Далолатнома билан танишиб ҳамда текширувда белгиланган ва далолатномада баён этилган далиллар нотўғри ёки улар асосида чиқарилган хулосалар ҳолатларга очиқдан-очиқ мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосага келган ёки унинг мазмунига қўшилмаган тақдирда солиқ тўловчи солиқ органига ўз эътирозларини ёзишга ҳақлидир.

Чунончи, текширувчилар далолатномада текширув натижаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бирор-бир ҳужжатни ҳисобга олмаган ёки уларнинг йўқлигини кўрсатган бўлсалар, хўжалик юритувчи субъект барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма эътироз юбориши мумкин.

Солиқ текшируви пайтида текширувчиларга ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш, асл нусхаларни эса фақат улар талаб қилганда кўрсатиш тавсия қилинади. Асл ҳужжатларни уларга ҳужжатларни олиб қўйиш баённомасига асосан вақтинча тақдим этиш ҳам мумкин. Мазкур таомил бирламчи манбаларни йўқотиб қўйиш ёки уларни қониқарсиз ҳолатда қайтариш хавфини камайтириш учун зарур. Баённомада ҳужжатларнинг реквизитлари ва ҳолатини кўрсатиш керак.

Қисқа хулоса. Солиқ тўловчилар ўзларининг оғзаки ёки ёзма тушунтиришларини нафақат далолатнома олингандан кейин, балки текширув давомида муайян масала бўйича ҳам тақдим этишга ҳақлилар.

 

ЭЪТИРОЗ БЕРИШНИ КЕЧИКТИРМАНГ

Эътирозни солиқ органига солиқ текшируви тугаган кундан эътиборан 10 иш куни ичида тақдим этиш керак (Солиқ кодексининг 102-моддаси бешинчи қисми). Уни беришнинг энг охирги муддатини белгилаш учун аввало текширув тугаган санани аниқлаш лозим.

Агар далолатнома тилхат билан олинган бўлса, «Олинган» устунида турган санага асосланиш керак. Шу сабабли солиқ текшируви далолатномасини, ҳатто сиздан буни илтимос қилишса ҳам, бундан олдинроқ сана билан имзолаш тавсия қилинмайди. Далолатномада у ҳақиқатда олинган кун, ой ва йилни кўрсатиш зарур, зеро эътироз бериш муддати ана шу санага боғлиқдир.

Агар далолатнома почта орқали солиқ органининг мансабдор шахси томонидан жўнатилган бўлса, далолатноманинг бир нусхаси почта орқали буюртма хат билан юборилган кун текширув тугалланган сана деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 101-моддаси). Амалиётда текширувчилар солиқ тўловчининг ҳуқуқларини бузиб, ички рўйхатдан ўтказиш учун далолатномаларнинг барча нусхаларини олиб қўйган ҳоллар ҳам юз берган. Бундай ҳолда текширувчиларнинг ҳаракатлари устидан шикоятни солиқ инспекцияси бошлиғи ёки юқори органга тақдим этиш тавсия қилинади.

Баъзан солиқ тўловчилар текширув далолатномасини имзолашдан бош тортиб, буни унда баён этилган хулосаларга қўшилмасликлари билан изоҳлайдилар. Бундай ҳолда у текширилган хўжалик юритувчи субъектга почта орқали буюртма хат билан юборилади. Шуни таъкидлаш лозимки, далолатнома солиқ органининг маълумотлар базасида мавжуд бўлган манзилга юборилади. Солиқ тўловчининг ҳақиқатда жойлашган жойи доим ҳам солиқ органининг маълумотлар базасида кўрсатилган жойлашган жойига мувофиқ келмаслиги сабабли, солиқ тўловчи уни олмаслиги мумкин. Ушбу ҳолда у далолатнома билан танишиш ва унинг юзасидан эътироз тақдим этиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ҳам солиқ органи қарорининг натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Қисқа хулоса. Шикоят беришнинг энг охирги муддатини аниқ белгилаш учун солиқ тўловчиларга, эътирозларининг бор-йўқлигидан қатъи назар, далолатноманинг 1 нусхасини ўз қўллари билан олишни тавсия қиламиз. Унда албатта далолатномани олиш санасини ўзи кўрсатиши керак, акс ҳолда ушбу ҳужжатнинг сарварағида қайд этилган сана, яъни уни тузиш санаси уни топшириш санаси деб ҳисобланади. Шуни ҳам билингки, солиқ тўловчининг далолатномадаги имзоси унинг солиқ текшируви натижаларидан рози эканлигини англатмайди (Солиқ кодексининг 101-моддаси).

 

ЭЪТИРОЗНИ ҚАЕРГА ЮБОРИШ КЕРАК

Эътироз бериш солиққа доир низони судгача ҳал этиш усулларидан бири ҳисобланади. Биринчидан, мазкур таомил хўжалик судига мурожаат қилишдан кўра анча оддий. Иккинчидан, хўжалик судининг солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ органи қароридан солиқ тўловчининг шикоятини кўриб чиқиши узоқ вақтга чўзилади. Учинчидан, низони судгача ҳал этишга уриниш – солиқ органи қарори устидан судга шикоят қилинган тақдирда сизнинг фойдангизга хизмат қилувчи муҳим асосдир.

Текширувларни Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари ёки туманлар давлат солиқ инспекцияларининг мансабдор шахслари ўтказишлари мумкин. Текширув тугаганидан кейин текширувчилар барча материалларни солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги солиқ органига топширадилар ва улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Улар кўриб чиқилганидан кейин бошлиқ ёки унинг ўринбосари томонидан қарор қабул қилинади. Шу сабабли текширув далолатномасига эътирозни, уни давлат солиқ хизматининг қандай органи текширганидан қатъи назар, албатта солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига тақдим этиш лозим.

Эътироз 2 нусхада тузилади. Улардан бири солиқ тўловчи асосий ҳисобга олинган жойдаги солиқ инспекциясига, яъни у рўйхатдан ўтказилган тумандаги ДСИга берилади. Топшириш у олинган санани қайд этувчи ҳар қандай усулда (шахсан келиб, почта орқали буюртма хат билан, my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки soliq.uz солиқ хизматининг расмий сайти орқали) амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг эътирозини қабул қилаётганда солиқ органи ходимлари иккинчи нусхасига уни қабул қилиш санаси ва кирувчи хат-хабарлар рақамини қўйишлари керак.

Шунингдек эътироз бераётганда назорат қилувчи органнинг уни ўз вақтида олмаслиги хавфи мавжудлигини ҳисобга олиш муҳим. Бу кўп ҳолларда солиқ тўловчи танлаган ҳужжатларни топшириш усулига боғлиқ. Хавфнинг олдини олиш учун эътирозни шахсан тақдим этиш тавсия қилинади. У бошқа усул билан берилганда ҳужжатни ўз вақтида беришга улгурмаслик эҳтимоли бор. Бу ҳол ишни солиқ органи солиқ тўловчининг асос-далилларини ҳисобга олмасдан кўриб чиқишига ва унинг эътирозлари қарор чиқарилганда ҳисобга олинмаслигига олиб келади.

Шуни эътиборга олиш муҳимки, текширув далолатномасида баён этилган далилларга, шунингдек текширувчиларнинг хулоса ва таклифларига рози бўлмаган тақдирда солиқ тўловчи тегишли солиқ органига умуман далолатнома ёки унинг алоҳида қоидалари бўйича ёзма тушунтиришлар ёки эътирозлар тақдим этишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 102-моддаси). Ушбу меъёрдан муҳим хулоса чиқариш мумкин: солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномаси бўйича ўз эътирозини тақдим этиш ҳуқуқига эга, бироқ бунга мажбур эмас. Уни тақдим этиш мажбурий таомил ҳисобланмайди, тақдим этмаслик эса кейинчалик чиқарилган қарор устидан суд ёки юқори солиқ органига шикоят қилиш имкониятига таъсир кўрсатмайди.

Бироқ, фикримизча, мазкур ҳуқуқнинг амалга оширилиши солиқ тўловчини текширувчиларнинг нотўғри ҳаракатларидан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Зеро ушбу ҳолда қарор унинг фикрини ва эътирозда баён этилган, солиқчилар қарор чиқаришда текширишлари керак бўлган асос-далилларни ҳисобга олган ҳолда чиқарилади.

 

ТАРТИБ БЎЙИЧА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ

Текширувчилар текширув материалларини белгиланган тартибга биноан солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги солиқ органида солиқ текшируви тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказишлари шарт (Солиқ кодексининг 101-моддаси).

Уларни солиқ органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари тафтиш тугаган кундан эътиборан 10 иш куни ичида (бироқ 15 иш кунидан кўп эмас) кўриб чиқади.

Солиқ текшируви материалларининг кўриб чиқилгани баённома билан расмийлаштирилади, уни материалларни кўриб чиққан мансабдор шахслар ва кўриб чиқишда иштирок этган бошқа шахслар имзолайдилар. Белгиланган муддатда солиқ текшируви далолатномаси бўйича эътироз тақдим этилганда материаллар мансабдор шахслар ёки солиқ тўловчининг ваколатли вакили ҳозирлигида кўрилади. Мазкур ҳолда солиқ органи уларни кўриб чиқиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқишдан камида 2 иш куни олдин хабардор қилиши керак. Агар солиқ тўловчи солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишга узрли сабабларга кўра кела олмаслиги тўғрисида солиқ органини хабардор қилган бўлса, у 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин. Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш санаси солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қарорига асосан кўчирилиши мумкин, бу ҳақда албатта солиқ тўловчи хабардор қилиниши керак. Агар солиқ тўловчи такрорий хабарномага қарамасдан солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишга келмаса, мазкур материаллар, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган тушунтиришлар ва эътирозлар унинг иштирокисиз кўриб чиқилади (Солиқ кодексининг 102-моддаси).

Солиқ тўловчи солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишнинг исталган босқичида солиқ органининг қарорига даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши ҳақида илтимоснома тақдим этишга ҳақлидир. Шунингдек у даъво аризалари ва илтимосномаларини Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларига бериши мумкин (Президентнинг 18.07.2012 йилдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4455-сон Фармони). Солиқ текшируви материаллари баённомаси кўриб чиқилаётганда, унда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва илтимосномалари кўрсатилади (Солиқ кодексининг 102-моддаси).

Солиқ органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилганидан кейин 5 иш кунидан кечиктирмасдан унинг натижалари бўйича қарор қабул қилади. Шундан кейин 2 иш кунидан ошмайдиган муддатда қарорнинг нусхаси солиқ тўловчи томонидан олинган санани тасдиқловчи исталган усул орқали солиқ тўловчига топширилади (Солиқ кодексининг 103-моддаси).

 

Солиқ текширувини ўтказиш муддати 30 календарь кунидан ошмаслиги керак. Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори билан узайтирилиши мумкин, бунда ушбу қоида микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари – кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин эмас.

Солиқ текшируви муддатларини узайтириш давлат солиқ хизмати органининг қўшимча буйруғи билан расмийлаштирилиб, унда олдинги буйруқнинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳамда санаси, текширув ўтказишга илгари жалб қилинган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати 1 иш кунидан ошмаслиги керак.

Қисқа муддатли текширув ўтказиш муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.

Солиқ кодекси, 89-модда.

 

ҲЕЧ ҚАНДАЙ ҚЎШИМЧА ТЕКШИРУВЛАРСИЗ 

– Солиқ органи асосий текширув материалларини кўриб чиқиш давомида қўшимча текширув тайинлаши мумкинми?

– Материалларини кўриб чиқиш давомида қўшимча текширувни тайинлаш мумкин эмас. Бироқ солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш чоғида йиғилган далиллар қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, солиқ органи қўшимча далилларни талаб қилиб олишга ҳақли. Мазкур таомилни солиқ тўловчининг эътирозида келтирилган аниқланган ҳуқуқбузарлик далиллари бўйичагина ўтказиш мумкин. У асосий солиқ текширувини такрорламаслиги керак.

Шунингдек солиқ органи текширув вақтида текширувчилар бирор-бир масалаларни ўтказиб юборган ёки кўриб чиқишга улгурмаган ҳолларда қўшимча чораларни кўриши мумкин эмас.

Бироқ шуни қайд этиш жоизки, қонун ҳужжатларида солиқ тўловчининг эътирозида келтирилган масалалар бўйича қўшимча чораларни тайинлаш ва ўтказиш тартиби тилга олинмаган. Ишбилармонлик муҳитини эркинлаштириш шароитида бу, шубҳасиз, солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган таомилни аниқ тартибга солиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатади.

 

ҚАРОР КУЧГА КИРГАНДА

Текширув материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор солиқ тўловчи унинг нусхасини тилхат билан ёки олиш санасидан гувоҳлик берувчи бошқа усул билан олганидан кейин кучга киради. Қарорнинг кўчирма нусхасини олган солиқ тўловчи 30 кун ичида қарорда кўрсатилган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиши ҳамда ҳисобланган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня суммасини тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 104-моддаси).

Бундан ташқари, қарор кучга киргандан кейин солиқ органи солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағида қўшимча ҳисобланган солиқлар, пеня ва жарималарни акс эттиради. Улар белгиланган муддатда тўланмаганда ижро этилмаган солиқ мажбурияти сифатида боқимонда ҳосил бўлади. Бундай ҳолда Солиқ кодексининг ­62–65-моддаларига мувофиқ солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеняни мажбурий ундириш чоралари кўрилади. Шунингдек назорат қилувчи орган солиқ тўловчига жарима қўллаш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

– Эътирозни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?

– Қонун ҳужжатларида эътирознинг намунавий шакли тасдиқланмаган. Шу сабабли у эркин шаклда тузилади ва ташкилот раҳбари ёки бунга белгиланган тартибда ваколат берилган бошқа шахс имзоси билан тасдиқланади.

Эътирозни расмийлаштираётганда солиқ тўловчининг барча реквизитларини, шунингдек у топширилиши мўлжалланган солиқ органи номини кўрсатиш лозим. Эътирозда тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун у солиқ текширувининг айни қандай далолатномасига тузилаётганлигини акс эттириб, унда далолатнома санаси, уни тузган текширувчининг Ф.И.Ш. ва лавозимини кўрсатиш зарур.

Кейин солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасининг қандай бандига қўшилмаслигини кўрсатиши керак, аниқ бўлиши учун ушбу ҳужжатдан кўчирма келтириш мумкин. Шундан кейин эса солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг меъёрларига асосланган ҳолда вазиятни батафсил баён этиш ва ўз нуқтаи назарини келтириш керак. Эътирозга солиқ тўловчининг позициясини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини илова қилишни тавсия этамиз, – уларсиз эътирозни тақдим этиш ўз маъносини йўқотади, чунки важлари асосланмаган бўлиб кўринади.

Қонун ҳужжатлари меъёрларига асосланишдан ташқари эътирозда солиқ органлари ва бошқа назорат қилувчи органларнинг солиқ тўловчининг фойдасига хулосалари қайд этилган хатларидан кўчирмалар келтириш мумкин. Солиқ тўловчи бирор-бир сабабларга кўра далолатномага эътирозда келтирмаган ҳужжатларни солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида тақдим этиши мумкин.

– Текширувчиларнинг таомилга оид қандай хатолари текширув натижаларини бекор қилишга олиб келиши мумкин?

– Солиқ органлари мансабдор шахслари томонидан Солиқ кодекси 14-бобининг қоидаларига риоя этмаслик юқори солиқ органи томонидан текширув якунлари бўйича қабул қилинган қарорнинг бекор қилиниши ёки унинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши учун асосга айланиши мумкин. Қуйидагиларни бундай ҳуқуқбузарликларга киритиш мумкин:

текширув ўтказишга буйруқни тақдим этмаслик ёки уни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик;

текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобини тўлдирмаслик;

текширув ўтказиш муддатларини бузиш;

солиқ органи томонидан текширилаётган давр муддати бўйича чекловларга риоя этмаслик;

солиқ органининг текширув тугагандан кейин далолатнома тузиш мажбуриятига риоя этмаслиги;

далолатномани солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли меъёрига ҳавола этган ҳолда солиққа оид ҳуқуқбузарликни (у мавжуд бўлганда) тавсифламасдан тузиш;

текширув натижалари бўйича далолатномани олишда солиқ тўловчининг ҳуқуқини бузиш;

солиқ органи томонидан эътирозни кўриш тартибига риоя этмаслик;

солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиби ва у ҳақда солиқ тўловчини хабардор қилиш муддатларини бузиш ва ҳоказо.

– Текширувчилар устидан қандай ҳолларда ва қай тарзда шикоят қилиш лозим?

– Текширувчиларнинг ёки текширувчи орган бошқа мансабдор шахсларининг ҳаракатлари устидан белгиланган тартибда судга, юқори назорат қилувчи ёки бошқа ваколатли органга шикоят қилиниши мумкин.

Солиқ кодексининг 31-моддасида белгиланишича, солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгалар.

Шикоят қилиш ва шикоятни кўриб чиқиш тартиби Солиқ кодексининг 123, 124, 125-моддаларида белгиланган.

Хусусан, агар солиқ органининг текширув бўйича қарори устидан судгача шикоят қилиш кутилган натижаларни бермаса, солиқ тўловчи судга даъво аризаси бериши мумкин. Бундан ташқари, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ёки уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек юқори назорат қилувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда шуни ҳисобга олиш муҳимки, юқори солиқ органи ёки судга шикоят бериш шикоят қилинаётган қарор ёки ҳаракат ижросини, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ундиришни, шунингдек молиявий санкциялар қўллашни, юқори орган унга доир қарор қабул қилгунга ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар, тўхтатади. Шикоят бергач, солиқ тўловчи бу ҳақда мансабдор шахсининг қарори ёки ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётган давлат солиқ хизмати органини хабардор қилиб, тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши шарт.

 

Бобур АРТУКМЕТОВ,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳининг солиқ амалиёти
бўйича мутахассиси.

 

 

P.S. Муаллиф мазкур масалани тадқиқ қилаётганда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганганига эътибор қаратиш лозим. Жавоб муаллифнинг материалда баён этилган вазиятни қандай тушунишидан келиб чиққан профессионал фикрини ифодалайди.

Ушбу материалда баён этилган фикр масалаларни қўшимча ўрганиш ва кейин муҳокама қилиш учун имконият беради. Ҳар қандай ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш олдидан, алоҳида ҳолларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш ва вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ мақбул даражада ҳал этиш учун профессионал расмий маслаҳат сўраб мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. 

 

 

Солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчига ёхуд унинг эгалигида, фойдаланишида ёки тасарруфида бўлган мол-мулкка ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўйилмайди.

Солиқ текширувини ўтказишда давлат солиқ хизмати органлари ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари орқали етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни давлат солиқ хизмати органлари томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши керак. Суд қарорига биноан зарарларнинг ўрнини қоплаш давлат солиқ хизмати органлари қайси мансабдор шахсларининг айби билан зарар етказилган бўлса, ўша мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.

Давлат солиқ хизмати органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлар содир этганлиги натижасида солиқ тўловчига етказилган зарар учун қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг қонуний ҳаракатлари орқали солиқ тўловчига етказилган зарарларнинг ўрни қопланмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Солиқ кодекси, 105-модда.

 

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари ва солиқ тўловчи солиқ текширувларининг иштирокчиларидир. Солиқ текширувларида солиқ тўловчининг вакили иштирок этиши мумкин.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солиқ текширувига солиқ текшируви натижасидан манфаатдор бўлмаган эксперт, таржимон ва холислар жалб этилиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текширувлари тадбиркорлик фаолияти субъектлари сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Солиқ кодекси, 87-модда.

 

 

Намуна

_________________________________________________

Солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги
солиқ органининг номи ва унинг жойлашган манзили

 

________________________________________________

Эътироз бераётган солиқ тўловчининг номи,
СТИР, унинг жойлашган жойи манзили

 

«___» ___________20__йилдаги

солиқ текшируви далолатномаси бўйича

ЭЪТИРОЗ

________________________________________________________________________________ томонидан

(солиқ органи номи)

_____________________________________________________________________________________ га нисбатан

(солиқ текшируви ўтказилган солиқ тўловчи номи)

мазкур давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан ______________________________________________

(текширув ўтказган давлат солиқ хизмати органи мансабдор

_____________________________________________________________________________________

шахсларининг Ф.И.Ш. ва гувоҳнома (шу жумладан текширув ўтказишга рухсат берилган гувоҳномаларнинг) маълумотлари кўрсатилади)

__________________________________________________________________ солиқ текшируви ўтказилган, унинг

                                                (режали, режадан ташқари)

натижалари бўйича ____ __________20__йилда солиқ текшируви далолатномаси тузилган.

Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасида баён этилган далилларга, шунингдек текширувчиларнинг хулосалари ва таклифларига қўшилмайди, шу муносабат билан ЎзР Солиқ кодекси 102-моддасининг 5-бандига асосан солиқ текшируви далолатномаси бўйича ўз эътирозини тақдим этади.

Солиқ текшируви далолатномасида баён этилган далиллар қуйидаги ҳолатларга мувофиқ келмайди: ___________ __________________________________________________________.

(солиқ текшируви далолатномасидан кўчирмалар келтирилади, уларни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ҳолда ҳолатлар баён қилинади)

Шу тариқа текширувчиларнинг хулосалари ____________________________________________________________

(солиқ тўловчининг фикрича текширувчиларнинг хулосалари мувофиқ

_______________________________________________________________________________ га мувофиқ келмайди.

келмайдиган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади)

Шунингдек текширувчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг солиқ текширувларини ўтказиш тартибига тааллуқли бўлган қуйидаги талаблари бузилган: ___________________________________________________.

                                                                                      (солиқ текширувини ўтказишда текширувчиларнинг

                                                                                                 ҳуқуқбузарликлари келтирилади)

ЎзР Солиқ кодексининг ___________ моддаларига кўра мазкур ҳуқуқбузарликлар текширувчиларнинг хулосаларини бекор қилишга олиб келади.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, ЎзР Солиқ кодексининг 102, 103-моддаларига мувофиқ, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларни сўрайман:

1) далолатноманинг юқорида келтирилган, солиқ тўловчи қўшилмаган бандларини қайта кўриб чиқиш;

2) далолатноманинг юқорида келтирилган, солиқ тўловчи қўшилмаган бандларини далолатномадан чиқариб ташлаш;

3) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишни рад этиш тўғрисида қарор чиқариш;

4) солиқни қўшимча ҳисобламаслик ва уни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня ёзмаслик;

5) текширув натижалари бўйича қарор чиқаришда текширувчиларнинг солиқ текширувларини ўтказиш тартибига тааллуқли бўлган юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларини ҳисобга олиш.

 

Иловалар:

1. Эътироз асосланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (уларнинг лозим тарзда тасдиқланган нусхалари).

2. Эътирозга ишончнома бўйича вакил имзо чеккан тақдирда вакилнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар.

 

Лавозим, Ф.И.Ш. _______________________ ____________________________________________

(имзо)

«_____» ______________ 20__ й.

                     (сана) 

 

«Baker Tilly Uzbekistan»

Прочитано: 4147 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика