Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Божхона

Ватанпарвар инсонлар ҳамиша эъзозда

 

Она Ватан! Нима учун одатда Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки Ватан онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келганидан сўнг Она Ватанда униб ўсади. Ўз Ватанини асраб-ардоқлаш, ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Юртини севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар қанча кўп бўлса, мамлакат доимо юксалаверади. 

 

Ана шундай ватанпарвар ва фидойи инсонлардан бири Баҳодир Муқимовдир. Баҳодир ака 1951 йил 29 октябрда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида таваллуд топган. 1968 йили Улуғбек номидаги ўрта мактабни, 1972 йилда эса Бухоро Давлат педагогика институтини тамомлаган.

Спортга иштиёқи юқори бўлган Баҳодир ака дастлабки меҳнат фаолиятини мураббийликдан бошлади. Кейинчалик йигитлик бурчини адо этиш мақсадида 1972–1973 йилларда Армия сафларида хизматни ўтади.

Хизматдан кейин яна мураббийлик вазифасида, ўқитувчи лавозимларида ишлаган. Ишга бўлган фидоийлиги ва ташаббускорлиги боис 1975 йилда ёшлар билан ишлаш ташкилотларида, 1979 йилда Ўзбекистон Комсомол марказий қўмитасида инструктор, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаб, ёшлар камолотига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.

Болалигидан ҳарбий кийим кийишни орзу қилган Баҳодир ака 1983 йилда Ички ишлар вазирлигига ишга қабул қилинди. Фаолиятини бўлим бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи каби масъулиятли вазифалардан бошлаган қаҳрамонимиз кейинчалик профилактика, жиноят-қидирув бошқармаларида тезкор ходим, ИИВ партия қўмитаси котиби, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. 1986 йилда собиқ иттифоқ ИИВ Академиясини тугаллаган. Шундан сўнг 1995–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида референт, консультант ва етакчи консультант лавозимларида фаолият кўрсатган.

Божхона органларидаги фаолияти давомида 1997–1999 йилларда Бухоро вилояти, 1999–2002 йилларда эса Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилиб, юқори кўрсаткичларга эришган. Раҳбарлик лавозимида ишлаган кезлари кўплаб шогирдларни тайёрлади ва ўзининг адолатпарварлиги билан ходимлар қалбидан муносиб жой эгаллади.

Баҳодир аканинг касбига бўлган садоқати ва тизим ходимларига нисбатан талабчанлиги ДБҚ раҳбариятининг эътиборига тушди ва шу боис унга 2003 йилда Давлат божхона қўмитаси Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозими ишониб топширилди. Бу давр мобайнида қаҳрамонимиз ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишига, коррупциянинг олдини олишга ва божхона ходимларининг маънавий-маърифий билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратди.

У республикадаги энг йирик чегара-божхона пости ҳисобланувчи Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» божхона комплекси бошлиғи лавозимида ҳам хизмат қилган. Бу даврларда у асосий эътиборини ходимлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, божхона қонунчилиги бузилиши ҳамда контрабанда ҳолатларининг олдини олишга қаратди. У раҳбарлик қилган даврда давлат бюджетига ҳамда Қўмитанинг махсус фондига тушириладиган маблағлар кўрсаткичи кескин ошган.

Ўз хизмат бурчини аъло даражада бажарган Баҳодир Муқимовга 2007 йилда божхона органларидан ёруғ юз билан нафақага чиқиш бахти насиб этди.

Таъкидлаш жоизки, Ватан равнақи ва истиқболи фуқароларнинг ўз юртига нисбатан муҳаббати ҳамда садоқатига чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир юртдошимиз, қайси соҳада хизмат қилишидан қатъи назар, бу ҳақиқатни тўлиқ англаган ҳолда, ўзининг Ватан олдидаги масъулиятни ҳис этиши, шахсий манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшаши ва ўсиб келаётган ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаши лозим. Баҳодир Муқимов ана шундай инсонлардан бири десак адашмаган бўламиз. У бугунги кунда фарзандлар ардоғидаги ота, шунингдек, божхона фахрийси сифатида шогирдлар ҳурмат-эътиборидаги тажрибали устоздир. Унинг кўп йиллик шарафли хизмати муносиб эътироф этилиб, «Божхона хизмати фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Фурсатдан фойдаланиб, Баҳодир Рўзиевич Муқимовни давлат божхона хизмати органлари фахрийлари номидан қутлуғ 70 ёш билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ ва оилавий бахт тилаймиз.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 103 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика