Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 20 / Амалий бухгалтерия

Номоддий активларга харажатлар – нимани капиталлаштириш мумкин?

Кейинги вақтда Ўзбекистонда патентлар, муаллифлик ҳуқуқлари, фойдаланиш ҳуқуқлари ва бошқа номоддий активларни баҳолашга қизиқиш кучайиб бормоқда. Ҳатто корхоналарга интеллектуал мулкни капиталлаштириш хизматларини таклиф этаётган компаниялар пайдо бўлди. Бунда жаҳон брендларини (Coca-Cola, Apple ва бошқалар) мисол қилиб кўрсатиб, ушбу компаниялар уларнинг баҳолаш қийматини ушбу брендларга эгалик қиладиган корхоналарнинг моддий активлари қиймати билан таққослаяптилар.

Корхонанинг харажатларини фойда ва активларга «айлантириш» бўйича бундай таклифлар бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларида қанчалик асослантирилганлигини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

 

Номоддий активлар бухгалтерия ҳисобини юритиш масалалари 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»1, 11-сон БҲМС «Илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга харажатлар»2 билан, халқаро амалиётда эса – 38-сон МҲХС «Номоддий активлар» билан тартибга солинади. Хусусан, 7-сон БҲМСнинг 10-бандида объектлар ушбу Стандартда кўрсатилган шартлар бажарилганда номоддий активларга киритилиши мумкинлигига оид мисоллар келтирилади. Уларга қуйидагилар киритилиши мумкин:

а) патент эгасининг ихтиро, саноат намунаси ва фойдали моделга бўлган мутлақ ҳуқуқи;

б) муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базаларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

в) муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг интеграл микросхемаларнинг топологияларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

г) ҳуқуқ эгасининг товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқи, шунингдек товар ишлаб чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи;

д) патент эгасининг селекция ютуқларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

е) гудвилл;

ж) табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи, яъни ер ости бойликлари, атроф муҳитдаги бошқа ресурслар, атроф муҳит тўғрисидаги геологик ва бошқа маълумотлар ва шу кабилардан фойдаланиш ҳуқуқи;

з) ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи;

и) бошқа номоддий активлар (маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш, иқтисодий ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва шу кабилар).

 

Корхонанинг ўзи яратган номоддий активлар қийматига қандай харажатларни (масалан, саноат намунасига патент харажатлари) киритиш мумкин?

7-сон БҲМСнинг 15-бандида кўрсатилишича, корхонанинг ўзи томонидан яратилган (ишлаб чиқилган) номоддий активларнинг бошланғич қиймати илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга ҳақиқий харажатлар суммаси сифатида аниқланади. Уларнинг таркиби 11-сон БҲМСга мувофиқ белгиланади. Номоддий активларни ишлаб чиқиш учун олинган кредитлар бўйича фоизлар уларнинг бошланғич қийматига киритилади.

Илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (ИТТКИ) таърифлари 11-сон БҲМСнинг 7–10-бандларида келтирилган. Уларга бўлган харажатларга илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган ёки асосли равишда фаолиятнинг бу турларига киритилиши мумкин бўлган барча харажатлар киритилади (11-сон БҲМСнинг 11-банди). Улар сирасига, 11-сон БҲМСнинг 12-бандига кўра, қуйидаги харажатлар киритилади:

ИТТКИ билан банд бўлган ходимларга иш ҳақи тўлаш ва бошқа тўловлар бўйича харажатлар;

ИТТКИ чоғида фойдаланиладиган материаллар ва хизматлар қиймати;

ИТТКИда мазкур активлардан фойдаланиш чоғида асосий воситаларнинг эскириши;

ИТТКИ билан бевосита боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар;

ИТТКИда мазкур активлардан қандай фойдаланилса, шу даражадаги патентлар ва лицензиялар амортизацияси ва бошқа шу сингари харажатлар.

Реализация харажатлари илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари харажатларига киритилмайди (11-сон БҲМСнинг 13-банди).

Шу тариқа, корхона ­ИТТКИ таркибига, мисол учун, директорнинг иш ҳақи ҳамда ишлаб чиқишлар билан бевосита боғланмаган бошқа маъмурий ва умумхўжалик харажатларини кирита олмайди.

Сўнгра, 11-сон БҲМСда кўрсатилишича, илмий тадқиқот ишлаб чиқишларига харажатлар шу харажатлар қилинган ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олинади ва кейинги даврда актив деб тан олинмаслиги лозим (11-сон БҲМСнинг 14-банди). Тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларига харажатлар эса, агар улар активни тан олиш мезонларини қаноатлантирмаса, шу харажатлар қилинган ҳисобот давридаги харажатлар сифатида тан олинади (11-сон БҲМСнинг 15-банди).

 

Тажриба-конструкторлик ишланмалари (ТКИ)га харажатларни эътироф этиш мезонлари қандай? Улар қуйидаги мезонларга жавоб берган тақдирдагина актив сифатида тан олинади (11-сон БҲМСнинг 16-банди):

маҳсулот ёки жараён аниқ белгиланган, уларга тегишли харажатлар эса алоҳида аниқланиши ва ишончли тарзда ўлчаниши мумкин;

маҳсулот ёки жараённи техникавий жиҳатдан амалга ошириш мумкинлигини намойиш қилиш мумкин бўлади;

хўжалик юритувчи субъект маҳсулот ёки технологияни ишлаб чиқариш, сотиш ёки ундан фойдаланишни мўлжаллайди;

маҳсулот ёки технология учун бозорнинг мавжудлиги, ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган тақдирда унинг субъектга фойда келтириши намойиш қилиниши мумкин бўлади;

лойиҳани ниҳоясига етказиш ва бозорга чиқариш ёки маҳсулотни (технологияни) қўллаш учун етарли ресурсларнинг ёки уларни намойиш қилиш имкониятининг мавжудлиги.

11-сон БҲМСнинг 17-бандига мувофиқ актив деб тан олинган ТКИга харажатлар қуйидагилар чиқариб ташлангандан сўнг тегишли бўлажак даромадлар ҳисобидан қопланиши мумкин бўлган миқдордан ошмаслиги лозим:

ТКИга кейин қилинадиган харажатлар;

тегишли ишлаб чиқариш харажатлари;

маъмурий харажатлар ва маҳсулотни сотиш чоғида бевосита қилинган харажатлар.

 

Лойиҳанинг тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларига харажатлари актив деб ҳисоблаш талабларига жавоб бериши мумкин, бироқ улар хўжалик юритувчи субъект ана шу харажатлар натижасида келгусида иқтисодий наф олишини аниқлаш учун етарли бўлмагани сабабли актив деб тан олиш мезонларига мос келмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда ТКИга харажатлар шу харажатлар амалга оширилган даврдаги харажатлар деб эътироф этилади ва кейинги даврда актив деб тан олинмайди (11-сон БҲМСнинг 18-банди).

7-сон БҲМСнинг 8-бандига кўра келгусида корхонанинг номоддий актив билан боғлиқ иқтисодий фойда олиш эҳтимоли фақатгина қуйидаги ҳолда мавжуд бўлади:

а) активнинг келгусида хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий фойдаси (даромади)нинг кўпайтиришга қодирлиги, шунингдек корхонанинг активдан ушбу мақсадда фойдаланиш нияти исботланганда;

б) корхона кутилаётган келгусидаги иқтисодий фойдани топа олиши учун етарлича ресурслар мавжуд бўлганда ёки уларнинг ҳаммабоплигини исботлаш мумкин бўлганда.

Шу тариқа, номоддий актив объекти (мисол учун, саноат намунаси, фойдали модель ёки ЭҲМ дастурига муаллифлик ҳуқуқи) сифатида тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга харажатларни «капиталлаштириш» учун анча қатъий шартларга риоя этиш лозим. Бунда илмий тадқиқот ишлаб чиқишларга харажатларни актив деб эътироф этиш ман қилинган.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, дастлаб харажат сифатида тан олинган тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга харажатларни кейинги ҳисобот даврларида актив сифатида тан олмаслик керак (11-сон БҲМСнинг 15-банди). Бунинг маъноси шуки, корхона тақсимланмаган фойдадан ўтган йиллар харажатларини «чиқариб», уларни жорий даврда номоддий актив сифатида «капиталлаштира олмайди». Фақат тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга қилинган харажатларнигина юқорида санаб ўтилган мезонларга жавоб берган тақдирда актив сифатида тан олиш мумкин (11-сон БҲМСнинг 16-банди). ТКИга харажатларни «капиталлаштириш» бўйича қўшимча чекловлар 11-сон БҲМСнинг 22, 23-бандларида қайд этилган.

 

38-сон МҲХС «Номоддий активлар»да шунга ўхшаш шартлар мавжуд. У савдо маркалари (брендлар), титулдаги маълумотлар, ноширлик ҳуқуқлари, мижозларнинг рўйхатлари ва корхонанинг ўзи яратган, моҳиятига кўра ўхшаш бўлган моддаларни ички барпо этилган номоддий активлар сифатида тан олишни тақиқлайди. Уларга қилинган харажатларни умуман бизнесни ривожлантириш харажатларидан фарқлаш мумкин эмас. Бинобарин, бундай моддаларни номоддий активлар сифатида тан олиб бўлмайди ­(38-сон МҲХСнинг 63, 64-бандлари).

Бундан ташқари, БҲМС ва МҲХСда ички тузилган гудвиллни актив деб тан олиш тақиқланади.

 

Корхоналар эгалик қиладиган моддий активлар қиймати билан таққослаганда жаҳон брендлари (Coca-Cola, Apple ва бошқалар) қийматига келсак, ҳақиқатан ҳам, вақти-вақти билан ОАВ турли компаниялар ўтказадиган жаҳон брендларини баҳолашлар тўғрисидаги ахборотни чоп этади. Бироқ шуни тушуниш лозимки, ички барпо этилган брендлар брендлар эгаси бўлган корхоналар балансларида акс эттирилмайди, чунки бухгалтерия ҳисоби қоидалари бундай қилишни тақиқлайди. Агар, мисол учун, Coca-Cola бренди 2014 йилда 80,7 млрд АҚШ долларига тенг деб баҳоланган бўлса, бу Coca-Cola компанияси балансида ушбу суммани «Номоддий активлар» сатрида топиш мумкинлигини билдирмайди. Бундай баҳолашлардан тармоқлар ва мамлакатлар бўйича турли рейтингларни тузиш чоғида фойдаланилади.

 

Хулосада шуни айтиш лозимки, активларни тан олиш мезонларига жавоб бермайдиган харажатларни капиталлаштириш молиявий ҳисоботдаги маълумотларни манипуляциялашга уринишдан бошқа нарса эмас. Корхона харажатларни «яширишга» ҳамда бу билан инвесторлар ва кредиторлар олдида жозибадорлигини оширишга ҳаракат қилади. 8-сон МҲХС «Ҳисоб сиёсати, бухгалтерия баҳолашларида ўзгартиришлар ва хатолар»га кўра, агар молиявий ҳисоботда корхонанинг молиявий аҳволи, молиявий натижалари ёки пул маблағлари ҳаракати ҳақида муайян фикр шакллантириш учун содир этилган жиддий ёки жиддий бўлмаган хатолар мавжуд бўлса, у халқаро стандартларга мувофиқ келмайди (демак, тақдим этилган ҳисобот ишончли ҳисобот сифатида қаралиши мумкин эмас).

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.12.1998 йилда 581-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Андрей БАЙРАШЕВ,

«Rastax Group» МЧЖ СМТнинг МҲХС бўйича эксперти.

Прочитано: 3376 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика