Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 19 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

Спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва кашандалик тарғиботи учун жазо белгиланса...

Афтидан, яқин орада телеэкранларимиздан чекиш ва спиртли ичимлик ичиш билан боғлиқ саҳналар бутунлай йўқолса керак. Мамлакатимиз парламенти аъзолари тамаки ва алкоголь маҳсулотлар истеъмоли тарғиботи учун жазо чораси жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқдалар. Бундай ёндашув жаҳон амалиёти билан ҳамоҳангдир. Баъзи мамлакатларда спиртли ичимлик ва чекиш тарғиботига нисбатан тақиқ белгилаб бўлинди, бошқаларида эса уларни кино ва телевидениеда намойишига нисбатан ҳар хил чекловлар жорий қилинди. Бундай саҳналарни ёшга қараб муайян гуруҳлар учун намойиш этиш тартибини қўллаётганлар ҳам бор. Хуллас, соғлом турмуш тарзи зарарли одатлар устидан ғолиб келаётган кўринади. Тўғри, бу масала жуда мураккаб, нозик, ҳатто қонунчилик нормалари кучга кирган жойларда ҳам тинимсиз баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, «мумкин» ва «мумкин эмас» деган тушунчалар ўртасидаги чегара қаерда, уни бузмаслик мумкинми, спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва чекиш билан боғлиқ саҳналарни намойиш этишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш мезонлари қандай бўлиши керак деган саволлар кўндаланг бўлмоқда. Зотан, бу, гарчи зарарли бўлса-да, ҳар қалай ҳаётимизнинг бир қисмига айланган одат, кино эса уни акс эттирувчидир. Баъзан бундай сюжет ўринли туюлади ва фильм қаҳрамони образининг, бадиий тўқиманинг узвий қисми бўлиб қолади, фильм уларсиз мукаммал бўлмайди. Кўпгина севимли фильмлардан маҳрум бўлиб қолмасмиканмиз, деган савол томошабинларни ташвишга солмоқда. Бу борада меъёрни билиш, ҳаддидан ошириб юбормаслик, дўппини ол дейилганда, бошни ҳам олиб келишдек номатлуб қисматларга йўл қўймаслик керак. Бу ҳақда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидагилар (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) қандай фикрда?

 

Ана шу масалага Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод АЗИМОВ жавоб беради.

 

ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРГА ҚАРШИ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАЙМИЗ

– Дилшод Абдуҳакимжонович, бу масаланинг кечмиши ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз...

– Ҳозирги кунда чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ёмон, соғлиқ учун зарарли эканлиги кундек равшан. Ер юзидаги барча мамлакатларда уларнинг истеъмолини чеклаш, бундай ишқибозликларни тақиқлаш йўлида кураш олиб борилмоқда. Соғлом турмуш тарзига мойиллик тобора кучаймоқда. Узоқ умр кўришни истасанг, спорт билан шуғуллан, чекма, спиртли ичимлик ичма, мароқли ҳаёт кечир деган шиор тобора кўпчиликни ром этмоқда. Кино ва телевидение киши онгига қудратли тарзда таъсир кўрсатиш кучига эга эканлиги инобатга олинса, экранларда ичкиликбозлик ва кашандалик саҳналари умуман бўлмаслиги ёки имкон қадар уларга кам ўрин берилиши жуда-жуда муҳимдир. Бу масала чиндан ҳам мураккаб, унга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқ лозим. Мурватни ҳаддан ташқари қаттиқ бураб юбормаслик керак, жаҳон амалиёти спиртли ичимлик ичиш ва чекиш урф доирасидан чиқиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда 2010 йили тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламаси батамом тақиқланди*. Бу бутун собиқ Шўролар маконида шов-шувга сабаб бўлган дадил қадам эди. Ўсиб келаётган авлодни ичкиликбозлик ва кашандаликдек ижтимоий хатарлардан муҳофаза этиш мақсадида шундай қилинди. Мамлакат миқёсидаги бундай ёндашув миллий анъаналаримизга, ижтимоий ахлоқ нормаларига монанд келади.

2011 йилда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон, бундан кейин матнда Қонун деб юритилади) қабул қилинди. Қонуннинг 18-моддасига кўра алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Бугунги кунда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотлари рекламасини тақиқлаш борасида яхши ишламоқда. Уларнинг истеъмоли тарғиботига келганда, бу нарса анча мураккабдир. Зотан, бундай хатти-ҳаракатларга таъсир кўрсатиш воситалари ҳам, тегишли жазо чоралари ҳам йўқ. Фильм қаҳрамони чекаётганлиги ёки спиртли ичимлик ичаётганлиги акс этган саҳнани буларнинг тарғиботи деб исботлаш ҳам анча мураккаб.

Қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши тарғиботи нима эканлиги ҳақида таъриф берилган. Бу алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлардир (Қонуннинг 18-моддаси). Тушунча анча кенг талқин этилган. Шу сабабли мазкур зарарли одатларни рағбатлантиришнинг яширин шаклларини идентификация қилиш бирмунча мураккабдир. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этганлик учун жазо чорасини киритиш зарурати боиси ҳам шунда. Биз бундай маҳсулотларни истеъмол қилишнинг намойиш этилишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқдамиз.

– Бу борадаги таклифлар ривожи, истиқболи қандай бўлди?

– Дастлаб мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу таклифлар ташаббускори бўлди. Бизнинг Қўмита, бошқа идоралар вакиллари ҳам киритилган ишчи комиссияси тузилди, масала ҳамкорликда ўрганиб чиқилди, атрофлича ишланди. Шундан кейин таклиф Вазирлар Маҳкамасига, кейин эса Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилди. Ҳужжатнинг лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

 

БЎРИНИ ҲАМ ЧЕКИШДАН МОСУВО ҚИЛДИЛАР

– Бу масалага ёндашув борасида нималар дейиш мумкин.

– Биринчи босқичда оммавий ахборот воситаларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш ва чекиш жараёнини тасвирлашни ман этиш мўлжалланмоқда. (Негаки, бундай тасвирлаш тарғибот деб қаралади). Вояга етмаганлар учун, кейин эса, катталар учун янги яратилаётган фильмларда уларни тарғиб қилиш ва бундай саҳналарни намойиш этишга қатъий тақиқ белгиланмоғи керак. Болалар ва ўсмирлар онгига таъсир кўрсатиш даражаси жиҳатидан кинога тенг келадигани бўлмаса керак. Ёш-яланглар ўзлари ёқтириб қолган фильм қаҳрамонлари образидан андоза олишга, уларга ўхшаш бўлишга ҳаракат қиладилар. Айтайлик, бутун фильм мобайнида асосий қаҳрамон чекаверса, спиртли ичимлик ичаверса, вояга етмаганлар учун бу тақлид тимсолига айланиб қолиши мумкин. Болалар уларни шаддод, уддабурон қиёфада қабул қиладилар. Шак-шубҳасиз, бунда зарарли одатларга қарши бошқа қимматли хислат ва фазилатларни кўндаланг қўйиш лозим.

Ёки «Сеними, шошмай тур!» мультфильмидаги бўрининг оғзидан сигарета тушмайдиган, чекаётган саҳналарини қирқиб олиб ташлаш ҳақидаги қарор қандай акс садо берганлигини бир эслайлик. Мазкур мультфильм жаҳон мультипликациясининг ноёб асари саналса-да, Россияда кундузги телеэфирда сигарета тутган бўри иштирокидаги саҳналарни чиқариб ташлашга қарор қилинди. Мультфильм кеч соат 23.00 дан кейин кўрсатиладиган, 18 ёшдан ошганларга кўриш рухсат этиладиган санъат асарлари сирасига киритилди. Тўғри, бўри салбий персонаж, шундай экан, чекаверсин, безорилик қилаверсин, қувноқ саҳналарни йўқ қилмаслик керак деб эътироз билдирганлар ҳам кўп бўлди. Аммо қонун ўз номи билан қонун-да! Россияда вояга етмаган болалар учун мўлжалланган, аммо чекиш ёки спиртли ичимлик ичиш билан боғлиқ саҳналари бўлганлиги сабабли телеканалларда намойиш этиш тақиқланган фильмлар ва кўрсатувлар рўйхати бор. Шундай эпизодлари бўлган, аммо катталар учун мўлжалланган киноленталарга келганда, уларни бошлашдан олдин чекиш соғлиқ учун зарарли эканлиги ёки мазкур фильм қайси ёшдагилар учун мўлжалланганлиги ифода топган киритма ёзувлардан фойдаланадилар. Туркияда, масалан, чекиш ёки спиртли ичимлик ичиш акс этган саҳналар намойиш қилинаётганда сигарета ёки қадаҳ гул, қуш ва шу сингарилар билан пардаланади. Европадаги бир қанча мамлакатларда чекиш ва ичкиликбозлик билан боғлиқ саҳналар хронометраж ёрдамида чекланади.

Нимадир тақиқланаётганда, «Хўш, унинг ўрнига нима тақдим этилади?» деган савол туғилади, албатта. Соғлом турмуш тарзидан аълоси йўқ бунда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда болалар спортига катта эътибор берилмоқда. Кейинги йилларда турар жой мавзеларида сузиш ҳавзалари, футбол майдонлари ҳам бўлган кўплаб спорт мажмуалари барпо этилди. Ҳозир ёшларимиз соғлом, бақувват бўлишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу сабабли ҳам, биз уларни айни соғлом турмуш тарзига йўллантирмоқдамиз.

 

БУ ҚЎЛЛАРГА СИГАРЕТА ЭМАС, ГУЛ ЯРАШАДИ

– Спиртли ичимлик истеъмоли ва чекишни тарғиб қилиш ҳақида гап борганда, бу тарғиботни идентификация қилиш чиндан ҳам мушкуллик туғдиради. Бундай саҳналарни намойиш этиш тақиқланадиган бўлса, цензура деганимиз барча фильмларга доҳил бўлиб қолмасмикан? Ахир ҳар бир фильмда қаҳрамонлар чекаётганлиги ёки ичкилик ичаётганлиги билан боғлиқ эпизодлар у ёки бу даражада акс этган-ку! Яратилиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилганидан буён муайян вақт ўтган фильмларга бундай тақиқ, сизнинг назарингизда, қай йўсинда таъсир этиши мумкин? Ажойиб, бой кинофондимиз бор. Ақалли, кинорежиссёр Гайдайнинг комедияларини олайлик. Уларга тузатиш киритиб бўлармикан? Зеро бу фильмларнинг қаҳрамонлари ҳушёр юрувчилар жумласига кирмаслиги тайин. Шерлок Холмс образини унинг тимсолига айланган чекиш трубкасисиз тасаввур этиб бўлармикан? Хемингуэй-чи? Штирлиц ҳам жуда кўп чекади. Наҳотки, бундай кадрларни гул ёки қуш қиёфаси билан паналашга тўғри келса?

– «Ўзбеккино» миллий агентлиги, телерадио компанияси билан спиртли ичимлик истеъмоли ёки чекишни тарғиб қилиш сирасига кирадиган саҳналарни идентификация қилишнинг ёндашув ва мезонларини ишлаб чиқиш юзасидан катта кўламда иш олиб бориш, фильм ва кўрсатувларда нималарни кўрсатиш мумкин-у, нималарни кўрсатмасликни аниқ белгилаб олиш лозим. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам чеклов яратилган фильмнинг бадиий қимматига путур етказмаслиги лозим. Бунда, энг муҳими, мезонни тўғри белгилаш ва сақлай билишдир.

Тақиқлов талаблари янги яратилаётган фильмларга қаратилиши мумкин деб чамалаб кўрайлик. Бу нарса жазолаш тариқасидаги чорага айланиб қолмаслиги керак. Бундай саҳналар ўзини қанчалик оқлашига қаралиши шарт. Айтайлик, ҳар қандай фильмда, шартли равишда яхши ва ёмон йигит бор. Мабодо, ўша ёмон йигит ортиқча қилғиликлар қилса, бу тушунарли ҳол. Бироқ ижобий қаҳрамон спиртли ичимликни суиистеъмол қилаётган бўлса, бу қонун талабларига зид деб баҳоланиши керак.

Афтидан, телевидение орқали кўрсатиш тақиқланган фильмларнинг қандайдир рўйхати мужассам топган киритма ёзув бўлиши мумкин. Масалан, «Особенности национальной охоты» («Миллий ов хусусиятлари») фильмини телетомошабинларимиз энди телевидениеда кўрмайдилар. Бу дуруст фильм, аммо бошидан охиригача унинг қаҳрамонлари ичкиликбозлик измида. Бир ярим соат давом этадиган фильмда бир соатдан кўпроқ вақт мобайнида фильм қаҳрамонлари спиртли ичимлик истеъмоли билан машғул. Овнинг миллий хусусиятлари ўзи шунақа, фильм номланишида ҳам бу нарсага урғу берилган-ку деб эътироз билдирадиганлар ҳам бўлиши турган гап. Аммо ҳамонки қонун бор экан, уни ижро этиш шарт. Спиртли ичимлик истеъмоли ва чекишни тарғиб қилиш борасидаги тақиқ кабель ва ер йўлдоши орқали кўрсатиладиган телевидениега тааллуқли эмас. Қонун ҳужжатларида бу ҳақда тўғридан-тўғри айтилмаган бўлса-да, аслида шундай. «Реклама тўғрисида»ги Қонунда (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида татбиқ этилади деб белгиланганлиги шуни кўрсатади.

Кабель ва рақамли телевидение каналларида жойлаштирилган рекламанинг бир қисми мамлакатимиз рекламаси билан қопланади. Молиявий сарф-харажатлари катта бўлганлиги сабабли ҳам, ҳозирча уни тўлиқ қоплашнинг иложи бўлмаяпти. 2017 йилга бориб, кабель телевидениесини рақамли телевидениега ўтказиш режалаштирилмоқда, ана шунда масала тўлиқ ечим топса керак.

– Тамаки ва алкоголь маҳсулотлар рекламаси тақиқи қандай ишламоқда?

– Дастлабки кезларда саволлар, тушунмовчиликлар кўп бўлди. Биз Қонуннинг бу борадаги талабларини тушунтириш юзасидан катта иш олиб бордик. Ҳозир моҳиятан олганда, жиддий муаммолар йўқ. Қонунбузарлик, асосан, яширин рекламада учрамоқда. Кейинги вақтларда спиртли ва тамаки маҳсулотлари рекламасининг ижтимоий тармоқларга кўчиши тамойили сезилиб қолмоқда. Лекин бизда Интернет оммавий ахборот воситалари жумласига киритилган. Шу сабабли бунда ҳам рекламани тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари амал қилади, реклама тарқатувчилар буни ҳамиша ёдда тутишлари лозим. Рекламани Интернетда кузатиб бориш ва тартибга солиш жуда мушкул: ҳозиргина намоён этилган реклама 5 дақиқадан кейин йўқ бўлади-қолади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти, шунингдек тунги барлар ўзлари учун яна бир туйнук топиб олишибди: бундай рекламани домен uz да рўйхатдан ўтказилмаган ижтимоий тармоқларга, хусусан, «Одноклассники», «Контакт», «Фейсбук», «Твиттер» ва шу сингариларда жойлаштирмоқдалар. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг миллий қонун ҳужжатларимиз татбиқ этилмайдиган, бошқа мамлакатлардаги ижтимоий тармоқлар орқали, ўша ижтимоий тармоқларда ўз саҳифачаларини очиб, мамлакатимизнинг Интернет маконига кириб бормоқдалар. Масалан, Бухоро вилоятидаги «Шоҳруд» акциядорлик жамияти чиқараётган алкоголь маҳсулотини ўз сайтида реклама қилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилди. Мансабдор шахсга маъмурий жарима солинди. Корхона кўрсатмани адо этиб, қонунбузарликни бартараф қилди. Айни шу йўналишда бундан буён ҳам изчил иш олиб бораверамиз.

 

*17.09.2010 йилдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-259-сон Қонун.


Махсус мухбиримиз

Ирина ГРЕБЕНЮК суҳбатлашди.

 

Прочитано: 6753 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика