Norma.uz

Хитой марказий осиё орқали европага интилмоқда

Буюк ипак йўли милоддан аввалги узоқ тарихдан то XVI асргача бўлган даврда Осиё ва Европа давлатларини боғлаб турувчи асосий савдо йўли ҳисобланган. XVIII асрда венециялик савдогар Марко Поло уни Шарқ ва Ғарб ўртасида ипак ташилувчи карвон йўли деб атаган. Илк бор «Буюк ипак йўли» илмий атамаси 1877 йилда немис тадқиқотчиси Фердинанд фон Рихтгофеннинг «Хитой» асарида қўлланилган.

Эътиборлиси, Буюк ипак йўлининг асосий қисми айнан Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистондан ўтган. Минг йиллар давомида унинг йўналиши ўзгарган бўлса-да, ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Шунинг учун унинг дунё цивилизациясидаги ўзига хос ўрнини инобатга олган ҳолда ЮНЕСКО томонидан 1987 йилда «Ипак йўли» дастури қабул қилинган.

 

Сўнгги йилларда Буюк ипак йўлини ўзаро манфаатли алоқалар асосида қайтадан тиклаш ҳаракатида АҚШ, Хитой, Россия, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ҳамда Туркия каби давлатлар Марказий Осиё бўйлаб янги ипак йўлини барпо этиш бўйича ўз лойиҳаларини илгари суришмоқда. Уларнинг ичида ХХРнинг фаол уринишлари эътиборга молик.

«Буюк ипак йўли иқтисодий коридори»нинг асосий мақсади минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини яратиш ҳисобланади. Бу концепцияда фақат савдо, транспорт ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик инобатга олинган ва у интеграцион ҳамкорлик лойиҳаси ҳисобланмайди. Эътиборлиси, у мавжуд минтақавий механизмларнинг ўзгартирилишини кўзда тутмайди.

«Буюк ипак йўли иқтисодий коридори» стратегик концепцияси 5 бўлимдан иборат бўлиб, улар сиёсий алоқалар, транспорт йўлларининг бирлашуви, эркин савдо, эркин пул айланиши ва халқларнинг бир ёқадан бош чиқариши ҳисобланади.

«Буюк ипак йўли иқтисодий коридори» туфайли Хитой учун Европага мавжуд йўналишнинг қисқариши транспорт харажатларини камайтириш ҳамда Хитой товарларининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини янада ошириш имконини яратади.

Хитой Марказий Осиё давлатлари билан турли соҳаларда (энергетика, транспорт, савдо) кўп томонлама ҳамкорликни шакллантирмоқда. Хусусан, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги муҳим энергия лойиҳаларидан бири бу Туркманистон газини 1 760 км лик газ қувури бўйлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга етказишдир. Бу лойиҳа 2009 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, шу йилнинг ўзида 40 млрд куб газ етказиб бериш мақсад қилинган. Бошқа энергия лойиҳаларидан бири Қозоғистон–Хитой нефть қувури бўлиб, у Хитойга тўғридан-тўғри йилига 14 млн тонна нефтни импорт қилиш имконини беради. Биламизки, 2020 йилга қадар Хитойнинг энергияга эҳтиёжи 3 баробар ошиши кутилмоқда, шунинг учун ҳам Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги алоқалар янада яхшиланиши ҳеч гап эмас1.

Шу лойиҳалар туфайли Хитой 2009 йилда Туркманистонга («Ёлотан-Жанубий Осман» газ комплекси) 4 млрд АҚШ долл., Қирғизистонга «КазМунаиГаз» миллий нефть-газ корпорациясига 10 млрд АҚШ долл. миқдорида кредитлар ажратган2. Бундан ташқари, Хитой Марказий Осиёда транспорт тизимини ривожлантириш учун инвестициялар ажратмоқда: 2013 йил февралда Хитой ҳукумати, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида янги 2 млрд АҚШ долл. қийматидаги янги темирйўл қурилиши лойиҳаси тасдиқланди3.

«Буюк ипак йўли иқтисодий коридори»ни ташкил этишда иқтисодий салоҳияти бўйича Ўзбекистон катта стратегик аҳамиятга эга. «Oil and Gas» Journal (OGJ) маълумотига кўра, Ўзбекистонда 171 дан ортиқ нефть ва табиий газ манбалари топилган бўлиб, 594 млн баррел нефть захираси мавжудлиги тасдиқланган4. Ўзбекистон дунёда олтин ишлаб чиқарувчи еттинчи энг йирик мамлакат ҳисобланади. Пахта толаси экспорти бўйича кучли учликка киради. Асосий савдо ҳамкорлари Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон. Ўзбекистонда бой энергия салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида инфратузилмани яхшилаш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, 2004 йилда «Ўзбекнефтгаз» ва «Лукойл» компаниялари ўртасида табиий газ комплексларини ривожлантириш бўйича ҳозиргача давом этаётган лойиҳа тасдиқланган бўлиб, унга Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Credit Agrocole, BNP Paribas ва Корея тараққиёт банки ҳомийлик қилмоқда5.

Ўтган йили Пекинда Хитойнинг марказий нашри – «Jenmin Jibao» газетаси томонидан ўтказилган «Буюк ипак йўли бўйлаб иқтисодий коридор ташкил этишда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги»га бағишланган халқаро форумда Буюк ипак йўли ривожида Ўзбекистон муҳим аҳамият касб этишига алоҳида урғу берилган. Мамлакатимизнинг бир қатор шаҳарлари Буюк ипак йўлининг муҳим марказларидан ҳисобланади, Самарқанд шаҳри Буюк ипак йўлининг индустриал ва инновацион маркази сифатида қайд этилган. Пойтахтимиз Тошкент шаҳри эса транспорт-коммуникация, ишлаб чиқариш ва илм-фан соҳаларидаги юксак салоҳиятига кўра мазкур тармоқнинг юраги деб эътироф этилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Буюк ипак йўлидаги бунёдкорлик руҳига мос равишда янги мазмун билан бойиб, ўзаро манфаатли алоқалар янада мустаҳкамланаётганини кўришимиз мумкин. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хонг Лейнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси ва ХХР раҳбарларининг 2013 йил сентябрь ойида Тошкентда ҳамда 2014 йилда Шанхайда бўлиб ўтган учрашувлари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Масалан, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда 5,5 млрд АҚШ долл.дан ошди. ХХР раисининг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 15 млрд АҚШ долл.га тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 та ҳужжат имзоланди6.

Хусусан, Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси Ўзбекистондаги истиқболли углеводород конларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш билан шуғулланмоқда. Табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Буюк ипак йўлининг ёқилғи-энергетика соҳасида Марказий Осиё–ХХР газ тармоғининг Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиши ўзаро ишончли ва манфаатли муносабатларнинг ёрқин далилидир. 2014 йилда йилига 25 млрд куб метр газни узатиш имконини берадиган Марказий Осиё–Хитой газ қувурининг 1 минг 830 километр узунликдаги учинчи тармоғининг ишга туширилиши бу борада олиб борилаётган жадал ҳаракатлардан дарак беради7.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли янги Буюк ипак йўли режасининг муҳим қисмидир. Бу йўл Хитойнинг Хинжианг провинциясидаги Қашғарни Қирғизистон (Қорасув) орқали Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига туташтиради ва кейинчалик Туркия орқали Европага узайтирилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу лойиҳа, албатта, Ўзбекистонга мавжуд савдо ҳамкорларини кўпайтиришга ёрдам беради.

Умуман олганда, Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган давлатларда қарийб 3 миллиард аҳоли яшашини инобатга олсак, ушбу иқтисодий майдон кўлами ва иқтисодий салоҳиятининг баҳоси нақадар салмоқли эканлигига амин бўлиш мумкин. Ўзбекистон «Буюк ипак йўли иқтисодий коридори» туфайли халқаро савдода янада кўпроқ улушга эришиши мумкин. Тошкент Марказий Осиёнинг йирик логистик марказига айланиш имконига эга бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу стратегик концепция Марказий Осиё давлатлари ва Хитой учун нафақат савдо муносабатларини ривожлантириш, балки халқлар ўртасида маданий-маърифий, фан ва техника, транспорт, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳам устувор аҳамиятга эга.

 

1Vladimir Fedorenko, «The new silk road initiatives in Central Asia», RETHINK PAPER 10, August 2013.

2Simon Pirani, «Central Asian Energy: the Turning Point», Emerging Markets, February 2010.

3«Новые торговые пути Китая», Economic Safety, February 2013.

4«Uzbekistan is rich in natural resources», Mining World, May 2013.

5«Russia’s Lukoil Secures $500 million Loan for Uzbek Gas Project», The Gazette of Central Asia, March 2012.

6http://uzapi.gov.uz/news/info/print/3450/

7http://www.press-service.uz/uz/news/5079/


Нилуфар ХУДОЙНАЗАРОВА,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 4-курс талабаси.

Прочитано: 4432 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-01-17 21:38:23, Гость_:
Комментарий отклонен модератором как несоответствующий Правилам

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика