Norma.uz

Велосипед ҳайдашда қоидага риоя қилинг

Кўпчилик велосипедчилар йўл-пост хизмати инспекторлари уларни шаҳарнинг марказий туманларида тўхтатиб, велосипедларини жарима майдончасига жўнатиш учун топширишларини ҳамда йўлларда ҳаракатланганликлари учун бир йўла жарима тўлашларини талаб қилаётганликларидан шикоят қилишмоқда (аслида ЙҲҚда велосипедда йўл ёқасида имкони борича ўнг томондан ҳаракатланиш мумкин деб кўрсатилган). Мен ҳали бундай вазиятга тўқнаш келганим йўқ. Бироқ бундай талабларга қандай муносабат билдириш кераклигини олдиндан билиб қўймоқчиман. Улар шаҳар кўчаларида велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи қонун ёки бирор-бир бошқа ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланганми?

Йўл-пост хизмати инспектори велосипедчини тўхтатиб, йўл ёқасида ҳаракатланиши тақиқланганлигини (ЙҲҚнинг 27.2-банди бузилганлигини) рўкач қилишга, транспорт воситасини мусодара қилишга ёки ғилдиракларини шикастлашга (бўшатишга) уринишга ҳақлими? Бундай ҳаракатлар содир этилганда қандай йўл тутиш керак?

Леонид.

 

– Йўл ҳаракати қоидалари (ВМнинг 11.12.2000 йилдаги 472-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Қоидалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланишнинг ягона тартибини белгилайди. Мазкур тартиб велосипедчиларга ҳам татбиқ этилади, негаки велосипед, Қоидаларнинг 2-бўлими саккизинчи хатбошисида белгиланганидек, одам кучи билан ҳаракатлантириладиган 2 ва ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси (ногиронлар аравачасидан ташқари) ҳисобланади.

Велосипедчиларнинг автомагистралларда (Қоидаларнинг 18.1-банди иккинчи хатбошиси) ҳамда велосипед йўлкаси бўлгани ҳолда йўлнинг қатнов қисмида (Қоидаларнинг 27.4-банди бешинчи хатбошиси) ҳаракатланиши тақиқланади. Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги йўлларда автомагистраллар ва велосипед йўлакчалари мавжуд бўлмаганлиги (айрим истироҳат боғларида мавжудларидан ташқари) сабабли бундай тақиқнинг бузилиши ҳоллари деярли учрамайди. Республикада ёки унинг айрим минтақаларида велосипеддан фойдаланишни (бошқаришни) тақиқловчи бирор-бир қонун ёки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Велосипедчиларга қатор талаблар қўйилади. Хусусан:

 йўлда велосипедни бошқариш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади (Қоидаларнинг 27.1-банди);

 велосипедларни бошқариш пайтида йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади;

 агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади;

 йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак (Қоидаларнинг 27.2-банди).

Энди велосипедни ушлаб туриш ва жарима майдончасига жўнатишга келсак.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш мумкинлиги назарда тутилган. Унинг биринчи қисми «а» банди моҳиятидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, МЖТКнинг «Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш» деб номланган 137-моддаси ва «Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик» деб номланган 194-моддасида назарда тутилган бундай транспорт воситаларининг ҳайдовчилари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгунга қадар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилгунга қадар ички ишлар органлари томонидан велосипед транспорт воситаси сифатида ушлаб турилади.

Велосипедчи томонидан бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳолатларда ички ишлар органларининг мансабдор шахслари мазкур транспорт воситасини ушлаб туришга ҳақли бўлмайдилар. Бироқ ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун велосипедчининг ўзи жавобгарликка тортилиши мумкин.

Велосипедни бошқараётган шахс томонидан содир этилган қуйида келтирилган ҳуқуқбузарликлар бунга сабаб бўлиши мумкин:

 алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 136-моддаси учинчи қисми);

 йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги ЭКИҲнинг 1/3 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 138-моддаси биринчи қисми);

 йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 138-моддаси учинчи қисми);

 алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 138-моддаси тўртинчи қисми).

Шу тариқа, ДЙҲХХ ходимларининг Қоидаларга риоя қилаётган велосипедчига ёки у фойдаланаётган велосипедга нисбатан билдирадиган барча даъволари ёки бошқа ҳаракатлари ҳаққоний бўлмайди.

Қоидалар ва МЖТКнинг юқорида келтирилган қоидаларини яхши билиш ва уларга риоя қилиш сизнинг хатингизда баён этилган вазиятларни четлаб ўтишга ёрдам беришига ишонамиз. Кўп билган кам бўлмайди деганларича бор. Сиз ўз ҳуқуқларингизни ва қонуний манфаатларингизни самарали ҳимоя қилиш учун жойнинг ўзида ­231-58-88 рақамли ДЙҲХХ ишонч телефонига (ёки ИИВнинг 233-39-39 ёки Бош прокуратуранинг 1007 рақамига) қўнғироқ қилишингиз ва операторга оғзаки шикоят қилишингиз мумкин.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2867 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика