Сиз қарзни ундириш тўғрисидаги суд қарорини олдингиз. Ойлар ўтиб ҳам пулларингизни қайтариб ололмаяпсиз. Туман суд ижрочилари бўлимига тушунтириш беришларини сўраб мурожаат қиласиз, лекин ишингиз билан шуғулланиши лозим бўлган вакилдан аниқ жавоб чиқмайди. Беғам ота алимент тўлашдан бўйин товлаган ҳолларда бундай қийинчиликлар юзага келиб туради. Қарз кўпайиб боради, бироқ қарздор ҳисоблашишга шошилмайди. Уни оталик бурчини бажаришга ундаши лозим бўлган суд ижрочиси эса ҳаракат қилмайди.
Афсуски, бундай вазиятлар учрайдиган ҳоллар оз эмас. Бироқ тушкунликка тушишга ҳожат йўқ, суд ижрочисини ҳаракат қилишга мажбурласа бўлади. Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни яхши билсангиз, бунинг уддасидан чиқасиз.
СУД ҚАРОР ҚИЛДИ. КЕЙИН НИМА БЎЛАДИ?
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киришини кутиб туринг. Шуни эслатиб ўтамизки, суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят берилмаган ёки протест келтирилмаган бўлса, апелляция шикояти бериш ва протест келтириш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради (Фуқаролик процессуал кодексининг 217-моддаси, кейинги ўринларда – ФПК). Суднинг ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан 20 кун ичида апелляция тартибида шикоят бериш мумкин (ФПКнинг 320-моддаси).
Суднинг ҳал қилув қарори одатда қонуний кучга киргандан кейин ижрога қабул қилинади. Бироқ бу қоидадан ҳам истиснолар мавжуд. ФПКнинг 219-моддасига мувофиқ суднинг қуйидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши шарт:
1) алиментлар ундириш тўғрисидаги;
2) ходимга 3 ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги;
3) майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етиши, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарни қоплаш учун тўловлар ундириш тўғрисидаги;
4) меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги;
4-1) сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги;
5) судда ишни кўриш вақтида жавобгар даъвони бутунлай ёки қисман тан олганлигига қараб, тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилган талаблар бўйича.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон, кейинги ўринларда – 258-II-сон Қонун) билан суд ҳужжатини ижро этишга қаратишнинг умумий тартиби белгиланган. Унга мувофиқ ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг ундирувчига берилади (ФПКнинг 371-моддаси). Суд айрим фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори бўйича ижро варақасини ундирувчининг илтимосига асосан бевосита ижро органига юбориши мумкин (ОС ва ОХС қўшма Пленумининг 10.04.2009 йилдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида»ги 06/196-сон Қарорининг 4-банди).
Ижро варақасини олгач, уни ва ижро иши қўзғатиш тўғрисидаги аризани Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг қарздор жойлашган жойдаги ҳудудий бўлинмасига олиб боринг.
Аслида, ижро ҳужжатини дарҳол ундирувга қаратмаслик ҳам мумкин. Қонунда назарда тутилишича, бунинг учун етарлича муддат – 3 йил берилади (ФПКнинг 377-моддаси). Бироқ бу ишни орқага ташламаган маъқул. Нотариал ишончнома расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатларни шахсан олиб бориш ёки учинчи шахс орқали етказиш мумкин. Уларни қўйилманинг рўйхатини илова қилиб, буюртма хат орқали юбориш мумкин.
Қонун билан суд ижрочисига ҳужжатларингизни олган кундан эътиборан суд ишини қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариши учун 3 кун белгиланган. У қарор нусхасини ундирувчига, қарздорга ва судга юбориши шарт (258-II-сон Қонуннинг 23-моддаси). Суд ижрочиси қарздорга даъво талабларини ихтиёрий равишда ижро этиш учун 5 кунлик муддат белгилаши мумкин (258-II-сон Қонуннинг 71-моддаси; Ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги суд ижрочилари қарорларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг ундирилишини назорат қилиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг1 6-банди).
Қонунда қарзни ундириш учун 2 ой назарда тутилган. Бироқ амалда бу муддат бир неча бор узайтирилиши мумкин.
УНИНГ МАЖБУРИЯТИГА КИРАДИ
Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, суд ижрочиси ўз ваколатларини бажаришда етарлича саъй-ҳаракат қилмайди, қарздорга баъзи-баъзида чақирув қоғозлари жўнатиш ва қўнғироқ қилиш билан кифояланади. Шу боис ундирувчи суд ижрочиси қилиши лозим бўлган ишлар фақат шулардан иборат эмаслигини билиши керак. 258-II-сон Қонуннинг 86-моддаси ҳамда Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 (кейинги ўринларда – 1091-сон Низом) 10-бандига мурожаат қиламиз, уларда ижро ишида ижрочининг ҳаракатлари кўрсатилган.
Биринчидан, у қарздорга тегишли мол-мулкни, шу жумладан унинг қимматли қоғозлари ва банкдаги ҳисобрақамидаги пул маблағлари ҳақида зарур ахборотларни сўраб-суриштиришга ваколатлидир. Иккинчидан, қарздорнинг банк ҳисобрақамларини хатлашга ҳақли. Агар пул маблағлари етарли бўлмаса, суд ижрочиси мол-мулкни хатлайди, оқибатда ушбу мол-мулк даъвони қондириш учун қонуний тартибда реализация қилиниши мумкин. Учинчидан, суд ижрочисига қарздорнинг қаердалиги маълум бўлмаган тақдирда, ички ишлар органларини жалб этган ҳолда уни қидириши мумкин ва шарт. Булар суд ижрочиси амалга оширишга ҳақли бўлган ҳаракатларнинг ҳаммаси эмас.
Кўриб турганингиздек, ушбу тузилма вакилларида қарздорга таъсир ўтказиш бўйича етарлича ҳуқуқ берилган. Суд ижрочисининг ўзи ишининг самарасизлиги сабабини ишлари ҳаддан ташқари кўплиги билан изоҳлайди. Шунга қарамай, ундирувчи ундан касбий мажбуриятларини бажаришини талаб қилишга ҳақли.
ХОҲЛАМАЯПТИМИ? – МАЖБУРЛАШ КЕРАК
Сизнинг ишингиз эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун суд ижрочисининг ҳузурига тез-тез бориб туринг. Жараённи ўз назоратингизга олинг. Суд ижрочиси ишингизни унутиб қўйишига йўл қўйманг. Сиз танишиб чиқишга тўлиқ ҳақли бўлган ижро иши материалларини сўранг (258-II-сон Қонуннинг 11-моддаси; 1091-сон Низомнинг 16-банди). Суд ижрочисига кўмаклашинг, қарздор билан алоқа боғлаш тўғрисидаги маълумотлар ва реквизитлари ҳақидаги ахборотни тақдим қилинг. Агар у яширинаётган бўлса, суд ижрочисига қарздорни қидирувга бериш ҳақида эълон қилиш тўғрисидаги ёзма ариза билан мурожаат қилинг. Бундан ташқари, унинг номига қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва мамлакатдан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида илтимос қилинган аризаларни ёзинг (258-II-сон Қонуннинг 42-1-моддаси; Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳамда Суд департаменти, ички ишлар идоралари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисида низом3). Зарур маълумотга эга бўлиш учун қарздор билан ўзингиз ҳам алоқа қилиб туринг.
ҚАЕРГА ВА ҚАНДАЙ ШИКОЯТ ҚИЛИШ КЕРАК
Агар суд ижрочиси билан ҳамкорлик қилишга уринишларингиз самара бермаган бўлса, юқори турувчи органга мурожаат қилишингиз мумкин.
Шикоят билан мурожаат қилиш мумкин бўлган биринчи инстанция суди ижрочининг бевосита раҳбари ҳисобланади. Агар у қўл остидаги ходимни қувватласа, у ҳолда сиз Суд қарорларини ижро этиш бўйича шаҳар департаментига шикоят қилишга ҳақлисиз. Сиз шикоятни департаментнинг suddep.uz расмий сайти орқали берсангиз ҳам бўлади. Сайтнинг «Суд департаментига мурожаатлар» бўлимида шикоятни расмийлаштириш учун махсус бланкалар мавжуд. Мурожаат учун яна бир манзил – my.gov.uz – интерактив давлат хизматлари ягона порталидир.
Агар суд ижрочисининг сусткашлигига сабаб пора олганида ёки қарздордан олинган пулларни ўзлаштириб олганида дея шубҳалансангиз, прокуратурага мурожаат қилинг. Бундай далилларни исботлаш анча мушкул. Бироқ қатъий ҳаракатингиз суд ижрочисини ниятингиз жиддий эканлиги ҳақида ўйлаб кўришга ундайди.
Ниҳоят, суд ижрочисининг ҳаракатсизлигини ноқонуний деб тан олиш ҳақидаги илтимос билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Асосийси – «Сендан ҳаракат, мендан баракат»деган нақлга амал қилинг. Ундирувчи сифатида самарали натижадан авваламбор сиз манфаатдорсиз.
1Адлия вазирининг АВ томонидан 24.11.2007 йилда 1741-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2Адлия вазирининг АВ томонидан 29.12.2001 йилда 1091-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
3АВ, ИИВ ва МХХнинг АВ томонидан 25.08.2009 йилда 1997-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Profi» эксперти.