Norma.uz

Судгача келишиб олинг

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Бош пудратчи АЖ ва ёрдамчи пудратчи МЧЖ 2013 йил март ойида тахминан 800 млн сўмлик қурилиш пудрати шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра бош пудратчи 10 банк куни мобайнида олдиндан шартнома умумий суммасининг 50%ини тўлаши, қолган суммани эса ишларнинг қиймати (қилинган харажатлар) тўғрисидаги Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланган ишларнинг бажарилишига қараб молиялаштириш жадвалига мувофиқ тўлаб бориши керак эди. Бош пудратчи дастлабки ҳақни ўз вақтида тўлади. Ёрдамчи пудратчи ўз навбатида уни олгандан кейин 12 ой мобайнида ер ишларини бажариш мажбуриятини зиммасига олди ва уни бажарди. Бироқ бош пудратчи ишлар қиймати тўғрисидаги Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани имзолашдан бош тортди ва қолган суммани ўтказмади, бунда ҳақиқатда бажарилган ишларнинг ҳажмлари 400 минг куб метр ёки умумий қийматнинг 30%ига оширилганлигини важ қилиб кўрсатди. У ёрдамчи пудратчига қилинган 560 минг сўмлик харажатлар тўғрисида тузатиш киритилган Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани юборди. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурага мустақил эксперт ташкилоти ишлар бажарилган жойни топографик суратга олишига оид маълумотлар илова қилинган эди. Ёрдамчи пудратчи ҳажмларнинг оширилганлигини эътироф этишдан бош тортди ва қолган 400 млн сўмни тўлашни талаб қилди.

Унинг важларига қўшилмаган бош пудратчи 2014 йил май ойида хўжалик судига суд-иқтисодий экспертизасини тайинлаш орқали ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмини белгилаш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди. Биринчи инстанция хўжалик суди АЖ даъвосини қондиришни рад қилди. Апелляция ва кассация инстанцияларида мазкур иш кўрилмаган.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Биз шартномадаги ўз мажбуриятларимизни тўлиқ, қурилиш ишларини ўз вақтида бажардик. Бироқ бош пудратчи уларга тўлиқ ҳақ тўламай, гўё ишларнинг ҳажмлари оширилган дея важ қилаяпти, бу ишончли маълумотлар билан тасдиқланмаган. Даъво аризаси бериб, жавобгар билан ҳисоб-китобни орқага чўзишга уринмоқда. Даъвони асоссиз деб ҳисоблаймиз, уни рад этишни ва бош пудратчини қолган 400 млн сўмни тўлашга мажбур этишни сўраймиз.

 

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Қурилиш пудрати шартномаси билан 800 млн сўм миқдорида тахминий нарх белгиланган эди, у қурилиш жараёнида аниқлаштирилиши керак эди. Биз олдиндан 400 млн сўмни ўз вақтида тўладик. Бироқ ёрдамчи пудратчи лойиҳа-ресурс ҳужжатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмади ва ишлар қийматини 400 минг куб метр ёки 30%га, яъни 240 млн сўмга оширди. Биз назорат ўлчовларини қилишга улгурмадик, бироқ қўлимизда ер ишларини топографик суратга олиш натижалари бор, улар бажарилган ишларнинг ҳажмлари 400 минг куб метрга оширилганлигини тасдиқлайди. АЖ бажарилган ишларнинг ҳақиқатдаги ҳажмини аниқлаш учун суд-иқтисодий экспертизасини тайинлашни сўрайди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важлари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб ва мақоламизнинг «Ишнинг моҳияти»да баён этилган далилларни белгилаб, бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ҳақиқатдаги қийматини белгилаш учун, Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейин – ХПК) 67-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон, бундан кейин – 103-сон Қарор) 11-банди талабига асосланиб, суд-иқтисодий экспертизасини тайинлади. Экспертизада белгиланишича, бажарилган қурилиш ишларининг ҳақиқатдаги қиймати 800 млн сўмни ташкил қилган ва, тегишинча, даъвогар унинг ҳажмини 30% – 560 млн сўмга қадар камайтиришни талаб қилишга ҳақли эмас.

Суд жараёни боришида жавобгар экспертиза натижалари бўйича 400 млн сўм асосий қарз, 4 млн сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида қарши даъво билдирди, уни суд иш юритишга қабул қилди. Экспертларнинг материаллар йиғмажилдида мавжуд бўлган, қарши даъвода берилган хулосасига асосланиб ва илгари амалга оширилган тўловни ҳисобга олиб, хўжалик суди АЖнинг даъво талабларини қондиришини рад этди ва суд харажатларини унинг зиммасига юклади. Ўзининг ҳал қилув қарори билан у МЧЖнинг қарши даъвосини қондирди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак (Фуқаролик кодексининг 236-моддаси, бундан кейин – ФК). Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 666-моддаси).

Биз кўриб чиқаётган низо бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳақиқатдаги ҳажми туфайли вужудга келганлиги боис хўжалик суди ХПКнинг 67-моддаси ва 103-сон Қарорнинг 11-бандига асосан суд-иқтисодий экспертизасини тайинлади.

Экспертиза бажарилган ишлар ҳажмининг оширилганлигини аниқламади, у ҳақиқатда 800 млн сўмни ташкил қилган. Шу сабабли суд АЖнинг даъво талабларини қондиришдан асосли тарзда бош тортди.

ХПКнинг 120-моддасида назарда тутилган ўзининг ҳуқуқидан фойдаланиб, жавобгар 400 млн сўм асосий қарз, 4 млн сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида қарши даъво қўйди. Буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди (ФКнинг 673-моддаси). Шу сабабли асосий қарзни тўлаш тўғрисидаги даъво талаблари батамом асослангандир.

Шуни таъкидлаш лозимки, МЧЖ билан низонинг судгача тартибда ҳал қилинмаганлиги АЖнинг қўшимча харажат қилишига – қарзни бир йўла, шунингдек суд харажатларини тўлалигича тўлашига олиб келди. Қурилиш пудрати шартномасига ҳисоб-китоб қилиш муддатини узайтиришни назарда тутадиган ўзгартириш киритиш йўли билан ушбу масалани ҳал қилиш мумкин эди. Бундан ташқари, АЖ МЧЖ билан ФКда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш ёки уларни бажаришни таъминлаш усулларини (воз кечиш ҳақи, кафиллик, гаров ва бошқалар) ўзгартириш тўғрисида келишиб олиши, қарз олиши ёки ёрдамчи пудратчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши ва бошқача йўл тутиши мумкин эди.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2215 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика