Norma.uz

Ўриндошни тўлиқ иш вақти билан таъминламанг

Кадрлар бўлимида яқиндан бери ишлаяпман, ҳозирча ушбу соҳани суст биламан. Шу сабабли ҳам бир қатор саволларимга жавоб беришингизни сўрайман.

Ишланган вақтнинг қанча миқдорини табелга қайд этиш керак? Уни нотўғри юритганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?

Агар ташқи ўриндоштармоқ маъмурига мазкур лавозим учун белгиланган бутун маош тўланса, унга иш вақтини 8 соат қилиб қўйиш хато ҳисобланадими?

С.Иванова.

Тошкент шаҳри.

 

– Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади (Меҳнат кодексининг (МК) 114-моддаси). Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 115-моддаси).

Иш вақтининг қисқартирилган ҳафталик муддати:

16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга 36 соатдан, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (МКнинг 242-моддаси);

I ва II гуруҳ ногиронларига иш вақти ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (МКнинг 220-моддаси учинчи қисми);

ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддат меҳнат жараёнида соғлиғига зарарли омиллари таъсир этадиган ходимлар учун белгиланади (МКнинг 117-моддаси);

алоҳида тусга эга бўлган ишларда иш вақтининг муддати ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (МКнинг 118-моддаси);

3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга – ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддат белгиланади (МКнинг 2281-моддаси).

Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт (МКнинг 125-моддаси).

Иш вақтини ҳисобга олиш табели иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳужжат ҳисобланади. Бинобарин, унга ходим ишлаган аниқ вақт қўйилади ва унга ҳақ ушбу ҳужжатда кўрсатилган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.

Иккинчи саволингизга жавобни Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомдан (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) топасиз. Низом мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномасига мувофиқ ўриндошлик асосида ва (ёки) бир неча касбда ва лавозимда ишловчи жисмоний шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солади.

Ўриндошлик асосида ишлаш – ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши (Низомнинг 2-банди). Унинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин (Низомнинг 7-банди).

 

МИСОЛ. Ўриндошнинг асосий ишида 5 кунлик (40 соат) иш ҳафтаси (кунига 8 соат) белгиланган. Бошқа ишда у кунига 4 соатдан кўп меҳнат қилиши мумкин эмас, чунки МКнинг 123-моддасига мувофиқ, кундалик иш вақтининг муддати 12 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Ўриндошларга ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида иш ҳақи ишнинг қиймати бўйича ҳисобланади (Низомнинг 11, 12-бандлари). Табиийки, ўриндошга бутун маош тўланмайди, чунки вақтбай тизимда ҳақ тўлашда ишланган вақт билан чекланилади. Сиз амалда ўриндош ишлаган иш вақтини ўз вақтида ҳисобга олиб боришингиз лозим, ҳақни эса Низомнинг 7, 8, 11, 12-бандларини ҳисобга олган ҳолда тўлашингиз керак.

 

МКнинг 125-моддаси талаблари бажарилмаган тақдирда, яъни ҳар бир ходим амалда ишлаган иш вақти ҳисобга олиб борилмаганда ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши сифатида баҳоланади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка олиб келади*.

 

*Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-«Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» моддаси.


Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2689 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика