Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 5 / Бевосита мулоқот

Узоқ муддат талаб қилинмаган дивиденд

Акциядорлик жамиятимизнинг 500 нафар акциядори бўлиб, уларнинг 460 нафари акцияларнинг 30%ига, 40 нафари эса 70%ига эга.

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунида кўрсатилишича, акциядорларга дивиденд бериш масаласи акциядорларнинг умумий йиғилишида овозга қўйилади ва тасдиқланади. Акцияларнинг 30%ига эга бўлган 460 нафар акциядорлар 14 йилдан буён жамиятнинг иш фаолиятида иштирок этмаган ва мажлисларда қатнашмаган.

Қонунда мазкур 460 нафар акциядорга ҳам 30 кун ичида дивиденднинг берилиши шартлиги белгиланган. Бироқ, улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида 14 йилдан бери яшайди ва кўпчилиги вафот этган. Мазкур акциядорлар ўз вақтида дивидендини олмаса, акциядорлик жамиятига нисбатан жарима қўлланилиши кераклиги белгиланган. Бу шароитда жамиятимизнинг айби йўқ-ку. Чунки акциядорлар бир неча йиллар олдин Ўзбекистондан чиқиб кетишган ва бошқа давлат фуқаролигига ўтиб кетган бўлишлари мумкин.

Юқоридаги вазият сабабидан жамиятимиз акцияларининг 70%ига эга бўлган 40 нафар акциядор ҳам ўз дивидендларини ололмаяптилар.

Саволлар:

Акциядорлик жамиятимизда охирги 14 йил мобайнида ўша 460 нафар акциядорлар Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетганлиги, уларнинг турар жой манзиллари бизга ноаниқлиги сабабли уларни «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУКнинг реестридан қандай қилиб чиқариб ташлаш мумкин ва бу масалани ким ҳал қилади?

Агар судга мурожаат қилиш лозим бўлса, бу сингари ишларни фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди ҳал этадими?

АЖ номидан И.Аҳмедов.

 

– «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – Қонун) ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, акциядорлик жамиятининг (АЖ) акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш акциядорнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Бу қоида ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 3.10.2014 йилдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 17/266-сонли қарорининг 23-бандидан келиб чиқади. Ушбу қоидага кўра, судларнинг эътибори Қонун акциядорни у томонидан АЖ олдидаги мажбуриятлар бузилганлиги, унинг акциядорлар йиғилишига келмаслиги ёки унда қатнашишни рад этганлиги, АЖ билан узоқ вақт алоқада бўлмаганлиги каби асослар бўйича акциядорлар реестридан чиқариш имкониятини назарда тутмаслигига қаратилган. Шу сабабли судга тегишли даъво билан мурожаат қилиш акциядорлик жамият учун ижобий натижа бермайди.

Дивиденд масаласига келсак, унда қуйидагиларга эътибор беришингиз керак бўлади.

АЖ соф фойдасининг қисми дивиденд сифатида акциядорлар ўртасида тақсимланиши ва бу билан боғлиқ айрим бошқа масалаларни ҳал қилиш учун умумий йиғилиш ўтказмоқ зарур (Қонуннинг 50-моддаси).

Йиғилишни ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган санадан камида 7 кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан 30 кун олдин АЖнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади. АЖ давлат вакилини йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 7 кун олдин ёзма шаклда хабардор қилиши шарт (Қонун 62-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари).

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига у ўтказиладиган санадан 3 иш куни олдин шакллантирилган АЖ акциядорларининг реестрида қайд этилган акциядорлар эга бўлади (Қонун 61-моддасининг биринчи қисми).

Айтиб ўтилган реестр шакллантириладиган сана йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда белгиланади (Қонун 64-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбоши).

Агар йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда АЖнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 50%дан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, йиғилиш ваколатли (кворумга эга) бўлади (Қонун 68-моддасининг биринчи қисми). Агар сизнинг АЖ акцияларининг 70%ига эга бўлган акциядорлар шу жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 50%идан кўпроқ овозига эга бўлсалар, уларнинг (ёки вакиллари) умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганлиги жамиятингиз томонидан ташкиллаштирилган йиғилиш кворумга эга, яъни ваколатли бўлади.

Борди-ю, чақирилган йиғилишингизни ўтказиш учун кворум бўлмаса, такрорий йиғилишни ўтказиш санасини эълон қилишингиз шарт. Такрорий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда АЖнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 40%дан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорларингиз (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, бундай йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Кворум бўлмаганлиги сабабли йиғилишни ўтказиш санаси 20 кундан кам муддатга кўчирилган тақдирда, йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар ўтказилмай қолган йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг реестрига мувофиқ аниқланади (Қонун 68-моддасининг иккинчи, учинчи ва бешинчи қисмлари).

Овозга қўйилган АЖнинг фойдасини тақсимлаш масаласи бўйича йиғилишнинг қарори шу жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган, йиғилишда иштирок этаётган акциядорларнинг кўпчилик (оддий кўпчилик) овози билан қабул қилинади (Қонун 60-моддасининг иккинчи қисми).

Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби АЖнинг уставида ёки йиғилиш қарорида белгиланади. Уларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 60 кундан кеч бўлмаслиги лозим (Қонун 51-моддасининг иккинчи қисми). Эгаси ёки эгасининг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри томонидан 3 йил ичида талаб қилиб олинмаган дивиденд йиғилиш қарорига кўра АЖ ихтиёрида қолади (Қонун 51-моддасининг тўртинчи қисми).

Акциядорларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган йиғилишни ўтказиш учун шакллантирилган АЖ акциядорларининг реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 52-моддаси).

Шундай қилиб, юқорида келтирилган ва Қонундаги бошқа тегишли талабларга кўра, жамиятингиз акцияларининг 70%ига эга бўлган акциядорлар чақирилган умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, кворумни ташкил этса, шу йиғилишда, хусусан, дивиденд масаласини ҳал этишларига имкон мавжуд.

Қаерда эканлиги номаълум бўлган акциядорлар ўз вақтида дивидендини олмаса, АЖга нисбатан жарима қўлланиши белгиланганлиги, лекин бу шароитда унинг айби йўқлиги ҳақидаги гапингизга шуни айта оламиз: ҳақиқатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1741-моддасининг олтинчи қисмида тегишли даромадларни инвесторларга тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Бироқ, ушбу жавобгарликка АЖнинг тегишли мансабдор шахслари (масалан, раҳбар, бош бухгалтер, кассир) фақат умумий йиғилишнинг дивидендларни тўлаш ҳақидаги қарорини ижро этмаган ҳолда тортилишлари мумкин. Бундан ташқари, юқорида айтилганидек, акциядорларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган йиғилишни ўтказиш учун шакллантирилган АЖ акциядорларининг реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга. Қаердалиги номаълум бўлган акциядорлар эса, табиийки, бундай реестрда қайд этилмайди ва тегишли равишда уларнинг акциялари бўйича дивиденд тўланмайди.


Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1848 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика