Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Бевосита мулоқот

Даромадлар тўғрисидаги декларация бўйича ЖШДС тўлаш муддати тугамоқда

Сиз ўз вақтида – 1 апрелгача солиқ инспекциясига жами йиллик даромадингиз тўғрисида декларация топширишга улгурдингиз. Бунда солиқ инспекциясидан тўлов хабарномасини олиб, бюджетга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) қўшимча тўлашингиз кераклигини билдингиз. Буни қандай муддатларда қилиш керак? Солиқни қисмларга бўлиб тўлаш мумкинми ёки бир йўла тўлаш керакми?

 

ДАРОМАД СОЛИҒИНИ ТЎЛАЙМИЗ

Декларация – солиқ тўловчи жисмоний шахс олган йиллик даромадлар ва улардан ушланган ЖШДС суммалари тўғрисида доимий яшаш (прописка қилинган) жойидаги солиқ инспекциясига тақдим этиладиган ҳужжат эканлигини эслатиб ўтамиз.

Солиқ кодексининг 34-бобида қандай даромадларга декларация асосида солиқ солиниши, уни тақдим этишнинг тартиби қандайлиги, кимлар декларация тақдим этишга мажбурлиги, кимлар буни ихтиёрий равишда қилиши мумкинлиги, шунингдек унга кўра даромад солиғи тўлаш тартиби белгиланади.

 

ҚАЧОН ТЎЛАЙМИЗ

Аввало солиқ тўлашнинг энг охирги муддатини аниқлаймиз: у Солиқ кодексининг 193-моддаси билан – ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмасдан деб белгиланган. Масалан, сиз солиқни 2014 йил учун декларация бўйича тўлашингиз шарт. Буни 2015 йил 1 июнгача (1 июнь ҳам киради) қилишингиз керак. Яъни декларациянинг ўзини топширгандан кейин сизда унга доир тегишли солиқни қўшимча тўлаш учун камида 2 ой бўлади.

Бироқ солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг баъзи тоифалари ЖШДСни декларация асосида «алоҳида тарзда» тўлайдилар.

Биринчидан, улар – агар ушбу даромадга тўлов манбаида даромад солиғи солинмаган бўлса, мол-мулкни ижарага беришдан даромад оладиган жисмоний шахслар. Бундай вазият, мисол учун, агар ижарачи ҳам жисмоний шахс ҳисобланса, вужудга келиши мумкин. Ушбу ҳолда солиқ иккита декларация асосида босқичма-босқич тўланади: дастлабки декларация асосида – йил мобайнида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача ва якуний декларация асосида – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай – ҳақиқатда олинган даромаддан ҳисобланган ЖШДС билан йил мобайнида тўланган даромад солиғи суммалари ўртасидаги фарқ қўшимча тўланади (ёки қайтарилади).

Иккинчидан, улар – ўз фаолиятини тугатаётган, даромадлари календарь йил мобайнида декларацияланиши керак бўлган ва Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаётган чет эллик жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари. Ушбу ҳолда улар учун декларация тақдим этиш ва солиқ тўлаш муддатлари бошқача бўлади. Чиқиб кетишдан 1 ой аввал улар декларация топширишлари ва у берилган пайтдан бошлаб 15 кун мобайнида солиқ тўлашлари керак.

 

ҚАНДАЙ ТЎЛАЙМИЗ

Шуни қайд этиш муҳимки, Солиқ кодексида декларация бўйича қўшимча ҳисобланган ЖШДСнинг бутун суммасини бир вақтда тўлаш талаб қилинмайди. Бинобарин, уни қисмларга бўлиб ҳам тўлаш мумкин, бироқ бутун сумма 1 июндан кечиктирмай тўланиши шартига риоя этиш лозим.

Солиқни бюджетга банкдаги ўз ҳисобварағидан пул ўтказиш, пластик карточка воситасида, шунингдек солиқ инспекцияси кўрсатган ҳисобрақамга банк кассасига нақд пул маблағларини киритиш йўли билан тўлаш мумкин. Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахслар солиқни бошқа давлатда жойлашган банк ҳисобрақамидан хорижий валютада ҳам тўлашлари мумкин. Ушбу ҳолда миллий валютадаги ЖШДС суммаси тўлаш кунидаги МБ курси бўйича чет эл валютасида қайта ҳисобланади.

Қуйидагилар ЖШДС тўлаш санаси деб ҳисобланади:

банкдаги ҳисобрақамдан ёки пластик карточкада тўлашда – маблағлар банк ёки карточка ҳисобрақамидан ҳисобдан чиқарилган кун;

нақд пул маблағлари киритилганда – маблағлар банк кассасига киритилган сана.

 

ОРТИҚЧА ТЎЛОВНИ ҚАЙТАРИШ МУМКИНМИ?

Декларация маълумотлари бўйича ЖШДСнинг умумий суммаси ҳисоб-китоб қилинганда ҳақиқатда тўланган солиқ суммаси ҳисоблаб ёзилганидан кўп бўлиб чиқадиган вазият вужудга келиши мумкин, яъни солиқ бўйича ортиқча тўлов ҳосил бўлади. Бироқ сизда бошқа солиқлар (мол-мулк ёки ер солиғи) бўйича ёки бирор-бир солиққа оид жарималар ва пенялар бўйича қарз мавжуд бўлса, ортиқча тўланган солиқ суммаси биринчи навбатда бундай қарзни тўлашга сарфланади. Шунингдек сиз ортиқча тўланган суммани ЖШДС бўйича ҳам, бошқа солиқлар бўйича ҳам бўлғуси тўловлар ҳисобига инобатга олишингиз мумкин. Ортиқча тўланган солиқ суммасини қандай тартибда ҳисобга олиш Солиқ кодексининг 56-моддасида белгиланган.

Солиққа оид мавжуд барча қарзлар сўндирилган, ҳисобга ўтказишлар амалга оширилгандан кейин ортиқча тўланган солиқнинг қолган суммаси қайтарилиши керак. Солиқ кодексининг 57-моддасига кўра, қолган сумма сизнинг банкдаги ҳисобварағингизга пул маблағларини ўтказиш орқалигина қайтарилиши мумкин. Қайтариш ёзма аризангиз асосида, қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида амалга оширилади. Бироқ ортиқча тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши ёки қайтарилишини солиқ даври тугагандан кейин фақат 5 йил мобайнида талаб қила олишингизни унутманг.

 

МУДДАТНИ ЎТКАЗИБ ЮБОРГАН БЎЛСАНГИЗ

Қўшимча тўланадиган ЖШДС суммасини 1 июнгача тўламаган солиқ тўловчини нималар кутади? Ушбу саволга жавоблар Солиқ кодексининг 112 ва 120-моддаларида берилган:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар, яъни жарима ва пенялар қўлланади, бунда жарима фақат суд тартибида қўлланиши мумкин;

пеня белгиланган тўлаш муддатидан кейин (яъни 2 июндан бошлаб) тўлаш кунигача (тўлаш куни ҳам киради) муддати ўтказилган ҳар бир кун учун қарз суммасининг 0,033%и миқдорида ҳисобланади. Бироқ пеня ҳисоблашда баъзи бир ҳолатлар ҳам инобатга олинади: бошқа солиқлар бўйича мавжуд ортиқча тўловга тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди, пеня миқдори эса солиқ бўйича қарз суммасининг ўзидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Шуни ҳисобга олиш муҳимки, ҳатто пенянинг ҳисобланиши ва тўланиши ҳам солиқ тўловчини солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 3593 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика