Божхона ходими божхона юк декларациясига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эгами? Агар бундай имконият қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, уни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни кўрсатсангиз.
Илмира А.
– Божхона кодексининг 95-моддасига кўра божхона органларининг мансабдор шахслари ўз ташаббуси билан, шахснинг топшириғи ёки илтимосига биноан ёзма божхона декларациясини тўлдиришга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни ўзгартириш ёки тўлдиришга ҳақли эмас, божхона органларининг ваколатига киритилган маълумотларни божхона декларациясига киритиш ҳоллари, шунингдек агар машинада ишлов бериш учун фойдаланиладиган кодли маълумотлар божхона декларациясида кодсиз кўринишда мавжуд бўлса, кодли маълумотларни ўзгартириш ёки тўлдириш бундан мустасно.
Бунда шуни қайд этиш лозимки, БЮДда кўрсатилган маълумотларни декларант ўзгартириши ёки тўлдириши мумкин. У тақдим этилган божхона декларациясини олиб қўйишга ҳақли, бироқ буни фақат декларацияни текшириш, товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш, божхона органи томонидан кўрсатилган маълумотларнинг тўғри эмаслиги белгиланиши бошланишигача амалга ошириши мумкин. Бунда божхона декларациясини ўзгартириш ёки тўлдириш унинг амал қилиш соҳасини кенгайтириши ёки торайтириш мумкин эмас.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.