Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 9 / Айёмингиз муборак, муҳтарама аёллар!

Аёл ҳам сарҳадларни қўриқлай олади

Бугун нафосат соҳибаларини парламентимиз сенаторлари, депутатлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркор-ишбилармонлар, спорт усталари, бир сўз билан айтганда, исталган соҳа вакиллари орасида учратиш мумкин. Жумладан, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи божхона органларида ҳам 700 нафарга яқин опа-сингилларимиз фаол хизмат қилиб келмоқда.

«Тошкент-Аэро» ИБКнинг Даромадлар ва божхона қиймати бўлими бошлиғи, божхона хизмати подполковниги, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишони совриндори Альбина Аҳмедова билан суҳбатимиз Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бўлиб ўтди.

 

– Мен айнан баҳор кунларида сўлим Сурхон воҳасида туғилганман, – дейди А.Аҳме­дова. – Елкамга погон тақиб, божхоначи формасини кийганимга ҳам 18 йил тўлибди.

Ишга кирган биринчи кунимни кечагидек эслайман. Ўша даврдаги божхоначи формасида ишга келар эканман, йўл бўйи ҳамманинг нигоҳи менга қадалаётганини сезиб, бироз ўнғайсизланардим. Аммо ич-ичимдан фахрланардим. Энг муҳими, ҳаётда оқу қорани танийдиган, анчагина турмуш ва иш тажрибасига эга бўлганимдан кейингина божхона соҳасига кириб келганим учунми, ота-онам бу қароримга қаршилик билдиришмаган, аксинча руҳан қўллаб-қувватлашган. Бугун эса улар менинг божхона органларида хизмат қилаётганимдан, озми-кўпми ютуқларга эришаётганимдан фахрланишади.

Баъзида ота-онамнинг мадади, руҳий далдаси бўлмаганида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда, эркаклар билан елкама-елка туриб, баб-баравар ишлаб кетолмасдим деб ўйланиб қоламан. Қолаверса, инсон аввало ўз касбини севиши ва қилаётган ишидан мамнун бўлиши лозим! Шу касбни танлаганим учун бирон марта ҳам афсус чекмаганман.

Отам ўқитувчи, онам эса шифокор бўлганлар. Мен ва акамнинг келажагига улар жиддий қарашди, бизларнинг илмли, касб-ҳунарли бўлишимиз учун барча шароитларни яратишга жону жаҳдлари билан ҳаракат қилишди. 1987 йилда ўша пайтдаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтини тугатдим. Аммо бу билан қаноатланмай, 1999 йилда Термиз давлат университетини ҳам молия ва кредит йўналиши бўйича сиртдан битирдим.

34 йиллик меҳнат фаолиятим давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида оддий ишчи, муҳандис, иқтисодчи, банк ходими сифатида фаолият юритдим. Тақдир ҳукми 1996 йилда мени божхона хизматига етаклади, Давлат солиқ қўмитасининг Божхона бош бошқармаси Сурхондарё вилояти божхона хизматида божхона пости инспектори лавозимида хизматга киришдим. Орадан 3 йил ўтиб эса «Тошкент-Аэро» ИБКнинг айни пайтда ўзим раҳбарлик қилаётган бўлимига катта инспектор этиб тайинлашди.

Аслида қатъият ва талабчанлик барча касбларда керак. Бизнинг тизимда эса у ўта муҳимдир. Божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган ва давлат хазинасини тўлдиришга катта ҳисса қўшадиган энг муҳим давлат идораларидан бири ҳисобланади. Ўтган 2013 йилда божхона тўловлари бўйича давлат бюджетига ундирилган маблағларнинг 2012 йилга нисбатан 23 фоизга кўпайишига эришилди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар 2012 йилга нисбатан 36,6 фоизга ўсди. Қўлга киритилган натижаларда озгина бўлса-да, ҳиссам борлигидан беқиёс даражада фахрланаман. Менимча, ҳеч қайси давлатда тадбиркорликка бу қадар кенг шарт-шароитлар, енгиллик­лар яратилмаган бўлса керак!

– Республикамизда ташқи иқтисо­дий фаолият соҳасида шуғулланаётган, им­порт-экспорт операцияларини амалга ошираётган аёлларнинг ҳам сафи ортиб бораётгани қувонарли. Умуман, сиз аёлларнинг бизнесдаги, тадбиркорликдаги қобилиятига қандай баҳо берасиз?

– Аёлларга имконият берилса бас, тоғни ҳам талқон қилишади! Аёлларнинг кичик бизнесда бўладими, ташқи иқтисодий фаолиятда бўладими, юқори кўрсаткичларга эриша олиш салоҳияти эркакларникидан қолишмайди, деб ўйлайман.

Қаранг, оддий бир мисол: ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернетнинг имкониятлари кенгаяётган бугунги кунда божхонада ҳам товарларни электрон шаклда декларациялаш амалиётининг татбиқ қилинганлиги божхона расмийлаштируви бўйича аёллар орасидаги мутахассислардан ҳам, тадбиркорлардан ҳам алоҳида билим ва компьютер саводхонлигини талаб қилмоқда. Оиласидан ортиб, аёл жамиятдаги шу каби тезкор янгиликларни жадаллик билан ўзлаштира олаяптими, буни фақат олқишлаш керак!

Божхоначи аёллар деганда фақатгина иш столида турли ҳужжат ва ҳисоб-китобларга ўралашиб қолган аёлларни тасаввур қилишса, адашишади. Бугунги кунда аёл касбдошларим божхонанинг турли йўналишларида хизмат қилишади. Навбатчилик қисмида ҳам, чегара-божхона постларида ҳам, ҳаттоки кинология соҳасида ҳам божхоначи аёлларни учратиш мумкин. Улар руҳан ва жисмонан катта куч талаб қилувчи вазифаларни бажариш чоғида баъзан ўз ҳаётларини хавф остига қўядиган вазиятларга ҳам дуч келишади. Бундай масъулият ва шарафни фақатгина божхона хизматида фаолият юритувчи аёллар ич-ичларидан ҳис қила олишади. Зеро, улар муқаддас юртимиз сарҳадларини қўриқлашмоқда.

Ҳусен ТАНГРИЕВ
суҳбатлашди.

 

Прочитано: 2337 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика