Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 9 / Бу – қизиқ

Пулда кўргансиз уларни

Турли мамлакатларнинг пулларида кўпроқ машҳур кишиларнинг портретлари босилган бўлади. Уларга кўз тушганда қандайдир миллат қаҳрамонлари бўлса керак деган хаёлга борасан-у, аммо нима сабабдан уларга бунчалик ҳурмат-эҳтиром кўрсатилгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайсан киши.

 

ИЛОҲЛАРУ ПРЕЗИДЕНТЛАР

Пулга тасвири туширилган дастлабки сиёсатдон милоддан аввалги 522–486 йилларда ҳукмронлик қилган форс шаҳаншоҳи Доро I эканлиги маълум: унинг қиёфаси қадимги тангаларда учрайди. Искандар Зулқарнайн форс диёрини тор-мор этгач, илоҳлар қаҳридан қўрқиб, бу йўсин шарафланишга журъат этмади. Илоҳлар кўнглини юмшатиш маъносида ўша кезлари у зарб эттирган тангаларда Гераклнинг боши тасвирланган эди. Айтмоқчи, тасвир Искандарнинг ўзига ҳам ўхшаб кетарди. Шундан кейин ҳам пулларда кўп бора илоҳларнинг тасвири берилди. Масалан, юнонларнинг 100 драхмали пулларига уруш ва ғалаба ҳомийси бўлмиш илоҳа Афинанинг бош тасвири туширилган эди.

Ўшандан буён купюраларда кимларнинг портрети берилмади дейсиз?! Аммо энг машҳури Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг портрети бўлса керак: унинг қиёфаси жаҳондаги 30 давлатнинг танга ва купюраларида акс эттирилган. Бу – банкнотда тирик одамнинг тасвири берилган ноёб воқеалардан биридир.

Америкаликлар ўз пулларида фақат дунёдан кўз юмган президентлари ва жамоат арбоблари суратларини акс эттиришни маъқул деб биладилар. АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон тасвири бир долларлик банкнотга туширилган, Америка валютаси бунёдкори Эндрю Жексоннинг портрети муомалада кенг тарқалган 20 долларлик купюрадан жой олган. 100 долларлик банкнотда президентнинг эмас, балки публицист ва дипломат Бенжамин Франклин портрети берилади. Кўпчилик унча яхши билмайдиган 500, 1 000, 5 000, 100 000 доллар қийматдаги купюраларда ҳам ана шу океан орти мамлакатининг давлат арбоблари тасвирланган.

Дарвоқе, Америка купюраларида ёруғ дунёни тарк этганлар тасвирини бериш тасодиф эмас, балки қонун даражасидаги анъанадир. 1864 йили Валюта бюроси раҳбари Кларк Спенсер беш центлик қоғоз пулни ўз портрети билан чиқартирган эди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, у шармандали можарога аралашиб қолди. Конгресс Америка пулларини келгусида ҳам содир бўлиши эҳтимоли бўлган шармандаликлардан ҳимоя этиш мақсадида долларларда ўзини минбад бадном этмайдиганларнигина акс эттиришга қарор қилди.

 

БАНКНОТНИ ҲАМ БЕЗАР АЁЛ СУРАТИ

Пулларда аёлларнинг тасвири кўп бўлмаса-да, учраб туради. Англия қироличасидан ташқари бундай шарафга ноил кўрилган аёллар ҳам бор. Анг­лиянинг 10 фунтлик банкнотида Қрим кампанияси кезлари санитарлар отрядларига раҳбарлик қилган тиббиёт ҳамшираси Флоренс Найтингел сурати тажассум топган. Ҳозирги кунларга қадар муомалада юрган 5 фунтлик купюрада эса XIX аср бошларида Англияда турма ислоҳотига кучли таъсир ўтказа олган Елизавета Фрай тасвирланган.

Евро муомалага киритилгунга қадар энг йирик купюра – 500 Франция франкида Нобель мукофоти лауреати Мария Складовская-Кюри портретини кўриш мумкин эди. 100 франклик банкнотда баррикадалардаги ним яланғоч аёл тасвирланган бўлиб, у француз эмас, поляк экан.

Украинанинг гривнасида хассос шоира Леся Украинка тасвирланган. Европанинг талайгина купюраларида бастакорларнинг, адиблар ва шоирларнинг ёрқин ҳаёти билан халқнинг кўнглидан жой олган хотинлари суратларини кўриш мумкин. Купюраларда кўп бора тажассум этиб, шоираларнинг, олималарнинг, балериналарнинг, рассом аёлларнинг хотираси абадийлаштирилган.

Осиёдаги бир қатор банкнотларда ҳам аёллар тасвири учрайди. Хитой валютасида миллий кийимдаги қизлар акс этган. Лаоснинг 1 000 кип қийматга эга бўлган купюрасида ибодатхона фонида учта аёл тасвирланган. Япониядаги хотин-қизлар ҳаракати асосчиси Игийчио Хигучи тасвири билан 2004 йили 5 000 иеналик купюра чиқарилди.

Интернет тармоғи
материаллари асосида.

Прочитано: 880 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика