Norma.uz

Битим бекор қилиниб, харажатлар ҳисоблансин

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

МЧЖ (ижарага берувчи) билан АЖ (ижарачи) ўртасида 2014 йил февралида автотранспорт воситаларини бошқариш ва улардан техник фойдаланиш (экипажи билан биргаликда) бўйича 100 млн сўмлик хизматлар тақдим этиш юзасидан ижара шартномаси тузилди. Унинг шартларига кўра ижарага берувчи 10 ой мобайнида икки автомобилни экипажи билан бирга ижарага бериш, ижарачи эса ижарага ҳақ тўлаш ва шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин машиналарни қайтариш мажбуриятини олди.

Кўрсатилган хизматларга ўз вақтида ҳақ тўланмаганлиги муносабати билан МЧЖ 2014 йил июнда хўжалик судига 20 млн сўм асосий қарз, 2 млн сўм ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня, 110 минг сўм давлат божи1 ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириб бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

Ишни кўриш давомида жавобгар ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарши даъво тақдим этди. Хўжалик судининг 2014 йил июлдаги ҳал қилув қарори билан у қондирилди ва 100 млн сўмга ижара шартномаси қонун билан талаб қилинаётган шаклга риоя этилмаганлиги муносабати билан ҳақиқий эмас деб топилди.

Кўрсатилган хизматлар ҳақини ундириш мақсадида МЧЖ хўжалик судига битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ва АЖдан, Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 1023-моддасига кўра 20 млн сўм кўрсатилган хизматлар қиймати, 110 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириб бериш даъвоси билан мурожаат қилди. Ушбу талаблар қисман қондирилди.

Мазкур ҳал қилув қарорига қўшилмаган даъвогар апелляция шикоятини берди. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, апелляция шикоятини эса қондиришсиз қолдирди. Биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорига қўшилмаган даъвогар кассация инстанциясига шикоят топширди. У биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорини ўзгартиришсиз, кассация шикоятини эса қондиришсиз қолдирди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ ижара шартномасига мувофиқ транспортни ижарага берди. Бироқ ижарачи ижара ҳақини ўз вақтида тўламади ва 20 млн сўм қарз бўлиб қолди. Ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиши муносабати билан АЖ агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилмаган бўлса, битим бўйича олинган барча нарсани қайтариши, натурада олинган нарсани қайтариш мумкин бўлмаган тақдирда (шу жумладан у мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизматда ифодаланганда) унинг қийматини пулда қоплаши, керак. Шу сабабли МЧЖ судга асоссиз бойиш суммасини ундириш талаби билан мурожаат қилди, шунингдек у АЖдан суд харажатларини ундиришни сўрайди.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ижара шартномаси ФКнинг 115-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилган. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги унинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги сифатида тушунилади (ФКнинг 112-моддаси). Унинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги туфайли ижара шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш қонун билан тақиқланган. Бу эса ижара муносабатларининг амал қилиши тугатилишини билдиради. Шу сабабли даъвогар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган ижара шартномаси бўйича кўрсатилган хизматлар қийматини эмас, балки автотранспорт воситаларидан фойдаланиш харажатларининг ҳақиқий қийматини исботлаши лозим. АЖнинг ҳисоб-китобларига кўра у 10 млн сўмни ташкил қилади. Шу сабабли жавобгардан 10 млн сўм ва суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг ­эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидагиларни аниқлади:

1) МЧЖ (ижара берувчи) билан АЖ (ижарачи) ўртасида 2014 йил февралда 100 млн сўм миқдоридаги умумий суммага ижара шартномаси тузилган;

2) ижара шартномасига кўра ижарага берувчи 10 ой мобайнида экипажи билан биргаликда иккита транспорт воситасини ижарага бериш, ижарачи эса улар ижарасига ҳақ тўлаш ва кўрсатилган автомобилларни шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин қайтариш мажбуриятини олган;

3) хўжалик судининг 2014 йил июлида қабул қилинган ҳал қилув қарорига кўра 100 млн сўмга тузилган ижара шартномаси, ФКнинг 115-моддасига асосан, битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этилмаганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилди. Давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради (ФКнинг 112-моддаси). Унинг ҳақиқий эмаслиги туфайли ижара шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш қонун билан тақиқланган;

4) битимнинг ҳақиқий эмаслигини қўллаш оқибатлари асоссиз бойиш суммасини ундириш учун асос бўла олмайди, чунки ушбу талаблар ФКнинг 1024-моддасида назарда тутилмаган. ФК 1026-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни асл ҳолида қайтаришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, қўлга киритувчи жабрланувчига бу мол-мулкнинг қўлга киритиш пайтидаги ҳақиқий қийматини тўлаши лозим.

ФКнинг юқорида айтилган меъёрлари боис, даъвогар қонун ҳужжатларининг талабларига кўра (Хўжалик процессуал кодексининг 112-моддаси, бундан кейин – ХПК), автотранспорт воситаларининг фойдаланиш харажатлари ҳақиқий қийматининг ҳисоб-китобини амалга ошириши ва уни судга тақдим этиши лозим эди;

5) жавобгар Қурилиш машиналари ва механизмларидан фойдаланишга доир ҳисоб-китоб жорий нархларини белгилаш бўйича услубий тавсиялар (Давархитектқурилишқўмнинг 2004 йилдаги 31-сон буйруғи билан 6.05.2004 йилдан амалга киритилган) асосида суммаси 10 млн сўмни ташкил этадиган авто­транспорт воситаларидан фойдаланишга амалдаги харажатларни ҳисоб-китоб қилиб, судга тақдим этди. Улар асосли ва қондирилиши керак.

Бундай ҳолатларда хўжалик суди қарор қиладики:

1) даъво аризаси қисман қондирилиши, АЖдан 10 млн сўмлик автотранспорт воситаларидан фойдаланишга доир амалдаги харажатлар суммаси ундирилиши керак;

2) ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ жавобгардан даъвогар фойдасига 55 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилсин. 55 минг сўм давлат божи даъвогарга қайд этилсин.

Биринчи инстанция судининг важ-далилларини ҳисобга олиб, апелляция ва кассация инстанцияларининг судлари унинг қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ШАРҲ

 

Бугун кўриб чиқилаётган вазият жуда долзарб бўлиб, суд амалиётида тез-тез учрайди.

ФК 565-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиладиган автомототранспорт воситаларининг ижара шартномаси нотариал тасдиқланишини керак.

Кўриб чиқиладиган ҳолатда шартнома нотариал тасдиқланмаганлиги сабабли у қонун билан талаб қилинадиган битим шаклига риоя этилмаганлиги туфайли (ФКнинг 112 ва 115-моддалари) ҳақиқий эмас деб топилган. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ФК 112-моддасининг маъносидан келиб чиқилса, битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги шуни англатадики, унинг доирасида содир этилган ҳаракат, битимнинг қонунга мувофиқ эмаслиги туфайли, унинг иштирокчилари учун мақбул бўлган ҳуқуқий оқибатларни туғдирмайди ва туғдириши мумкин эмас. Шу сабабли ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим мажбуриятларини бажариш қонун билан тасдиқланган. Бундай битимни бажариш учун содир этилган ҳаракатлар унинг тарафларида ҳам, учинчи шахсларда ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятларни туғдирмайди. Шу тариқа, ижара шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш унинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги туфайли қонун билан тақиқланган.

Битимнинг ҳақиқий эмаслигини қўллаш оқибатлари асоссиз бойиш суммаларини ундириш учун асос ҳисобланиши мумкин эмас, чунки ушбу талаблар ФКнинг 1024-моддасида назарда тутилмаган.

ФК 1026-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ асоссиз олинган ёки тежалган мол-мулкни натурада қайтариш мумкин бўлмаган тақдирда олувчи жабрланувчига ушбу мол-мулкнинг уни олиш пайтидаги ҳақиқий қийматини қоплаши керак.

ФКнинг юқорида келтирилган қоидалари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас бўлган ижара шартномаси бўйича кўрсатилган хизматлар қийматини эмас, балки автотранспорт воситаларидан фойдаланиш харажатларининг ҳақиқий қийматини қоплашнинг зарурлигини асослайди. Мулкни баҳолаш миллий стандарти (1-сон МБМС) «Баҳолашнинг умумий тушунча ва принциплари»га2 кўра харажатлар – товар ёки хизматни бунёд этиш ёхуд кўрсатиш учун талаб қилинадиган ресурслар миқдорининг пулдаги ифодасидир. Харидор товар ёки хизмат учун тўлаган нарх унинг учун уларни олиш харажатларига айланади. Уларнинг ҳисоб-китоби мол-мулк объекти учун такрор ҳосил қилиш харажатлари ёки ўрин олиш харажатларининг ҳисоб-китобидаги миқдорига асосланиши мумкин. Такрор ҳосил қилиш харажатлари – худди шундай технологиялар ва материаллардан фойдаланган ҳолда мавжуд объектнинг эҳтимол бўлган нусхасини яратиш харажатларидир. Ўрин олиш харажатларининг ҳисоб-китобдаги миқдори ҳозирги вақтда бозорда ишлатиладиган технологиялар ва материалларни қўллаган ҳолда қиёсланадиган фойдалилик билан биргаликда объектни бунёд этишни назарда тутади.

Кўрсатилган қоидалар даъвогар томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланишга доир амалдаги харажатларнинг ҳисоб-китоб қилиниши зарурлигини белгилайди. Бироқ у бундай харажатларни қилмаган ва судга тақдим этмаган. Жавобгар эса Қурилиш машиналари ва механизмларидан фойдаланишга доир ҳисоб-китоб жорий нархларини белгилаш бўйича услубий тавсияларга амал қилиб, судга суммаси 10 млн сўмни ташкил қилган автотранспорт воситаларидан фойдаланишга амалдаги харажатларнинг асосланган ҳисоб-китобини тақдим этган.

Суд МЧЖнинг даъво талаблари қисман қондирилди деб тўғри ва асосли равишда эътироф этди.

Мазкур вазиятга татбиқан шуни таъкидлашни хоҳлардикки, ижара шартномаси тарафлари уни тузишга қадар автотранспорт воситалари ижараси масалаларини тартибга соладиган ФК талабларини ўрганганларида, мазкур низо юзага келмаган бўларди. Шартнома қонун билан белгиланган шаклда тузилганда ижарачи автотранспортдан фойдаланишга доир амалдаги харажатларни эмас, балки унга кўрсатилган ижара хизматлари қийматини тўлаши шарт эди.

 

1Давлат божи ставкаларининг (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган) 1-бандига доир изоҳга асосан хўжалик судларига амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти доирасида мурожаат қилинганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мулкий тусдаги даъво аризаларидан белгиланган ставканинг 50%и миқдорида давлат божи тўлайдилар.

2ДМҚнинг АВ томонидан 24.07.2006 йилда 1604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2352 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика