Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Менда фикр бор

Солиқ маслаҳатчиси: ваколатлар кенг, имкониятлар тор

«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун – тараққиёт сари илдам қадам

Маълумки, Президентимиз И.Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг солиқ соҳасидаги ҳуқуқий онгини ошириш, уларни солиқ масалаларида ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун (21.09.2006 йилдаги ЎРҚ-55-сон, кейинги ўринларда – Қонун) қабул қилинди ва солиқ маслаҳатчилари институти жорий этилди.

Қонун солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланиб, унинг асосида солиқ маслаҳатига доир бошқа қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Қонунда солиқ маслаҳатининг тушунчаси, солиқ маслаҳатининг асосий принциплари, солиқ маслаҳати бўйича хизматлар мазмуни, шунингдек, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. Шу билан бирга, Қонун солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш натижасида мижозга – солиқ тўловчига етказилган зарар учун солиқ маслаҳати ташкилотларига қатъий жавобгарлик чораларини белгилайди.

Солиқ тўловчиларнинг солиқ маслаҳатига бўлган тўлиқ ишончини таъминлаш учун учинчи шахсларнинг солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг фаолиятига аралашиши, улардан профессионал хизматлар кўрсатиш вақтида олинган бирон-бир маълумотни талаб қилиши тақиқланди. Шунингдек, солиқ маслаҳатини амалга ошираётган шахслардан уларнинг мижозлари билан боғлиқ ҳужжатларнинг олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, бошқа консалтинг хизматларидан фарқли ўлароқ, солиқ маслаҳатчиси ва унинг ёрдамчиси ўз профессионал вазифаларини бажаришлари муносабати билан мижоз ҳақида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилинишлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан экспертлар ҳамда мутахассислар сифатида, шунингдек текширувларни амалга оширишга жалб этилиши мумкин эмас.

Албатта, солиқ маслаҳатчилари мақоми, ваколатлари ва масъулиятини бу даражада белгилаш ҳамда улар фаолиятининг қонун билан ҳимояланиши солиқ тўловчиларнинг уларга бўлган ишончини оширади, жамиятимизда солиқ соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга ва пировард натижада мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Солиқ маслаҳатчисининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда иштирокчиларнинг вакили сифатида давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш олиб боришига ҳуқуқ берилиши тадбиркорлик субъектини солиққа оид мунозараларда ҳуқуқий ҳимоя қилинишига замин яратди. Шунингдек, солиқ тўловчиларни солиқлар билан боғлиқ мунозаралардаги «бош оғриғи»дан халос қилиб, ҳар хил маъмуриятчиликларга чалғимасдан, ўз бизнесини ривожлантириши учун имкониятларни кенгайтиради.

 

Бахтли тасодиф

Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, солиқ маслаҳатчиси сифатида ишлаш жараёнида Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этишда бир қатор ечимини кутаётган долзарб масалалар мавжудлиги аён бўлмоқда. Хусусан, солиқ маслаҳатчиси мижозни судда ҳимоя қила оладими деган саволга қонун ҳужжатларида турлича, бир-бирига мос бўлмаган жавоблар мавжуд.

 

Қонуннинг тасдиқланишидаги муҳим жиҳатлардан бири унда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ушбу Қонунга мувофиқлаштирилиши, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишлари лозимлиги белгиланганидадир. Аммо бу вазифа, Қонун кучга кирганига сал кам ўн йил бўлибдики, тўлиқ бажарилмасдан қолмоқда. Яъни бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилмасдан – Қонунга мувофиқлаштирилмасдан қолмоқда. Бу ҳол солиқ маслаҳатчилари фаолияти янада оммавий тарзда ривожланишига, солиқ тўловчиларнинг солиққа оид масалаларда ҳуқуқий ҳимоя қилинишига тўсиқ бўлиб қолмоқда десак муболаға бўлмайди.

 

Бу борада ечимини кутаётган долзарб масалалардан бири суд ишларини юритишни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларида солиқ маслаҳатчисининг солиқ тўловчи номидан судда солиқ солиш масалалари бўйича вакиллик қилиши фақат хўжалик судлари билан чекланганлигидир.

Гап шундаки, Қонун солиқ маслаҳатчилари ваколатларини кенг талқин қилади. Унинг 5-моддасида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар, хусусан, судда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни ўз ичига олиши назарда тутилган. Айни пайтда амалиётда бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, солиқ маслаҳатчиси фақатгина хўжалик судларида солиқ тўловчининг солиқ солиш масалалари бўйича вакили сифатида қатнашиб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Ваҳоланки, солиқ тўловчининг ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ низолар нафақат хўжалик судларида, балки фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларда ҳам кўриб чиқилади. Солиқ маслаҳатчиси айнан шу – фуқаролик ёки жиноят ишлари бўйича судларда солиққа оид масалалар бўйича, аниқроқ айтадиган бўлсак, айнан солиқ текширувлари натижалари бўйича юзага келган ҳуқуқий масалалар юзасидан солиқ тўловчини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмас.

 

Амалиётда кўпчилик ҳолларда солиққа оид ҳуқуқий масалалар жисмоний шахслар билан боғлиқ бўлса, фуқаролик судларида; жиноий иш доирасида амалга оширилган солиқ текшируви бўйича бўлса, масала жиноят ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади. Аммо, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларда солиқ маслаҳатчиси солиқ тўловчини ҳимоя қила олмайди ва фақатгина кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин холос.

Бу ҳолни, фикримизча, эндигина ривожланаётган, ҳали кенг оммалашиб улгурмаган солиқ маслаҳатчиларининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган, солиқ тўловчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга тўсқинлик қилаётган жиддий омил деб баҳолаш лозим.

Солиқ маслаҳатчиси бахтли тасодиф туфайлигина хўжалик судларида солиқ тўловчининг вакили сифатида қатнашиб, ҳуқуқий ҳимоя қилиб келмоқда. Чунки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ва Жиноят-процессуал кодексларидан фарқли ўлароқ, Хўжалик процессуал кодексининг 50-моддасига кўра хўжалик судида иш юритиш учун тегишли тарзда расмийлаштирилган ваколатга эга бўлган ҳар қандай фуқаро (муаллиф таъкиди) вакил бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 52-моддасида эса адвокатлар ва фуқаронинг қариндошларигина вакил бўла олишлари мумкинлиги белгиланган. Фуқаролик судларида иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Худди шунга ўхшаб, Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасида ҳам ишда ҳимоячилар сифатида иштирок этиш учун фақат адвокатлар кўзда тутилган. Солиқ маслаҳатчиларининг эса жиноят ишида гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг қонуний вакилларидан бири сифатида адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишига суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суд ажримига биноан йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

 

Жиноят кодексининг 184-«Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» ва 189-«Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш» моддалари солиққа оид муносабатлар билан боғлиқ бўлиб, ушбу моддалар бўйича жиноят ишига тақдим этиладиган асосий ҳужжат бўлиб солиқ текшируви далолатномаси ҳисобланади. Шундай экан, солиқ қонунчилиги бўйича малакали мутахассис бўлмиш солиқ маслаҳатчисининг тергов ёки судда солиқ тўловчининг ҳимоячиси сифатида иштирок эта олмаслигига ҳеч қандай мантиқий асос йўқ деб ҳисоблаймиз.

Чунончи, гумонланувчи ёки айбланувчининг жабрланувчига тан жароҳати етказган-етказмаганлиги ёки тан жароҳати етказганлиги сабабларини аниқлаш бўйича ҳуқуқий масалалар солиқ маслаҳатчисининг иштирокисиз ҳал этилиши мумкинлигини тўғри тушуниш мумкин. Лекин, гумонланувчи ёки айбланувчининг солиқ тўлаган-тўламаганлиги, солиқ солинадиган даромадни яширган-яширмаганлиги билан боғлиқ саволларга ҳаққоний жавоб топишга солиқ маслаҳатчисини аралаштирмасликка мантиқий асос йўқ кўринади.

 

қайси ҳужжатнинг юридик кучи  юқорироқ?

Қонун ҳужжатларида, хусусан Жиноят-процессуал кодекси 49-моддасининг учинчи хатбошисида судланувчининг (бизнинг ҳолатда – солиқ тўловчининг) илтимосномаси бўйича солиқ тўловчини ҳимоя қилишга суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суд ажримига биноан бошқа қонуний вакиллар йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Аммо солиқ тўловчи «бошқа қонуний вакил» тимсолида солиқ маслаҳатчисини кўрмоқчи бўлса-ю, унинг бу борадаги илтимосномасини суриштирувчи, терговчи ёки суд рад этса (амалиётда аксарият ҳолларда бундай илтимосномалар рад этиляпти ҳам!), солиқ маслаҳатчисининг солиқ тўловчини ҳимоя қилиш бўйича Қонун билан белгиланган ваколатлари «қоғозда қолиб» кетади.

Қонуннинг яна ўша 5-моддасида судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилиш солиқ маслаҳати бўйича хизмати ҳисобланиши белгиланган.

 

Бундан ташқари, Қонуннинг 11-моддасига асосан солиқ маслаҳатчиси солиқ тўловчининг вакили сифатида давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш олиб бориш ҳуқуқига эга.

Маълумки, солиқ органи – назорат қилувчи, прокуратура органи эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, Қонунда солиқ маслаҳатчисининг хўжалик судида ёки жиноят судида иштирок этиши алоҳида ажратилмасдан, «Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар...судда... солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни ўз ичига олади» деб белгиланиб, умумий формулировка келтирилган.

Бундан келиб чиқадики, Қонун билан солиқ маслаҳатчисига давлат солиқ хизмати органларида, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида солиқ тўловчининг вакили сифатида қатнашишга ва судларда (хўжалик, фуқаролик ва жиноят судларида) унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб қатнашишга ҳақли. Бу нормага амалда сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш мақсадида Қонуннинг 25-моддасига асосан ҳукумат қарорлари ушбу Қонунга мувофиқлаштирилиши, давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, ўзгартиришлар киритилиши муҳимдир.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг (14.12.2000 йилдаги 160-II-сон) 16-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Кодекслар эса Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан тасдиқланади.

Шунингдек, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.

 

Шундай экан, Қонун 21.09.2006 йилда тасдиқланганини инобатга оладиган бўлсак, унинг нормалари ўзидан олдинги бошқа қонунлар билан тафовутга келгудек бўлса, мазкур Қонун юқори юридик кучга эга бўлади.

Масалан, Қонун 22.09.1994 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва 30.08.1997 йилда тасдиқланган Фуқаролик процессуал кодексига нисбатан ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Шунинг учун солиқ тўловчиларни ҳар жабҳада ҳуқуқий химоя қилишни тўла қамраб олиш мақсадида ушбу кодексларнинг тегишли моддаларига ўзгартиришлар киритиш лозим.

 

Ипсиз боғловчи стандартлар

Мамлакатимизда солиқ маслаҳатчиларининг фаолиятини норматив тартибга солишнинг элементлари сифатида Молия вазирлиги томонидан қонуности ҳужжатлар – Солиқ маслаҳати миллий стандартлари (СММС) тасдиқланган. Ушбу қонуности ҳужжатларида ҳам Қонун билан солиқ маслаҳатчиларига берилган кенг ваколатларни амалда рўёбга чиқариш имкониятлари чеклаб қўйилган.

Хусусан, бундай чеклов «Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби» деб номланган 3-сон СММСнинг номланишидаёқ кўзга ташланади.

Солиқ кодексининг 85-моддасига кўра давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текшириш солиқ текшируви ҳисобланади.

Яъни Солиқ кодексига кўра прокуратура органлари томонидан ташкиллаштириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текшириш солиқ текшируви ҳисобланади.

Прокуратура органлари томонидан ташкиллаштириладиган солиқ текширувида ҳам текширувни давлат солиқ хизмати органлари ёки СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари томонидан амалга оширилади.

Аммо 3-сон СММСда солиқ маслаҳатчиси фақатгина давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган солиқ текширувларида хизматлар кўрсатиши мумкинлиги белгиланган. Шу ўринда прокуратура органлари томонидан Солиқ кодексига асосан ташкиллаштириладиган солиқ текширувида солиқ маслаҳатчиси солиқ тўловчини ҳуқуқий ҳимоя қилиши мумкин эмасми, деган жавобсиз савол туғилади.

Бундан ташқари, 3 ва 4-СММСларда мазкур стандартлар бир марталик (бирйўла) хизматни кўрсатиш шартномалари бўйича солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматларга татбиқ этилмаслиги белгиланган (3-сон СММСнинг 3-банди, 4-сон СММСнинг 2-банди). Бу эса солиқ тўловчи текширув пайтида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда солиқ маслаҳатчиси ёрдамига эҳтиёж сезса, бир марталик шартнома асосида хизмат кўрсатилаётганлиги сабабли солиқ маслаҳатчиси унга ёрдам бера олмайди деган маънони келтириб чиқаради.

 

Республикамизда солиқ маслаҳати институти ҳали у қадар ривожланиб кетмаганки, ҳар бир солиқ тўловчи текширувга қадар, олдиндан доимий равишда солиқ маслаҳатчиси хизматидан фойдаланиб келаётган бўлса.

Агар юқоридаги 3-бандни тўғри тушунган бўлсак, деярли ҳеч қайси солиқ маслаҳатчиси 3-сон СММСга асосан солиқ тўловчига текширув пайтида ёрдам бера олмайди. Агар ушбу банд бошқа мақсадни кўзлаб ёзилган бўлса, уни қайта таҳрир қилиб, кўзда тутилган мақсадга мувофиқлаштиришни таклиф қилган бўлардик. Чунки СММСларнинг мазкур талабидан ҳеч бир солиқ маслаҳатчиси олдиндан доимий шартномаси бўлмаса солиқ тўловчига текширув пайтида ёрдам бера олмаслиги қоидаси келиб чиқади.

Худди шунингдек, «Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш» 4-сон СММСнинг 2-банди иккинчи қисмида ҳам солиқ маслаҳатчиларининг жиноий ишни кўриб чиқиш вақтида айнан солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда тадбиркорнинг манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишига йўл берилмаган.

Шу ўринда жиноий ишни кўриб чиқиш вақтида солиқ тўловчининг айнан солиққа оид муаммоларини судгача бўлган жараёнларда солиқ маслаҳатчиси ҳимоя қилиши мумкин эмасми, деган яна жавобсиз савол туғилади.

Демак, Қонуннинг 5-моддасида белгиланган солиқ маслаҳатчисининг судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни назарда тутувчи меъёрга амалда қатъий риоя қилинишини таъминлаш мақсадида юқорида кўрсатилган қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларни «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштириш лозим.

 

Зеро, солиқ солишга доир ҳуқуқий муносабатлар бобида давлат назорат органлари билан солиқ маслаҳатчиларининг фаолиятидан кўзланган мақсад битта – pеспубликамизда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари тўғри бажарилишини таъминлаш.


Мурод МУҲАММАДЖОНОВ,
«Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари
ташкилоти солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 2408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика