Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 5 / Янги қонун

Электрон мурожаат: тезкор, қулай ва самарали

2014 йил 4 декабрдан кучга кирган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштирди. Шу билан бирга, мазкур қонун билан юридик шахсларнинг ҳам мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди.

 

Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин. Бундай мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиш ва тегишли органларга етказишда муҳим воситага айланди. 2013 йил 1 июлда ишга туширилган Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти такомиллашиб, ҳозирги кунда унда аҳоли учун зарур давлат интерактив хизматлари жорий этилди, керакли маълумотлар эълон қилинди.

Ягона портал орқали турмуш тарзининг 20 дан ортиқ турли жабҳаларини қамраб олувчи 230 дан ортиқ интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Порталга 500 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг худудий бўлинмалари, жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жумладан, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари уланган. Тизим орқали ўтган давр мобайнида фуқаролар, тадбиркорлар ва юридик шахслардан 110 мингдан ортиқ электрон мурожаат юборилган.

Ягона портал орқали юборилган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксарият қисми давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, коммунал хизматлар билан боғлиқ.

Шуни айтиш жоизки, интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишнинг ягона нуқтасига айланган Ягона портал интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида, жумладан, «бир дарча» режимида фаолият кўрсатади.

Порталдан фойдаланиш эркин бўлиб, ҳар бир фойдаланувчи ўз «шахсий кабинети» орқали Ягона порталдаги хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун фойдаланувчи дастлаб Ягона порталда рўйхатдан (идентификациядан) ўтиши лозим. Ҳозирги кунда Ягона порталда рўйхатдан ўтишнинг қуйидаги тўртта усули жорий этилган: ID.UZ ягона идентификация тизими орқали, порталдаги логин орқали, электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали ҳамда UzCard тизими орқали. Ушбу усуллардан бири орқали рўйхатдан ўтган фойдаланувчи «шахсий кабинети»дан эркин фойдаланиши мумкин. 

Рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ўз «шахсий кабинети»га киргач, у орқали  мурожаатларини Ягона порталга уланган барча ташкилотларга, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига юбориши мумкин. Мурожаат бир вақтнинг ўзида бешта давлат органига юборилиши мумкин.

Ягона портал орқали йўлланган мурожаатни кўриб чиқиш муддати ва тартиби ёзма мурожаатлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади. Мурожаатни қабул қилган давлат ташкилоти мажбурий тартибда фойдаланувчига унинг мурожаатини қабул қилганини СМС-хабарнома орқали ёки бошқа қулай усулда маълум қилади.

Давлат органлари раҳбарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари Ягона портал орқали кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг асоссиз рад этилгани ва хизматлар сифатсиз кўрсатилгани учун жавоб беради. Фойдаланувчи эса нотўғри маълумотлар берганлиги, уйдирма ва ҳақоратлар бўлган мурожаатлар узатганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Президентимиз Ислом ­Каримов 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Мамлакатимизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилди, интернетга уланиш тезлиги 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ягона портал орқали фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига мурожаат юбориш ва давлат органлари раҳбарлари қабулига онлайн тарзда ёзилиш каби оммабоп интерактив хизматлар ҳам кўрсатилмоқда. 

Интернетдан фойдаланиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун Ягона порталнинг маълумотлар маркази (Call-center) фаолият юритмоқда. Унинг «1060» қисқа рақами орқали ҳар биримиз ўзимизни қийнаётган масала, муаммо ёки қизиқтираётган саволга жавоб ахтаришимиз мумкин. Ушбу марказ операторлари ўтган даврда аҳолидан 8 мингдан зиёд мурожаатни қабул қилган. Уларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат йўллаш нафақат осон ва қулай, балки ишончли ҳамдир. Бу, ўз навбатида, «электрон ҳукумат»ни янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.


ЎзА материали асосида.

Прочитано: 3375 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-04-14 10:54:51, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика