Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Мутахассис тушунтиради

Тадбиркор солиқчи томонидан тайёрланган ҳисобот учун жавоб берадими

 

Президентнинг «Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (7.09.2021 йилдаги ПФ-6307-сон) мувофиқ 2022 йил январь-июль ойларида Хоразм вилоятида эксперимент ўтказилади. Солиқ ҳисоботларини солиқ тўловчилар эмас, балки солиқчилар тайёрлашади. Солиқ органи томонидан тайёрланган ҳисоботнинг ҳаққонийлигига ким жавоб беради? Агар солиқ тўловчи бундай ҳисоботнинг маълумотларидан рози бўлмаса, тузатиш киритиш мумкинми? Саволларга молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди: 

 

– Мазкур ғоянинг муаллифлари – тадбиркорларнинг ўзлари.

Президент Шавкат МИРЗИЁЕВнинг очиқ мулоқоти чоғида бизнес вакиллари солиқ тўловчиларнинг солиққа оид қонунчиликка риоя қилиш бўйича харажатлари юқори эканлиги юзасидан шикоят қилишди. Давлатнинг вазифаси – уларни солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилиги чора-тадбирлари орқали пасайтириш.

Мисол учун, ҚҚСга нисбатан, юқори даражада шаффоф ва содда механизм яратилмоқда: агар мен – ҚҚС тўловчиси бўлсам, мен уни киришда тўлайман ва чиқишда чегираман. Менда имтиёзлар пайдо бўлиши билан, солиқ мажбуриятларини бажариш мураккаблашади. Шу боис давлатнинг вазифаси – солиқларни тўлаш механизмини имкон борича соддалаштириш, шу жумладан – имтиёзларни мақбуллаштириш ҳисобига.

Бироқ биргина солиқ сиёсатининг чора-тадбирлари етарли эмас. Тадбиркорлар мурожаатларининг кўрсатишича, бизнеснинг солиқ мажбуриятларини бажаришга харажатларини ҳам қисқартириш зарур.

Ҳақиқатан, аксарият хўжалик юритувчи субъектлар – кичик корхоналар. Агар уларда айланма 1 млрд сўмгача бўлса, уларга бухгалтерга ҳар ойда қарийб 6–7 млн сўм тўлаш қимматга тушади. Солиқ мажбуриятларини эса тўғри ва ўз вақтида бажариш зарур, акс ҳолда жарималар ва қўшимча ҳисоблашларга сабаб бўлади. Бу айнан давлат бизнесга ёрдам бериши шарт бўлган вазиятдир.

Дастлабки баҳолашга кўра, солиқ ҳисоботини автоматлаштириш корхоналарда харажатларни 95–97%га камайтиради. Ва фақат солиқ тўловчиларнинг 3–5%и бизнес юритишнинг хусусиятлари туфайли кейинчалик ҳам уни мустақил равишда тақдим этади.

 

– Қўшилган қиймат солиғи энг мураккаб солиқлардан бири ҳисобланади. Солиқ органлари ҚҚС бўйича ҳисоботни қандай тайёрлайдилар?

– ҚҚСни фақат талай имтиёзлар, объектлар ва шартлар турли хил бўлганда ҳисоблаб чиқариш мураккаб бўлади. Сўнгги 4 йилда бундан қочиш ва солиқ ундиришнинг ягона ва шаффоф тизимини яратиш, шу жумладан – бирйўла ҳисобга олиш ҳисобига, кўп ишлар қилинди. Параллел равишда автоматлаштирилган ЭҲФ тизими шакллантирилди.

Хорижий тажриба ҳам биз тўғри йўлда эканлигимиздан далолат бермоқда. Айрим ривожланган мамлакатларда солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти йўқ. Улар олди-сотди реестрларини солиқ маслаҳатчисига тақдим этган ҳолда ҳисоботлар тайёрлаш ваколатини уларга топширадилар. Солиқ маслаҳатчисининг ўзи бу ишларнинг уддасидан чиқаверади. Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун солиқ тўловчи, солиқ ҳисоботининг ҳаққонийлиги учун солиқ маслаҳатчиси жавоб беради.

ДСҚ электрон ҳужжат айланишини муваффақиятли жорий этмоқда, шу боис Президент ҳисобот тузишни солиқ органлари зиммасига юклаш тўғрисидаги таклифни маъқуллади. Технологиялар буни амалга оширишга имкон беради, чунки барча солиқ тўловчилар ЭҲФ тўлдиришади. Тегишинча, «кириш» ва «чиқиш»ни ҳисоблаш имконияти мавжуд. Хоразм вилояти солиқ тўловчиларининг ушбу эксперимент доирасида вазифалари – фақат ўз вақтида ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш ва чекларни бериш, қолган барчасини солиқ органлари бажаради.

Автоматлаштирилган тизим ҳар бир солиқ тўловчи бўйича кирувчи ва чиқувчи ҚҚСни ҳисоблайди, фарқни топади. Айтайлик, 2022 йил январь ойи учун тўланиши лозим бўлган ҚҚС 100 сўмни ташкил этади. Солиқ тўловчи муносабат билдириши керак – «ҳа, шундай» ёки «йўқ, бундай эмас».

Ишончим комилки, 95% ҳолларда бу «ҳа, шундай» бўлади, сабаби солиқ органлари барча ЭҲФларни кўришади. 5% ҳолларда бу «йўқ, бундай эмас» бўлади. Масалан, тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ҳали етиб келмаган. Шу боис муддат беришди – 5 кунга қадар. Солиқ тўловчидан қайта алоқа олиш жуда муҳим, солиқ органлари шу тарзда такомиллаштириш зарур бўлган жиҳатларни аниқлашлари мумкин.

ҚҚС занжиридаги узилишлар ҳам автоматик тарздаги ҳисоб-китобларнинг солиқ тўловчининг маълумотлари билан номувофиқлиги сабаби бўлиши мумкин. Улар озод этиш, имтиёзлар ёки ноль даражали ставка мавжуд жойда юзага келади. Албатта, бу ҳисобот топшириш жараёнини мураккаблаштиради, бироқ бу солиқ тўловчиларнинг 2%дан камига дахл қилади. Аммо қолган 98%и вақти билан солиқ ҳисоботини тузиш ташвишини қилмайди, у автоматик тарзда шакллантирилади.

Эксперимент якунлари бўйича, қайси тармоқларда бизда муаммолар мавжудлиги тушунарли бўлади. Балки экспортчиларда, балки – имтиёзга эга бўлганларда. Улар бўйича солиқ органлари ўз дастурий маҳсулотларини маромига етказиб пухта ишлашади.

 

– Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот билан муаммолар бўлмайдими? Чунки ижарада харажатларни қоплаш, воситачиликка доир даромад ва ҳоказолар бўйича вазиятлар учраб туради-ку?

– Қишлоқ жойдаги кунига 2–3 млн сўм доирасида тушумга эга дўконни тасаввур қилинг. У – айланмадан олинадиган солиқ тўловчи. Тегишинча, аксарият ҳолларда асосий солиқ солиш объекти – бу унинг сотишлар ҳажми. Коммунал хизматларни қоплаш, воситачилик савдоси ва шунга ўхшаш хўжалик вазиятлари анча кам ҳолларда юзага келади. Шу боис ҳаммаси жуда осон: тадбиркор онлайн-НКТдан фойдаланади ва у умуман, қанча солиқлар тўлаши ҳақида ўйлаши зарур эмас. Ҳисобот автоматик тарзда шакллантирилади. Ягона бажариш лозим бўлган нарса – бу ҳисоботни онлайн-чеклар билан текшириш.

Кимдадир солиқ базаси унга ҳисоблаб чиқаришганига қараганда камроқ бўлиб чиқиши мумкин. Масалан, чегиришга бўлган ҳуқуқ мавжуд. Бугун солиқ тўловчиларда онлайн-НКТ бўйича чегирмалар мавжуд, эртага эҳтимол товарлар ҳисобини юритишга имкон берувчи жамланма қурилмаларнинг хариди учун чегирмалар бўлиши мумкин.

Шунингдек, товарлар ҳисоби учун – кичик бизнесга ёрдам тариқасида махсус ҳисоб тизими ишлаб чиқилмоқда. Сиз ЭҲФ бўйича харид қилган товарлар сизда омборга киради. Сотувлар уларнинг қолдиғини камайтиради. Бундай тизим билан майда тадбиркорларга товарлар ҳаракатини ҳисобга олиш ва солиқ мажбуриятларини бажариш осон бўлади.

 

– Солиқ органлари улар бўйича ҳисобот тай­ёрлайдиган солиқлар орасида ер солиғи айтиб ўтилган. У бўйича ҳисоботни автоматлаштириш қанчалик мураккаб бўлади?

– Ер солиғи бўйича солиқ базаси кам ҳолларда ўзгаради – бу ҳар куни мулкдордан мулкдорга ўтадиган актив эмас. Солиқ тўловчиларнинг ­1%идан камроғи ёки янги участка олишади ёхуд уни беришади. Аксарияти ер участкасига кўп йиллар эгалик қилишади.

Кадастр ҳужжатлари бўйича белгиланадиган участка майдони ҳам ўзгармайди. Ставка – индексация қилинади. Шунинг учун ер солиғини ҳисоблаб чиқариш осон. Уни солиқ органлари ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқаришади. Агар солиқ тўловчи унга ниманидир ҳисоблашмагани ёки аксинча, кўп миқдорда ҳисоблашганини кўрса, у ўзининг кадастр маълумотларини текшириши ва Кадастр агентлиги билан солиштиришни амалга ошириши зарур.

 

– Тадбиркор солиқ органи томонидан тайёрланган ҳисобот учун жавобгар бўладими?

– Йўқ бўлмайди, башарти унда барча операциялар ЭҲФ ва касса чекларида акс эттирилса, барча солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилган бўлса. Яъни солиқ тўловчининг жавобгарлиги у ўз вақтида ЭҲФни расмийлаштириш, вақтида онлайн-НКТ чекини уриш, солиқ базасини камайтирмаслик, ерни ўз вақтида кадастр органларида рўйхатдан ўтказишдан иборатдир. Мана бу – унинг асосий жавобгарлиги. Агар у ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришдан бош тортса, чек бермаса, нархни камайтирса ёки ўзгача тарзда солиқ мажбуриятларини бажаришдан бўйин товласа, бу ерда солиқларни автоматик тарзда ҳаққоний ҳисоблаб бўлмайди. Бироқ бундай вазиятлар учун солиқ назоратининг ўз чоралари мавжуд.

 

Прочитано: 350 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика