Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Тадбиркор эътиборига

ЭҲФда рақамли маркировкалашнинг қайси кодини кўрсатиш лозим

 

Ҳисобварақ-фактураларда рақамли маркировкалаш кодларини акс эттириш амалиёти яқин вақтда мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар билан савдо қилишда иштирок этувчи барчага татбиқ этилади. Уларни ЭҲФда қандай қилиб тўғри акс эттиришни рақамли маркировкалаш оператори «CRPT TURON» МЧЖ менежери Фазлиддин САЙДУЛЛАЕВ тушунтирди: 

 

– Рақамли маркировкалаш кодлари товарга уни ишлаб чиқаришда ёки импорт қилишда туширилади. Яъни сигаретанинг ҳар бир қадоғи (блоки, қутиси)да худди маиший техника ёки электроника бирлигида ўзининг серия рақами бўлгани каби, ўзининг рақамли коди мавжуд. Ушбу кодни реализация қилишда ЭҲФда акс эттириш лозим.

Бунинг учун ҳисобварақ-фактураларда махсус устун мавжуд. Код ҳар бир товар позицияси учун алоҳида кўрсатилади.

Ҳам алоҳида истеъмол ўрамларининг (сигарета қадоғи ёки блоки) кодлари, ҳам жамламаси (қутилар ва паллетлар кодлари) кодларини кўрсатиш мумкин.

 

– Рақамли маркировкалаш коди қандай қилиб ўрамдан ҳисобварақ-фактурага олиб ўтилади?

– Бунинг учун махсус қурилма – икки ўлчамли лазер сканерлар (тармоқли дўконлар кассаларида шу кабилардан фойдаланилади), маълумотларни йиғиш терминаллари, махсус мобиль иловалар ва бошқалардан фойдаланган маъқул.

Бундан ташқари, бухгалтер (ёки ЭҲФни расмийлаштириш учун масъул бўлган бошқа шахс) билан омбор ходимлари (улар маркировкалаш кодларини тузишлари мумкин) ўзаро ҳамкорлик қилишлари учун дастурий таъминот ўрнатган маъқул (бироқ мажбурий эмас). Ҳозир ҳамма операторлар ҳам тегишли функционалга эга эмас, бироқ келажакда улар бунинг ўрнини тўлдиришади.

Бундай ёндашув ишлашни юқори даражада соддалаштиради, сизга ҳамма омбор ва товар ҳисоби жараёнларини автоматлаштириб беради, хато қилиш хавфини пасайтиради.

 

– Сигаретанинг ҳар бир қутиси, ундаги ҳар бир блоки ва ҳар бир қадоғи рақамли маркировкалашнинг индивидуал кодига эгадир. Фараз қилайлик, савдо шохобчаси ишлаб чиқарувчидан сигареталарни қутида эмас, балки бир нечта блок сигарета сотиб олади. Бундай операция ҳисобварақ-фактурада қандай тўғри акс эттирилади?

– Агар бу бир русумдаги сигареталар бўлса, ҳисобварақ-фактурада улар битта товар позициясида акс эттирилади, унга ҳар бир сотиладиган блокнинг маркировкалаш кодлари рўйхатини қўшиш зарур. Сигареталар бир русумдалигига қарамай, ҳар бир блокда – ўзининг рақамли маркировкалаш коди бўлади.

Реализация қилиш ҳажми ва маҳсулот айланмасини ҳисобга олган ҳолда, савдо шохобчаси манфаатларига жавоб бериши ва ҳужжат бунда жуда узун бўлмаслиги учун товар харид қилишнинг мақбул ҳажмларини кўриб чиқиш мумкин. Масалан, сигареталарни алоҳида блокларда эмас, балки қутиларда харид қилиш мумкин. Бу ҳолда битта қути – битта маркировкалаш коди. Бунда ўрамнинг таркиби у ишлаб чиқарувчидан (импорт қилувчидан) чиққанидан кейин ўзгармаганлигини эътиборга олинг.

 

– Агар дўкон товарни доналаб сотса, нима қилиш керак?

– Бу энди чакана савдо бўлади, бунда онлайн-НКТ чеки сотиш ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Бу ҳолда ўрнатилган қоидаларни унутмаслик муҳим ҳисобланади.

Тамаки маҳсулотларини қадоқсиз (ўрамсиз) доналаб сотиш Чакана савдо қоидалари билан тақиқланган (13.02.2003 йилдаги 75-сон ВМҚга ­1-илова 60-б.). Бинобарин: қадоқ, блок, қути сотилиши мумкин. Ҳар бир бундай товар бирлигида рақамли маркировкалаш коди мавжуд, уни сканерлаш ва чекда кўрсатиш лозим.

Товарни доналаб сотиш мумкин бўлган бошқа товар гуруҳлари (масалан, дори воситалари ва тиббий буюмларни дастлабки (ёпиқ) ўрам сақланиши шарти билан реализация қилиш) учун айланмадан қисман чиқариш қоидаси қўлланилади. Дорихона онлайн-НКТ чекида тўлиқ ўрам эмас, балки, масалан, ўрамдаги тўртта блистердан бири реализация қилинганлигини кўрсатиши керак.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 306 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика