Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Солиқ солиш

Тошкентдан чиқмасдан хорижда ишлаш

2014 йилнинг биринчи ярмида (январь–июнь ойларида) ходим Ўзбекистонда жойлашган компанияда ишлади. Бу ерда ундан ҳар ойда Ўзбекистонда белгиланган ставкаларда ЖШДС ушланган ва ЎзР бюджетига ўтказилган.

Йилнинг иккинчи ярмида (июль–декабрь ойларида) ўша ходим фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича Россияда жойлашган компанияда олисдан туриб ишлади. Бунда у Ўзбекистонда яшаган, ишга доир масалаларни Интернет орқали ҳал қилган. Россиялик иш берувчи ҳар ойда ЖШДСни Россияда белгиланган ставкада (13%) ушлаган ва уни РФ бюджетига ўтказган.

2014 йилда у, асосий иш жойи бўйича иш ҳақидан ташқари, бошқа ҳеч қандай даромадларни олмаган.

Агар ходим вақтнинг бир қисмида бу ерда, қолган қисмида эса олисдан туриб Россияда (жисмонан Ўзбекистонда бўлган ҳолда) ишлаган бўлса, солиқни Ўзбекистонда қандай қилиб тўғри ҳисоблаш керак?

Агар Россияда ЖШДС Россия ставкалари бўйича тўланган бўлса, хорижий компанияда ишланган вақт учун Ўзбекистонда ЖШДС ҳисобланиши керакми?

А.Зубарев,

компаниянинг етакчи дастурчиси.

 

– Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш ва ушлаш тартиби Солиқ кодексининг 6-бўлимида акс эттирилган.

Тўлов манбаида ЖШДС солинадиган даромадларга, Солиқ кодексининг 172-моддасига мувофиқ меҳнат ҳақи ҳам киради. ЖШДСни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти даромадларни тўлайдиган юридик шахслар зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси).

Солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 179 ва 180-моддаларида кўрсатилган солиқ солишдан озод қилинган даромадлар чегирилган ҳолда аниқланади. Жами даромаднинг таркиби Солиқ кодексининг 171-моддасида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 189-моддаси), уни доимий яшаш жойидаги ДСИга ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиш лозим (Солиқ кодексининг 192-моддаси). Яъни 2014 йил учун декларацияни 2015 йил 1 апрелгача топшириш керак эди.

Декларация маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлаш керак.

Чет эл валютасида даромад олган жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари ЖШДСни хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлашлари мумкин. Бунда унинг сўмда ҳисоблаб чиқарилган суммаси ЖШДС тўланган санада Ўзбекистон Марказий банки белгилаган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади (Солиқ кодексининг 193-моддаси). Жисмоний шахснинг чет эл валютасида ифодаланган даромадлари эса улар амалда олинган санада амал қилган курс бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади (Солиқ кодексининг 170-моддаси).

Резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тўланган солиқ Солиқ кодексининг 196-моддасига асосан ЎзРнинг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳисобга олинади. Унинг суммасини ҳисобга олиш учун чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Ўзбекистондан ташқарида тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асос бўлади.

Хуллас, ходимнинг даромадларига тўлов манбаида ЖШДС солинади, ­яъни корхона уни ҳисоблайди ва ўз ходими учун тўлайди.

Сизнинг ёзишингизча, ходим йилнинг иккинчи ярмида фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича Россияда жойлашган компанияда ишлаган. Бироқ у ЎзРдаги асосий иш жойида ишлашда давом этганлиги (қайд этилганлиги) ёки давом этмаганлигини ойдинлаштирмагансиз. Агар давом эттирган бўлса, корхона унинг меҳнатига ҳақ тўлаши шарт – Меҳнат кодексининг (МК) талаби шундай.

МКнинг 16-моддаси билан белгиланган ходимнинг меҳнатга оид асосий ҳуқуқлари жумласига Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг1 биринчи разряди бўйича қонун ҳужжатларида белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ўз меҳнати учун ҳақ олиш ҳуқуқи ҳам киради. 2014 йил 15 декабрдан у: 118 400 х 2,476 = 293 158,4 сўмни ташкил қилади.

МКнинг 154-моддасига кўра иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ муддатларда тўлаши шарт. Меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида ўрнатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас. Бундан иш берувчи корхонада ишлар ҳажмларининг бор-йўқлигидан қатъи назар, ходимга лоақал меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини тўлаши шартлиги келиб чиқади. Модомики, иш ҳақи ҳисобланган экан, тегишинча, ундан солиқ ва бадаллар (ЖШДС, ШЖБПҲ, суғурта бадаллари, ЯИТ) ҳисобланиши ва тўланиши керак.

Ходимингиз 2014 йилда ЎзРдан ташқаридаги манбалардан иш ҳақи олганлиги боис унда 2014 йил учун ўз даромадларини декларациялаш мажбурияти вужудга келади (Солиқ кодексининг 189-моддаси). Декларацияда Ўзбекистондаги ва ундан ташқаридаги манбалардан олинган жами даромадни белгилаш лозим. Тўланган даромадлар ҳамда улардан ушланган солиқлар ва бошқа мажбурий ажратмалар тўғрисида иккала иш жойидан маълумотномалар улар олинганлигининг тасдиғи бўлади.

Ўзбекистондан ташқарида тўланган ЖШДСни ҳисобга олиш учун чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси ёки ЖШДС мамлакатимиздан ташқарида тўланганлиги далилини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни яшаш жойидаги ДСИга тақдим этиш лозим.

Шуни эътиборда тутиш лозимки, агар хорижда олинган даромадлар улар олувчисининг ЎзРдаги валюта ҳисобварағига келиб тушса, хизмат кўрсатувчи банк буни ДСИга маълум қилади. Ушбу меъёр Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомда2 белгиланган. Унга кўра ваколатли банкларнинг филиаллари мижозлар томонидан амалга оширилган, шу жумладан чет элдан жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси резидентининг ҳисобварағига хорижий юридик шахсдан пул маблағларининг келиб тушиши аломатига эга бўлган валюта операциялари тўғрисидаги ахборотни хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига, шунингдек бош ваколатли банкка тақдим этади.

Агар солиқ тўловчи Ўзбекистондан ташқарида олинган даромадлар тўғрисида декларацияни тақдим этмаган бўлса, солиқ инспекцияси ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида ЖШДСни энг юқори ставка бўйича ҳисоблашга ва солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома топширишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 192-моддаси).

 

 

1ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарори билан тасдиқланган.

2ДСҚ, ДБҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 12.06.2013 йилда 2467-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Дарина АБУХОВИЧ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2182 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика