Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 13 / Долзарб мавзу

Малака ошириш шарт

Жаҳон миқёсида сифатли дастурларидан бири тариқасида эътироф этилган Амалиётчи бухгалтерни халқаро сертификатлаштириш (CAP) ва профессионал бухгалтерни халқаро сертификатлаштириш (CIPA) дастурлари сертификат соҳибларининг профессионализмидан ва уларнинг малака даражасидан далолат беради дейилганича бор. CAP/CIPA сертификатини олиш осон эмас. Эътироф этилган амалиётчи ҳисобчи (CAP) ёки халқаро миқёсда тан олинган профессионал бухгалтер (CIPA) бўлиш учун талабгор Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгаши (ECБAК) томонидан тасдиқланган дастурда назарда тутилган фанларни ўрганиб, имтиҳонларни муваффақиятли тарзда топширганидан кейингина сертификатни олиши мумкин.

 

Сертификат олишга талабгор имтиҳон топшириш учун:

Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашига аъзо профессионал ташкилотнинг (мамлакатимизда Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (­ЎзБАМУ), Ўзбекистон Аудиторлар палатаси (ЎзАП) ва Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси (ЎзБФ) шу кенгашга аъзодир) аъзоси бўлиши;

Халқаро бухгалтерлар федерацияси тавсия этган Профессионал одоб-ахлоқ кодексини билиши ва амалиётда қўлланиши;

CAP сертификатини олиш учун мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига, CIPA сертификатини олиш учун эса, олий маълумотга ҳамда профессионал ишда камида 3 йиллик тажрибага эга бўлиши керак.

Сертификат чекланмаган муддатга берилади ва мутахассис уни умрининг охиригача имтиҳонни муваффақиятли топширганлик гувоҳномаси тариқасида сақлаб қўйиши мумкин. Бироқ сертификат ҳақиқий эмас деб топилиши ҳам мумкин. Қандай ҳолларда шу кўнгилсиз ҳол рўй бериши ва сертификатнинг ҳақиқийлик мақомига қай тартибда эришиш мумкинлиги ҳақида Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси кенгаши раиси, и.ф.д., САР соҳиби Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА ҳамда Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг ижрочи директори Равшан ҲАЙДАРОВ қуйидагиларни сўзлаб беришди.

 

Миновар Тўлахўжаева:

– CIPA бўйича сертификатлаштириш тўғрисидаги амалдаги низомда* «Ушбу сертификат малака ошириш тўғрисида гувоҳнома бўлган тақдирда ҳақиқийдир» деган ёзув киритилиши назарда тутилган.

Сертификатни олаётганда мутахассисга аъзолик билети ва малака оширилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Унга ҳар йили сертификат соҳиби мунтазам равишда таълим олаётганлиги, малака ошириш бўйича семинарларга, давра суҳбатлари ва курсларга қатнаганлиги қайд этиб борилади. Буларнинг ҳаммаси тамомила профессионал ўзандаги тадбирлар бўлиши, уларда аудит, солиқлар, ҳуқуқ, бухгалтерия ҳисоби мавзулари муҳокама этилмоғи лозим. 3 йил мобайнида мутахассисда шундай иштирок бўйича камида 120 соат, яъни ўрта ҳисобда йилига 40 соат жамланмоғи даркор.

Мутахассис у ёки бу тадбирда иштирок этганлигини шахсан унинг номига юборилган таклифнома, тадбирда иштирок этганлигига оид маълумотлар, тадбир дастури сингари далиллар билан тасдиқламоғи лозим. Энг яхшиси, малака ошириш курсларидан ўтганлиги ҳақида ахборот тақдим этишдир. ЎзБАМУда амал қилаётган Низомга мувофиқ САР сертификати соҳиблари «Молиявий ҳисоб-2», «Бошқарув ҳисоби-2», «Аудит» ёки «Молиявий менежмент» сингари иккинчи даражали курсларга қатнаб, малака оширишлари мумкин. Бу курслардан ҳар бири малака оширишга оид битта курс сифатида тан олинади. Профессионал йўналишдаги бошқа тадбирлар ҳам эътиборга олинади. Мабодо, мутахассис 3 йил мобайнида ҳеч бир курсга қатнамаган, ҳеч қандай тадбирда иштирок этмаган бўлса, унинг сертификати ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, негаки у сертификат олишдаги асосий шартлардан бирини – малака ошириш ва билим савиясини лозим даражада сақлаб туриш талабини бажармаган.

CAP/CIPA сертификатларининг амал қилиш муддатини узайтириш шартлари қуйидагича: ЕСБАК аъзоси бўлмиш профессионал ташкилот аъзоси мажбурият ва бурчларига риоя этиши ва малакани муттасил ошириб бориши (3 йил юзасидан 120 соат) зарур. Бошқача қилиб айтганда, профессионал ташкилот ҳар 3 йилда CAP/CIPA сертификати соҳиби ЕСБАКнинг 2007 йил 11 октябрдаги умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган малака оширишнинг 120 соатлик талабини бажарган-бажармаганлигини аниқлайди.

Ана шу талаблар бажарилмаган тақдирда:

а) сертификат соҳибининг профессионал ташкилотдаги аъзолиги тўхтатиб қўйилган бўлса, сертификатнинг амал қилиши тўхтатиб турилади;

б) сертификат соҳибининг ЕСБАК ­аъзоси бўлмиш профессионал ташкилотдаги аъзолиги тугатилган ҳолларда сертификат бекор қилинади.

Профессионал ташкилотнинг аризаси асосида ЕСБАК ижрочи дирекцияси томонидан сертификатнинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади ёки сертификат бекор қилинади.

Сертификат соҳиби ЕСБАК аъзоси бўлмиш бир профессионал ташкилотдан бошқасига ўтган тақдирда, сертификатнинг амал қилиши, башарти бошқа ташкилотга аъзо бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатни сертификат соҳиби аввалги ташкилотга тақдим этган бўлса, тўхтатиб қўйилмайди.

 

Равшан Ҳайдаров:

– Ҳозирги вақтда CAP/CIPA сертификатларининг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қарор, қоида тариқасида, ички ва ташқи аудиторларга нисбатан, камроқ даражада солиқ маслаҳатчилари ва оддий бухгалтерларга нисбатан қўлланмоқда. Ташқи ва ички аудитор сертификатларини олиш тартибини расамадга солувчи норматив ҳужжатларга биноан CAP/CIPA сертификати соҳиби малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида ўқув марказларининг гувоҳномасини тақдим этиш орқали сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашлари лозим. Сертификатдорларни ишга олиш чоғида кўпинча сертификатни кўрсатишнинг ўзи кифоя – бинобарин, бу иш берувчи малакани муттасил ошириб бориш зарур эканлигидан қанчалик хабардор эканлигига боғлиқ.

 

Баъзан сертификат соҳиби шу ҳужжатни олган муайян профессионал ташкилотдан бошқасига ўтади. Бундай ҳолларда, сертификатнинг ҳақиқийлиги қай йўсинда сақлаб қолинади?

М.Т.: Сертификат соҳиби муайян ташкилотга бир умрга боғлаб қўйилган эмас, албатта. У бир ташкилотдан аъзоларимиз бўлган бошқа ташкилотга ўтиш ҳуқуқига эга. Сертификат мақомини сақлаб туришнинг асосий шарти, профессионал ташкилотлардан бирида аъзо бўлиш ва малакани тасдиқлашдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, малака оширилган бўлса-ю, ташкилот аъзолигидан четланиб қолинган бўлса, сертификатнинг амал қилиши тугатилади ёки аксинча. Шундай қилиб, гап сертификат қайси ташкилотда олинганида эмас, гап сертификат соҳиби таҳсил олиб савияси, малакасини ошириб борганлигида. Бир ташкилотдан бошқасига ўтилганда, сертификат соҳибининг курсларда таълим олганлиги ҳақидаги ахборотни ўзимиздаги ҳужжатларга тегишли тартибда кўчириб ўтказиб оламиз, натижада унинг сертификати ҳақиқийлиги сақланиб қолади. Борди-ю, бундай ёзувлар бўлмаса, мутахассис янги ташкилотда таълим курсидан ўтиши мумкин. У буни сертификат олганидан кейинги йил мобайнида амалга ошириши ва кейинчалик ҳар йили шундай таҳсил олиб туриши даркор. Агар йил якунлари бўйича малака ошириш курсларидан ўтилганлиги тўғрисида қайд бўлмаса, сертификат соҳиби 3 йил мобайнида малака ошириш бўйича 120 соатлик курслардан ўтиши мажбур эканлиги ҳақида огоҳлантирилади. Шу муддат мобайнида бу шартни бажармаса, унинг сертификати ҳақиқий эмас деб топилади.

Р.Ҳ.: Халқаро сертификатлар аудиторлар ва бухгалтерларнинг республика жамоат профессионал бирлашмалари томонидан берилади. Бундай сертификатларнинг амал қилиши, айтайлик, малака ошириш курсларидан ўтмаганлик сабабли тугатилади. Профессионал ташкилотни танлашда сертификат соҳибининг эрки ўзида. Сертификат олганидан кейин у муайян ўқув марказида малака ошириш мақсадида тегишли курслардан ўтмоғи лозим, малакасини оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни эса профессионал ташкилотга тақдим этиши шарт.

 

Ўзбекистон сарҳадларидан четга, узоқ муддатли (1 йил ва ундан ортиқ) хизмат сафарига кетган мутахассиснинг сертификати ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинми? Бундай бўлмаслиги учун сертификат соҳиби нималар қилиши лозим? Мабодо мутахассис доимий яшаш учун бошқа юртга кетаётган бўлса-чи?

М.Т.: Агар мутахассис бизнинг ташкилот аъзоси бўлса, ёрдам сўраб бизга бемалол мурожаат этиши мумкин, биз уни жўнаб кетаётган жойидаги ЕСБАК аъзоси бўлмиш профессионал ташкилотга тавсия этамиз, ўша ерга боргач, шу ташкилот ҳисобига ўтиши мумкин. Бундан ташқари сертификат соҳиби ҳақида ва унинг малака оширганлиги тўғрисида ахборотлар ҳам бўлган тавсияномани хорижий ташкилотга йўллашимиз мумкин – у ўша ерда шу ташкилотга аъзо бўла олади. Мабодо, сертификат соҳиби ўз мутахассислиги бўйича таълим олиш учун жўнаб кетган бўлса, унинг бу ишини «хизмат рўйхати» ҳисобига киритиб қўйишимиз мумкин. Бунинг учун у таклифномасини ва курс дастурини далил тариқасида тақдим этмоғи керак. Такрор бўлса ҳам айта қолай, бунда асосий шарт мутахассислик бўйича таълим олишдир.

Мутахассис доимий яшаш учун ўзга юртга жўнаб кетаётган ҳолларда ҳам, бизга мурожаат қилмоғи керак. Биз у бораётган мамлакатдаги профессионал ташкилотга тавсиянома-хат тайёрлаб берамиз, унда барча керакли маълумотлар кўрсатилган бўлади. Тўғри, у янги ташкилотга ўз гувоҳномасининг асл нусхасини тақдим этмоғи ва ўша ерда ҳам малакасини ошириб бориш тадоригини кўрмоғи лозим.

Р.Ҳ.: Сертификат соҳиблари 3 йил мобайнида 120 соатлик махсус курсларда малака оширишлари, профессионал ташкилот томонидан тан олинадиган бошқа тадбирларда (конференциялар, лойиҳалар ва шу сингариларда) иштирок этишлари шарт. Мутахассис хизмат сафаридан қайтганидан кейин малака ошириш бобида бой берилган нарсаларнинг ўрнини тўлдириб олиши мумкин. Агар у чет элга молия, бошқарув ҳисоби ва бошқа профессионал соҳаларда малака ошириш учун кетган бўлса ва тасдиқловчи ҳужжатларни профессионал ташкилотга тақдим этса, мазкур курслар албатта ҳисобга олинади.

Мутахассис доимий яшаш жойини ўзгартирган тақдирда, ҳеч бўлмаганда, кейинги 5 йил мобайнида малака оширганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг асл нусхаларини ўзи билан олиб кетиши лозим. Булар унга сертификати ҳақиқий эканлигини янги иш берувчига дастак қилишида керак бўлади.

 

Ҳақиқий эмас деб топилган сертификат мутахассисдан олиб қўйиладими? Агар шундай бўлса, бу иш қайси сабабларга кўра амалга оширилади?

М.Т.: Қоидаларга мувофиқ берилган сертификатни унинг соҳибидан олиб қўйиш мумкин эмас. Сертификат ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, лекин уни ҳеч ким олиб қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Сертификат сохта ҳужжатлар бўйича берилганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳоллар бутунлай бошқа гап. Бунда сертификат ЕСБАК ижрочи дирекциясининг қарори асосида олиб қўйилади. Умуман, сертификатнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги ҳар қандай қарор ЕСБАК ижрочи дирекцияси томонидан қабул қилинади.

Р.Ҳ.: Камдан-кам ҳолларда, айтайлик, сертификат қалбаки бўлса ёки уни беришда хатоликка йўл қўйилган бўлса ёхуд бошқа одамнинг номига ёзилган бўлса, олиб қўйилиши мумкин. Аммо буларнинг бари тегишли ҳуқуқий асосга ва далилларга таянмоғи лозим.

 

Сертификатнинг амал қилишини тиклаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай ва қанча вақтдан кейин шундай қилиш мумкин?

М.Т.: Сертификат, юқорида айтилганидек муддатсиз, яъни муддати чекланмаган, шу сабабли унинг амал қилишини тиклаш мумкин. Биргина шарти, профессионал ташкилотда аъзолик тугатилмаган бўлиши лозим. Малака ошириш курсларидан ўтиш учун эса вақт керак бўлади. Чунончи, бизнинг ташкилотда 40 соатлик малака ошириш курсидан йилда 2 марта ўтиш мумкин. Битта курс бой берилган йилнинг ўрнини тўлдириш имконини беради. Сертификатнинг ҳақиқий эмаслиги муддати қанча кўп бўлса, уни тиклаш шунчалик чўзилади. Малака оширишнинг ўтказиб юборилган барча курсларида таълим олинганидан кейингина сертификатнинг мақоми қайтарилади. Чунончи, 3 йиллик «танаффус»нинг (малака оширишнинг 120 соатлик курси) ўрнини тўлдириш учун 3 та курсда таълим олишга тўғри келади, бунинг учун эса камида 1,5 йил керак.

Р.Ҳ.: Бу борадаги механизм ҳозирча маромига етказилган эмас. Сертификат соҳиби 3 йил мобайнида малака оширишнинг 120 соатлик курсидан ўтмаган ёки инобатга олиш учун ҳужжатлар тақдим этмаган бўлса, ана шу муддат ўтгач, сертификат ўз кучини йўқотади. Энди ҳамма нарса иш берувчига боғлиқ бўлиб қолади. Кимгадир бухгалтерда сертификат бўлишининг ўзи кифоя. Аудиторлар эса ҳар йили малака ошириши шарт. 3 йилдан кейин сертификат тикланмайди – уни тегишли имтиҳонларни топшириш йўли билан белгиланган тартибда қайта (янгитдан) олиш зарур бўлади.

 

 

Пировардида, шуни таъкидлаш жоизки, CIPA бўйича сертификатлаштириш тўғрисидаги низомнинг 14.1-бандига кўра, сертификати бекор қилинган ёки сертификатининг амал қилиши тўхтатиб қўйилган шахс ўз имзоси ёнида CAP ёки CIPA деган ёзувлардан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади ва ўзини CAP ёки CIPA малакасига эга бўлган шахс ёхуд CAP ёки CIPA сертификати эгаси сифатида кўрсатиш, тавсия қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Хуллас, сертификат олишнинг ўзи етарли эмаслиги тайин. Сертификат мақомини муттасил таълим олиш ва малака ошириш орқали тасдиқлаш ва қўллаб-қувватлаб туриш талаб қилинади. ЕСБАКга аъзо бўлмиш профессионал ташкилотларда ва ЕСБАКнинг ўзида халқаро сертификатлар соҳибларининг реестри юритилади, бинобарин уларнинг сайтларида бундай сертификатлар ҳақиқийлигига оид барча ахборотларни топиш мумкин.


Мухбиримиз

Ольга КИРЬЯКОВА суҳбатлашди.

 

*ЕСБАКнинг 2002 йилдаги умумий йиғилишида тасдиқланган.  

Прочитано: 3151 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика