2015 ЙИЛНИНГ 1 АПРЕЛИДАН АЛКОГОЛЛИ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИГА ЯНГИ НАМУНАДАГИ АКЦИЗ МАРКАЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тамаки маҳсулотларига ва спиртли ичимликларга акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги Қарорига (14.08.1996 йилдаги 285-сон) асосан, 1996 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган тамаки маҳсулотларини ва спиртли ичимликларни (пиводан ташқари) мажбурий равишда акциз маркалари билан маркалаш ҳамда ушбу маҳсулотларни акциз маркаларисиз сотишни тақиқлаш белгиланган.
Президентимизнинг «Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (7.11.2006 йилдаги ПҚ-505-сон) мувофиқ, 2007 йилнинг 1 апрелидан бошлаб алкоголли ва тамаки маҳсулотларига дизайни ўзгартирилган, қўшимча даражада муҳофаза қилинган янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш ҳамда бундан буён акциз маркаларини ҳар 2 йилда янгилаш тартиби назарда тутилган эди.
Мазкур Қарорга мувофиқ ҳамда алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори (11.02.2015 йилдаги 20-сон, кейинги ўринларда – 20-сон Қарор) қабул қилинди.
20-сон Қарорга кўра, 2015 йил 1 апрелдан бошлаб алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига дизайни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга бўлган янги намунадаги акциз маркалари жорий этилди.
Эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланиши ва белгиланган тартибда олиб қўйилиши белгиланди.
Жорий этилаётган янги намунадаги акциз маркалари эски намунадагисига нисбатан ихчамроқ бўлиб, уларнинг ўлчами 160 х 18 мм ни ташкил этади (эски намунадаги акциз маркаларининг ўлчами 160 х 20 мм ни ташкил этган).
Шу билан бирга, янги намунадаги акциз маркаларининг ҳимоя элементлари эски намунадагисига нисбатан янада кўпайтирилди ва кучайтирилди. Жумладан, алкоголли маҳсулотларнинг янги намунадаги акциз маркаларининг дизайнида қўлланиладиган ҳимоя элементлари сони 25 тага етказилди (эскисида улар 22 тани ташкил этган).
Бундан ташқари, янги намунадаги акциз маркаларида QR-код кўринишидаги ҳимоя элементига ҳам қўшимча маълумот киритилган бўлиб, эндиликда харидорлар Mobiletang, QuickMark ва ҳ.к. дастурли андроид ёки симбиан операцион тизимига эга бўлган уяли алоқа телефони орқали шифрланган коддан маҳсулотни ишлаб чиқарган завод номи, алкоголли ичимлик номи, завод коди, алкоголли ичимлик коди каби маълумотлар билан бир қаторда, «IMPORT» ёки «O’ZVINSANOAT-XOLDING XK» маълумотларига ҳам эга бўлишлари мумкин.
Ўз навбатида, тамаки маҳсулотларининг янги намунадаги акциз маркаларининг дизайнига ҳам ўзгаришлар киритилган бўлиб, ҳимоя элементлари сони 12 тага етказилди (эски намунадагисида ҳимоя элементлари 11 та бўлган).
Қўшимча ҳимоя элементи «Флуоресцент эффекти билан гильошли тасвир» бўлиб, акциз маркаларининг янги дизайнида гильошли тасвир бўёғи флуоресцент эффектига эга – ультрабинафша нурлари таъсирида бўёқ ҳаво рангда товланади.
Янги намунадаги акциз маркаларига қўшимча ҳимоя элементлари киритилиши муносабати билан уларнинг нархлари кўриб чиқилиб, алкоголли маҳсулотлар учун акциз маркасининг номинал қиймати 25 сўм 60 тийин ва тамаки маҳсулотлари учун номинал қиймат 9 сўм 30 тийин даражасида тасдиқланди.
Шу ўринда маълумот тариқасида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтказиш мақсадида қалбаки акциз маркаси ясаш ёки уларни ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.
Янги намунадаги акциз маркаларининг жорий этилиши муносабати билан эски намунадаги акциз маркалари қайси давргача амалда бўлиши, қандай тартибда янги намунадаги акциз маркаларига алмаштирилиши, амал қилиш муддати тугагандан кейин эски маркалар ёки улар билан маркаланган маҳсулотларнинг қолдиқлари нима қилиниши тўғрисида кўплаб саволлар келиб тушади.
Ушбу масалалар Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 3.03.2004 йилда 1320-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда Ўзбекистон Республикасида тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 7.01.1999 йилда 589-сон рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Хусусан, 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига «Агробанк» ОАТБ минтақавий бўлинмаларида мавжуд бўлган эски намунадаги акциз маркалари қолдиқлари бўйича инвентаризация таркибида солиқ ва молия органлари, акциз маркалари тегишли бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импортчиларнинг вакиллари ҳамда тегишли банкнинг масъул ходими (раҳбарияти, бухгалтерия ходими ва акциз маркалари учун моддий жавобгар шахс) бўлган комиссия томонидан ўтказилади ва шу куннинг ўзида импортчиларга тегишли эски намунадаги акциз маркалари қолдиқлари куйдириш йўли билан йўқ қилинади. 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг «Агробанк» ОАТБ минтақавий бўлинмаларида мавжуд бўлган эски намунадаги акциз маркалари қолдиқлари эса, уларга 2015 йилнинг 1 августига қадар эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган маҳсулотларни сотишга рухсат этилганлиги сабабли «Агробанк» ОАТБ минтақавий бўлинмалари ихтиёрида қолдирилади.
Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда жорий йилнинг 1 апрелида эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган маҳсулотлар ҳамда ишлатилмаган акциз маркалари қолдиқлари тегишли комиссия томонидан саноқдан ўтказилади. Саноқдан ўтказиш комиссияси таркибига ишлаб чиқарувчи корхона рўйхатдан ўтган ҳудуддаги солиқ ва молия органлари вакиллари ҳамда ишлаб чиқарувчи корхона маъмурияти вакиллари, акциз маркалари учун масъул жавобгар шахслар ва бухгалтерия ходимлари киритилади.
Комиссия таркиби корхона раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади. Саноқдан ўтказиш натижалари (белгиланган намунадаги хатлаш далолатномаси билан расмийлаштирилади) акциз маркаларини ҳисобга олиш маълумотлари билан солиштирилиб, тегишли далолатномалар тузилади. Акциз маркалари камомади учун инвентаризация ўтказилаётган корхона раҳбарияти ва моддий жавобгар шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади. Инвентаризациянинг тўғри ва ўз вақтида ўтказилиши ҳамда уни ўтказиш тартибига риоя этилиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда Комиссия жавобгардир.
Янги намунадаги акциз маркалари жорий этилганидан кейин алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган маҳсулотларни сотишни эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашидан беш ой олдин (2015 йил 1 августга қадар) тўхтатишини инобатга олган ҳолда инвентаризация натижасида 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига ишлаб чиқарувчи корхоналардаги эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган маҳсулотлар ва ишлатилмаган эски намунадаги акциз маркалари қолдиқлари корхона ихтиёрида қолдирилади.
Ишлаб чиқарувчи корхоналарда эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган алкоголли ва тамаки маҳсулотлари мавжуд бўлганда, мазкур товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда (2015 йил 1 август ҳолатига) тайёр маҳсулот қолдиқлари янги намунадаги акциз маркалари янгидан ёпиштирилиб, товарлардан эски намунадаги акциз маркалари олиб ташланади.
Товарлардан олиб ташланган акциз маркалари ва эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда (2015 йил 1 август ҳолатига) қайд этилган, фойдаланилмаган эски намунадаги акциз маркаларининг қолдиқлари корхонада ташкил этиладиган комиссия томонидан куйдириш йўли билан йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.
Савдо ташкилотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий қилинганидан сўнг 9 ой мобайнида эски маркалар билан маркаланган маҳсулотлар сотишлари мумкин.
2016 йилнинг 1 январь ҳолатига савдо ташкилотларида инвентаризация қилиш пайтида амал қилиш муддати ўтиб кетган акциз маркалари билан маркаланган алкоголли ва тамаки маҳсулотлари қонунчиликка мувофиқ олиб қўйилади ва Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 15.07.2009 йилдаги 200-сон Қарори билан тасдиқланган) 13-бандига кўра белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-иловасига мувофиқ, алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли рухсатномаларсиз ишлаб чиқарилиши ва сотилиши, шунингдек акциз маркалари мавжуд эмаслиги ёки қалбакилаштирилиши далиллари тўғрисида ишончли маълумотлар мавжудлигида бунга ваколати бўлган солиқ ва бошқа органлар томонидан муомаладан ушбу маҳсулотлар қонун билан белгиланган тартибда тезкор олиб қўйилишини амалга ошириш назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш (вилоят комиссиялари) билан қўшимча келишувсиз амалга ошириладиган назорат функциялари жумласига киритилган.
Мол-мулкни (юқоридаги маҳсулотларни) олиб қўйиш ваколатли орган мансабдор шахси томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосларда амалга оширилади, бу тўғрисида ваколатли орган мансабдор шахси томонидан протокол тузилиб, унда тегишли маълумотлар кўрсатилади (Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3 ва 4-бандлари).
Шунингдек, мазкур Низомга мувофиқ, олиб қўйилган алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ваколатли орган чиқарган тегишли қарор асосида Суд департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлими томонидан белгиланган тарзда йўқ қилиб ташланади.
Давронбек ҚУРБОНОВ,
Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Қўшимча киритилган ҳимоя элементлари қуйидагилардан иборат:
1. |
Акциз маркасининг чап томонида алкоголли маҳсулот номи билан QR-код оралиғида +47°С ва ундан юқори ҳароратда йўқолиш хусусиятига эга бўлган саккиз қиррали юлдуз кўринишидаги элемент чоп этилган. Ушбу ҳимоя элементи маҳсулот ҳарорати +47°С дан пасайганда яна пайдо бўлади.
2. |
Ўзгарувчан бўёқ – акциз маркасининг янги дизайнидаги ўзгарувчан бўёқ икки ҳимоя элементига эга:
а) ранг ўзгаришининг кўринувчанлик эффекти;
б) инфрақизил нурланишда антистокс эффекти (махсус асбоб билан текширилади).