Ўтган ҳафтада мамлакатимиз пойтахтида «Аудиторлик хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда аудиторлик ташкилотларининг ишчанлик фаоллигини ошириш» деган мавзуда республика конференцияси бўлиб ўтди. Унда Аудиторлик ташкилотларининг 2014 йил рейтинги натижалари эълон қилинди.
Аммо демпинг ва халқаро стандартлар тадбирнинг кун тартибида асосий масала бўлиб қолди. Демпинг кўпдан буён аудиторларни ташвишга солиб келмоқда. Биз ҳам бу муаммони газеталаримиз саҳифаларида бир неча бор кўтардик.
Конференция иштирокчилари аудитда нарх белгилаш мавзусини муҳокама этар эканлар, бу муаммони ҳал этиш учун намунавий низом ишлаб чиқиш зарур эканлигини яна бир бор таъкидладилар. Ана шу ҳужжат аудиторлик хизматлари учун нарх белгилашга доир талабларни ҳам ўз ичига олмоғи керак. Шунингдек тендер ўтказиш услубияти, аудиторлик ташкилотини танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги хусусида намунавий тавсиялар зарур. Молия вазирлиги бошқармаси бошлиғи Шарофиддин Ҳайдаровнинг фикрича, нарх белгилашни норматив ҳужжатлар ёрдамида тартибга солиб бўлмайди. Акциядорлик жамиятлари аудиторлик ташкилотларини танлашда нималарга эътибор қаратишлари жоизлиги кўрсатилган ҳолда тендерлар ўтказиш услубиятини яратиш эса, арзирли иш. Ш.Ҳайдаров, шунингдек янги норматив ҳужжатлар яратиш ҳамда амалдаги ҳужжатларни такомиллаштиришда амалиётчи мутахассислар иштирок этиши зарурлигига ҳам эътиборни қаратди. Бундай ҳужжатларнинг лойиҳалари mf.uz сайтида ҳамма эмин-эркин танишиши учун очиқдир.
Мамлакатимиз Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон, бундан буён матнда ПФ-4720-сон Фармон деб юритилади) халқаро стандартларни муҳокама этишга туртки берди. Мазкур стандартларга кўра акциядорлик жамиятларининг молиявий ҳисоботларини МҲХСга ўтказиш назарда тутилган. Бу халқаро стандартларни қўлланишни биринчи навбатдаги вазифалар даражасига қўймоқда.
Конференцияда таъкидлаб ўтилганидек, миллий стандартларда халқаро стандартлардаги мавжуд айрим тушунчалар йўқ. Бу эса молиявий ҳужжатларни мослаштиришда мутахассисларга муайян қийинчиликлар туғдирмоқда. Конференция иштирокчилари МҲХС ва АХСларни ҳар тарафлама ўрганиш, бу ишга бошқа мамлакатлардан тренерларни жалб этиш зарурлигини қайд этиб ўтдилар. Гап халқаро стандартларни давлат тилига таржима қилиш ҳақида ҳам борди. Бугунги кунда Жаҳон банки қўллаб-қувватлаши ва мадади билан 2013 йилги стандартлар таржима қилинган.
Аудиторларни халқаро стандартларга алоҳида эътибор қаратаётган САР/CIPА дастури бўйича сертификатлаштириш ҳақида ҳам борди. ПФ-4720-сон Фармон билан акциядорлик жамиятининг йиллик молиявий ҳисоботини ташқи аудитдан аудит ва молиявий ҳисобот бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ўтказиш борасида қўйилган вазифалар мутахассисларни МҲХС ва АХСни ўрганиш назарда тутилган миллий сертификатлаштиришнинг долзарблигини анчагина оширади. Шарофиддин Ҳайдаров бу йўналишда олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
2014 йилги фаолият якунлари бўйича Аудиторлик ташкилотларининг рейтинги тадбир иштирокчиларида, табиийки, катта қизиқиш уйғотди. Бу йил уни ўтказиш услубияти ўзгаришсиз қолди. Аудиторлик ташкилотлари 4 гуруҳда, яъни барча хўжалик юритувчи субъектларни текшириш ҳуқуқига эга бўлган аудиторлик ташкилотлари; халқаро аудиторлик ташкилотлари; ташаббус тарзидаги ва мажбурий тартибда текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган аудиторлик ташкилотлари; фақатгина ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувларини ўтказа оладиган ташкилотлар гуруҳлари бўйича баҳоланди. Гуруҳларда дастлабки учта биринчи ўрин қуйидаги тартибда эгалланди:
● «FTF-Audit» МЧЖ, «Nazorat-Audit» МЧЖ, «Grant Thornton» МЧЖ;
● «PraysvoterxausKupers» МЧЖ, «Ernst & Young» МЧЖ ва «Deloitte va Touche» МЧЖ;
● «Audit-Kim» МЧЖ, «Faba-Expert» МЧЖ ва «Xarakat-Audit» МЧЖ;
● «Orient Audit Group» МЧЖ, «Sata-Audit» МЧЖ, «Audit-Services Ltd» МЧЖ*.
*Рейтингга оид барча натижалар билан norma.uz сайтида танишиш мумкин.
Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.