Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 9 / Божхона

Божхона томонидан ушланди – музейга топширилди

Божхона хизмати ўз ваколатлари доирасида чегара орқали маданий-тарихий бойликларни олиб ўтиш каналларидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни аниқлайди, уларнинг олдини олади ва бартараф этади. Улар жумласига Ўзбекистондан олиб чиқиш мумкин бўлмаган, бундан 50 йил ва ундан кўп вақт аввал яратилган, шунингдек давлат томонидан қўриқлаш рўйхатлари ва реестрларига киритилган нарсалар ҳам киради. Ўзбекистон халқининг маданий меросини асраш, маданий бойликларни қонунга хилоф равишда олиб чиқилиши ва олиб кирилишидан муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи, уларнинг республикадан олиб чиқилиши ва мамлакатга олиб кирилишининг ягона тартибини белгиловчи, шунингдек халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 678-I-сон) талаби ана шундай.

 

Маданий бойликларнинг чегара орқали олиб ўтилиши устидан назоратни божхона органлари Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон қарорига 1-илова) мувофиқ амалга оширадилар. Низом мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар қандай маданий бойликларга нисбатан ва ЎзР ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий равишда қўлланади.

Ушлаб қолинган қадимий ашё­лар республиканинг турли музейларига, шу жумладан мам­лакатимизнинг энг машҳур хазиналаридан бири – Нукусдаги И.Савицкий номидаги Санъат музейига беғараз топширилади. Музей ходимлари кўп маротаба божхоначилардан бебаҳо совғаларни миннатдорчилик билан қабул қилиб олиб, самарали ҳамкорликлари давом этиши истагини изҳор қиладилар.

20 февралда ушбу музейда «ХХ аср ўрталаридаги рўзғор буюмлари» мавзувий кўргазмаси очилди, унда божхона органлари томонидан қайтарилган ёдгорлик буюмлари намойиш этилди. Унда ушбу ва қўшни минтақаларда яшовчи аҳолининг ўзига хос турмуш тарзини намойиш этувчи уй-рўзғор буюмларининг катта коллекцияси тақдим этилди. Экспозиция музейга келувчиларни ошхона идиш-товоқлари, чой ичиш сервизи, лампалар, турли чиройли шамдонлар билан таништиради. Мамлакатимиз қон-қариндош халқлари санъатининг ана шу асл нусха асарларида миллий анъаналар яққол ифодаланган.

Бу ерда тарихий, музей ва коллекция қийматига эга бўлган ноёб самоварларнинг ажойиб тўпламини ҳам учратиш мумкин. Музей ходимларининг фик­рича, ушбу экспозиция албатта ўзининг ғаройиб намуналари билан эътиборни тортади, ёшу қарида катта қизиқиш уйғотади. Зеро самовар кўп асрлардан бери Қорақалпоғистон туб ерли аҳолиси чой ичиш мадания­тининг ажралмас қисми бўлиб келган. Кўп қишлоқ туманларида ушбу анъана ҳозирга қадар сақланган.

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқарма­си кўпдан буён И.Савицкий номидаги Санъат музейи билан ҳамкорлик қилади. Маданий ва тарихий нодир буюмларни сақлаш бўйича умумий вазифа ушбу ҳамкорликни тақозо этган. Кейинги йилларнинг ўзидагина ҳудудий божхона бошқармаси ходимлари маданий-тарихий қийматга эга бўлган 1 265 буюм­ни ушлаб қолдилар. Улар жумласида – аёлларнинг турли тақинчоқлари, рўзғор буюмлари, лотерея чипталари, облигациялар, маркалар, орденлар, медаллар, тангалар ва пул купюраларининг намуналари борки, уларни республикадан ташқарига олиб чиқиш мумкин эмас. Бойликлар ушлаб қолиниб, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин божхона пост­ларининг ходимлари уларни И.Савицкий номидаги Санъат музейига вақтинча сақлаш учун жўнатганлар. Суд томонидан ҳал қилув қарори чиққанидан кейин янги ашёлар тавсифланди, классификация қилинди ва музейнинг асосий фондига ўтказилди.

Аёлларнинг тақинчоқлари намайиш этилган «Сақлаб қолинган мерос» мавзувий кўр­газмаси ДБҚ бошқармаси билан музей ҳамкорлигини ривожлантириш учун яхши омил бўлди. Турли вақтларда қорақалпоқ божхоначилари мамлакатдан олиб чиқишга йўл қўймаган ноёб заргарлик буюмлари хилма-хил техникаси, кўпқиррали рамз ва нақшлари билан ажралиб туради. Қорақалпоқ заргарлик санъати мактаби қадимдан машҳур ва бутун дунёга танилган.

Бугунги кунда Бердақ ватан­дошларининг кўпчилиги тақин­чоқ муайян шаклининг маъносини билмаслиги, у ёки бу бурама, заргарлик чизиғининг яширин маъносини тушунмаслиги мумкин. Бироқ хаёлот оламини жодулайдиган ва лол қолдирадиган ана шу ажойиб тақинчоқларнинг ғоятда қудратли энергетикаси киши хотирасида чуқур ўрин олади.

Кўргазма катта муваффақият қозонди, зеро у келувчиларни нафақат қимматбаҳо буюмлар билан таништирди, балки Қо­ра­қалпоғистон божхоначилари томонидан очилган реал контрабанда ишлари тўғрисида шоҳидлик ҳам берди. Шу ­боис музей раҳбарияти божхона томонидан қайтарилган бойликларни намойиш этадиган мавзувий кўргазмаларни вақти-вақти билан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Божхона томонидан тақдим этилган барча экспонатлар келгусида у ёки бу кўргазмада кўрсатилади.

Давлат божхона хизмати тимсолида бойликларни аукционда сотмасдан, сақлаш учун музейга топширилганлиги далилининг ўзи кўп нарсани билдиради. Музейнинг асосий вазифаси – сақлаш. И.Савицкий номидаги музей бу ишни юқори даражада бажаради. Буни республикамизда ҳам, ундан олисларда ҳам яхши билишади.

 

 Ўтган йиллар солномасидан

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари Қозоғистонга йўл олган автомашинани кўрикдан ўтказиш чоғида ундан қадимий шамшир ва эгри қилични топиб олдилар.

ДБҚнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси «Сир­дарё» чегара божхона пости ходимлари ўтказган навбатдаги рейд давомида Қорақалпоғистон Республикаси фуқароси Умитхон А. ушланди. Аёл тарихий ва маданий қимматга эга бўлган 60 дан зиёд буюмни олиб чиқишга уринган. Улар жумласида – металл ва чинни ҳайкалчалар, қадимий тангалар, заргарлик тақинчоқлари бор.

 

 2013 йилда божхона органларининг ходимлари 2 479 маданий-тарихий бойлик контрабандасининг 85 ҳолатини бартараф этдилар.

 

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси
бўйича бошқармаси ва И.Савицкий номидаги
Санъат музейининг кўмагида тайёрланган.

Нукус шаҳри.

Прочитано: 1058 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика