Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 8 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Депутатлар янги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
 

 

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор янги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Депутатлар ўз ишларини «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этишдан бошладилар.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган 2014–2015 йилларда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурига мувофиқ тайёрланди. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни самарали шакллантириш ва фаол ривожлантиришга ҳамда жамият миноритар акциядорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

– Ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти корпоратив бошқарув тизимида принциплар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнлари корпоратив менежментининг замонавий халқаро стандартларини жорий этишдан иборатдир, – дея таъкидлади Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Н.Саидахметова. – Бунда шунга ўхшаш чет эл тажрибаси ҳисобга олинди, устига-устак, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда, айниқса, саноат ишлаб чиқариши соҳасида мулкчиликнинг бу шакли катта салмоққа эга. Қонун лойиҳаси акциядорларнинг умумий йиғилишида жамиятларни ўртача муддатли ва узоқ муддатли даврда ривожлантириш бўйича аниқ стратегияни тасдиқлашга доир талабларга эга нормаларни қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаш, ижро этувчи орган ва кузатув кенгашининг жамиятларни ривожлантириш стратегиясига эришиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб боришни назарда тутади. Айниқса, шуниси муҳимки, акциядорлик жамиятларининг йирик акциядорларига (акцияларнинг 25 фоизидан ортиғига эгалик қилувчиларга) ушбу жамиятларнинг миноритар акциядорлари олдида дивидендлар бўйича қарз бўлмаган тақдирда дивидендлар тўлаш тўғрисидаги норма мустаҳкамлаб қўйилади. Киритилаётган тузатишлар жамиятда корпоратив бошқарувни ривожлантиришда, акцияларининг ҳажми кичик ва тарқоқлиги туфайли бугунги кунда амалда бошқариш ҳамда қарорлар қабул қилишдан маҳрум бўлган миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

– Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида биз уни қўмитада давлат бошқаруви органлари, фуқаролик жамиятлари институтлари вакиллари, шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунослар иштирокида кенг муҳокама этдик, – дейди Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Б.Темирханова. – Бунда бошқа қўмиталар ва сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқий ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган барча фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишнинг кейинги босқичига тайёрлаш юзасидан навбатдаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқдик.

«Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси катта ижтимоий аҳамиятга эга. Ушбу қонун лойиҳаси «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ҳужжатнинг қабул қилиниши фақат сифатли йодли ош тузи билан таъминлаш орқали Ўзбекистон Республикаси аҳолиси орасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга ва камайтиришга қаратилган.

Шундан сўнг депутатлар «Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий мулк эгалари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонунчилик йўли билан ҳимоя қилиш нормаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

Қонун лойиҳаси хусусий мулкни ҳимоя қилишни ва хусусий тадбиркорлик ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқларини бузганлик учун шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган. Тузатишлар Фуқаролик, Уй-жой, Солиқ кодексларига, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига киритилмоқда.

 Солиқ кодексида шундай норма мустаҳкамланмоқдаки, унга мувофиқ мулкдорлар давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида мурожаат қилганда судларда давлат божини тўлашдан озод этиладилар. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хусусий мулкдорларни янада самарали ҳимоя қилишга, айбдорлар, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан бундай ҳуқуқларнинг бузилишига йўл қўймасликка хизмат қилади.

Шунингдек, депутатлар «Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ва бир қатор бошқа қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама этилганидан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси уларнинг концепцияларини маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди.

 

Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати
материали асосида.

Прочитано: 1893 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика