Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Бухгалтерга тавсиялар

Иш берувчининг қайси харажатлари ходимларнинг даромадлари ҳисобланмайди

 

Иш берувчи ўз ходимларининг фойдасига қилган айрим харажатлар ходимларнинг даромади ҳисобланмайди. Бундай тўловлар учун муҳим омил бўлиб ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ҳисобланади, чунки айни бир хил тўловлар турли вазиятларда даромад бўлиши ҳам мумкин ёки солиқ солиш мақсадларида даромад сифатида қаралмаслиги мумкин. Солиқ агентииш берувчининг солиқ тўловчи ходимнинг даромади ҳисобланмайдиган харажатлари Солиқ кодексининг 369-моддаси 2-қисмида келтирилган. Шундай харажатларни батафсил кўриб чиқамиз. 

 

1. Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда банд бўлган ходимларни сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган шўр сув, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича харажатлар.

Ушбу харажатларга ЖШДС солинмаслиги учун сизнинг ташкилотингиз қонун ҳужжатларда белгиланган тартибга риоя этиши лозим. Аввало меҳнат шароитлари ноқулай бўлган иш ўринларини рўйхатини аниқлаш лозим. Бунинг учун иш ўринларини аттестациядан ўтказинг, ушбу жараёнда меҳнат шароити ноқулай бўлган иш ўринларини аниқлайсиз (Низом, 15.09.2014 й. 263-сон ВМҚга илова).

Кейин жамоа шартномасида бундай ишлар рўйхатини, белгиланган товарлар билан таъминлаш шартларини, тарқатиш меъёри, тартибини белгилаб қўйинг. Агар сизнинг ташкилотингизда жамоа шартномаси мавжуд бўлмаса, уларни ходимларнинг вакиллик органлари билан келишувда белгиланг (МК 217-м. 2-қ.).

 

Аттестация ўтказиш даврийлигини ўзингиз белгилайсиз, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади. Аттестацияни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш бўйича жавобгарликни ташкилот раҳбарига (эгасига) юкланг (Низом 8-б.).

 

Иш ўринларини аттестациядан ўтказишда қуйидагиларни ҳисобга олинг:

● Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатларини (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМК; Йўриқнома, АВ рўйхат рақами 2337, 12.03.2012 й.);

● Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатини ( АВ рўйхат рақами 1990, 29.07.2009 й.);

● Ишлаб чиқариш муҳитининг хатарли омиллари ва зарарлилик кўрсаткичлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва кескинлиги бўйича меҳнат шароитларининг гигиеник таснифини (6.10.2003 йилдаги 0141-03-сон СанҚваМ);

● Ўзбекистонда амалда бўлган санитар нормалар, қоида ва гигиеник меъёрларни (19.03.1996 й. 0053-96-сон СанҚваМ; 18.02.2005 й. СанҚваМ 0184-05-сон);

● Меҳнат шароити зарарли ишларда банд бўлган ходимларни бепул сут ва унга тенглаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини бериш тартибини (Бош санитария врачи томонидан 6.10.2003 й. тасдиқланган).

 

Сиз қонун ҳужжатларида назарда тутилган фойдаларни пул маблағлари билан тўлашга ҳақли эмассиз. Уларни, шу жумладан махсус озиқ-овқатларни натура шаклида беришингиз шарт. Агар уларнинг ўрнига пул кўринишида компенсация қилинса, унда у даромад сифатида тан олиниши ва ЖШДС солиниши лозим.

 

2021 йил 1 январдан иш ўринларининг аттестацияси ўрнига меҳнат шароитларини махсус баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бундай баҳолаш уни ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан ўтказилиши лозим. Меҳнат шароитларини баҳолаш бўйича янги тизимнинг тўлиқ жорий этилиши 2021–2023 йилларда таъминланади (12.11.2020 й. ПФ-6110-сон 9-б.).

2. Касаба уюшмалари томонидан касаба уюшмаси аъзоларига аъзолик бадаллари ҳисобидан тўланадиган тўловлар, шу жумладан моддий ёрдам.

Касаба уюшма қўмитаси ходимларига меҳнат вазифаларини бажарганлик учун мукофотлар ва бошқа тўловлар бу ерга киритилмайди, улар умумий асосда солиққа тортилади.

3. Фавқулодда ҳолатларда етказилган зарар суммаси доирасидаги моддий ёрдам суммалари.

Фавқулодда ҳолатлар – бу раҳбарият қарорларига боғлиқ бўлмаган, олдини олишнинг имкони бўлмаган ҳолатлар ва кутилмаган табиий ҳодисалар (зилзила, кўчки, тўфон, қурғоқчилик ва б.) ёки иқтисодий-ижтимоий омиллар (уруш ҳолатлари, блокада, давлат манфаатлари йўлида импорт ва экспортга чекловлар)дир. Масалан, Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши.

Фавқулодда ҳолатлар ваколатли органлар томонидан ёки ОАВ ахборотлари орқала тасдиқланади.

 

 

Фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ олувчининг даромади ҳисобланмайдиган моддий ёрдамни солиқ солиш мақсадларида жами даромадга киритиладиган бошқа турдаги моддий ёрдамлар билан адаштирманг (СК 372-м. 4-б., 377-м. 10-б.).

 

 

Моддий ёрдамни жисмоний шахснинг даромади сифатида тан олинмаслиги учун муҳим асос бўлиб зарарни баҳолашни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Агар корхона жисмоний шахс томонидан кўрилган зарар суммасидан ортиқ суммада моддий ёрдам тўласа, ошган суммани жами даромад таркибига рағбатлантирувчи тўлов сифатида киритинг ва ЖШДС ушлаб қолинг ва ижтимоий солиқни ҳисобланг (СК 372-м. 4-б.).

 

Мисол. Фавқулодда ҳолатлар билан боғлиқ моддий ёрдам тўлови

Зилзила туфайли ташкилот ходимининг уйига зарар етган. Зарар 3 000 минг сўмга баҳоланган. Ташкилот унга 5 000 минг сўм миқдорида моддий ёрдам тўлаган.

3 000 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам ходимнинг даромади ҳисобланмайди ва солиқ солинмайди. Баҳоланган зарар суммасидан ошган сумма 2 000 минг сўм (5 000 – 3 000) жами даромад таркибига рағбатлантирувчи тўлов сифатида киритилади ва ЖШДС ушлаб қолинади ва ижтимоий солиқ ҳисобланади.

ЖШДС бўйича ҳисоботда фақат 2 000 минг сўм акс этади.

 

4. Ходимларни иш жойига олиб бориш ва олиб қайтиш бўйича харажатлар.

Ташкилот ходимларини ташишни ўз кучи билан ёки транспорт ташкилоти томонидан шартнома бўйича ташкил этиши мумкин.

 

Мисол. Ходимларни ташиш бўйича харажатлар тўлови

Ташкилотнинг айрим ходимлари ишларни кечки вақтда ёки тунда якунлайди. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иш берувчи ходимларни уйларига етказиб қўйиш учун такси хизмати билан шартнома имзолади.

Ташкилотнинг ходимларни иш ўринларидан уйларигача етказиш бўйича харажатлари ходимларнинг даромади ҳисобланмайди ва унга солиқ солинмайди.

 

5. Диний расм-русумлар ва маросимларни, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш, шунингдек юридик шахснинг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлар.

Маросимлар ва байрам тантаналарига мисол қилиб янги йил, Наврўз байрамини нишонлаш билан боғлиқ корпоратив тадбирларни келтириш мумкин. Бундай тадбирлар учун харажатлар ходимларнинг ёки тадбир меҳмонларининг даромадлари ҳисобланмайди.

Вакиллик харажатларига қуйидагиларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни киритинг:

● ташкилот ҳамкорлик ўрнатаётган ёки ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётган шахслар;

● ташкилот бошқарув ва назорат органлари йиғилишларига келаётган иштирокчилар.

Бу қуйидагиларга харажатлар:

● расмий кутиб олишга;

● транспорт таъминотига;

● кўрсатилган шахсларнинг овқатланишига ва яшашига;

● ташқи таржимон хизматларига тўлов харажатларидир.

Вакиллик харажатлари хизмат кўрсатилаётган шахсларнинг даромади ҳисобланмайди.

Йўл (ҳозирги транспорт) карталари, айнан хизмат қатновлари учун харид қилинган карта қиймати ходимнинг даромади ҳисобланмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун ишлари хизмат қатновлари билан боғлиқ (масалан, курьерлар) ходимлар рўйхатини тасдиқлаш зарур.

Бошқа ҳолларда карта қийматини йўл учун компенсация тўлови сифатида ходимнинг жами даромади таркибига киритиш ва ЖШДС ушлаш лозим (СК 373-м. 13-б.).

Ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ харажатларга кулерлар харид қилиш ва ходимларни сув, санитар-гигиеник маҳсулотлар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатларни мисол қилиб олишимиз мумкин.

Ходимлар учун корпоратив дам олиш ёки дам олиш хоналарини ташкил этиш ҳам шундай харажатларга тааллуқлидир. Бу харажатлар муайян ходимнинг даромади сифатида тан олинмайди.

6. Ходимга хизмат вазифаларини бажариш учун зарур бўлган махсус кийим-бош, махсус пойабзал, формали кийим-бош бериш харажатлари ёки уларни пасайтирилган баҳоларда сотиш муносабати билан қилинган харажатлар, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда айрим тоифадаги ходимларни ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича харажатлар.

Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан боғлиқ тармоқлар учун хавфсизлик пойабзаллари, комбинезонлар ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини бериш меъёрлари тасдиқланган. Бу нарсалар ходимларни меҳнат мажбуриятларини бажаришда уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Қонун ҳужжатлари билан айрим тармоқларда ходимларнинг маълум бир тармоққа ёки ташкилотга (ҳарбийлар, бортпроводниклар, официантлар ва ҳ. к.) мансублигини акс эттирадиган махсус кийим-бош назарда тутилган.

Ташкилот шунингдек хизмат вазифаларини бажаришда махсус кийим-бош бериладиган шахслар рўйхатини ҳамда бериш меъёрини мустақил тасдиқлаши мумкин.

Агар ходимлар ташкилотнинг бундай харажатларини қисман қопласа, унда ходим харажати ва ташкилот харажати ўртасидаги салбий фарқ ҳам ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

 

Мисол. Қисман қоплаш билан ходимларни кийим-бош билан таъминлаш

Тасдиқланган рўйхат бўйича ходимларга бериладиган кийим-бош қиймати, ташкилотнинг жамоа шартномасига мувофиқ кийим-бош қийматининг 30%и уларнинг иш ҳақидан қопланади.

Ташкилот ходимга қиймати 1 000 минг сўм бўлган кийим-бош берди.

Бухгалтерия ходимнинг иш ҳақидан кийим қийматини қоплаш ҳисобига 300 минг сўм ушлаб қолди. 700 минг сўм фарқ (1 000 – 300) ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

 

Ходимларни хизмат вазифаларини бажаришда озиқ-овқат билан таъминлаш харажатлари, агар қонун ҳужжатларида меъёрлар назарда тутилган бўлса, солиқ солиш мақсадида уларнинг даромадлари ҳисобланмайди.

Масалан:

● вахта шаҳарчаларида яшовчилар транспорт, ижтимоий-маиший хизматлар, шунингдек, кунига уч марта иссиқ овқат билан таъминланади (Низом 33-б., 9.10.2020 й. 636-сон ВМҚга илова);

● умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш харажатлари ва шу қатори бошқалар, бу ишларни бажариш билан банд ходимларни озиқ-овқат, махсус кийим-бош билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади (Тасниф 31-б, 1.11.2006 й. 226-сон ВМҚга 1-илова);

● қутқарувчилар фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш даврида харажатларининг ҳақи қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини таъминлашга ажратилган маблағлар ҳисобидан ёки хизмат кўрсатилаётган ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўланган ҳолда, белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда жойлаштирилиш ҳуқуқига эга.

Қутқарув хизматларининг меҳнат шартномаси бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчилари навбатчиликни ўташ чоғида иш берувчиларнинг ҳисобидан харажатлари ҳақи тўланган ҳолда озиқ-овқат билан таъминланиш ёки озиқ-овқатга қилган харажатларининг ўрни белгиланган нормалардан кам бўлмаган тарзда қопланиши ҳуқуқига эга («Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонун 22-м.);

● авиация ходимларининг алоҳида тоифалари улар хизмат вазифаларини бажараётганда белгиланган намунадаги формали кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланади (ҲК 53-1-м.).

7. Ходим бошқа жойга ишга ўтказилганда ёхуд кўчиб борганда кўчиш, мол-мулкини кўчириб боришга, жой ижарасига (йўл харажатлари учун бериладиган пул) оид харажатларни тўлаш ёки бу харажатларнинг ўрнини қоплаш харажатлари.

Ташкилот томонидан бундай харажатлар тўланиши ёки қопланиши Меҳнат кодекси билан кафолатланган (МК 172-м.).

8. Хизмат сафарларига оид компенсация тўловлари.

9. Қонунчиликда назарда тутилган нормалар доирасида ходимга тўланадиган компенсация тўловлари:

● доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган, шунингдек вахта усулида ишларни бажаришда ходимга компенсация тўловлари. Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устама меъёрлари ва тартиби алоҳида Низом билан аниқланади (6.09.2019 й. 743-сон ВМҚга 3-илова).

Ишнинг қатнаш хусусияти учун устамани, агар ходим ҳар куни доимий яшаш жойига қайтиб кела олмайдиган бўлса, олис объектларда (иш бажариладиган жойларда) ишланган календарь кунлар учун тўланг. Шунингдек, ташкилот жойлашган жойдан иш бажариладиган жойгача ва у ердан ташкилот жойлашган жойгача амалда йўлда бўлган кунлар учун ҳам тўланади.

Белгиланган норматив – ҳар бир тўлиқ ишланган иш куни учун кунлик ставканинг 30% миқдорида. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устаманинг аниқ миқдорини тузилган жамоа шартномасида белгиланг. Бунда устама миқдори республика ҳудудида белгиланган бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак (Низом 14-б.).

 

Мисол. Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама ҳисоблаш

Ишнинг қатнаш хусусияти учун олис объектлардаги ходимга устама кунлик ставкасининг 30% – 100 000 сўм миқдорида белгиланган. У ойнинг 22 иш кунидан 15 кунида ишлаган, қолган кунлар таътил кунларига тўғри келган.

Ойдаги календарь кунлар – 30. МҲЭКМ – 822 000 сўм.

Ой учун ходимнинг иш ҳақи: 100 000 х 15 = 1 500 000 сўм.

Ишнинг қатнаш хусусияти учун устама амалда ишланган вақт учун тўланади: 100 000 х 0,3 х 15 = 450 000 сўм.

Ойлик устама нормаси: 1 МҲЭКМ – 822 000 сўм. Амалда ишланган кунлар ҳисобига: 822 000 / 30 х 15 = 411 000 сўм. Ушбу сумма солиқ солиш мақсадларида ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

Нормадан юқори устама – 450 000 – 411 000 = 39 000 сўм. Ушбу сумма компенсация тўловлари сифатида жами даромадга киритилади ва ЖШДС солинади (СК 373-м. 5-б.).

 

Ишнинг кўчма хусусияти учун устама фақат кўчма хусусиятга эга ишлар амалда бажарилган кунларга, қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўланади. Бунда устама миқдори бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак (Низом 8, 9-б.).

 

Мисол. Ишнинг кўчма хусусияти учун устама ҳисоблаш

Темир йўл транспорти ходими йўлда ўтказилган ҳар бир сутка учун лавозим маошининг 3% миқдорида ишнинг кўчма хусусияти учун устама олади. Унинг маоши – 2 200 000 сўм. Йўлда ўтказган вақти – 12 кун.

Ойдаги календарь кунлар – 30. МҲЭКМ – 822 000 сўм.

Ишнинг кўчма хусусияти учун устама 792 000 сўмга (2 200 000 х 0,03 х 12) тенг. Ойлик устама нормаси: 1 МҲЭКМ – 822 000 сўм. Йўлда ўтказган вақти ҳисобига: 822 000 / 30 х 12 = 328 800 сўм. Ушбу сумма солиқ солиш мақсадларида ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

Нормадан юқори устама: 792 000 – 328 800 = 463 200 сўм. Ушбу сумма компенсация тўловлари сифатида жами даромадга киритилади ва ЖШДС солинади (СК 373-м. 5-б.).

 

Агар ходим ташкилотдан узоқ масофада жойлашган объектлардаги қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларида банд бўлса, унда меҳнатни ташкил қилишнинг вахта усули қўлланилади. Уни ташкил этиш тартиби махсус Низом билан тасдиқланган (9.10.2020 й. 636-сон ВМҚга илова).

Вахта усулида ходимларнинг вахтада бўлган ҳар бир календарь куни, шунингдек ташкилот жойлашган жойдан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача ва қайтиш вақти учун устама ҳисобланг. Устама миқдори жамоа шартномасида белгиланади, бироқ бир ойга ҳисобланган МҲЭКМдан кам бўлмаган миқдорда (Низом 29-б.). Ушбу норма солиқ солиш мақсадларида ҳам қўлланилади.

 

Мисол. Ишнинг вахта усули учун устама ҳисоблаш

Маоши 3 600 000 минг сўм бўлган вахтачи ходим 25% миқдорида устама олади. Ходим ойнинг 30 календарь кунидан 20 кунида вахтада бўлган. Ишнинг вахта усули учун устама: 3 600 000 / 30 х 20 х 0,25 = 600 000 сўм.

Бир ойлик устама нормаси: 1 МҲЭКМ – 822 000 сўм. 20 кунлик вахтадаги иш ҳисобига норма: 822 000 / 30 х 20 = 548 000 сўм. Ушбу сумма солиқ солиш мақсадларида ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

Нормадан ошган устама: 600 000 – 548 000 = 52 000 сўм ходимнинг жами даромадига қўшилади ва ЖШДС солинади.

 

● хизмат ишларида шахсий автомобилдан фойдаланиш учун, бундан хизмат сафари мустасно.

2021 йилнинг 1 июлига қадар ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат сафарларга фойдаланганлик учун компенсация тўлаш учун автомобиль двигателининг от кучи сонига қараб компенсация тўловлари меъёрлари белгиланган Тартиб амалда бўлган (2.04.1999 й. 154-сон ВМҚга 3-илова). 2021 йил 1 июлдан бошлаб ушбу ҳужжат ва шунга мувофиқ меъёрлар ВМнинг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат авто­транспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган (29.04.2021 й. 258-сон).

Шунинг учун меъёрларнинг йўқлиги сабабли хизмат сафарлари учун шахсий автомобилидан фойдаланганлик учун компенсация суммасини меъёрдан ортиқ компенсация тўлови сифатида жами даромад таркибига киритиш ва ЖШДС солиш лозим (СК 373-м. 11-б.);

● дала таъминоти.

Дала таъминоти тўлови тартиби ва миқдори махсус Низом билан тартибга солинади (2.07.2012 й. 190-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

Дала устамаси, дала устамаси ҳисоблаб ёзиладиган санада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан коэффициентларда, бироқ ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 баравари миқдорида белгиланган (Низом 4-б.);

 

Мисол. Дала таъминотини ҳисоблаш

Дала таъминоти ходимга 10 кун учун 500 минг сўм миқдорида ҳисобланди.

МҲЭКМ – 822 000 сўм.

Дала шароитларида бевосита дала ишлари амалга ошириладиган объектларда ишлаганда дала таъминоти меъёри – кунига МҲЭКМ 0,053 баравари ёки 43 556 сўм (822 000 х 0,053).

Меъёр бўйича 10 кунлик тўлов: 43 566 х 10 кун = 435 660 сўм.

Ҳақиқатда 500 000 сўм тўланди.

435 660 сўмлик меъёр доирасидаги сумма солиқ солиш мақсадларида ходимнинг даромади ҳисобланмайди.

Меъёрдан ошган сумма 64 340 сўм (500 000 – 435 660) компенсация тўлови ҳисобланади ва унга ЖШДС солинади (СК 373-м. 8-б.).

 

● қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб ва меъёрлар бўйича бошқа компенсация тўловлари.

10. Меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича қуйидаги миқдордаги тўловлар:

● жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобидаги, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ. Вояга етмаган шахс меҳнатда майиб бўлиб қолган тақдирда, зарарнинг ўрни унинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, лекин МҲЭКМ 1,76 бараваридан кам бўлмаган миқдорда қопланади;

● махсус тиббий парваришга муҳтож жабрланувчиларга қўшимча харажатлар учун ойига МҲЭКМнинг 70,3% миқдоридаги;

● жабрланувчининг маиший парвариши учун қўшимча харажатлар тариқасида МҲЭКМнинг 17,6% миқдоридаги;

● ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла тўланадиган нафақа тариқасида жабрланувчининг йиллик ўртача иш ҳақи миқдоридаги.

Меҳнатда майиб бўлганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш махсус Қоидалар билан тартибга солинади (11.02.2005 й. 60-сон ВМҚга 1-илова).

 

Ушбу бандда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки зарарли омиллар ёки хавфли таъсирлар натижасида касбий меҳнат қобилиятини йўқотилишидаги тўловлар назарда тутилади.

Таъкидлаш лозимки, Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими суғурта ташкилотлари томонидан меҳнатда майиб бўлганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қопланишини назарда тутади («Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун; Қоидалар, 24.06.2009 й. 177-сон ВМҚга 1-илова).

11. Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан қуйидаги миқдордаги тўловлар:

● марҳумнинг ўртача иш ҳақининг вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўғри келадиган улуши миқдоридаги;

● боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган шахсларга бир йўла тўланадиган нафақа тариқасида марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг 6 баравари миқдоридаги.

Ходим меҳнат жароҳатига боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек 16 ёшга тўлмаган шахсларга зарарни ўрнини қоплаб беришга мажбур. Қоплаш тартиби зарарни қоплаш Қоидаларида белгиланган (11.02.2005 й. 60-сон ВМҚга 1-илова).

12. Талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган тўловлар.

 

Талабанинг даромади солиқ мақсадларида фақат университет билан бевосита шартнома тузганда, яъни ташкилот таълим хизматларининг буюртмачиси бўлганда тан олинмайди. Бу ҳолда уч томонлама шартнома тузилади, унда бир томон буюртмачи – ташкилот, иккинчи томон ижрочи – ОТМ, учинчи томон эса талаба ҳисобланади.

 

Агар ташкилот таълим хизматлари буюртмачиси бўлмай, фақат талаба фойдасига тўловчи вазифасини бажарса, таълим учун тўлов талабанинг моддий наф тарзидаги даромади сифатида эътироф этилади (СК 376-м. 1-қ.).

 

13. Ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга йўналтирилган маблағлар.

Бу ташкилот манфаатлари учун амалга ошириладиган харажатлардир, шунинг учун улар ўқитиш учун юборилган ходимнинг даромади эмас.

 

Мисол. Ходимнинг малакасини ошириш харажатлари

МҲХСга ўтиш зарурати туфайли ташкилот бухгалтерини «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» курсига юборди ва ўқув марказига 3 000 минг сўм тўлади.

Ўқитиш қиймати солиқ мақсадлари учун бухгалтернинг даромади эмас, чунки тўлов ташкилот манфаатлари учун амалга оширилган.

 

14. Солиқ тўловчининг мижозларнинг товарлар ва хизматларни сотиб олиш фаоллигини оширишга қаратилган ва бонуслар (баллар, мижозни ушбу ташкилотлардан товарлар (хизматлар) сотиб олиш фаоллигини белгиловчи бошқа бирликлар) ҳисобланишини назарда тутувчи дастурларда иштироки натижасида ушбу дастурда белгиланган асослар бўйича олинган пул ва натура шаклидаги даромадлари.

Қуйидаги ҳолатларда даромад солиқ тўловчининг жами даромадига киритилади:

● солиқ тўловчининг бонус дастурларда иштирок этиши очиқ оферта шартларисиз амалга оширилганда;

 

Мисол. Бонус дастурларида иштирок этиш

Савдо ташкилоти, шартлари ўзининг сайтида жойлаштирилган бонус дастурини амалга оширмоқда. Потенциал иштирокчилар дастурда иштирок этиш учун ушбу сайт орқали бонуслар тақдим этиш шартлари офертасини тасдиқлаши керак.

Дастурнинг моҳияти: харидлар ҳажмига қараб тақдим этиладиган товарлар бўйича чегирмалар чегирма (бонус) карточкаларда жамланади ва келажакда товар сотиб олишга йўналтирилиши мумкин.

Бундай ҳолда, тўпланган чегирмалар ҳисобидан сотиб олинган товарлар харидорнинг солиқ мақсадлари учун даромади эмас, чунки харидор очиқ офертани тасдиқлаш орқали бонус дастурига аъзо бўлган.

 

● солиқ тўловчи бонус дастурларига қўшилганда, очиқ оферта шартларини 30 кундан кам муддатда тасдиқлаш ва (ёки) офертани муддатидан олдин қайтариб олиш имконияти назарда тутилган бўлса;

 

Мисол. Тасдиқланиши қисқа муддатли бўлган бонус дастури

Омборни товар қолдиқларидан озод қилиш учун савдо ташкилоти сотиш акциясини эълон қилди. Акция шарти шуки, 300 минг сўмга товар сотиб олган шахслар қўшимча 50 минг сўм бўлган товарни бепул олишлари мумкин. Акциянинг амал қилиш муддати – 10 кун.

Бундай ҳолда, бонус дастури фақат 10 кунга мўлжалланган, шунинг учун харидор томонидан бепул олинган товарлар унинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланиб, ЖШДС солинади (СК 376-м. 1-қ. 1-б.).

 

● бонус дастурлари бўйича даромадлар дастур ташкилотчилари билан меҳнат муносабатларида бўлган шахсларга хизмат вазифаларини бажаришда мукофот сифатида тўланганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан етказиб берилган товарлар учун тўлов (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) ёки моддий ёрдам.

 

Мисол. Ходимларнинг бонус дастурларида иштироки

Ташкилотнинг жамоа шартномасида юқори ишлаб чиқариш натижаларига эришган ходимларни узоқ муддатли бонус дастурига қўшиш назарда тутилган. Бонус дастурлари ҳисобидан ходимларнинг олган даромадлари уларнинг жами даромадига киритилади ва ЖШДС солинади.

 

15. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия, экология жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан ташкил этилган бошқа жамғармалар томонидан кўрсатилган ёрдам:

● уставда назарда тутилган фаолият доирасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар;

● даволаш ва тиббий хизматлар қиймати, ногиронларни профилактика ва реабилитация қилиш учун техник асбоб-ускуналар олиш;

● жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб, товарлар ва хизматларни етказиб берувчидан олиш;

● хайрия мақсадида бошқа шаклларда қўллаб-қувватлаш (бундан пул шаклида қўллаб-қувватлаш мустасно).

 

Мисол. Даволаниш қиймати тўлови

Касаба уюшма ташкилоти ногирон-жисмоний шахсга даволаниш қийматини тўлаб берди.

Даволаниш қиймати солиқ солиш мақсадларида жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди.

 

Мисол. Пул шаклида ёрдам олиш

Хайрия жамғармаси жисмоний шахснинг даволаниши учун маблағ ажратди ва пул маблағини унинг ҳисобрақамига ўтказиб берди.

Олинган пул маблағи жисмоний шахснинг бошқа даромадлари ҳисобланади ва солиқ солиш мақсадларида жами даромад таркибига киритилади (СК 377-м. 1-б.).

Бунда 15 млн сўм доирасидаги ёрдамга ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 20-б.).

Прочитано: 624 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика