Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 8 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Навбатдан ташқари мерос

Кишининг вафот этиши билан унга тегишли бўлган мол-мулкка ворислик билан боғлиқ муносабатлар вужудга келади. Фуқаролик кодексининг (ФК) 1112-моддасига кўра ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Бунда қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.

Меросни расмийлаштириш чоғида бир талай саволлар туғилади. Улардан бири – тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик. Буни қандай тушуниш керак?

 

Ворислик чоғида тақдим қилиш ҳуқуқи бир меросхўр мерос очилгунга қадар ёки мерос қолдирувчи билан бир вақтда вафот этган қонун бўйича бошқа меросхўрнинг вакили бўлганда амал қилади. Яъни бундай ҳаётий вазиятларда агар бобо ва бувилардан олдин вафот этган ота-оналарининг айнан вакиллари бўлган ёки уларнинг ўрнини босадиган набиралар ворислар бўлишлари мумкин. Набиралар фақат тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича биринчи навбатдаги ворислар ҳисобланадилар ва фуқаролик қонун ҳужжатлари билан белгиланган ворисларнинг бирорта ҳам навбатига кирмайдилар.

Ушбу қоида меросдаги улуш ҳисоб-китобига ҳам тааллуқли. Чунончи, ворисликка кириш чоғида набираларнинг сони муҳим эмас, қонун бўйича ворис бўладиган биринчи навбатдаги меросхўрларнинг сони принципиал аҳамиятга эгадир. Агар мерос очилгунга қадар вафот этган мерос қолдирувчининг болаларида фарзандлар (мерос қолдирувчининг набиралари) бўлса, улар ворисликка тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича чақириладилар. Мерос қолдирувчининг битта боласидан туғилган мерос қолдирувчининг барча набиралари, агар у мерос очилган пайтда тирик бўлгандагидек, уларнинг отасига тегишли бўладиган улушгагина ворислик қиладилар.

Агар вазиятни мураккаблаштирсак ва мерос қолдирувчининг иккита боласи бўлиб, улар мерос очиш пайтида вафот этишган ва уларнинг ҳар бирида болалар қолган деб тасаввур қилсак, бундай ҳолда мерос қандай тақсимланади?

Биринчи навбатдаги бошқа меросхўрлар бўлмаган тақдирда мерос аввал 2 қисмга тақсимланади (мерос қолдирувчининг болалари сонига қараб), сўнгра тенг улушларда мерос қолдирувчининг ҳар бир боласидан бўлган набиралар ўртасида тақсимланади.

 

МИСОЛ. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида ўғли ва қизи бор эди, улар мерос очилишига қадар вафот этганлар. Ўғлидан 2 набира, қизидан қиз набира қолди. Уларнинг ҳаммаси тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланишади. Мантиққа кўра мерос биринчи навбатдаги меросхўрлар ўртасида тенг улушларда, яъни 1/3 улушдан тақсимланиши керак деб фараз қилиш мумкин. Бироқ, ФКнинг 1140-моддасига кўра, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бинобарин, мерос қуйидагича тақсимланади: қиз набира мерос қолдирувчининг қизи ортидан унинг улушига ворислик қилади, ушбу улуш мероснинг 1/2 қисмига тенг, ўғилдан бўлган набиралар эса ўз оталарининг улушини ўзаро бўлиб оладилар, яъни ҳар бири 1/4 қисмига ворис бўлади.

 

Шу тариқа, набиралар ва мерос масаласи ҳар доим тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик асосида ҳал этилади, уни мерос қолдирувчининг васиятигина ўзгартириши мумкин.

 

Азиза ШОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 9-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

 

 

Эътибор беринг! Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворисликни мерос трансмиссиясидан фарқлаш лозим.

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик фақат меросхўр мерос қолдирувчининг вафотига қадар ёхуд у билан бир вақтда вафот этган бўлса, юз беради. Агар меросхўр уни белгиланган муддатда қабул қилишга улгурмай, мерос очилгандан кейин вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиш ҳуқуқи унинг авлодларига (тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича) эмас, балки унинг ворисларига (қонун ёки васият бўйича) ўтади. Бу мерос трансмиссияси деб аталади, унда меросга бўлган ҳуқуқ бошқа қоидалар бўйича ўтади.

Прочитано: 4050 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика