Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 13 / Илтимосингизга кўра

Таълим кредити: ҳуқуқлар, имтиёзлар

Бир неча йил аввал «СБХ»да ўқиш ҳақини тўлашда имтиёзни қўллашга доир жуда фойдали қўлланма чоп этилган эди. Уни кўз қорачиғимдек асрардим. Бироқ 2 йил давомида ушбу имтиёздан фойдаланадиган ҳолатлар учрамади, ҳамкасбларимизнинг баъзилари эса бу борада қийинчиликларга тўқнаш келди. Эслатмани кўриб чиқиш учун берганимча қайтиб ололганим йўқ.

Бу йил 2 нафар ходимимиз фарзандларини олий ўқув юртларида ўқитмоқдалар. Бири компаниядан қарз олди, иккинчиси банкда кредит расмийлаштирди. Уларнинг даромадларига имтиёзни қандай қўллаш мумкин?

Мазкур масала юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келадиган тушунтиришларни қайтадан беришингизни сўрайман.

Г.Абдуллова,

МЧЖ бош бухгалтери. Тошкент ш.

 

Таҳририятдан. Биз ўқувчиларимизнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўзининг ёки фарзандларининг (26 ёшгача бўлган) таълим олиши учун ҳақ тўлашда имтиёзни қўллашга доир мурожаатларидан биттасини келтирдик, холос. «Norma Ekspert» мутахассислари ушбу мавзудаги масалаларни таҳлил қилиб, солиқ тўловчининг ён дафтарида имтиёзни қўллашга доир тушунтиришларни тайёрладилар.

 

БИЛИМ ОЛИШГА ИНВЕСТИЦИЯ ҚИЛИБ, ИМТИЁЗГА ЭГА БЎЛИНГ

Имтиёз Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун ҳақ тўлайдиган жисмоний шахслар учун назарда тутилган. Улар таълим олиш учун йўналтирадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган (Солиқ кодекси 179-моддасининг 31-банди, бундан кейинКодекс). Имтиёз солиқ чегирмаси, яъни солиқ солинадиган даромадларни олий ўқув юртида ўқиш учун сарфланган маблағлар суммасига камайтириш кўринишида қўлланади. Уни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом1 (бундан кейин – 2107-сон Низом) билан белгиланган.

Солиқ чегирмасини Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олишга ҳақ тўлагандагина қўллаш мумкин. Ундан таълим олувчининг ўзи, шунингдек унинг ота-онаси фойдаланиши мумкин. Бошқа қариндошлар (ака-ука, опа-сингил, амма-хола, амаки-тоға ва бошқалар) имтиёзни қўллай олмайдилар.

Ота-она ўз фарзандининг ўқиши учун ҳақ тўлаётганда унинг ёшини ҳисобга олиш керак – у 26 ёшдан ошмаган бўлиши лозим, акс ҳолда имтиёз қўлланмайди. Бироқ шундай вазият ҳам юзага келиши мумкинки, ўқишга ҳақ тўлаш чоғида фарзанд 25 ёшда бўлиши, ҳақи тўланган семестр (йил) давомида эса у 26 ёшга тўлиши мумкин. Бу ҳолда имтиёзни қўллаш имконияти ҳақ тўлаш усулига боғлиқ.

Таълим олувчининг ўзи ҳақ тўлаганда у ёшга доир чекловсиз қўлланади.

Имтиёз ўқиш учун тўлов қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилганда тақдим этилади:

ота-онанинг (таълим олувчиларнинг) ўз маблағлари;

тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари;

корхоналар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан, масалан, қарз шартномаси бўйича берилган маблағлари.

Уч томонлама контракт (олий ўқув юрти–корхона–талаба) бўйича ҳақ тўланганда, агар корхона талаба ёки унинг ота-онасидан олий ўқув юртига ўтказилган суммани ушлаб қолаётган бўлса, солиқ чегирмаси қўлланади.

Талабанинг таълим олиши учун олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича корхонанинг мазкур суммаларни ходимдан кейинчалик ушлаб қолмаган ҳолда ҳақ тўлаши корхонанинг харажати ҳисобланади (Кодекс 171-моддаси иккинчи қисмининг 11-банди). Бу ҳолда солиқ чегирмаси қўлланмайди.

Таълим учун ҳақ тўлаш усулига қараб солиқ чегирмаси даромадлар олинадиган жойда (тўлов манбаида) ёки жами йиллик даромадни декларациялаш чоғида қўлланиши мумкин.

 

ТАЪЛИМ ОЛИШДА СОЛИҚ ЧЕГИРМАСИ АЛБАТТА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ

2107-сон Низомга мувофиқ солиқ чегирмасини қўллаш мақсадида олий ўқув юрти деганда олий таълимнинг таълим дастурларини (бакалавриат ва магистратура) амалга оширадиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган, ўз устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом2 асосида фаолият юритувчи юридик шахс тушунилади.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларининг қуйидаги турлари белгиланган: университет, академия, институт (уларга тенглаштирилган олий таълим муассасалари). Таълим дастурларини амалга оширадиган Ўзбекистон олий ўқув юртлари белгиланган тартибда давлат аттестациясидан, ундан кейин эса аккредитациядан ўтишлари шарт. Аттестация ва аккредитациядан ўтган, уларда таълим олиш солиқ чегирмасини қўллаш имконини берадиган олий ўқув юртларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади.

 

ТЎЛОВ МАНБАИДА СОЛИҚ ЧЕГИРМАСИ

Жисмоний шахсга даромад тўлайдиган корхона тўлов манбаи ҳисобланади. Тўлов манбаида солиқ чегирмаси қуйидаги ҳолларда қўлланади:

иш берувчи солиқ солинадиган даромадни (иш ҳақи, мукофотлар ва бошқаларни) ҳисоблаб ёзиб, уни (ёки унинг бир қисмини) ўқиш ҳақини тўлаш учун олий ўқув юртига ўтказганда;

тўланган суммаларни жисмоний шахснинг даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан корхона ўқиш учун ҳақ тўлаганда;

тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига жисмоний шахснинг даромадлари ўтказиб берилганда.

2107-сон Низомнинг 11-бандига мувофиқ ходим имтиёзни қўллаш учун корхона бухгалтериясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги ариза;

талаба (талабалар) билан республика олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Уларни олган корхона раҳбари буйруқ чиқаради, унга асосан бухгалтерия зарур суммани олий ўқув юртига ўтказиб, солиқ чегирмасини қўллайди.

 

ЎЗ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

Агар ходимга (ота-онага ёки таълим олувчининг ўзига) ҳисоблаб ёзилган даромадлар суммаси ушбу маблағлар ҳисобига таълим олиш учун бир йўла ҳақ тўлашга етарли бўлса, бу вариантни қўллаш имкони бўлади.

Юқорида айтилганидек, солиқ чегирмаси – ходимнинг солиқ солинадиган даромадларини таълим олиш учун ҳақ сифатида ўтказилган маблағлар суммасига камайтириш. Тўлов манбаида мазкур имтиёзни қўллаётганда у фақат жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тақдим этилганлигини ёдда тутиш лозим. Ушбу имтиёз фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларига нисбатан қўлланмайди. Бунинг маъноси шуки, ўзининг ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг таълим олиши учун ҳақ тўлашга йўналтирилган, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга фақат ЖШДС солинмайди, улардан ижтимоий суғурта умумий тартибда белгиланган ставкада (2015 йилда – 7%) ушланади.

ШЖБПҲга мажбурий ажратмаларга келсак, улар ходимнинг солиқ солинадиган даромадларидан ушланади. Тегишинча, ЖШДС бўйича, шу жумладан таълим олиш учун ҳақ тўлашда имтиёз мавжуд бўлганда, ШЖБПҲга ажратмалар ЖШДС солинадиган даромадлар суммасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

 

1-МИСОЛ. 2015 йил январь ойи учун ходимага 3 800 минг сўм ҳисоблаб ёзилди, шу жумладан иш ҳақи – 2 300 минг сўм, йиллик мукофот – 1 500 минг сўм. Ходима январь ойи учун 3 500 минг сўм миқдоридаги даромадларининг бир қисмини 20 яшар қизининг 2014/2015 ўқув йили иккинчи семестри учун олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлашга ўтказиш ҳақида бухгалтерияга ариза тақдим этди.

Ходиманинг январь ойи учун даромадларидан солиқни ҳисоб-китоб қилишда бухгалтерия 3 500 минг сўм миқдоридаги солиқ чегирмасини қўллайди. Тегишинча, ЖШДС 300 минг сўмдан (3 800 – 3 500) ушланиб, 15 436 сўмни ((300 000 – 118 400) х 8,5%) ташкил этади. 2015 йилда ШЖБПҲга ажратмалар ҳар ой учун «0» ставкасида (ЭКИҲнинг 1 баравари) солиқ солинадиган суммага камайтирилган солиқ солинадиган даромаддан ҳисоб-китоб қилинади (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 9-илова). Шу тариқа, январь ойи учун ШЖБПҲга бадал 1 816 сўмни ((300 000 – 118 400) х 1%) ташкил этади. Бюджетга 13 620 сўм миқдорида солиқ ўтказилади.

 Фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида ходимага ҳисоблаб ёзилган барча даромадлардан (иш ҳақи + мукофот) ушланади. Улар 266 минг сўмни (3 800 х 7%) ташкил этади. Шу тариқа, январь ойи учун ходимага 18 564 сўм (3 800 000 – 3 500 000 – 15 436 – 266 000) тўлаши керак.

 

2-МИСОЛ. 20 яшар Н.Икромовнинг 2014/2015 ўқув йили иккинчи семестри учун ТДЮУда таълим олиш ҳақи 3 725 минг сўмни ташкил этади.

2015 йил февраль ойи учун унинг отаси А.Икромовга қуйидагилар ҳисоблаб ёзилди:

иш ҳақи – 1 800 минг сўм;

овқатланиш учун қўшимча тўлов – 240 минг сўм;

мукофот – 2 300 минг сўм;

шахсий автомобилидан фойдаланганлик учун компенсация (меъёр доирасида) – 414,4 минг сўм.

Январь ойида унинг солиқ солинадиган даромади 2 040 минг сўмни, ЖШДС – 337,776 минг сўмни, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 19,216 минг сўмни ташкил этди.

А.Икромовнинг февраль ойи учун солиқ солинадиган даромадлари суммаси – 4 340 минг сўм ўғлининг ўқишига ҳақни тўлиқ тўлаш имконини беради. Агар ходим ариза билан мурожаат қилса, раҳбар буйруқ чиқаради, унинг асосида бухгалтерия солиқ чегирмасини қўллайди, олий ўқув юртининг ҳисобрақамига керакли суммани ўтказади ва ходимга қолган қисмини тўлайди.

 

Ходимнинг аризасини қуйидаги тарзда расмийлаштириш мумкин:

 

Намуна

«Линия» МЧЖ директори Назаров А.К.га

муҳандис-иқтисодчи Икромов А.Ю.дан

Ариза

Мен, Икромов Алишер Юнусович, 2015 йил февраль ойи учун менга ҳисоблаб ёзилган даромадлар ҳисобидан ўғлим Икромов Нодир Алишеровичнинг 2014/2015 ўқув йили иккинчи семестри учун таълим олишига Тошкент давлат юридик университетининг _______-сон ҳисоб-китоб рақамига 05.09.2014 йилдаги 280-сон контрактга мувофиқ 3 725 000 (уч миллион етти юз йигирма беш минг) сўм ўтказишингизни сўрайман.

Мазкур аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қиламан:

Тошкент давлат юридик университети билан тузилган контракт нусхаси (05.09.2014 йилдаги 280-сон контракт);

Икромов Нодир Алишеровичнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси ва паспорти нусхаси.

10.02.2015 й.

имзо

 

 

Раҳбарнинг буйруғини қуйидагича расмийлаштириш мумкин:

 

Намуна

«Линия» МЧЖ

15-сон буйруқ

2015 йил 11 февраль                                                                                        Тошкент ш.

«Ходимнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларини олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлашга ўтказиш тўғрисида»

Муҳандис-иқтисодчи Икромов А.Ю.нинг 10.02.2015 йилдаги аризаси муносабати билан

БУЮРАМАН:

Бухгалтерия 2015 йил 5 мартгача Икромов Алишер Юнусовичнинг 2015 йил февраль ойи учун 3 725 000 (уч миллион етти юз йигирма беш минг) сўм миқдоридаги иш ҳақини Икромов Нодир Алишеровичнинг таълим олиши учун 05.09.2014 йилдаги 280-сон контрактга мувофиқ Тошкент давлат юридик университетининг _______-сон ҳисоб-китоб рақамига ўтказсин.

Асос:

Икромов Алишер Юнусовичнинг 10.02.2015 йилдаги аризаси;

Икромов Нодир Алишеровичнинг таълим олиши учун ТДЮУ билан тузилган 05.09.2014 йилдаги 280-сон контракт.

Директор: Назаров А.К. имзо ______

Буйруқ билан танишдим: Икромов А.Ю. имзо _______

 

 

Мисолга кўра ходимнинг февраль ойи учун даромади 4 340 минг сўмга тенг. Шундан 3 725 минг сўми – солиқ чегирмаси, 615 минг сўмга (4 340 – 3 725) эса ЖШДС солинади.

2015 йил январь–февраль ойлари учун ЖШДС ходимнинг йил бошидан солиқ солинадиган 2 655 минг сўм даромадидан (2 040 + 615) келиб чиқиб февраль ойи шкаласи бўйича ҳисобланади ва 347 802 сўмни (281 792 + (2 655 000 – 2 368 000) х 23%), шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 24 182 сўмни ((2 655 000 – 118 400 х 2) х 1%) ташкил этади. Февраль ойи учун ЖШДС 10 026 сўмни (347 802 – 337 776), бу суммадан ШЖБПҲга ажратмалар – 4 966 сўмни (24 182 – 19 216) ташкил этади, бюджетга 5 060 сўм (10 026 – 4 966) ўтказилади. Февраль ойи учун суғурта бадали миқдори – 303,8 минг сўм (4 340 000 х 7%). Февраль ойи учун ходимга 301 174 сўм иш ҳақи (4 340 000 – 3 725 000 – 10 026 – 303 800) ва 414 400 сўм шахсий автомобилидан фойдаланганлик учун компенсация тўланади. 

 

Олий ўқув юртига ходим даромадларидан тўловнинг ўтказилиши ҳисобда қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма
(минг сўм)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ходимга иш ҳақи, мукофот, овқатланишга қўшимча тўлов ҳисобланди

 

4 340

 

2010

9430

6710

 

Ходимга хизмат мақсадларида шахсий автомобилидан фойдаланганлик учун компенсация ҳисобланди

 

414,4

 

9430

 

6990

 

Олий ўқув юртида ўқиш учун ҳақ ўтказилди

 

3 725

 

6710

 

5110

 

Февраль ойи учун ушлаб қолинди:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ш.ж. ШЖБПҲга ажратмалар)

суғурта бадали

10,026

303,8

6710

 

6410

6520

Тўланди:

ходимга иш ҳақи

автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация

301,174

414,4

6710

6990

5010

 

 

 

Солиқ чегирмасини даромад тўлаш манбаи – иш берувчи меҳнат шартномасига кўра, буюртмачи – фуқаролик-ҳуқуқий шартномага кўра, ижара ҳақи тўлайдиган ижарачи – ижара шартномасига кўра қўллайди ва ҳ.к. Асосий шарт – ўқиш ҳақини тўлашга жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларини йўналтириш. Шу сабабли ўқиш ҳақини тўлашга ўз дивидендларини йўналтирган муассис ҳам имтиёзни қўллаши мумкин. Бироқ бунда мазкур ҳолларнинг ҳар бирида даромадларга солиқ солинишининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиш зарур. Чунончи, асосий бўлмаган иш жойида ЖШДС шкала бўйича ушлангандагина солиқ чегирмаси қилиниши мумкин. Агар ўриндошнинг аризасига кўра солиқ энг юқори ставкада ушланса, тўлов манбаи Кодекснинг 186-моддасига асосан имтиёзни қўллашга ҳақли эмас. Бироқ ўриндош ходим ДСИда декларациялаш чоғида имтиёздан фойдаланиши мумкин.

Ҳисобланган дивидендлар ёки ижарадан олинган даромадлар ҳисобига ўқиш ҳақи тўланганда солиқ чегирмаси олий ўқув юртига йўналтирилган бутун суммага нисбатан қўлланади. Биринчи ҳолатда у 10%лик ставкада солиқ солинадиган дивидендлар суммасини, иккинчи ҳолатда – ЖШДСнинг белгиланган энг кам ставкасида (2015 йилда – 8,5%) солиқ солинадиган даромадни камайтиради.

 

3-МИСОЛ. МЧЖ муассисига (корхона ходими эмас) 15 000 минг сўм дивиденд ҳисоблаб ёзилди. У ушбу суммадан 3 400 минг сўмни ўғлининг олий ўқув юртида ўқиши учун ҳақ тўлашга ўтказиш тўғрисида бухгалтерияга ариза (керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда) тақдим этди.

Корхона бутун суммага (3 400 минг сўм) солиқ чегирмасини қўллайди. Солиқ солинадиган дивидендлар суммаси 11 600 минг сўмни (15 000 – 3 400), ЖШДС – 1 160 минг сўмни (11 600 х 10%) ташкил этади. Муассисга 10 440 минг сўм тўланади.

 

4-МИСОЛ. Корхона жисмоний шахсдан (ўзининг ходими эмас) савдо қилиш учун хонани ижарага олади. Шартномага кўра ижара ҳақи ойига 3 000 минг сўмни ташкил этади. Ижарага берувчининг аризасига кўра февраль ойида ижара ҳақидан унинг қизининг олий ўқув юртида ўқиши учун 2 700 минг сўм ўтказилган. Ариза билан бирга олий ўқув юрти билан тузилган шартнома ва талаба қизининг паспорти нусхалари тақдим этилган.

Корхона ўқиш ҳақини тўлашга олий ўқув юртига йўналтирилган сумма – 2 700 минг сўмга имтиёзни қўллайди. Бинобарин, февраль ойи учун солиқ ушланадиган ижара ҳақи суммаси 300 минг сўмни (3 000 – 2 700), ЖШДС эса – 25,5 минг сўмни (300 х 8,5%) ташкил этади. Ижарага берувчига 274,5 минг сўм тўланади.

 

5-МИСОЛ. Ходимга январь ойида: иш ҳақи – 2 400 минг сўм, овқатланиш учун қўшимча тўлов – 300 минг сўм ҳисобланди. Корхона ундан ойига 1 800 минг сўмга хонани ижарага олади. Ходим 3 200 минг сўм миқдоридаги даромадларидан қизининг ўқув йили иккинчи семестрида олий ўқув юртида ўқиши учун ҳақ ўтказиш тўғрисида ариза берди. Ходим аризада ўқиш ҳақини тўлашга иш ҳақи ва овқатланиш учун қўшимча тўлов ўтказилиши, қолган қисми эса ижара ҳақи ҳисобига ўтказилиши кераклигини кўрсатди.

Бир ойдаги даромадларнинг умумий суммаси (4 500 минг сўм) ўқиш учун бир йўла ҳақ тўлаш имконини беради. Бироқ улар ҳар хил тўловлар эканлиги сабабли солиқ чегирмаси ўзига хос равишда қўлланади. Имтиёз фақат ЖШДС бўйича тақдим этилганлиги учун иш ҳақи ва овқатланиш учун қўшимча тўлов суммасидан суғурта бадали – 189 минг сўм (2 700 х 7%) ушланиши керак. Корхона суғурта бадали – 2 511 минг сўмни (2 700 – 189) чегирган ҳолда даромад суммасига солиқ чегирмасини қўллайди. 8,5%лик ставкада солиқ солинадиган ижара ҳақи қолган қисм – 689 минг сўмга (3 200 – 2 511) камайтирилади, ундан ЖШДС 94,435 минг сўмни ((1 800 – 689) х 8,5%) ташкил этади. Суғурта бадали суммасидан (189 минг сўм) ҳам шкала бўйича ЖШДС ушланиши керак. У ўқиш ҳақини тўлашга йўналтирилмаганлиги сабабли (2 700 минг сўмдан 2 511 минг сўм йўналтирилган) солиқ 6 001 сўмни ((189 000 – 118 400) х 8,5%) ташкил этади. Ходимга 1 010 564 сўм (1 800 000 – 689 000 – 94 435 – 6 001) тўланиши керак.

 

ҚАРЗ ОЛГАНДА ЧЕГИРИШ

Агар ходимнинг (ота-она ёки талабанинг) ойлик даромадлари олий ўқув юртида ўқиш ҳақини тўлаш учун етарли бўлмаса, у иш берувчига қарз беришларини сўраб ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳолда шартнома расмийлаштирилади. Солиқ чегирмаси босқичма-босқич, қарз узилишига қараб, яъни тегишли ойда ушланаётган даромадлар қисмигагина тақдим этилади.

6-МИСОЛ. Ходимга 2014 йил сентябрь ойида 18 яшар ўғлининг олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун 6 000 минг сўм миқдорида қарз берилди. Шартномага кўра уни сўндириш учун 2015 йил январь ойидан бошлаб иш ҳақидан ҳар ой 1 000 минг сўм ушлаб қолинади. ЖШДС бўйича имтиёз фақат январь ойидан бошлаб қўлланилади.

 

7-МИСОЛ. «Сфера» МЧЖ ходимга 18 яшар қизининг олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун 7 560 минг сўм миқдорида фоизсиз қарз (ссуда) беради, кейинчалик йил давомида (2014 йил сентябрь ойидан бошлаб 2015 йил август ойигача) ҳар ой ссуданинг 1/12 қисмини ушлаб қолади. Олий ўқув юртига тўлов қисмлаб ўтказилади: 2014 йил 15 сентябригача 50%, қолган 50%и – 2015 йил 15 январигача.

Қарз шартномаси қуйидаги тарзда расмийлаштирилиши мумкин:

 

Намуна

Қарз бериш тўғрисида

55-сон ШАРТНОМА

2014 йил 08 сентябрь                                                                                      Тошкент ш.

 

«Сфера» МЧЖ, бундан буён «Қарз берувчи» деб номланади, Устав асосида иш юритувчи директор Эшматов Темур Абдураҳмонович тимсолида бир тарафдан ва муҳандис-технолог Исаев Дмитрий Сергеевич, бундан буён «Қарз олувчи» деб номланади, иккинчи тарафдан, биргаликда бундан буён «Тарафлар» деб номланади, қуйидаги хусусда мазкур Шартномани туздилар.

 

1. Шартнома предмети

1.1. Қарз берувчи мазкур Шартнома шартларида Қарз олувчига 7 560 000 (етти миллион беш юз олтмиш минг) сўм миқдорида фоизсиз қарз шаклида пул маблағларини тақдим этади, Қарз олувчи эса Қарз берувчига кўрсатилган суммани мазкур Шартномада белгиланган муддатда қисмлаб қайтариш мажбуриятини зиммасига олади.

1.2. Қарз суммаси Қарз олувчига қизи Исаева Татьяна Дмитриевна ТДИУ билан тузилган 06.09.2014 йилдаги 300-сон контрактга кўра олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун берилади.

 

2. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

2.1. Қарз берувчи мазкур Шартноманинг 1.1-бандида кўрсатилган суммани Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ҳисоб-китоб рақамига ўтказиш йўли билан тақдим этиш мажбуриятини зиммасига олади:

__________________________________________________________________________________ 

(ҳисоб-китоб рақами, СТИР, манзили ва олий ўқув юрти ҳақидаги бошқа маълумотлар)

 

Пул ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1.1-бандда кўрсатилган сумманинг 50%и 2014 йил 15 сентябригача, қолган 50%и – 2015 йил 15 январигача ўтказилади.

2.2. Қарз олувчи қарз суммасини қисмлаб, шунингдек муддатидан аввал қайтаришга ҳақли.

2.3. Қарз олувчи қарз суммасини мазкур Шартноманинг 4.1-бандида белгиланган муддатда қайтариши шарт.

2.4. Тарафлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур Шартнома бўйича бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

 

3. Қарз суммасини қабул қилиш-топшириш
муддатлари ва тартиби

3.1. Мазкур Шартноманинг 2.1-бандида кўрсатилган ҳисоб-китоб рақамига пул маблағлари келиб тушган сана қарз суммасини тақдим этиш санаси деб ҳисобланади.

 

4. Қарз суммасини қайтариш

4.1. Қарз суммаси 2014 йил сентябрь ойидан 2015 йил 31 августигача ҳар ойда 630 000 (олти юз ўттиз минг) сўм миқдорида қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтарилиши керак. Охирги тўлов мазкур бандда кўрсатилган муддат тугаган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланиши шарт.

4.2. Мазкур Шартноманинг 1.1-бандида кўрсатилган қарз суммасини Қарз олувчи иш ҳақидан тегишли суммалар ушлаб қолиниши йўли билан қайтаради.

 

 

5. Бошқа шартлар

5.1. Мазкур Шартнома шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

5.2. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда Тарафлар мазкур Шартномани муддатидан аввал бекор қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда мазкур ташаббус билан чиққан Тараф бошқа Тарафни Шартнома бекор қилинишидан аввал камида 15 кундан кечиктирмай хабардор қилиши лозим.

5.3. Қарз олувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда қарзнинг қопланмаган суммаси Қарз берувчининг кассасига нақд пул маблағлари билан ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган исталган бошқа усулда меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан кечиктирмай киритилиши шарт.

 

6. Форс-мажор ҳолатлар

6.1. Тарафлар зиммаларига олган мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, агар бу фавқулодда ва енгиб бўлмас ҳолатлар (форс-мажор) юзага келганлиги оқибатида рўй берганлигини ҳамда улар лозим даражада бажариш учун ўзларига боғлиқ барча чора-тадбирларни кўрганликларини исботлай олмасалар, жавобгар бўладилар. Форс-мажор ҳолатларга хусусан: ҳарбий ҳаракатлар, табиий куч таъсири (зилзила, сув босиши ва ҳ.к.), давлат органларининг қарорлари киради.

6.2. Форс-мажор ҳолатлар юзага келганлиги ҳақида Тарафлар бир-бирларини улар юзага келган пайтдан бошлаб 15 (ўн беш) кун ичида хабардор қилишлари шарт.

 

7. Якуний қоидалар

7.1. Мазкур Шартномани бажариш жараёнида юзага келган барча низо ва ихтилофларни Тарафлар музокаралар юритиш йўли билан ҳал этадилар. Келишувга эришилмаган ҳолда низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик судида ҳал этилади.

7.2. Мазкур Шартномага киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма шаклда амалга оширилади ҳамда иккала Тараф томонидан имзоланиши керак.

7.3. Шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада, ҳар бир Тараф учун бир нусхадан тузилди.

7.4. Мазкур Шартнома билан тартибга солинмаган масалалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

 

8. Тарафларнинг манзиллари ва реквизитлари

Қарз берувчи:

 

«Сфера» МЧЖ

Юридик манзили: ______________________________

Тел.: ________________________________________

____________________________________ банкидаги

ҳ/р ____________________ МФО _________________

СТИР ________________________________________

Имзо ________________________________________

М.Ў.

Қарз олувчи:

 

Исаев Дмитрий Сергеевич

Паспорт: серияси СА __________________________,

Тошкент ш. ___________ ТИИБ томонидан берилган

Манзили: _____________________________________

Тел.: ________________________________________

СТИР ________________________________________

 

Имзо ________________________________________ 

 

Ходимга қарз тақдим этиш ва маблағларни олий ўқув юртига ўтказиш ҳақида буйруқ:

 

Намуна

«Сфера» МЧЖ

85-сон буйруқ

2014 йил 10 сентябрь                                                                                      Тошкент ш.

«Таълим олишга ҳақ тўлаш учун фоизсиз қарз ажратиш тўғрисида»

08.09.2014 йилдаги 55-сон қарз тақдим этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ

БУЮРАМАН:

1. Муҳандис-технолог Исаев Дмитрий Сергеевичга қизи Исаева Татьяна Дмитриевнанинг ўқишига ҳақ тўлаш учун 7 560 000 (етти миллион беш юз олтмиш минг) сўм миқдорида бир йиллик муддатга фоизсиз қарз ажратилсин.

2. Бухгалтерия 06.09.2014 йилдаги 300-сон контрактга мувофиқ ўқиш учун кўрсатилган сумманинг 50%ини Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг _____-сон ҳисоб-китоб рақамига 2014 йил 15 сентябригача ўтказсин.

Қолган 50%и юқоридаги ўқув муассасаси ҳисобрақамига 2015 йил 15 январигача ўтказилсин.

3. Исаев Дмитрий Сергеевичнинг иш ҳақидан 12 ой давомида, 2014 йил сентябрь ойидан бошлаб 2015 йил август ойигача, ҳар ой 630 000 (олти юз ўттиз минг) сўм миқдорида ушлаб қолинсин.

Асос:

08.09.2014 йилдаги 55-сон фоизсиз қарз тақдим этиш тўғрисида шартнома;

Исаев Дмитрий Сергеевичнинг 08.09.2014 йилдаги аризаси;

Исаева Татьяна Дмитриевнанинг ўқиши учун ҳақ тўлашга 06.09.2014 йилдаги 300-сон контракт.

Директор: Эшматов Т.А. имзо _________

Буйруқ билан танишдим: Исаев Д.С. имзо ___________

 

Мазкур вазиятда бухгалтерия қуйидаги тартибда солиқ чегирмасини амалга оширади:

2014 йилда чегирма ходимнинг сентябрь–декабрь ойлари учун иш ҳақидан ушланган сумма – ҳар ой учун 630 минг сўмга қўлланади. Чегирманинг жами суммаси – 2 520 минг сўм (630 х 4 ой);

2015 йилда – январь–август ойлари учун иш ҳақидан ушланадиган қарзнинг қолган суммаси – 5 040 минг сўмга (630 х 8 ой).

Ҳисобда қарз тақдим этиш, маблағларни ўқиш ҳақини тўлашга ўтказиш ва иш ҳақидан ушланмалар қуйидаги проводкалар билан расмийлаштирилади:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

 

Сумма
(минг сўм)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

2014 йил сентябрь ойида

 

Ходимга қарз шартномаси бўйича тақдим этилган маблағлар ҳисобидан олий ўқув юртида ўқиш ҳақи ўтказилди (7 560 х 50%)

 

3 780

 

4720

 

5110

 

Ходимга даромадлар ҳисобланди (шартли)

 

1 500

 

2010

 

6710

 

2014 йил сентябрь ойидан 2015 йил август ойигача ҳар ойда

 

Ходимнинг иш ҳақидан қарз суммасининг 1/12 қисми ушлаб қолинди
(қарзни қайтариш)

 

630

 

6710

 

4720

 

 

 

Тарафларнинг келишувига кўра қарз бир календарь йил мобайнида қайтарилиши мумкин. Бу ҳолда ушбу солиқ даври (календарь йил) учун солиқ чегирмаси ўқиш учун йўналтирилган бутун суммага қўлланади.

Агар талабанинг ота-онасига қарз тақдим этилган бўлса, солиқ чегирмаси фақат талаба 26 ёшга етгунча қарзни сўндиришга йўналтириладиган маблағлар қисмига тақдим этилишини ҳисобга олиш зарур.

 

8-МИСОЛ. Корхона ходимга ўғли 2014/2015 ўқув йили иккинчи семестрида олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун фоизсиз қарз тақдим этди. 2 880 минг сўм миқдоридаги қарз ярим йилга, ходимнинг иш ҳақидан унинг суммасининг 1/6 қисмини ҳар ойда (2015 йил февраль ойидан июль ойигача) ушлаш шарти билан берилди. Ходимнинг ўғли 1 июнда 26 ёшга тўлади.

Қарзни сўндиришда ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан чегирма фақат унинг ўғли 26 ёшга тўлгунича, яъни 2015 йил февраль–май ойлари учун қўлланиб, 1 920 минг сўмни (480 х 4 ой) ташкил этади. Июнь–июль ойларида сўндириладиган қарзнинг қолган қисми – 960 минг сўмга (480 х 2 ой) солиқ чегирмаси қўлланмайди.  

 

ТАЪЛИМ КРЕДИТИГА ҲАМ ЧЕГИРМА

Олий ўқув юртидаги ўқиш ҳақини таълим кредити ҳисобига ҳам тўлаш мумкин. У тижорат банклари томонидан талабалар – тўлов-контракт асосида олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон фуқаролари таълим олиши учун берилади. Уни талабанинг ўзи, унинг ота-онаси ёки васийи олиши мумкин (Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида низомнинг3 3-банди). Бундай кредитни сўндиришда ЖШДС бўйича имтиёзни эса ёшидан қатъи назар талабанинг ўзи ёки фарзанди 26 ёшга тўлгунча унинг ота-онаси қўллай олади. Ўз васийлигидаги олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун таълим кредитини расмийлаштирган васий имтиёзни қўллай олмайди.

Имтиёз таълим кредитини сўндириш усулига қараб қуйидагича қўлланади:

даромадларни тўлаш манбаида, яъни кредит иш берувчи тижорат банкига ўтказадиган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва солиқ солинадиган бошқа даромадлари ҳисобидан сўндирилса, корхона томонидан;

декларациялаш чоғида, агар жисмоний шахс кредитни мустақил равишда: нақд пул маблағлари билан, банкдаги ўз ҳисобрақамидан ёки пластик карточкани қўллаган ҳолда сўндирса.

Солиқ чегирмаси таълим кредити суммасига берилади. 2107-сон Низомнинг 11-бандига мувофиқ ходим уни тўлов манбаида қўллаш учун бухгалтерияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

даромадларини кредитни қоплашга ўтказиш тўғрисидаги ариза;

талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

таълим олувчининг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Жисмоний шахснинг аризасига кўра иш ҳақидан ташқари мукофотлар, овқатланиш ва йўлкира учун қўшимча тўловлар, дивидендлар, ижара ҳақи ва бошқалар кредитни тўлаш учун йўналтирилиши мумкин. Корхона тўлов манбаи сифатида исталган солиқ солинадиган даромадлар ҳисобидан таълим кредитини сўндиришда имтиёзни қўллаши мумкин.

Солиқ чегирмаси асосий ва асосий бўлмаган иш жойида қўлланиши мумкин. Асосий бўлмаган иш жойида ЖШДС энг юқори ставкада ушланиш ҳоллари бундан мустасно (Кодекснинг 186-моддаси тўққизинчи қисми).

 

9-МИСОЛ. Ходим январь ойида 20 яшар қизининг ТДИУда ўқиши ҳақини тўлаш учун банкда таълим кредитини расмийлаштирди. Унинг иш ҳақи 900 000 сўмни ташкил этади. Февраль ойидан бошлаб банкка ҳар ой 450 000 сўм ўтказилади.

Январь ойида ходимнинг иш ҳақидан: ЖШДС – 92 616 сўм (40 256 + (900 000 – 592 000) х 17%), ШЖБПҲга мажбурий бадал – 7 816 сўм ((900 000 – 118 400) х 1%) ушлаб қолинди. Бюджетга ЖШДС – 84 800 сўм (92 616 – 7 816) тўланди.

Банкка ўтказилган февраль ойи учун иш ҳақининг бир қисмидан (450 000 сўм) ЖШДС ушланмайди. Ходимнинг январь–февраль ойлари учун солиқ солинадиган даромади 1 350 000 сўмни (900 000 х 2 – 450 000) ташкил этади. Февраль ойи шкаласи бўйича ҳисобланган ЖШДС 108 732 сўмни (80 512 + (1 350 000 – 1 184 000) х 17%), ШЖБПҲга мажбурий бадал – 11 132 сўмни [((900 000 – 118 400) х 2 – 450 000) х 1%] ташкил этади. Февраль ойи учун ЖШДС – 16 116 сўм (108 732 – 92 616), ундан бюджетга 12 800 сўм (16 116 – 3 316), ШЖБПҲга – 3 316 сўм (11 132 – 7 816) ўтказилади.

Суғурта бадали ҳисобланган иш ҳақининг бутун суммасидан (900 000 сўм) ушланади ва 63 000 сўмни (900 000 х 7%) ташкил этади.

Февраль ойи учун ходимга 370 884 сўм (900 000 – 450 000 – 16 116 – 63 000) тўланади.

 

Шуни эслатиб ўтамизки, қарз олиш ҳолатидагидек, агар таълим кредитини қарзга олувчи шахс талабанинг ота-онаси бўлса, имтиёзни қўллаётганда ёш чегараси – 26 ёш ҳисобга олиниши керак. Солиқ чегирмаси фақат талабалар 26 ёшга етгунгача кредитни сўндиришга йўналтириладиган ота-онанинг даромадларига нисбатан қўлланади. Қолган суммага имтиёзни талабанинг ўзи, агар солиқ солинадиган даромадга эга бўлса, қўллай олади.

 

ҚАЙТАРИШДА ЧЕГИРМА БЕРИЛМАЙДИ

Талаба турли сабабларга кўра (оилавий шароит, ўқишдан четлаштириш ва ҳ.к.) ўқишни ташлаган ҳолларда олий ўқув юрти ўқиш ҳақини олий ўқув юртидаги ўқишдан четлаштирилган пайтдан бошлаб қайтаради. Агар корхона ходимнинг (ўзининг ёки талаба фарзандининг) ўқиш ҳақини тўлашга йўналтирилган даромадларига нисбатан солиқ чегирмасини қўллаган бўлса, олий ўқув юрти қайтарган тўлов қисмига солиқ солиниши керак. Солиқ агенти – тўлов манбаида имтиёзни қўллаган иш берувчи солиқни ушлаш учун жавобгар ҳисобланади (2107-сон Низомнинг 15-банди).

10-МИСОЛ. Февраль ойида Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ўқийдиган ходим ўқув йили иккинчи семестрида таълим олиш ҳақини январь ойидаги даромадлари ҳисобидан тўлаши тўғрисида ариза тақдим этди. Январь ойи учун унга 3 100 000 сўм (иш ҳақи ва йил якунларига кўра мукофот) ҳисоблаб ёзилган, шундан 2 800 000 сўми февраль ойида институт ҳисобрақамига ўтказилган. Бухгалтерия тўловнинг бутун суммасига (2 800 000 сўм) имтиёзни қўллади.

1 майдан бошлаб талаба институтда таҳсил олишни тўхтатди. У амалда ўқимаган ойлар учун тўлов – 1 600 000 сўмни олий ўқув юрти корхонанинг ҳисобрақамига май ойида қайтарди.

Ходимнинг январь–апрель ойларидаги солиқ солинадиган даромади 4 800 000 сўмни ташкил этди. Ундан 578 304 сўм ЖШДС, шу жумладан ШЖБПҲга бадал – 43 264 сўм ушланди. Бюджетга солиқ – 535 040 сўм тўланди. Май ойидаги иш ҳақи 1 500 000 сўмни ташкил этди, бошқа суммалар ҳисоблаб ёзилмаган.

Олий ўқув юрти қайтарган сумма (1 600 000 сўм) солиқ солинадиган даромадга киритилиши ва ундан ЖШДС ушлаб қолинганидан кейин ходимга тўланиши керак. Яъни ходимнинг январь–май ойлари учун солиқ солинадиган даромади 7 900 000 сўмни (4 800 000 + 1 500 000 + 1 600 000) ташкил этади.

Май ойидаги шкала бўйича ҳисобланган ЖШДС 1 159 880 сўмни (704 480 + (7 900 000 – 5 920 000) х 23%), ШЖБПҲга бадал – 73 080 сўмни ((7 900 000 – 118 400 х 5) х 1%) ташкил этади. Май ойи учун ЖШДС – 581 576 сўм (1 159 880 – 578 304), ШЖБПҲга бадал – 29 816 сўм (73 080 – 43 264), бюджетга солиқ – 551 760 сўм (581 576 – 29 816). Май ойи учун иш ҳақидан суғурта бадали 105 000 сўмни (1 500 000 х 7%) ташкил этади. Олий ўқув юрти қайтарган суммадан суғурта бадали ушланмайди, сабаби у январь ойида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ҳисобланган даромадларнинг умумий суммасидан (3 100 000 сўм) ушланган.

Май ойи учун ходимга 2 413 424 сўм (1 500 000 + 1 600 000 – 581 576 – 105 000) тўланади. 

 

ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ ЧОҒИДА СОЛИҚ ЧЕГИРМАСИ

Ўзбекистон олий ўқув юртида ўқиш ҳақини нақд пул билан, банклардаги ҳисобварақларидан ёки пластик карталарни қўллаган ҳолда мустақил равишда тўлаган жисмоний шахслар (талаба ёки унинг ота-онаси) жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этаётганда солиқ чегирмасини қўллай оладилар. Декларация яшаш жойидаги ДСИга ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача тақдим этилади – 2014 йилда олинган даромадларни 2015 йил 1 апрелигача декларациялаш зарур.

ЖШДС солинадиган даромадларга эга бўлмаган жисмоний шахслар декларациялаш чоғида солиқ чегирмасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Чунончи, фарзандининг олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаган ва пенсиядан ташқари бошқа даромадларга эга бўлмаган пенсионер ота ёки она декларация асосида солиқ чегирмасидан фойдалана олмайди. Кодекснинг 179-моддаси 25-бандига мувофиқ пенсиядан ЖШДС ушланмайди, демак, унинг солиқ солинадиган даромадлари йўқ. Тадбиркорлик фаолияти доирасида олинган даромадларидан таълим ҳақини тўлашга қарор қилган якка тартибдаги тадбиркор ҳам солиқ чегирмасидан фойдалана олмайди. Зеро у жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини эмас, қатъий белгиланган солиқни тўлайди.

Таълимга доир имтиёзни қўллаш учун декларация билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

талаба (талабалар) билан ЎзР олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

олий ўқув юрти ҳисобрақамига (таълим кредити сўндирилаётганда тижорат банкининг ҳисобрақамига) пул маблағлари мустақил равишда тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхаси;

талабанинг ўзи солиқ чегирмасини қўллаганда – паспорт нусхаси;

ота-она солиқ чегирмасини қўллаганда – паспорт ва талабанинг (талабаларнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхаси – агар имтиёзга ҳақли бўлган шахслар битта солиқ инспекциясида ҳисобда турсалар;

солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахслар, агар улар турли ДСИларда ҳисобда турсалар, имтиёзни қўллаганликлари (ёки қўлламаганликлари) ҳақида маълумотнома (маълумотномалар).

Ушбу ҳужжатлардан ташқари ҳар бир тўлов манбаи бўйича тўланган даромадлар ва ушланган ЖШДС суммалари тўғрисида маълумотнома тақдим этилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида йил мобайнида ушланган солиқ суммаси билан таққосланадиган имтиёзни ҳисобга олган ҳолда декларациянинг тегишли бўлимлари ва йил учун жами даромад суммаси, солиқ чегирмаси ва солиқ солинадиган даромад миқдори белгиланадиган кўрсаткичлар тўлдирилади. Тўланган сумма билан имтиёзни ҳисобга олган ҳолда солиқ суммаси ўртасидаги фарқ ЖШДС бўйича ортиқча тўлов ҳисобланади. Аризага асосан у жисмоний шахсга қайтарилади (ариза берилган санадан бошлаб 30 иш куни мобайнида) ёки мол-мулк солиғи ёки ер солиғини тўлаш ҳисобига инобатга олиниши мумкин (Кодекснинг 56, 57-моддалари).

Солиқ чегирмаси жисмоний шахснинг декларацияда эълон қилинган жами йиллик даромади доирасида олий ўқув юртида ўқиш ҳақи харажатлари суммасида тақдим этилади (2107-сон Низомнинг 16-банди).

 

11-МИСОЛ. 2014 йилда олий ўқув юрти талабаси ўқиши учун нақд пул билан 5 600 минг сўм тўлади. У тақдим этган тўланган даромадлар ва ушланган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотномага кўра унинг жами даромади 7 200 минг сўмни ташкил этди. Ундан 661 864,5 сўм ЖШДС, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 72 000 сўм ушланган. Бюджетга 589 864,5 сўм солиқ тўланган.

Жами даромад олий ўқув юртига ўтказилган суммадан ошади. Шу сабабли солиқ чегирмаси 5 600 минг сўмга бир йўла қўлланади. Йил якунларига кўра солиқ солинадиган даромад 1 600 минг сўмни (7 200 – 5 600) ташкил этди. Шу суммадан 2014 йил учун шкала бўйича ЖШДС – 120 минг сўм (1 600 000 х 7,5%), шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 16 минг сўм, бюджетга 104 минг сўм ҳисобланади.

Бюджетга тўланган солиқ имтиёзни ҳисобга олган ҳолда декларация бўйича ҳисобланган ЖШДС суммасидан ошиши сабабли 485 864,5 сўм (589 864,5 – 104 000) миқдорида ортиқча тўлов юзага келди.

 

Агар йиллик даромад олий ўқув юртида ўқиш ҳақи суммасидан кам бўлса, қолган суммага солиқ чегирмасидан ушбу имтиёзга ҳақли бўлган оиланинг бошқа аъзоси, башарти илгари уни тўлов манбаида қўлламаган бўлса, фойдалана олади.

 

12-МИСОЛ. 22 яшар талаба қизининг олий ўқув юртида ўқишига 5 200 минг сўм нақд пул тўланган. Отанинг жами йиллик даромади 3 900 минг сўмга, онаники – 2 500 минг сўмга тенг. Қизи даромад олмайди.

Ота-онанинг иккови солиқ чегирмасини қўллашга ҳақли. Ота декларацияни топшираётганида унинг жами йиллик даромади – 3 900 минг сўмга чегирмани қўллаш мумкин, қолган 1 300 минг сўм талабанинг онаси декларация топшираётганида чегирилиши мумкин.

 

Агар тўлов манбаи фақат талаба 26 ёшга тўлгунгача қарз (кредит) сўндирилишига йўналтирилган талабанинг ота-онаси даромадларига солиқ чегирмасини қўллаган бўлса, қолган суммага имтиёздан талабанинг ўзи солиқ солинадиган даромади мавжуд бўлганда фойдалана олади. Бунинг учун ДСИга декларация билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

унинг имтиёзни қўллаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

тўлов манбаида чегирмани қўллаган ота (она)нинг тўланган даромадлар ва ушланган солиқ суммалари тўғрисида маълумотномалар;

олий ўқув юртига маблағларни ўтказишга тўлов топшириқномаси нусхалари.

 

13-МИСОЛ. Ходиманинг аризаси ва раҳбарнинг буйруғига кўра корхона унинг ўғли Ўзбекистон Миллий университетида ўқиши ҳақини тўлаш учун 3 100 минг сўм миқдорида қарз тақдим этди. Тўлов 2014–2015 ўқув йилининг биринчи семестри (сентябрь–январь ойлари) учун тўланди. Шартномага кўра қарз сентябрь–декабрь ойлари давомида тенг улушлар билан ойига 775 минг сўмдан қайтарилади.

Талаба ўғил 8 декабрда 26 ёшга тўлди. Унинг жами йиллик даромади 1 020 минг сўмни ташкил этди. Ундан 76 500 сўм ЖШДС, шу жумладан 10 200 сўм ШЖБПҲга ажратмалар ушланди. Бюджетга тўланган солиқ – 66 300 сўм.

Онанинг иш жойидаги корхона бухгалтерияси ўғил 26 ёшга тўлгунча, яъни сентябрь–ноябрь ойлари учун қарзни қоплаш ҳисобига ушланадиган суммаларгагина солиқ чегирмасини қўллади. Чегирма суммаси 2 325 минг сўмни (775 х 3 ой) ташкил этди.

Имтиёзнинг қолган суммаси ишлаётган талабанинг ўзи декларация топшираётганида ҳисобга олиниши мумкин. ДСИ 775 минг сўмни (3 100 – 2 325) чегирган ҳолда ҳисобланган жами даромаддан келиб чиқиб солиқни қайта ҳисоблайди. Талабанинг солиқ солинадиган даромади 245 минг сўмни (1 020 – 775) ташкил этади: ундан солиқ – 18 375 сўм, шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 2 450 сўм, бюджетга тўланадиган солиқ – 15 925 сўм. 50 375 сўм (66 300 – 15 925) ортиқча тўлов талабага қайтарилади ёхуд мол-мулк солиғи ёки ер солиғини тўлаш ҳисобига ўтказилади.

 

Агар солиқ даврида чегирмани тўлиқ қўллашнинг имкони бўлмаса (солиқ солинадиган даромад таълим олиш учун харажатлардан кам бўлса), унинг қолдиғи кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди (2107-сон Низомнинг 8-банди).

 

14-МИСОЛ. 2014 йил январь ойида ота ўғлининг 2013/2014 ўқув йили иккинчи семестри учун ўқишига 3 200 минг сўм, 2014 йил сентябрь ойида эса – 2014/2015 ўқув йили биринчи семестри учун 3 600 минг сўм тўлади. 2014 йилда унга 5 400 минг сўм солиқ солинадиган даромад ҳисобланган. Ўғли ва турмуш ўртоғи даромадлар олмайди. Декларациялаш чоғида отанинг солиқ солинадиган даромади – 5 400 минг сўм доирасидагина солиқ чегирмаси қўлланади, аслида ўқиш ҳақини тўлаш харажатлари 6 800 минг сўмни ташкил этган. 1 400 минг сўм қолдиқ 2015 йилга ўтказилмайди.

 

ҲИСОБГА ОЛИШ ЖОЙИ АҲАМИЯТГА ЭГА

Солиқ чегирмасини қўллашда декларациялаш тартиби ота-она ва уларнинг республика олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандлари битта ёки турли солиқ инспекцияларида ҳисобда туришларига боғлиқ бўлади. Жисмоний шахс солиқ ҳисобига олинган жой унинг доимий яшаш (прописка қилинган) жойига қараб белгиланади (Кодекснинг 192-моддаси).

Чунончи, агар имтиёзга ҳақли бўлган шахслар (ота, она ва талаба фарзанд) бир туман ДСИда ҳисобда турган бўлсалар, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация билан бирга фақат солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспортлари ва СТИР нусхаларини тақдим этадилар. Масалан, даромадлар тўғрисидаги декларацияни ота тақдим этади. Шу билан бирга у қуйидагиларни тақдим этиши керак:

солиқ чегирмасига ҳақли бўлган оиланинг бошқа ­аъзолари, яъни турмуш ўртоғи ва талаба фарзандининг паспортлари ва СТИР нусхаси;

талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

олий ўқув юрти ҳисобрақамига ёки таълим кредити сўндирилаётганда тижорат банкининг ҳисобрақамига пул маблағлари мустақил равишда тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхаси;

паспорт ва фарзанднинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

тўланган даромадлар ва ушланган ЖШДС суммалари тўғрисида маълумотнома.

ДСИ ўзида мавжуд ахборот ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида солиқ чегирмасига ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахслар уни қўллаган-қўлламаганликларини аниқлайди.

Агар имтиёзга ҳақли бўлган шахслар турли солиқ инспекцияларида ҳисобда турсалар, декларация билан бирга солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органидан улар имтиёзни қўллаган ёки қўлламаганликлари тўғрисида маълумотнома (маълумотномалар) тақдим этишлари керак. Масалан, олий ўқув юрти талабасининг онаси жами йиллик даромад тўғрисида декларация топширмоқда. Декларация билан бирга у ДСИга қизи ва турмуш ўртоғи 2107-сон Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда солиқ органи берган солиқ чегирмасини қўлламаганликлари тўғрисида маълумотнома тақдим этиши шарт.

Солиқ чегирмаси суммаси декларация тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ошган ҳолларда қолган суммага солиқ чегирмаси унга ҳақли бўлган бошқа шахсларга, улар бошқа шахс солиқ чегирмасини қўллашини тасдиқловчи маълумотнома (маълумотномалар) тақдим этган ҳолдагина, берилиши мумкин.

 

15-МИСОЛ. 20 яшар ўғлининг олий ўқув юртида ўқиши учун 6 600 минг сўм нақд пул билан тўланди. Тўланган даромадлар ва ушланган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотномаларга кўра отанинг (Тошкент шаҳар Яшнобод туманида пропискадан ўтган) жами йиллик даромади 4 400 минг сўмни, онаники (Миробод туманида пропискадан ўтган) 2 300 минг сўмни ташкил этган.

Агар биринчи бўлиб ота декларацияни тақдим этса, чегирма қўлланиши учун у Миробод туман ДСИнинг турмуш ўртоғи имтиёзни қўлламаганлигини тасдиқловчи маълумотномасини тақдим этиши керак. Шу асосда Яшнобод туман ДСИ қайд этилган даромад – 4 400 минг сўм доирасида чегирма қилади.

Қолган суммага имтиёзни қўллаш учун она Миробод туман ДСИга Яшнобод туман ДСИ отанинг даромадларидан чегирма қилгани ҳақида маълумотномани тақдим этади.

 

16-МИСОЛ. 2014 йилда М.Қўчқоров асосий иш жойи бўйича «Оникс» МЧЖда, ўриндошлик бўйича «Арт-Д» ХКда ишлаган. МЧЖда унинг жами йиллик даромади 12 400 000 сўмни ташкил этди, шу жумладан:

иш ҳақи – 9 600 000 сўм;

мукофотлар – 2 200 000 сўм;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга моддий ёрдам – 600 000 сўм.

Шкала бўйича ЖШДС – 1 413 908,5 сўм ушланган, улардан ШЖБПҲга 118 000 сўм, бюджетга – 1 295 908,5 сўм ўтказилган.

«Арт-Д» ХКда (асосий бўлмаган иш жойи) 3 800 000 сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланган. Аризага кўра солиқ энг юқори ставкада (22%) ушланган ва 836 000 сўмни ташкил этган. Ушбу суммадан ШЖБПҲга 38 000 сўм, бюджетга 798 000 сўм ўтказилган.

2014 йилда М.Қўчқоров 22 яшар қизининг ТДПУда ўқиши учун 5 800 000 сўм нақд пул тўлаган.

ЖШДС ҳисобланадиган солиқ солинадиган даромад иккита тўлов манбаидаги (МЧЖ ва ХК) жами йиллик даромаддан келиб чиқиб қуйидагилар бўйича имтиёзларни чегирган ҳолда белгиланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга берилган моддий ёрдам – 600 000 сўм (унинг бутун суммасига ЖШДС солинмайди, сабаби у ЭКИҲнинг 12 бараваридан ошмайди);

қизининг олий ўқув юртида ўқиши учун ҳақ – солиқ чегирмаси 2014 йилда тўланган бутун сумма миқдорида (5 800 000 сўм) қўлланади.

Декларацияда қуйидагилар кўрсатилади:

I бўлимнинг 1-жадвалида – асосий иш жойида («Оникс» МЧЖ) олинган даромадлар: ҳисобланган даромад суммаси (иш ҳақи, мукофотлар, моддий ёрдам) – 12 400 000 сўм, бюджетга тўланган ЖШДС суммаси – 1 295 908,5 сўм;

I бўлимнинг 2-жадвалида – асосий бўлмаган иш жойида («Арт-Д» ХК) олинган даромадлар: ҳисобланган даромад – 3 800 000 сўм, бюджетга тўланган ЖШДС – 798 000 сўм;

I бўлимнинг 10-бандида – моддий ёрдам суммаси – 600 000 сўм;

II бўлимнинг 12-бандида – ЖШДС бўйича имтиёзлар суммалари: «б» кичик бандида моддий ёрдам – 600 000 сўм, «л» кичик бандида қизининг ўқишига йўналтирилган маблағлар – 5 800 000 сўм қайд этилади.

Декларациянинг I ва II бўлимлари тўлдирилганидан кейин қайтариладиган ЖШДС суммаси ҳисоб-китоб қилинади. III бўлимнинг «Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ҳисоб-китоби» жадвалида:

1-сатрда барча манбалар бўйича жами йиллик даромад аниқланади: 12 400 000 + 3 800 000 = 16 200 000 сўм;

2-сатрда жами даромаддан чегирмалар суммаси ҳисобланади: 600 000 + 5 800 000 = 6 400 000 сўм;

3-сатрда солиқ солинадиган даромад аниқланади (1-сатр – 2-сатр): 16 200 000 – 6 400 000 = 9 800 000 сўм;

4-сатрда 2014 йил бошидан бошлаб ортиб борувчи якун билан декабрь ойи шкаласи бўйича ЖШДС ҳисобланади: 432 472,5 + (9 800 000 – 5 766 300) х 16% = 1 077 864,5 сўм;

шундан ШЖБПҲга ажратмалар суммаси: 9 800 000 х 1% = 98 000 сўм;

бюджетга тўланиши лозим (ШЖБПҲ чегирилган ҳолда): 1 077 864,5 – 98 000 = 979 864,5 сўм;

5-сатрда маълумотномаларга асосан ушланган солиқнинг умумий суммаси кўрсатилади: 1 413 908,5 + 836 000 = 2 249 908,5 сўм;

шундан ШЖБПҲга бадал – 156 000 сўм (118 000 + 38 000);

бюджетга тўланган солиқ – 2 093 908,5 сўм (1 295 908,5 + 798 000);

6-сатрда бюджетдан қайтариладиган солиқ суммаси белгиланади: 2 093 908,5 – 979 864,5 = 1 114 044 сўм.

ШЖБПҲга ортиқча ўтказилган сумма солиқ тўловчига қайтарилмайди.

 

Декларациянинг III бўлимидаги жадвални ҳам солиқ инспектори тўлдиради. Декларант ва солиқ инспектори қайд этган суммалар ўртасида тафовут бўлган тақдирда солиқни ҳисоб-китоб қилишда инспекторнинг маълумотларидан фойдаланилади.

 

Таҳририятдан. Олий ўқув юртида ўқиш ҳақини тўлашга имтиёзни қўллаган ҳолда жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тўлдириш намунаси билан norma.uz сайтида танишишингиз мумкин.

 

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг АВ томонидан 22.02.2003 йилда 1222-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3ВМнинг 26.07.2001 йилдаги 318-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 10582 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика