Ҳаётда ҳуқуқшуносга иши тушмайдиган одам бўлмаса керак. Чунки кундалик турмушда ҳар биримиз ҳуқуқий ечимга эга бўлган кўплаб масалалар ва саволларга тез-тез дуч келамиз.
Айтайлик, оила қурдингиз, фарзанд кўрдингиз ёки янги уй сотиб олдингиз. Буларни ҳужжатлаштириш, яъни оила ҳуқуқий мақом олиши, фарзандингизга исм берилиши, мулк ҳуқуқи вужудга келиши учун адлия идораларида тегишли амалиётлар расмийлаштирилади.
Айнан шу жараёнларни эсга олсак, соатлаб навбат кутганимиз, тумонат одам орасида навбатимиз адашиб, асабийлашганимиз кўз ўнгимиздан ўтади. Аниқроқ айтганда, авваллари нотариал идора ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларига борсак, бир кунимиз кетарди.
Ушбу масалаларда аҳолига қулайлик яратиш, соҳада учраётган айрим муаммоларни бартараф этиш учун тизимга замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда. Бу жараён ўзининг қатор афзалликларини намоён этиб улгурди.
– Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази директори Шуҳрат Яминов. – Вазирликда бу борада «Justice» электрон ҳужжат айланиш тизими фаолияти йўлга қўйилди. Бу иш тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва назоратни яхшилаш имконини берди. Ҳудудий адлия идораларининг тизимга улангани соҳадаги фаолиятни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Бу қоғоз сарфи кескин қисқаришига, ишда аниқлик ошишига ва иқтисодий самарадорликка замин яратди.
Аввало, вазирлик веб-сайти модернизация қилинди. Бош саҳифанинг барча қулайликларни мужассамлаштирган янги дизайни яратилди. Унда янги бўлимлар очилиши билан бирга, сайтнинг мобиль қурилмалар учун махсус кўриниши ишга тушди. Бу борада имконияти чекланган шахслар учун ҳам қулайликлар яратилди.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – LexUz ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб янада такомиллаштирилди. Жумладан, базада ҳужжатларни излаш тизими янгиланди. Замонавий ҳамда оммабоп аndroid тизимли мобиль телефонларда ишлаш учун махсус дастурий восита ишлаб чиқилди. Янгиланиш натижасида тизим фойдаланувчилари янада ошди. Айни пайтда уларнинг сони бир ойда 150 мингдан зиёдни ташкил этаётир.
ФҲДЁ органларида «Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви» яратилди ва ягона тармоққа уланди. Бунинг аҳамияти шундаки, туғилганлик, никоҳ тузганлик билан боғлиқ маълумотлар ёки яқин кишиларнинг вафотига оид ҳужжатларни қидириш учун энди соатлаб вақт кетмайди. Электрон архив орқали уларни бир лаҳзада топиш мумкин.
Замонавий технологиялар туфайли нотариал идораларда ҳам энди навбат кутмайсиз. Нотариуслар томонидан кўрсатилаётган хизматларни тартибга солишга қаратилган вазирлик веб-сайтига жойлаштирилган «Нотариал ҳаракатлар ҳисоби» электрон дастури орқали фуқаролар нотариал идорага боришдан олдин нотариал ҳаракатларни, яъни давлат божи, ҳуқуқий хизмат ҳақи ва ҳоказоларни ўзи ҳисоблаши мумкин.
Янада аҳамиятлиси, ҳадемай нотариус қабулига электрон усулда ёзилиш орқали аниқ бир вақтда бориб ишингизни битиришингиз мумкин бўлади. Бу жараёнда бўш вақтингизга қараб нотариусни танлаш имкони ҳам бор. Чунки соҳага жорий этилаётган дастурларда қайси нотариус ҳузурида қанча одам борлиги, қайси нотариал идорада навбатда турганлар камлигини аниқлаш имконияти яратилади.
Ҳозир кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига қўйилган тақиқларни марказлашган ҳолда юритиш ва улар бўйича ҳаракатларни қайд қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот яратилди. Дастур дастлаб Тошкент шаҳар Олмазор туманида синов тариқасида ишга туширилди. Келгусида дастур янада такомиллаштирилиб, мамлакатимиз бўйлаб жорий қилинади. Бу фуқароларга автотранспорт воситаларини юртимизнинг исталган бурчагида бемалол сотиш имконини беради. Чунки бугунги кунда мулкка тақиқ қўйилмагани ҳақида фақат яшаш жойидаги нотариал идорадан маълумотнома олиш мумкинлиги айрим оворагарчиликларга сабаб бўлаётир. Янги тизимнинг ишга тушиши бундай маълумотнома талаб қилиниши бекор бўлишига олиб келади.
Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси адолат ўрнатилиши, фуқаролар ҳуқуқлари тикланишининг муҳим шартидир. Ахир ҳар қандай қарор ижроси билан кучли ва аҳамиятли. Бу жараённи тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш учун «E-Ijro» тизими яратилмоқда. Ижро ҳужжатларининг электрон маълумотлар базасини ташкил этувчи бу тизим ижро қилиниши керак бўлган ҳужжатлар ҳисобини юритиш, ижро этиш муддатларига риоя этилишини назорат қилиш, ижро ҳужжатларидаги ундирувнинг ҳисобини юритиш, статистик ҳисоботларни автоматик тарзда тайёрлашга йўл очади. Тизим алиментларни ундириш, мол-мулк қидируви, қидирув эълон қилинган қарздор шахслар, автомототранспорт воситалари, маъмурий ва жиноий жаримага тортилган шахсларни аниқлаш, архив ва ҳисоботлар, бошқа ташкилотлар билан маълумот алмашинуви ташкил қилишга имкон яратади.
Бундан ташқари, вазирлик тизимида тадбиркорлар манфаатини таъминлашга қаратилган дастурий маҳсулотлар ҳам амалиётга жорий этилган. Жумладан, Текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этишнинг электрон тизими жорий этилгани тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг зудлик билан олдини олишга хизмат қилмоқда. Чунки ҳар қандай текширувчи иш бошлашдан олдин ушбу электрон китобга ўзи ҳақидаги ва текшириш ўтказишга асос бўлган маълумотларни киритади. Маълумотлар тегишли тартибда уни мониторинг қилувчи хизматга келиб тушади ва таҳлилдан ўтади. Бу жараёнда ноқонуний текшириш автоматик равишда бир зумда аниқланади.
Қонунчилигимизда назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқаридаги масалалар бўйича текшириш ўтказгани, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги «Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган шахслар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш юзасидан интернет тармоғи орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин. Бу уларга зарур қулайлик яратган ҳолда, бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Бунинг учун интернет тармоғи орқали www.my.gov.uz ягона интерфаол давлат хизматлари порталига кирасиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг энг қисқа ва соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга доир қонунчиликка қатъий риоя этилиши адлия идораларининг доимий эътиборида. Бу борада тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи инспекциялар фаолияти доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилаётир.
Бир сўз билан айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатлари доимо давлатимиз, жамиятимиз ва қонун ҳимоясида. Ушбу мақсадда яратилаётган замонавий шарт-шароитлар ҳуқуқларимиз юксак даражада ҳимоя қилиниши ва таъминланишига хизмат қилади.
ЎзА материали асосида
тайёрланди.