Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Мутахассис тушунтиради

Солиққа тортилиши шарт

 

Икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси шартномаларининг дивидендлар, фоизлар ва роялти тўғрисидаги моддаларида қўлланадиган «солиққа тортилиши мумкин» жумласи нимани англатади? ДСҚнинг Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассиси Раъно АЛИШАЕВА саволга жавоб берди:

 

– Халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари олдида устуворликка эга (СК 2-м.).

Ўзбекистон Республикаси Халқаро шартномаларида икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича умумқабул қилинган қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган, унга мувофиқ норезидентларга тўлаб бериладиган дивидендлар, фоизлар ва роялти олувчи унинг резиденти ҳисобланган мамлакатда солиққа тортилади.

Бунда, шунингдек, улар шартномада белгиланган меъёрдан ошмаган ставка бўйича тўлов манбаи ҳисобланган давлатда ҳам солиққа тортилиши мумкин. Дивидендларни, фоизларни, роялти тўлаётган компания унинг резиденти саналган мамлакат тўлов манбаи ҳисобланади.

Мисол тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида Икки ёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад солиғини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимнинг (Сингапур, 24.07.2008 й.) 11-моддасига мувофиқ:

1) аҳдлашувчи давлатларнинг бирида (Ўзбекистон) ҳосил бўлган ва бошқа аҳдлашувчи давлат (Сингапур) резидентига тўланадиган фоизлар ана шу бошқа давлатда (Сингапур) солиққа тортилиши мумкин;

2) фоизлар Ўзбекистонда ана шу давлатнинг қонунларига асосан ҳам солиққа тортилиши мумкин. Бироқ фоизларнинг ҳақиқий эгаси Сингапур резиденти бўлса, унда солиқ фоизлари ялпи миқдорининг 5%дан ошмаслиги керак.

«Дивидендлар», «Фоизлар», «Роялти» моддаларидаги «солиққа тортилиши мумкин» жумлалари, агар мазкур мамлакатдаги миллий қонунчилик дивидендлар, фоизлар ва роялтини солиққа тортишни назарда тутса, битимда белгиланган ставка бўйича даромад манбаи бўлган мамлакатда мажбурий тартибда солиққа тортилади, деган маънони англатади.

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси дивидендлар, фоизлар ва роялтини солиққа тортишни назарда тутади (СК 351-м.).

 

Шу тариқа, дивидендлар, фоизлар, роялти ҳам ҳақиқий даромадни олувчи – норезидент жойлашган мамлакатда, ҳам манба-давлатда солиққа тортилади. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, бирламчи солиққа тортиш даромадни ҳисоблаш ҳамда тўлаб бериш манбаи бўлган мамлакатда амалга оширилади.

 Солиққа оид шартномалар Ўзбекистонда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш йўли билан икки ёқлама солиққа тортишни бартараф этиш тартибини назарда тутади.

Масалан, Сингапур билан Битимнинг 22-моддасига мувофиқ, икки ёқлама солиққа тортиш қуйидагича бартараф этилади.

Агар Сингапур резиденти ушбу Битим қоидаларига мувофиқ Ўзбекистондаги манбалардан олинган Битимга мувофиқ Ўзбекистонда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса, унда Сингапур Ўзбекистонда тўланган солиқни ҳисобга олиб, резидентини ушбу солиқни тўғридан-тўғри ёки чегириш орқали Сингапурда тўлашдан озод этади.

Демак, манба ҳисобланган давлат (Ўзбекистон) бюджетига бирламчи тарзда тўланган солиқ оқибатда даромад олувчи резиденти ҳисобланган мамлакатда (Сингапур) ҳисобга олинади.

 

Хулоса

Тўлов манбаларидан солиққа тортиладиган даромадлар рўйхатига дивидендлар, фоизлар ва роялти киради (СК 351-м.). Шу сабабли даромадлар аввало мажбурий тартибда Ўзбекистонда халқаро шартномаларда назарда тутилган ставкалар бўйича, кейинчалик –Ўзбекистонда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олган ҳолда даромад олувчи унинг резиденти бўлган мамлакатда солиққа тортилади.

Прочитано: 165 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика