Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Ислоҳот одимлари

БЮД 2-3 соатда эмас, 5 дақиқада рўйхатга олинади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Давлат божхона қўмитаси раиси Мурод Азимовнинг «2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ижроси тўғрисида»ги ахборотини эшитди. 

 

Таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган бир қатор ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада импорт қилинган товарларнинг 76 фоизи темир йўл, 20,3 фоизи автомобиль, 0,1 фоизи ҳаво ва 3,6 фоизи бошқа транспортларда (қувур) ташилиб, барчаси янги жорий этилган «хавфни бошқариш» тизими орқали назорат қилинди.

– Сўнгги уч йил давомида давлат божхона хизматини ислоҳ қилишга оид 140 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, – деди М.Азимов. – Натижада божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш борасида қатор натижаларга эришилди. Биргина «хавфни бошқариш» тизими орқали экспортда 84, импортда 74 фоиз юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Эътиборли жиҳати, юк автотранспорт воситаларининг расмийлаштируви вақти сезиларли тарзда қисқарди.Божхона юк декларациялари илгари 2-3 соатда рўйхатга олинган бўлса, бу жараённинг автоматлаштирилиши туфайли 5 дақиқа сарф этилмоқда. Бундай қулайликларни фуқаролар, айниқса, тадбиркорлик субъектлари амалда ҳис этмоқда. Шунингдек, 2020 йил 1 июндан авто ва 2021 йил 30 июндан темир йўл чегара постларида хавфни бошқариш тизими ишга туширилиши натижасида ҳалол юк ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналар ҳамда тадбиркорларнинг юклари ортиқча текширувларсиз чегарадан ўтказилмоқда. Мазкур дастур орқали «яшил» йўлакда 32,4, «сариқ» йўлакда 62,3 ва «қизил» йўлакда 5,3 фоиз товарлар расмийлаштирилди. Аниқланган хавфлар асосида 684 та ҳолатда 38,8 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш соҳасида рақамли божхона доирасида ахборот тизимлари 67 тага, интерактив хизматлар 33 тага етказилди.

2021 йил 1 апрелдан жорий этилган «Божхона аудити» ахборот тизими ёрдамида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш орқали товарлар ва транспорт воситаларини божхона аудитидан ўтказиш имконияти яратилди.

Жорий йил 1 майдан бошлаб божхона кўриги далолатномаси расмийлаштируви мобиль иловалар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. 

М.Азимовнинг таъкидлашича, Давлат божхона қўмитаси томонидан 33 та хорижий давлатнинг божхона органлари билан ҳамкорлик тўғрисида 137 та халқаро шартнома имзоланган. Ҳозирда бир қатор хорижий давлатларнинг божхона органлари билан реал вақт режимида экспорт товарлари тўғрисида ўзаро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Божхона органларининг маълумотни қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлашнинг сифати ва тезлигини ошириш мақсадида 124 та божхона объектига янги замонавий маршрутизатор қурилмалари ўрнатилиши туфайли божхона объектлари ўртасида маълумот алмашинув тезлиги ва сифати 2–3 баробар ошган.

Божхона органлари томонидан 2021 йил 9 ойи мобайнида импорт товарларга 49,9 трлн сўм божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, шундан 26,2 трлн сўмлик қисми ёки 52,5 фоизини имтиёзлар ташкил этмоқда. Қолган 23,7 трлн сўм қисми давлат бюджетига ундирилган. Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,5 трлн сўмга ошган.

Мажлисда депутатлар сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлашга ҳамда контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашишга қаратилган ишларни ижобий баҳолади. Шу билан бирга, божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратди.

Мажлисда соҳада амалга оширилган ишлар ва мавжуд камчиликлар қизғин муҳокама қилиниб, божхона органлари тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, божхона иши соҳасида коррупциявий омилларни бартараф этиш, бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиш юзасидан тизимли чора-тадбирларни белгилаш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

 

ЎзА асосида.

 

Прочитано: 239 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика