Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 5 / Мавзуга қайтиб

«Қарз, албатта, тушум эмас, бироқ...»

«Қарз, албатта, тушум эмас, бироқ...» жавобидаСБХ»нинг 16.12.2014 йилдаги 50 (1062)-сони) эксперт Лилия Хисматова қайтариладиган қарздан ЯСТ бўйича бўнак тўловларининг банклар томонидан ундирилишининг қонунийлигини асослайди. Бироқ, Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра, ЯСТ солиш объекти бўлиб реализациядан олинган тушум, савдо корхоналари учун товар обороти ҳисобланади. Аммо Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган) деярли барча келиб тушадиган маблағлардан бўнак тўловлари (5%) назарда тутилади.

Бу Солиқ кодексининг 2-моддасида назарда тутилган қонунчиликка зид эмасми?

«Саноат Гилам» МЧЖ ҚК бухгалтери.

 

– Эксперт Л.Хисматова ўзининг «Қарз, албатта, тушум эмас, бироқ...» материалида улгуржи савдо корхонасининг банк ҳисобварағига қайтариладиган қарз тарзида келиб тушган пул маблағлари солиқ солинадиган товар обороти ҳисобланадими ҳамда бундай суммадан банкнинг ягона солиқ тўловини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиб бериши тўғрими деган саволларга жавоб берган. Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 2065-сон Низом) асосланиб, эксперт, фикримизча, тўғри тушунтиришлар берган. Эксперт 2065-сон Низомга мувофиқ, у татбиқ этиладиган корхоналарга барча маблағлар, Низомда санаб ўтилган ҳоллардан ташқари, фақат махсус банк ҳисобварақлари орқали келиб тушиши тўғрисида сўзлаб, қайтариладиган қарз суммаси бундай истиснолар жумласига кирмаслигини кўрсатади. Шу сабабли, у хулосада ортиқча тўланган солиқни ёзма ариза асосида Солиқ кодексининг 10-боби билан белгиланган тартибда қайтаришни тавсия қилади.

Сиз эса, тушунишимизча, 2065-сон Низом, унинг 12-бандида кўрсатилганларидан ташқари, барча келиб тушадиган пул маблағларининг махсус ҳисобварақларга қайд этилиши ва улардан 5% миқдорида ЯСТ бўйича бўнак тўловларининг тўланиши қисмида Солиқ кодекси қоидаларига зид келмайдими деб сўраяпсиз.

Ушбу ҳужжат нима муносабат билан қабул қилинганлигини эсга олайлик. Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорининг (22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон, бундан кейинПҚ-1245-сон Қарор) 5-банди учинчи хатбошисига биноан 1.01.2010 йилдан бошлаб улгуржи савдо корхоналари учун (улгуржи дорихона ташкилотлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирувчи ихтисослаштирилган улгуржи база-идоралар бундан мустасно) ўтказилган ҳар бир савдо операциясидан тушадиган сумманинг 5 фоизи миқдорида ЯСТ бўйича бўнак тўловлари тўлаш жорий этилган. Ана шу банднинг тўртинчи хатбошисига кўра МВ, ДСҚ ва МБга бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш топширилди.

Кейинроқ учинчи хатбоши Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон Қарорига 33-иловага биноан ўзгартирилди. Унга мувофиқ кўрсатилган бўнак тўлови худди шу миқдорда ўтказилган операциялардан келиб тушадиган тушумдан тўлана бошлади бундан қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳоллар мустасно. Уларнинг рўйхати 2065-сон Низомнинг 12-бандида белгиланган.

Фикримизча, ЯСТ миқдорини ва унга доир бўнак тўловини ушлаш ҳамда тўлаш тартибини батафсил баён этишга зарурат йўқ. Сиз кўтарган мавзу бўйича Солиқ кодексининг айрим қоидаларига эътибор қаратамиз. Кодекснинг 355-моддасидан қуйидагилар келиб чиқади:

 ялпи тушум ЯСТ солиш объектидир;

 солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) ҚҚСни, акциз солиғини ва транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни чегирган ҳолда (ушбу солиқларни тўлайдиган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушум ва бошқа даромадлар (тегишли таъкид билан) киритилади;

 савдо корхоналари учун товарларни реализация қилишдан тушган тушум деганда товар обороти тушунилади.

Бундан қайтариладиган қарз суммаси товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушумга ҳам, бошқа даромадларга ҳам кирмаслиги келиб чиқади, бинобарин, у солиқ солиш объекти деб ҳисобланмайди. Демак, қайтариладиган қарз суммасидан бўнак тўлови ёки ЯСТ бўйича бошқа тўловни ушлаш (тўлаш) Солиқ кодексининг қоидаларига зиддир.

Бундан ташқари, ПҚ-1245-сон Қарорнинг 5-банди учинчи хатбошиси ва 2065-сон Низомнинг Солиқ кодексининг тегишли меъёрларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги борасида савол туғдирадиган бир қатор бошқа ҳолатлар ҳам ­эътиборни ўзига жалб этади.

Мисол учун, улгуржи корхона харидор билан етказиб бериладиган товарлар қийматининг 15%и (30, 50 ёки 100% – бу рақам аҳамиятли эмас) миқдорида олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан шартнома тузди. Етказиб берувчининг махсус ҳисобварағига олдиндан тўланган ҳақ сифатида келиб тушган маблағлардан банк, 2065-сон Низомга биноан, Давлат бюджети учун ЯСТ бўйича 5% бўнак тўловини ушлайди.

Ҳолбуки реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олдиндан ҳақ тўлаш (бўнак) тариқасида бошқа шахслардан олинган маблағлар (мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар) ЯСТ солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси тўртинчи қисмининг 4-банди). Демак, банк томонидан етказиб берилаётган товарлар учун олдиндан тўланадиган ҳақ тарзида улгуржи савдо корхонаси ҳисобварағига келиб тушган маблағлар суммасидан ЯСТ бўйича бўнак тўловининг ушланиши Кодекснинг юқорида эслатилган қоидасига мувофиқ келмайди.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг ўзи ушбу солиқнинг бошқаруви элементларидан бири сифатида ЯСТ тўлаш тартибини белгилайди (24-модданинг иккинчи қисми саккизинчи хатбошиси). Кодекснинг 48-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари маъносидан келиб чиқиб, солиқ тўловчининг муайян солиқни (айтайлик, ЯСТни) тўлаш мажбурияти солиқларни тўлаш мажбурияти деб ҳисобланади, солиқларни тўлаш мажбурияти солиқ тўловчининг ҳисобварағида етарлича пул маблағлари бўлган тақдирда, тегишли солиқни тўлаш учун банкка тўлов топшириқномаси тақдим этилган пайтдан эътиборан бажарилган деб ҳисобланади, деб айтиш мумкин.

ЯСТ тўлаш муддатларига келсак, Кодекснинг 360-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларига кўра у қуйидагича тўланади:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ЯСТ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай (ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, ҳар чоракда, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатдан кечиктирмай тақдим этилади);

бошқа солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.

Кўрганимиздек, Кодекснинг ЯСТ тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги келтирилган меъёрлари аниқ бўлиб, улгуржи савдо корхоналарига тўлиқ даражада татбиқ этилиши керак. Бунинг устига Солиқ кодексида ушбу масалада бирор-бир таъкидлар, шу жумладан бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар мавжуд эмас.

Маълумки, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фақат Солиқ кодексидан иборат эмас, балки унга бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам киради. Бироқ Солиқ кодексининг 2-моддаси учинчи қисмида белгиланишича, улар Кодексга мувофиқ бўлиши керак – улар унга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Солиқ кодекси қоидалари қўлланилади.

Солиқ солиш масалаларига ҳам дахлдор бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни Солиқ кодексига мувофиқ эмас деб эътироф этишда қонун чиқарувчи солиқ муносабатлари субъектларининг мажбуриятлари, улар ҳаракатларининг асослари, шартлари, кетма-кетлиги ёки тартиби мазмунининг ўзгаришини кўзда тутади. Бир томондан, Солиқ кодекси меъёрлари, бошқа томондан, Президентнинг ПҚ-1245-сон Қарори 5-бандининг учинчи хатбошиси ва 2065-сон Низом ўртасида «рақобат» мавжуд – биргина ҳуқуқий муносабат – улгуржи савдо корхоналари томонидан ЯСТ тўланишини турлича тартибга соладиган меъёрлар бир вақтнинг ўзида турлича амал қилади. Бу эса, фикримизча, бунга қонун чиқариш йўли билан аралашишни талаб этади.


Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2669 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика