Укам беихтиёр муштлашув иштирокчиси бўлиб, ўзини мудофаа қилиш чораларини ошириб юборди ва низони бошловчининг соғлиғига шикаст етказди. Ҳозир ана шу жиноят иши бўйича тергов тугалланяпти. Танишларимнинг айтишича, ишни судгача олиб бормаслик, балки ярашиш билан тугатиш мумкин экан. Бу қандай таомил ва у қандай амалга оширилади?
Ш.Иброҳимов.
– Жабрланувчи билан ярашиш муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиботи Ўзбекистон қонун ҳужжатларига бундан 13 йил аввал жорий этилган. У жиноий-ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришнинг самарали дастагига айланди, жабрланувчининг ҳуқуқларини пухтароқ ҳимоя қилиш, мамлакатда судлашишлар сонини камайтириш имконини берди.
Ярашиш тартиботининг моҳияти нимада? У жиноят содир этган кишига, агар у ўз айбини тан олгач, жабрланувчи билан ярашган ва унга етказилган зарарни қоплаган бўлса, жиноий жавобгарликдан қутулиш имконини беради. Яраштириш қўлланиши мумкин бўлган жиноятларнинг рўйхати Жиноят кодексининг (бундан кейин – ЖК) 66-1-моддасида кўрсатилган. Улар жумласига қуйидагилар киради: қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш (ЖКнинг 105-моддаси биринчи қисми); касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик (ЖКнинг 116-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари); меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш (ЖКнинг 148-моддаси); ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш (ЖКнинг 173-моддаси биринчи қисми); ўзбошимчалик (ЖКнинг 229-моддаси); безорилик (ЖКнинг 277-моддаси биринчи қисми) ва бошқалар.
Ярашув тўғрисидаги ариза жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили томонидан (лекин жиноятда айбланувчи томонидан эмас) суриштирув ва дастлабки терговнинг, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкин (Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси, бундан кейин – ЖПК). Суриштирувчи, терговчи, прокурор ярашув тўғрисидаги аризани олгач, 7 суткадан ортиқ бўлмаган муддатда гумон қилинувчининг (айбланувчининг) розилиги билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради (ЖПКнинг 584-моддаси).
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан 10 суткадан кечиктирмай ўтказилади (ЖПКнинг 585-моддаси).
Яраштириш тартиботи жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида жиноят ишини шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмасдан туриб тугатиш асос бўлиб хизмат қилади*.
АМАЛИЁТДАН. Фуқаро М. қайноғаси билан уришиб қолди. Суд-тиббий экспертизанинг хулосасига кўра жабрланувчи К. баданига ўртача оғирликда шикаст етказилган. Шу тариқа М. ЖКнинг 105-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган. Суд муҳокамасида сўроқ қилинган М. ўзини уни содир этишда айбдор деб тан олди, қилган ишидан пушаймон бўлди ва жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тўхтатишни илтимос қилди.
Жабрланувчи К.нинг кўрсатишича, М. унинг даволаниш харажатларини тўлиқ қоплаган. Шу сабабли у ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида ариза берган.
Суд ЖКнинг 105-моддаси биринчи қисмига кўра М.га нисбатан жиноят иши юритишни тарафларнинг ярашиши муносабати билан ЖКнинг 66-1-моддасига асосан тўхтатишни белгилади.
Шу нарса ҳам жуда муҳимки, агар унга нисбатан жиноят ишини юритиш тарафларнинг ярашиши муносабати билан ЖКнинг 66-1-моддасига асосан тўхтатилган бўлса, киши судланган деб ҳисобланмайди.
*Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди (ЖКнинг 66-1-моддаси иккинчи қисми).
Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида 5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган жиноятлар киради. Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради (ЖКнинг 15-моддаси).
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.