Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 13 / Муҳаррир минбари

Реклама ва маънавият

Мамлакатимизда маърифатли бизнес шаклланишида «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амал қилиши муҳим омил бўлмоқда. Ушбу Қонун қабул қилиниб амалга киритилганидан буён 16 йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу йиллар мобайнида Қонунга давр талаби ва ривожланаётган амалиёт тақозоси, тадбиркорлик ривожини жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий мақсадлари билан уйғунлаштириш мақсадида бир қатор ўзгартиришлар ҳам киритилди.

 

Хусусан, 2010 йил 17 сентябрдаги ЎРҚ-259-сон Қонун билан киритилган ўзгартишларга мувофиқ рекламада маҳсулот давлат органлари ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш ман этилди, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланди. Бу янгиликлар тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди деган гапда ҳеч бир муболаға йўқ.

Табиийки, бутун инсоният бошидан кечираётган бугунги глобаллашув жараёнлари, технологияларнинг шиддаткор тараққиёти, мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг тобора ривож топаётганлиги хўжалик фаолиятини юритиш қоидалари, шу жумладан реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қоидалар мунтазам равишда такомиллаштириб борилишини тақозо этади.

 

Таъкидлаш керакки, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасида ушбу Қонун вазифалари қатъий белгиланган бўлиб, улар қаторига, хусусан қуйидагилар киритилган:

тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;

рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига ...тажовузидан ҳимояланиш чораларини таъминлаш.

Қонун даражасида белгиланган ушбу олижаноб мақсадлардан келиб чиқиб, телевидение ва радио каналларида, газета ва журналларда, Интернет сайтларида, кўча-кўйда – кўзимиз тушадиган жойларда турфа хил рекламаларни беихтиёр кузатиб, қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик.

 

Пул дарди кабоб

ёки рекламада болакай нима қилиб юрибди

Эътибор берган бўлсангиз, ҳозирги кунда реклама видеороликлари ва бошқа хил рекламаларда болалар образларидан фаол фойдаланишга ўтиб олишди. Ширинликлар, шарбатлар рекламасига аксарият ҳолларда норасида ўғил ва қизалоқлар жалб этилмоқда. Ҳатто дори воситалари рекламаси ҳам улар иштирокисиз бўлмаяпти.

 

Уч-беш яшар болаларнинг аксарияти ота-оналари «Чокотелла» ширинлиги реклама ролиги намойишидан сўнг ўз фарзандларининг инжиқликларидан безор бўлиб, асабий ҳолатга тушиб қолган бўлсалар ажабмас.

Бир неча йилдан бери такрорланаётган жигар хасталигига қарши дори воситаларидан бирининг реклама ролигида олдинлари боланинг «Ойи, жигарим оғрияпти» деб онасига термулганини кўрар эдик. Сўнгра бу сўзлар «Ойи, иштаҳам йўқ» деган сўзларга алмаштирилди. Реклама матнининг бундай ўзгариши бежиз бўлмаса керак. Чунки мутахассисларнинг таъкидлашларича, одам танасининг муҳим ҳаётий органларидан бири бўлмиш жигарда нерв ҳужайралари мавжуд эмас, шунинг учун хаста жигар оғриқ бермайди. Жигарга ёндош ёки у билан бевосита боғлиқ аъзолар оғриқ бериши мумкин.

Маълумки, жигар касалликлари энг оғир, даволаниши узоқ кечадиган хасталиклар сирасига киради. Айниқса болалардаги жигар касаллиги – оғир, фавқулодда дард саналади. Бундай оғир, мураккаб ҳаётий вазиятни тасвирлаган ҳолда тижорат рекламасини бериш инсонлар дардидан фойдаланиб пул топиш билан баробар бўлиб, маънавий нуқтаи назардан мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир.

 

Фикримизча, тижорат рекламасида болалар образлари улар онгига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳар ҳолда Ҳукуматимиз изчил олиб бораётган ва жаҳон миқёсида тан олинган жамиятимиз асоси – оилаларда ва келажагимиз эгалари – болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдек эзгу ишларимизга бундай реклама амалиёти мувофиқ келмайди.

Демак, «Реклама тўғрисида»ги Қонунни руҳшунос-психолог, педиатор, тиббиёт соҳасининг етакчи олиму мутахассисларининг далиллари ва хулосаларини эътиборга олган ҳолда рекламада болалар (вояга етмаганлар) образларидан фойдаланишни тартибга солувчи қатор нормалар билан тўлдириш, унга хусусан, болалар образидан фақат ижтимоий рекламаларда, хусусан соғлом турмуш тарзини, масалан, спорт билан шуғулланишни тарғиб (реклама) қилишда фойдаланишни назарда тутувчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бунда яқин ва олис хориж мамлакатлари, қўшни давлатлардаги ижобий тажриба ва амалиётларга таассуб қилиш ҳам, назаримизда, ўзини оқласа керак.

 

Дидсизлик

ёки бачканаликнинг меъёри борми?..

Айрим реклама роликларини кўриб, реклама материаллари миллий ва умуминсоний одоб-ахлоқ мезонлари, миллий менталитет хусусиятлари ва миллий қадриятларга риоя қилиниши нуқтаи назаридан тегишли экспертизадан ўтказилгандан кейингина намойиш этилса бўлармиди деган фикрга борасан киши... Масалан, шамоллашга қарши дори воситаларидан бирининг реклама ролигида реклама қилинаётган маҳсулот номи янграган пайтда юриб бораётган аёлнинг кўйлаги муайян қисми (оёғининг тиззасидан юқори қисми) бироз очилиб кетишига нима дейсиз?

Ёки сўнгги кунларда бот-бот намойиш этилаётган рекламаларнинг бирида «Менинг келинойим» деб солланиб, товланиб бораётган аёлнинг жуссаси (танаси) гўзаллигига урғу берилган бўлиб ортидан ишора қилганнамо кўрсатишни қандай баҳолаш мумкин?

 

Бундай ҳолатлар амалиётда реклама берувчилар, реклама маҳсулотини ишлаб чиқувчилар ва тарқатувчилар истеъмолчиларда ҳирс, шаҳвоний ҳислар уйғотиш орқали ҳам муайян товар ва хизматларга қизиқишни кучайтиришдан тап тортмаётганликларидан далолатдир. Демак, «Реклама тўғрисида»ги Қонунимизни зарур ҳолларда реклама материалларини, бизнингча, шаҳватпарастлик кўринишлари бор-йўқлиги нуқтаи назаридан ҳам тегишли мутахассислар экспертизасидан ўтказишни назарда тутувчи нормалар билан тўлдириш фойдадан ҳоли бўлмаса керак.

Худди шунингдек, рекламада ғайритабиий, ғайриоддий жараён, ҳолат, кўриниш, образлардан фойдаланишни тақиқловчи нормани киритиш фурсати келган кўринади. Чунки, амалиётда, масалан, энг машҳур рекламалардан бири бўлмиш «Тримол» таблеткаси рекламасида одам боши ғайриоддий тарзда қийшайиб, эзилиб, букилиб қолади ва кейин яна ўз ҳолига келади. Бундай сценарийлар инсон руҳиятига, айниқса болалар психикасига салбий таъсир кўрсатмайди деб ким кафолат бера олади?!

 

Кейинги йилларда телевидение ва радио каналларида тижорат дастурларига кенг ўрин берилмоқда, хусусан қўшиқлар тижорат асосида эфирга узатилиши жуда авж олиб кетди. Мантиқан олганда, пуллик асосда эфирга чиқиш – бу, шубҳасиз, тижорат рекламасидир. Чунки бу ҳолат «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасидаги «Реклама – бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот» деган таърифга мос келади.

Қонунни янада синчковлик билан ўқиймиз. 17-модда биринчи қисмининг биринчи жумласига мувофиқ телерадиоташкилотлар учун рекламага ажратилган кўрсатув (эшиттириш) вақти кўрсатувнинг (эшиттиришнинг) ҳар бир соатига 10 фоиздан ошиб кетмаслиги керак, яъни ҳар бир астрономик соат (60 дақиқа) давомида рекламага кўпи билан 6 дақиқа ажратилиши мумкин; иккинчи жумласига мувофиқ бу талаб ихтисослаштирилган рекламавий каналларга татбиқ этилмайди, яъни рекламавий каналларда реклама чекланмаган миқдорда берилиши мумкин.

Аммо амалиётда рекламавий бўлмаган телевидение каналларида «Кўнгил қўшиқ истайди», «Ёшлик наволари», «Тошкент тароналари» каби тижорат дастурлари 15-20 дақиқа давом этади. Агар пуллик асосда эфирга чиқиб, ўз маҳсулотини намойиш этиш (шоу-бизнес маҳсулоти бўлмиш қўшиқни истеъмолчиларга, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, тингловчиларга уларни қизиқтириш учун ижро этиш) реклама деб баҳоланадиган бўлса, бундай тижорат дастурлари амалиёти «Реклама тўғрисида»ги Қонунга зид деб баҳоланмоғи керак.

Бундай зиддиятни, аниқроғи қонунбузарлик кўринишларини бартараф этиш, қолаверса тижорат дастурлари амалиёти қонунга зид бўлмаслиги учун, фикримизча, Қонунни «тижорат дастури» тушунчаси таърифи билан тўлдириш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга «рекламавий каналлар» тушунчасини қонуний ўзанда тажассум топтириш, ҳеч шубҳасиз, телерадиоташкилотларнинг реклама фаолиятини тартибга солишга хизмат қилган бўлар эди.

 

Телевидение ва радиода бу масала тартибга солингач, оммавий ахборот воситаларида тижорат дастури шаклида берилаётган рекламани тартибга солувчи нормалар ҳақида ҳам атрофлича ўйлаб кўриш фурсати келади.

Маълумки, босма оммавий ахборот воситаларида реклама материалининг «Реклама» рукни остида берилиши мажбурий талаб ҳисобланади. Худди шундай тижорат теледастурида қўшиқ пуллик асосда эфирга берилса, бутун ижро давомида «Реклама сифатида эфирга бериляпти» деган ёзув бўлишини таъминлаш ёки шу каби бошқа меъёрий талабларни қонун ҳужжатларига киритиш таклифи мантиқан келиб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, қўшиқ бетимсол маънавий озуқа эканлигидан келиб чиқиб, фикримизча, рекламавий бўлмаган телерадиоканалларда ижтимоий рекламани, қолаверса, моддий товар ва хизматлар рекламасини кенгайтириш, фуқароларнинг билим доирасини ҳар томонлама оширадиган, улар онгига ижобий таъсир этувчи эшиттиришларни кўпайтириш ҳисобига санъаткорларнинг тижорат асосида қўшиқ айтишларини чеклаш ёки умуман тақиқлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланганлигини ҳисобга олиб, ушбу товарлар турлари номланиши ва улар сотиладиган савдо шохобчалари номланишига, улар этикеткаларидаги ёзувларга муайян талабларни белгилаш фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Масалан, алкоголли ичимликлар сотиладиган савдо дўконини «Королевский алкоголь», ароқ ичимлигини эса «Сила природы», деб номлаш, савдо дўконларига катта (тахминан 50 см ва ундан катта) ва бунинг устига қоронғида «ёниб» турадиган ҳарфлар билан «Вино-Водка», «Сигареты» деб ёзиш, алкоголли маҳсулотлар хусусида ижобий таассурот шакллантиришга қаратилган «произведено с использованием высококачественного спирта» каби ёзувлар бўлиши ушбу маҳсулотлар рекламасини тақиқлашдан кўзланган мақсадларга мувофиқ келмайди.

 

Дўст ачитиб гапиради деб ота-боболаримиз бежиз айтишмаган. Айни шу иддао, куюнчаклик билан ушбу сатрларни битар эканмиз, юқорида қаламга олинган камчиликлардан тезроқ халос бўлиб, реклама ўзининг олижаноб мақсадларига хизмат қилишига ишончимиз комил эканлигини яширмасликни, рўй-рост айтишни лозим топдик...


Фарҳод Қурбонбоев.

Прочитано: 2913 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика